Қайси бири ўсишини билмайсиз
Уруғларингни эрталаб эккин, кечқурун ҳам қўлларинг бўш ўтирмасин, чунки сен қайси бири... ўсишини билмайсан. ВОИЗ 11:6
1. Нимага ўсимликнинг униб-ўсиши бамисоли мўъжиза ва нега уни кузатиш бизни камтаринликка ундайди?
ДЕҲҚОН сабр-тоқатли бўлиши ўта муҳим (Ёқб. 5:7). У, донларни экиб бўлганидан сўнг уларнинг униб-ўсишини кутиши лозим. Аслида яхши шароитлар бўлса, ердан аввал кўкат, сўнгра бошоқ, ундан кейин бошоқдаги тўлиқ дон ўсиб чиқади. Ва ниҳоят йиғим-терим пайти келади. Ҳа, ўсимликнинг униб-ўсиши бамисоли мўъжизадир! Бундай униб-ўсишни Ким бераётганини тушунганимиз, камтарин бўлишга чорлайди. Биз уруғни бор-йўғи экиб суғоришимиз мумкин, аммо биргина Аллоҳ уни ўстиради (1 Коринфликларга 3:6 солиштиринг).
2. Ўтган мақоладаги масаллардан маънан улғайиш борасида нимани билиб олдик?
2 Ўтган мақолада айтилганидек, Исо ваъзгўйлик фаолиятини уруғ экиш билан таққослаган. Ернинг ҳар хил турлари тўғрисидаги масалда, деҳқон яхши уруғларни сепса-да, бироқ уларнинг униб-ўсишини одамларнинг қалб ҳолатига боғлиқ, дея Исо таъкидлаган (Марк 4:3–9). Ухлайдиган уруғ сепувчи ҳақидаги масалда эса, деҳқон доннинг униб-ўсаётганидан бехабар қолишига Исо эътибор қаратган. Зотан ҳамма гап инсонларда эмас, Қодир Аллоҳ қуч-қудратида (Марк 4:26–29). Келинг, энди бошқа масалларни ҳам кўриб чиқайлик. Улар хантал дони, хамиртуруш ва тўр ҳақидаa.
Хантал дони ҳақидаги масал
3, 4. Хантал дони ҳақидаги масал нимани англатади?
3 Хантал дони тўғрисидаги масал, Марк баён этган хушхабарнинг 4- бобида ёзилган. У ерда Шоҳлик ҳақидаги хабарни қабул қилган инсонларнинг ажойиб миқдорда кўпайиши ва улар ҳимояга эга бўлишларига диққат қаратиляпти. Исо одамларга шундай деди: «Худо Шоҳлигини нимага ўхшатайлик? Уни қандай масал билан ифодаласак бўлади? Мана, Худонинг Шоҳлиги бир хантал донига ўхшайди: у ерга сепилганда, ер юзидаги барча уруғлардан кичик бўлади. Лекин сепилгандан кейин кўкаради ва барча кўкатлардан баланд бўлиб ўсади. У улкан шохлар чиқарадики, осмондаги қушлар ҳам унинг паноҳида уя қурадилар» (Марк 4:30–32).
4 Ушбу оятларда «Худо Шоҳлигининг» ўсиши тасвирланган. Бу, милодий 33- йилнинг Ҳосил байрамидан бошланган имонлилар жамоатининг ўсиши ва хушхабар эълон этилишидан тасдиқланяпти. Табиатан хантал дони зиғирдай жуда ҳам кичкина (Луқо 17:6 солиштиринг). Бироқ, у ўсиб чиққанда шохлари маҳкам, баландлиги 3–5 метрлик дарахтдай бўлади (Мат. 13:31, 32).
5. Биринчи асрдаги имонлилар жамоатининг ўсиши қандай эди?
