19- БОБ
«Дарё оқиб ўтган жойда ҳамма нарса жонланади»
БУ БОБДА: маъбаддан оқиб чиқаётган дарё ҳақидаги башоратли ваҳийнинг ўтмишда, ҳозир ва келажакда амалга ошиши
1, 2. Ҳизқиё 47:1–12 га кўра, пайғамбар нимани кўради ва билиб олади? (Бобнинг бошидаги расмга қаранг.)
ҲИЗҚИЁ маъбад ҳақидаги ваҳийни кўраётиб яна бир ажойиб нарсанинг гувоҳи бўлади: муқаддас маскандан сув оқиб чиқяпти! У биллурдай тоза сув оқаётган томонга йўл олганини тасаввур қилинг. (Ҳизқиё 47:1–12 ни ўқинг.) Сув маъбад остонаси тагидан оқиб чиқиб, унинг шарққа қараган дарвозахонаси ёнидан оқиб ўтади. Ҳизқиёга йўлбошловчилик қилаётган фаришта уни маъбаддан олиб чиқиб, йўл бўйи масофани ўлчайди. Фаришта Ҳизқиёни бир неча марта сувдан ўтказади ва пайғамбар сув борган сари чуқурлашаётганини кўради. Кўп ўтмай сув фақатгина сузиб ўтиш мумкин бўлган дарёга айланади.
2 Ҳизқиё дарё сувлари Ўлик денгизга қуйилишини билиб олади. Дарё сувлари денгизнинг қаерига етиб борса, ўша ердаги жонсиз, шўр сувни ширин қилади ва у ерда кўп балиқлар яшай бошлайди. Пайғамбар дарё бўйларида кўплаб турли-туман мевали дарахтлар ўсаётганини кўради. Улар ҳар ой янги мева беради. Уларнинг мевалари озуқа, барглари эса шифо бўлади. Кўрганларининг бари Ҳизқиёнинг қалбига хотиржамлик ва умид бахш этгандир. Хўш, маъбад ҳақидаги ваҳийнинг ушбу қисми Ҳизқиё ва у билан сургунда бўлган юртдошлари учун нимани англатган? Бугунги кунда биз учун у қандай аҳамиятга эга?
Ваҳийдаги дарё сургундагилар учун нимани англатган?
3. Нега қадимда яшаган яҳудийлар Ҳизқиёнинг дарё ҳақидаги ваҳийсини том маънода тушунмаган?
3 Қадимда яшаган яҳудийлар дарё ҳақидаги ваҳийни том маънода тушунмагани аниқ. Аксинча, Муқаддас Ёзувларнинг бу қисми уларга илоҳий илҳом остида ёзилган тикланиш ҳақидаги бошқа бир башоратни эслатган бўлса керак. Уни икки асрдан сал ошиқроқ вақт аввал Йўэл пайғамбар ёзган эди. (Йўэл 3:18 ни ўқинг.) Сургунда бўлган яҳудийлар Йўэлнинг башоратини ўқиганда том маънода «тоғлардан ширин шароб, тепаликлардан сут» оқиб тушишини ҳам, «Яҳованинг уйидан булоқ оқиб чиқишини» ҳам кутишмаган. Шу сингари, Ҳизқиё билан сургунда бўлганлар у башоратли ваҳий орқали етказмоқчи бўлган хабар том маънодаги дарё ҳақида эмаслигини тушунгандирa. Хўш, Яҳова қандай хабарни етказмоқчи эди? Муқаддас Ёзувлар ушбу башоратнинг айрим томонларини тушунишга кўмаклашади. Мазкур башоратли хабар орқали Яҳова бизни севги ила қайси учта нарсага ишонтирмоқчи эканини кўриб чиқамиз.
4. а) Ҳизқиё ваҳийда дарёни кўргани туфайли яҳудийлар Яҳовадан қандай баракалар олишни кутиши мумкин эди? б) Муқаддас Китобда «дарё» ва «сув» сўзлари қўлланилгани Яҳова халқига барака беришига бизни қандай қилиб ишонтиряпти? («Яҳовадан баракалар келтирувчи дарёлар» номли рамкага қаранг.)
4 Баракалар келтирувчи дарё. Муқаддас Китобда кўпинча дарёлар ва сув Яҳова барака ёғдиришини англатади. Ҳизқиё маъбаддан оқиб чиқаётган дарёни кўрган эди. Демак, ваҳийни эшитган Худонинг халқи пок топинишни қўллаб-қувватласа, Яҳовадан маънавий баракалар оқиб келишини кутиши мумкин эди. Бу қандай баракалар? Улар яна руҳонийлардан маънавий йўл-йўриқ олишарди. Маъбадда келтирилган қурбонликлар туфайли уларнинг гуноҳлари ювиларди. (Ҳиз. 44:15, 23; 45:17) Шу йўсин, улар маъбаддан оқиб чиқаётган соф сув билан ювилгандай яна тоза бўлишлари мумкин эди.
5. Қай йўсин ваҳийда кўрсатилган дарё баракалар доим ҳамма учун етарли бўладими, деган хавотирларга чек қўйди?
5 Баракалар доим ҳамма учун етарли бўладими? Ваҳийда оқиб чиқаётган сув мўъжизавий тарзда бор йўғи 2 километрча нарида дарёга айлангани бундай хавотирларга чек қўйди. (Ҳиз. 47:3–5) Она юртига қайтган яҳудийларнинг сони ортиб бориши мумкин эди, аммо Яҳованинг баракалари уларнинг барига етарди. Дарё мўл-кўлчилик рамзи эди!
6. а) Башоратда ишонч бахш этувчи қандай ваъда акс эттирилган? б) Ваҳийда қандай огоҳлантириш айтиб ўтилган? (Изоҳга қаранг.)
6 Ҳаётбахш сув. Ҳизқиё кўрган ваҳийда дарё Ўлик денгизга қуйилади ва ундаги сувнинг аксарият қисми ширин бўлади. Эътибор берсак, бу сувлар туфайли Ўлик денгизда ҳам Буюк денгиз, яъни Ўрта денгизда бўлгани каби турли хил балиқлар ғуж-ғуж бўлиб яшайди. Бир-биридан, эҳтимол, анча узоқда жойлашган икки шаҳар ўртасидаги Ўлик денгиз соҳилида ҳатто балиқчилик ҳам ривожланади. Фаришта: «Дарё оқиб ўтган жойда ҳамма нарса жонланади»,— деб айтади. Бу Яҳованинг уйидан оқиб чиқаётган сув Ўлик денгизнинг ҳамма жойига етиб боришини англатадими? Йўқ. Фаришта айрим ботқоқ жойларга ҳаётбахш сув етиб бормаслигини тушунтиради. «Уларни туз босиб ётаверади»b. (Ҳиз. 47:8–11) Демак, мазкур башоратда пок топиниш одамларни жонлантириб, уларнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлишига ишонтирувчи ваъда акс эттирилган. Бироқ унда қуйидаги огоҳлантириш ҳам айтиб ўтилган: ҳамма ҳам Яҳованинг баракасини қабул қилмайди ва шифо топмайди.
7. Ваҳийдаги дарё бўйида дарахтлар борлиги сургундаги яҳудийларни нимага ишонтирган?
7 Озуқа ва шифо бўладиган дарахтлар. Дарё бўйидаги дарахтлар ҳақида нима деса бўлади? Улар манзаранинг гўзаллигига гўзаллик қўшади, шундай эмасми? Улар муайян маънога ҳам эга. Шубҳасизки, ҳар ой янги ҳосил берадиган бу дарахтларнинг мазали мевалари тўғрисида ўйлаш Ҳизқиё ва юртдошлари учун ёқимли бўлган. Мазкур ёқимли манзара Яҳова уларни маънавий озуқа билан таъминлашига ишонтирган. Дарахтлар ҳақида яна нима дейиш мумкин? Бу дарахтларнинг барглари «шифо бўлади» дейилганига диққат қаратинг. (Ҳиз. 47:12) Яҳова билганки, сургундан қайтганлар энг аввало маънан шифо топишга муҳтож бўлишади ва У буни амалга оширишни ваъда қилган. Яҳова буни қандай амалга оширганини тикланиш ҳақидаги бошқа башоратлар муҳокама қилинган 9- бобда кўриб чиқдик.
8. Ҳизқиё кўрган башоратли ваҳий янада кенгроқ миқёсда амалга ошиши керак бўлгани нимадан кўриняпти?