5 Милодий 33- йилда тахминан 120 та шогирд муқаддас руҳ билан мойлангач, имонлилар жамоати ўсиши бошланди. Қисқа вақт ичида ушбу кичкинагина жамоатга минглаб самимий кишилар қўшилди (Ҳаворийлар 2:41; 4:4; 5:28; 6:7; 12:24; 19:20 ўқиб беринг). Ўттиз йил давомида маънан йиғим-терим ишида қатнашганларнинг сони шунчалик ўсганки, ҳаворий Павлус хушхабар ҳатто «осмони фалак остида Худо яратган барча жонзодга етказилди», деб Колоса жамоатига ёзган (Колос. 1:23). Бу нақадар ажойиб натижадир!
6, 7. а) Ваъзгўйлик фаолиятида 1914- йилдан бошлаб қандай ўзгаришлар юз беряпти? б) Келажакда қандай воқеаларнинг гувоҳи бўламиз?
6 Худо Шоҳлиги 1914- йилда самода ўрнатилганидан бери, хантал «дарахтининг» шохлари роса ўсиб кетган. Аллоҳнинг хизматчилари Ишаё 60:22 даги башорат амалга ошганини кўришяпти. Зеро озчиликдан минглар, заифдан эса қудратли халқ пайдо бўлмоқда. Масалан XX асрнинг бошида хушхабарни ваъз қилган мойланган масиҳчиларнинг кичик гуруҳи, 2008- йилга келиб 230 дан ортиқ давлату ҳудудларда етти миллионга яқин Яҳованинг Шоҳидлари воизлик фаолиятида иштирок этишларини хаёлларига ҳам келтиришмаган. Чиндан ҳам бундай ажойиб ўсиш, Исонинг хантал дони ҳақидаги масалига мосдир!
7 Хўш, бу ўсиш тўхтаб қолдими? Асло. Келажакда Аллоҳ Шоҳлигига бўйсунган кишилар, ер юзига эга бўлишади. Ушбу Шоҳликка қарши чиққанлар эса йўқ қилинади. Бунинг барчаси инсон ҳаракати билан эмас, Худойи Таоло Яҳова қўл ургани туфайли юз беради (Дониёр 2:34, 35 ўқиб беринг). Шунда, У ҳақдаги билим худди сувлар денгиз тубини қоплагандай ер юзига тўлиб-тошади. Биз эса бунинг гувоҳи бўламиз (Ишаё 11:9).
8. а) Исонинг масалидаги қушлар кимни билдиради? б) Ҳозирданоқ биз нимадан ҳимояланганмиз?
8 Исо айтганидай «осмондаги қушлар ҳам унинг [Шоҳлик] паноҳида уя қурадилар». Ҳар хил ерга сепилган донлар ҳақидаги Исонинг масалидаги қушлардан фарқли равишда, бу қушлар яхши уруғларни чўқишмаяпти, шу сабабли улар Шоҳлик душманлари эмас (Марк 4:4). Аксинча, ушбу қушлар Яҳова Шоҳидларининг йиғилишларида паноҳ излаётган самимий кишилардир. Бундай инсонлар ҳозирдан бошлаб, маънан булғайдиган одатлар ва бу ёвуз дунёнинг жирканч қилмишларидан ҳимояланишган (Ишаё 32:1, 2 солиштиринг). Яҳова Таоло Ҳизқиё пайғамбар орқали каромат қилганидай, Осмон Шоҳлиги худди дарахт каби гуллайди ва унинг сояси остида турли туман қушлар яшайди (Ҳиз. 17:23).
Хамиртуруш ҳақидаги масал
9, 10. а) Хамиртуруш ҳақидаги масал билан Исо нима демоқчи эди? б) Муқаддас Китобда хамиртуруш кўпинча нимани англатади ва қандай саволни муҳокама қиламиз?
9 Униб-ўсиш қандай бўлаётганини доим ҳам одам кўрмайди. Исо кейинги масалида, айнан шу фикрни таъкидлади: «Осмон Шоҳлиги бир аёл бутун хамирни ошириш учун уч тоғора унга қориштириб солган хамиртуруш бурдасига ўхшайди» (Мат. 13:33). Хамиртуруш бу нима ва бу масал воизлик фаолияти кенгайиши билан қандай боғлиқ?