8 Аммо ўша 9- бобда муҳокама қилинганидай, сургундан қайтганларда бундай башоратлар фақат қисман амалга ошган. Бунга халқнинг ўзи айбдор эди. Тўғри-да, улар имондан қайтиб, итоатсизлик қилса ва ҳадеб пок топинишни писанд қилмаса, Яҳова уларга қандай қилиб тўлиқ барака ёғдирсин?! Худога садоқатли кишилар юртдошларининг хулқ-атворини кўриб азоб чеккан ва тушкунликка тушган. Бироқ Яҳованинг содиқ топинувчилари Унинг ваъдалари бажарилмай қолмаслигини, албатта амалга ошишини билган. (Ёшуа 23:14 ни ўқинг.) Вақти келиб Ҳизқиё кўрган башоратли ваҳий янада кенгроқ миқёсда амалга ошиши керак эди. Лекин қачон?
Дарё бугунги кунда ҳам оқмоқда!
9. Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги башоратли ваҳийси қачон кенг миқёсда амалга оша бошлади?
9 Биз 14- бобда кўриб чиққанимиздай, Ҳизқиёнинг маъбад ҳақидаги башоратли ваҳийси «охирги кунларда», яъни пок топиниш мисли кўрилмаган даражада юксалган пайтда кенг миқёсда амалга оша бошлади. (Ишаё 2:2) Ҳизқиё кўрган ваҳийнинг дарё ҳақидаги қисми бугунги кунда қай йўсин амалга ошяпти?
10, 11. а) Бугунги кунда қандай баракалар бизга дарё каби оқиб келяпти? б) Ортиб бораётган эҳтиёжларни қондириш учун Яҳованинг баракалари қай йўсин янада кўпроқ оқяпти?
10 Баракалар келтирувчи дарё. Яҳованинг уйидан оқиб чиқаётган сув бугунги кундаги қайси баракаларни ёдимизга солади? Маънан соғлом ва тўқ бўлишимизга ҳисса қўшаётган барча нарсани. Энг аввало гуноҳларимизни ювиб, Яҳованинг кечиримига эга бўлишимизга имкон яратаётган Масиҳнинг тўлов қурбонлиги хаёлимизга келади. Аллоҳ Каломидаги соф ҳақиқатлар ҳам бизни ахлоқан ва маънан поклай оладиган ҳаётбахш сувга ўхшатилган. (Эфес. 5:25–27) Баракалар келтирувчи мазкур дарё бизнинг давримизда қай йўсин оқмоқда?
11 Масалан, 1919 йили Яҳованинг хизматчилари бир неча минг кишини ташкил этарди, холос ва улар керакли маънавий озуқани олишганидан ниҳоятда бахтиёр эди. Кейинги ўнлаб йиллар давомида уларнинг сафи кенгайиб борди. Ҳозир Худонинг халқи саккиз миллиондан ҳам ошди. Ҳақиқатнинг соф сувлари оқишда давом этяптими? Ҳа! Бизга Муқаддас Китобдаги кўплаб ҳақиқатлар тушунтириб берилди. Ўтган асрда миллиардлаб Муқаддас Китоблар, китоблар, журналлар, рисолаю букламалар Худонинг халқига тақдим этилди. Ҳизқиё ваҳийда кўрган дарё каби, бутун дунёдаги маънан чанқоқ инсонларнинг ортиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун, ҳақиқатнинг соф суви янада кўпроқ оқа бошлади. Одамлар анчадан бери Муқаддас Китобга асосланган адабиётларни босма шаклда ўқиш имконига эга. Шунингдек, ҳозир jw.org веб-сайти туфайли бундай адабиётлар электрон шаклда 1 000 дан ошиқ тилда мавжуд. Бу ҳақиқат сувлари самимий инсонларга қандай таъсир қиляпти?
12. а) Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар одамларга қандай фойда келтиряпти? б) Ваҳийда биз учун ўз вақтида берилган қандай огоҳлантириш бор? (Изоҳга ҳам қаранг.)
12 Ҳаётбахш сув. Ҳизқиёга: «Дарё оқиб ўтган жойда ҳамма нарса жонланади»,— дейилганди. Тикланган маънавий юртимизга келган барча одамларнинг ҳаётига ҳақиқат сувлари қандай таъсир қилганини бир ўйлаб кўринг. Муқаддас Китобдаги ҳақиқатлар миллионлаб инсонларнинг қалбини забт этди ва улар Яҳовага нисбатан имонни ривожлантиришига кўмаклашди. Бироқ ваҳийда ўз вақтида берилган огоҳлантириш бор: ҳамма ҳам ҳақиқатни севишда давом этмайди. Ҳизқиё ваҳийда Ўлик денгизнинг айрим ботқоқ ва балчиқ жойларини кўрганидай, баъзи одамлар Муқаддас Китобдаги ҳақиқатларни қадрламай қўяди ва Яҳовани тарк этадиc. Илойим, биз билан ҳеч қачон бундай бўлмасин! (Қонунлар 10:16–18 ни ўқинг.)
13. Ваҳийда дарахтлар ҳақида айтилганидан биз қандай сабоқлар олишимиз мумкинми?
13 Озуқа ва шифо бўладиган дарахтлар. Ваҳийда дарё бўйида ўсаётган дарахтлар ҳақида айтилганидан биз далдали сабоқлар олишимиз мумкинми? Албатта! Ўша дарахтлар ҳар ой янги мазали мевалар беришини ва барглари шифо бўлишини эслайлик. (Ҳиз. 47:12) Улар сахий Худога хизмат қилаётганимизни ёдимизга солади. У бизни энг муҳим жиҳатдан, яъни маънан озиқлантиради ва шифо беради. Ҳозирги пайтда дунё маънан касал ва оч. Бундан фарқли ўлароқ, Яҳова бизга тақдим этаётган нарсалар ҳақида ўйлаб кўрайлик. Сиз ҳам бирорта журналимиздаги мақолани ўқигач, анжуман сўнгида қўшиқ куйлагач, видео ёки ойлик кўрсатувни томоша қилгач, шундай маънавий озуқага эга бўлиш улкан барака эканини ҳис этганмисиз? Дарҳақиқат, биз яхши озиқланяпмиз. (Ишаё 65:13, 14) Хўш, бу озуқа маънан соғлом бўлишимизга ёрдам беряптими? Биз олаётган фойдали маслаҳатлар буткул Муқаддас Китобга асосланган бўлиб, жинсий ахлоқсизлик, очкўзлик ҳамда имонсизлик каби гуноҳлардан қочишимизга кўмаклашяпти. Жиддий гуноҳга қўл ургани туфайли маънан касал бўлиб қолган масиҳийларга ёрдам бериш учун ҳам Яҳова махсус тадбир уюштирган. (Ёқуб 5:14 ни ўқинг.) Чиндан ҳам, Ҳизқиё ваҳийда кўрган дарахтларнинг маъносига мувофиқ биз улкан баракалар оляпмиз.
14, 15. а) Ҳизқиёнинг ваҳийсида ботқоқлигича қоладиган жойлар ҳақида айтилганидан қанақа сабоқ чиқаришимиз керак? б) Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги дарё бизга қандай фойда келтиряпти?
14 Шу билан бирга ваҳийда ботқоқлигича қоладиган жойлар ҳақида айтилганидан ҳам сабоқ олсак бўлади. Яҳованинг баракалари ҳаётимизга кириб келишда давом этишига тўсқинлик қилишни асло истамаймиз. Бу дунёдаги аксарият одамлар каби маънан шифо топмаган ҳолда қолиш аянчли бўларди. (Мат. 13:15) Биз эса баракалар келтирувчи дарёдан фойда олишдан мамнуният топамиз. Аллоҳ Каломидаги ҳақиқатнинг соф сувларини ичганимизда, ваъзгўйликда бу ҳақиқатларни бошқалар билан бўлишганимизда, ишончли хизматкордан таълим олган оқсоқоллардан севги ила берилган йўл-йўриқ, тасалли ва ёрдам олганимизда Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги дарё ҳақида мулоҳаза юритишимиз мумкин. Бу дарё қаерга оқиб бормасин, ўша жойга ҳаёт ва шифо келтиради!
15 Дарё ҳақидаги башоратли ваҳий келажакда қандай амалга ошиши ҳақида нима деса бўлади? Келинг, бўлажак жаннатда ушбу дарё янада тўла маънода оқишини кўриб чиқайлик.
Ушбу башоратли ваҳий жаннатда қандай амалга ошади?
16, 17. а) Қайси маънода рамзий дарё жаннатда янада кенгаяди? б) Жаннатда рамзий дарё бизга қандай баракалар келтиради?