10 Муқаддас Китобда хамиртуруш кўпинча гуноҳни назарда тутади. Ҳаворий Павлус биринчи асрда Коринф жамоатидаги йўлдан оздирувчи бир гуноҳкор тўғрисида гапирганда, «хамиртуруш» сўзини айнан шу маънода келтирган (1 Кор. 5:6–8). Шу йўсин, Исонинг масалидаги хамиртуруш ҳам бирон бир ёмон нарсани англатяптими?
11. Қадимий Исроилда хамиртуруш қандай ишлатилган?
11 Бу саволга жавоб беришдан аввал қуйидагиларни эътиборга олиш муҳим. Биринчидан, гарчи Фисиҳ байрам пайтида хамиртуруш ишлатишни Яҳова тақиқлаган бўлса-да, бошқа вазиятда эса уни масалан тинчлик қурбонликлари билан бирга ҳадя сифатида қабул қилган. Ушбу қурбонликлар ихтиёрий бўлиб, уларни Яҳованинг қут-баракалари учун миннатдорлик тариқасида келтиришган. Бундай қурбонликлар дастурхони, барчага қувонч бахш этарди (Лев. 7:11–15).
12. Худонинг Каломида рамзий иборалар қўлланилгани сабаб, қандай хулосага келса бўлади?
12 Иккинчидан, Аллоҳ Каломидаги биргина ибора ҳам яхши, ҳам ёмон маънони билдириши мумкин. Масалан, 1 Бутрус 5:8 да Шайтон шер билан тенглаштирилган, бу унинг хавфли ҳамда маккор эканини кўрсатмоқда. Бироқ, Ваҳий 5:5 да Исо, «Яҳудо қабиласидан бўлган Арслон» билан таққосланган. Бу ерда шер, адолат учун жасорат ила курашаётгандек тасвирланган.
13. Исо хамиртуруш масали орқали шогирдларнинг маънан улғайиши борасида нима деди?
13 Учинчидан, масалдаги хамиртуруш бутун хамирни ейишга яроқсиз қилади, деб Исо айтмаган. У, шунчайин нон қандай қилинишини сўзлаб берди. Аёл яхши нон бўлсин, дея хамиртурушни ишлатган. Хамиртуруш уч тоғора унга “қориштирилгани учун” аёл, хамир қандай қилиб оширилаётганини кўра олмасди. Бу, уруғ экиб ўзи ухлашга кетган экувчини эслатади. У ерда айтилганидек: «Уруғнинг қандай униб-ўсаётганидан у бехабар» (Марк 4:27). Ҳақиқатан ҳам Исо, шогирдларнинг маънан улғайиш жараёни қанчалик одамларга кўринмаслиги борасида зўр масал келтирган! Тўғри, энг бошида бу ўсиш бизнинг назаримиздан четда қолган тақдирда ҳам, сўнгра унинг ҳосилини кўрамиз.
14. Хамиртуруш бутун хамирни ошираётгани нимадан далолат беряпти?
14 Маънан улғайиш жараёни инсонларга кўринмаса-да, у бутун ер юзини қоплайди. Дарҳақиқат, Исо яна шунга ҳам диққат қаратяпти. Хамиртуруш «уч тоғорадан» иборат бўлган бутун хамирни оширмоқда (Луқо 13:21). Шунга ўхшаб, ваъзгўйлик фаолияти ҳам кенгайиб бормоқда. Бинобарин шогирдларнинг сони кўпайиши туфайли Шоҳлик ҳақидаги хабар «ҳатто дунёнинг энг олис ерларида» тарқаляпти (Ҳавор. 1:8; Мат. 24:14). Хушхабарни эълон қилишда иштирок этиб, ваъзгўйлик иши кенгайишига ёрдамимиз тегаётгани қанчалик шарафли бўлмаса-я?!