16 Тасаввур қилинг, сиз жаннатда, дўстлару оила аъзоларингиз даврасида ҳаётдан завқ олиб яшаяпсиз. Ҳизқиёнинг ваҳийсидаги дарё ҳақида тадқиқ олиб бориш, мазкур манзарани янада ёрқинроқ тасаввур қилишингизга ёрдам беради. Қандай қилиб? Бу ваҳийдаги Яҳованинг севгисини акс эттирувчи учта жиҳатни яна бир бор кўриб чиқайлик.
17 Баракалар келтирувчи дарё. Ушбу рамзий дарё жаннатда янада кенгаяди, чунки у нафақат маънавий, балки жисмоний томонлама ҳам фойда келтиради. Исонинг Минг йиллик бошқаруви пайтида Худонинг Шоҳлиги садоқатли кишиларга тўловдан янада кўпроқ фойда олишга кўмаклашади. Секин-аста улар мукаммалликка эришади! Касалликлар бошқа бўлмайди ва шифокорлар, ҳамширалар, касалхоналару дори-дармонларга эҳтиёж қолмайди! Ҳаёт суви Армагеддонда омон қолган миллионлаб одамлар, яъни «буюк мусибатдан» чиқиб келадиган «улкан оломон» томон оқади. (Ваҳ. 7:9, 14) Аммо бу дарё бошида келтирадиган баракалар ҳайратланарли бўлиб кўринса-да, кейинроқ юз берадиган воқеалар олдида бу шунчаки жилғадай туюлади. Ҳизқиёнинг ваҳийсида бўлгани каби, дарё ортиб борадиган эҳтиёжларни қондириш учун янада кенгаяди.
18. Минг йиллик бошқарув пайтида «оби ҳаёт дарёси» қайси маънода тўлиб-тошиб оқади?
18 Ҳаётбахш сув. Минг йиллик бошқарув пайтида «оби ҳаёт дарёси» тўлиб-тошиб оқади. (Ваҳ. 22:1) Миллионлаб, ҳатто миллиардлаб ўлганлар тирилтирилади ва уларга жаннатда абадий яшаш имкони таклиф қилинади. Ҳа, Яҳова Шоҳлик орқали берадиган баракалар қаторига сон-саноқсиз ўлганлар, кўпдан бери ер бағрида кучсиз ётганларнинг ҳаётга қайтиши ҳам киради. (Ишаё 26:19) Аммо ушбу тирилган инсонлар абадий яшайдими?
19. а) Жаннатда ҳам Яҳовадан ҳақиқат сувларини олишда давом этишимизни қаердан биламиз? б) Қайси маънода айримлар «туз босиб ётаверадиган» жойлар каби бўлади?
19 Буни ҳар бир инсон ўзи танлайди. Жаннатда ҳам Яҳовадан ҳақиқат сувларини олишда давом этамиз. Бу “сувларга” янги китоблар киради. Уларда биз Яҳовадан ўрганадиган янги нарсалар ва оладиган янги йўл-йўриқлар ёзилган бўлади. Бундай истиқбол ҳақида ўйлаш жуда ҳаяжонли, шундай эмасми?! Минг йиллик бошқарув пайтида айрим кишилар исён кўтариши мумкин, бироқ уларга жаннатдаги тинчликни бузишга изн берилмайди. (Ишаё 65:20) Шунда Ҳизқиёнинг ваҳийси эсимизга тушар ва ундаги ботқоқлигича қолиб, «туз босиб ётаверадиган» жойлар ҳақида ўйлармиз. Ўжарлик қилиб бебаҳо ҳаёт сувини ичишдан бош тортадиган инсонлар нақадар ақлсиз! Минг йиллик бошқарув тугагач, бир гуруҳ исёнкорлар Шайтоннинг томонини эгаллайди. Яҳованинг адолатли қонун-қоидаларини рад этадиганларни бир хил якун — абадий йўқ қилиниш кутади. (Ваҳ. 20:7–12)
20. Минг йиллик бошқарув пайтида бизнинг фойдамиз учун уюштириладиган қайси тадбир Ҳизқиё ваҳийда кўрган дарахтларни эслатади?
20 Озуқа ва шифо бўладиган дарахтлар. Яҳова ҳеч биримиз абадий ҳаётдан маҳрум бўлишимизни истамайди. У таклиф қилаётган ажойиб имкониятни маҳкам ушлашимизга ёрдам бериш учун жаннатда ҳам бир тадбирни уюштиради. Бу тадбирни Ҳизқиё ваҳийда кўрган дарахтлар билан солиштирса бўлади. Исо Масиҳ ва у билан ҳукмронлик қиладиган 144 000 киши осмондан туриб шоҳлик қилишади. Руҳонийлар сифатида Исо ва 144 000 киши садоқатли инсонларга тўлов қурбонлиги асосида мукаммалликка эришишга ёрдам беришади. (Ваҳ. 20:6) Инсониятга жисмоний ва маънавий томонлама шифо келтирадиган мазкур тадбир Ҳизқиё дарё бўйида ўсаётган дарахтларни кўрганини эслатади. Бу дарахтларнинг мевалари озуқа, барглари эса шифо бўларди. Ҳизқиё кўрган ваҳий ҳаворий Юҳанно ёзиб қолдирган бошқа бир ажойиб ваҳийга ўхшаб кетади. (Ваҳий 22:1, 2 ни ўқинг.) Юҳанно кўрган дарахтларнинг барглари «халқларга шифо бахш этарди». Шу сингари, 144 000 кишининг руҳонийлик хизмати миллионлаб садоқатли инсонларга фойда келтиради.
21. Ҳизқиё ваҳийда кўрган дарё ҳақида мулоҳаза юритиш сизга қандай таъсир қиляпти ва кейинги бобларда нимани кўриб чиқамиз? («Оқиб чиқаётган сув дарёга айланади!» номли рамкага қаранг.)
21 Ҳизқиё ваҳийда кўрган дарё ҳақида мулоҳаза юритар экансиз, қалбингиз хотиржамлик ва умидга тўлади, шундай эмасми?! Бизни нақадар ажойиб вақтлар кутяпти! Бир ўйлаб кўринг, Яҳова жаннатда ҳаёт қандай бўлишини тасаввур қила олишимиз учун минглаб йиллар аввал кўпгина башоратларни айтган. У сабрни намоён этиб, бизни башоратлардаги ваъдалар янада кенг миқёсда амалга ошганини ўз кўзимиз билан кўришга таклиф қиляпти. Хўш, сиз бу таклифни қабул қиласизми? Эҳтимол, «Мен чиндан ҳам жаннатдан жой олишим мумкинми?» деб ўйлаётгандирсиз. Келинг, Ҳизқиё башоратининг якуний қисми бизга бу борада қандай аминлик бахш этишини кўриб чиқамиз.
a Қолаверса, она юртининг географик жойлашуви ёдида бўлган яҳудийлар бу том маънодаги дарё эмаслигини билган бўлиши мумкин. Сабаби унинг оқими маъбаддан бошланиб, жуда баланд тоққа оққан. Тасвирланган жойда бу тоғ мавжуд бўлмаган. Қолаверса, ваҳийга кўра, дарё Ўлик денгизга тўғридан-тўғри, ҳеч қандай тўсиқларсиз оққан бўлиши мумкин. Бу эса географик жиҳатдан имконсиз эди.
b Айрим илоҳиётшуносларнинг фикрича, бу сўзлар ижобий маънога эга. Чунки Ўлик денгиз ҳудудларида сақловчи хусусиятга эга тузни қазиб олиш кўпдан бери даромадли саноат ҳисобланади. Бироқ Ибронийча ёзувларнинг асл матнида бу ботқоқ жойлардаги сувлар «шифо топмайди» дейилган. Яҳованинг уйидан оқиб чиқаётган ҳаётбахш сув бу жойларгача етиб бормагани учун улар жонсиз бўлиб ётаверади ва шифо топмайди. Бундан хулоса, бу башоратда ботқоқ жойлар шўрлигича қолиши салбий маънода айтилганга ўхшайди. (Заб. 107:33, 34; Ерм. 17:6)
c Шунингдек, Исонинг тўр ҳақидаги масалига диққат қаратсак бўлади. Тўрга турли балиқлар тушади, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам «яхши» деб топилмайди. Яроқсизлари ташлаб юборилади. Шу йўсин, Исо Яҳованинг ташкилотига келган инсонларнинг анчаси муайян вақтга келиб садоқатсиз бўлиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. (Мат. 13:47–50; 2 Тим. 2:20, 21)