Тўр ҳақидаги масал
15, 16. а) Тўр ҳақидаги масални ҳикоя қилиб беринг. б) Тўр нимани ифодалайди ва Исо ваъзгўйлик фаолиятининг қайси томонини инобатга олган?
15 Албатта, шогирдларнинг сонидан кўра уларнинг яроқлилиги, янада муҳимроқдир. Исо тўр ҳақидаги масалини ҳикоя қилиб, воизлик фаолиятининг мана шу томонини ҳам инобатга олди: «Яна Осмон Шоҳлиги денгизга ташланган ва турли балиқларни тутган тўрга ўхшайди» (Мат. 13:47).
16 Тўр, ваъзгўйлик фаолиятини ифодалайди ва унга «турли балиқлар» тушиб қолади. Исо давом этиб, қуйидагича деди: «Тўр тўлгач, уни қирғоққа тортиб чиқаришибди ва ўтиришиб, яхши балиқларни саралаб идишларга солишибди, ёмонларини эса ташқарига ташлаб юборишибди. Дунёнинг охирида ҳам шундай бўлади: фаришталар келиб, фосиқларни солиҳлар орасидан ажратиб, уларни ловуллаб турган ўчоққа ташлайдилар. У ерда йиғи-сиғи ва оҳу нола бўлади» (Мат. 13:48–50).
17. Тўр ҳақидаги масалда қаламга олинган сараланиш, қайси замонга тегишли?
17 Ушбу бўлиниш, Исо ўзининг улуғворлигида ва қўйларни эчкилардан ажратгани келган пайтига, яъни охирги ҳукмга тегишлими? (Мат. 25:31–33). Қайдам. Сабаби охирги ҳукм, Исо буюк мусибат даврида зоҳир бўлганида юз беради. Тўр ҳақидаги масалда айтилган сараланиши эса «дунёнинг охирида» содир бўладиb. Ҳозир биз, буюк мусибатдан олдин бўлган айнан ўша замонда яшаяпмиз. Хўш, бу сараланиш қандай ўтказиляпти?
18, 19. а) Ҳозирги кунда инсонларнинг сараланиши қандай юз беряпти? б) Самимий кишилар нима қилиши лозим? (21- саҳ. изоҳга ҳам қаранг).
18 Ҳозирги миллионлаб инсонлар, яъни рамзий маънодаги балиқлар одамзод «денгизидан» Яҳова Шоҳидларининг жамоатларига йиғилмоқдалар. Улардан баъзилари Қутлуғ Кечлик маросимига, бошқалари жамоат учрашувларига келишяпти ва айримлари Муқаддас Китобни ўргана бошлашяпти. Қизиқ, буларнинг ҳаммаси Ҳақ Аллоҳнинг хизматчилари бўляптимикин? Эҳтимол, уларни денгиз «қирғоғига тортиб чиқаришди», аммо Яҳова Шоҳидларининг жамоатларини ифодалайдиган фақат «яхши балиқлар саралаб идишларга солинади». Ёмон балиқлар эса ташлаб юборилади. Улар рамзий маънода «ловуллаб турган ўчоққа» ташланиб йўқ қилинади.
19 Ёмон балиқларга ўхшаб кўплар қачондир Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни ўрганишни бошлаб, кейинчаликда уни ташлаб қўйишди. Масалан, айримлар Яҳова Шоҳидларининг оиласида таваллуд топишган тақдирда ҳам, Масиҳнинг шогирди бўла олишмади. Балким, бундайлар Яҳовага хизмат қилишни исташмаган ёки Унинг Шоҳидлари бўлгач, хизматини қолдиришганc (Ҳиз. 33:32, 33). Кўриб турганимиздек, охирги ҳукм бошланишидан олдин, самимий инсонлар йиғилишларни англатадиган идишларга солинишга интилишлари лозим. Шундагина улар паноҳ остида бўлишади.
20, 21. а) Ваъзгўйлик фаолиятининг кенгайиши борасида масаллардан нимани билдик? б) Шахсан сиз нима қилишга қатъият ила тайёрсиз?
20 Ваъзгўйлик фаолиятининг кенгайиши борасида келтирилган масалларнинг қисқача муҳокамасидан нимани билдик? Мисол учун, худди хантал дони ўсганидек, ҳозир ер юзида хушхабарни қабул қилаётган кишиларнинг сони тобора ортиб боряпти. Яҳованинг ишини ҳеч бир кимса асло тўхта олмайди (Ишаё 54:17). Бундан ташқари хантал «дарахтининг» соясида бўлган ҳар бир кимса маънан ҳимояланган. Шунингдек, ҳамма гап ўстирган Аллоҳда эканини тушундик. Унга «қориштирган» хамиртуруш бутун хамирни оширтиргани каби, воизлик фаолиятининг кенгайиши доимо ҳам кўринмаса-да, давом этмоқда. Ва ниҳоят, Шоҳлик хабарини қалбларига жо қилмаган кишиларнинг бариси ҳам «яхши балиқлар»дек бўлишмай, Исонинг сўзларига биноан баъзилар яроқсиз ҳисобланади.
21 Тангри Яҳова Ўз ташкилотига жалб қилаётган минг-минг «яроқли» кимсаларни кўриш нақадар қувончли! (Юҳан. 6:44). Мамлакатлар аро ажойиб кенгайиш кузатилмоқда. Аммо шон-шараф олишга танҳо Худованд Яҳова лойиқдир. Шунчалик униб-ўсишни кўриб, келинг Аллоҳ Каломида ёзилганларга амал қилишга бел боғлайлик. Зеро у ерда шундай айтилган: «Уруғларингни эрталаб эккин, кечқурун ҳам қўлларинг бўш ўтирмасин, чунки сен қайси бири — унисими ёки бунисими яхши ўсишини билмайсан, балки иккаласи ҳам яхши ўсар» (Воиз 11:6).
[Изоҳлар]
a Ушбу мақолада масалларнинг янги тушунчаси учрайди. Илгари улар рус тилидаги «Қўриқчи минораси»нинг 1992- йил, 15- июнь сонидаги 17–22- саҳифаларида келтирилган.
b Гарчанд, Матто 13:39–43 да ваъзгўйлик фаолиятининг бошқа хусусиятига эътибор қаратилган бўлса-да, у ердаги ҳодисалар тўр ҳақидаги масалдагидек «дунёнинг охирига» тааллуқли. Рамзий маънодаги балиқларнинг сараланиши, экиш ва теришга ўхшаб мана шу давр мобайнида бўлаётган узоқ давомли жараёндир («Қўриқчи минораси»нинг 2000- йил, 15- октябрь 25-, 26- саҳ.; «Танҳо Ҳақ Худога топининг» 178–181- саҳ., 8–11- х.б.).
c Тадқиқни қолдирган ё Яҳованинг хизматчилари билан мулоқот қилмай қўйганларни фаришталар ёмон балиқдай ташлаб юборишини англатадими? Ҳечам! Зотан Эгамиз Яҳова чин қалбдан Унга қайтишни истаётган ҳар бир кишини қабул қилади (Мал. 3:7).
Қандай жавоб берардингиз?
• Хантал дони тўғрисидаги масалдан нима маълум?
• Хамиртуруш нимани англатади ва бу, воизлик ишига қандай қаратилган?
• Исо тўр ҳақидаги масал орқали ваъзгўйлик фаолиятининг қайси томонини инобатга олган?
• Ҳали ҳам «идишларга» йиғилганлар қаторида эканимизга қандай амин бўлишимиз мумкин?
[18- саҳифадаги расмлар]
Хантал дони тўғрисидаги масал орқали нимани биляпмиз?
[19- саҳифадаги расм]
Хамиртуруш ҳақидаги масалдан нима маълум?
[21- саҳифадаги расм]
Яхши балиқнинг ёмондан сараланиши ниманинг рамзи?