36- БОБ
Юзбошининг кучли имони
ЮЗБОШИНИНГ ХИЗМАТКОРИ СОҒАЯДИ
ИМОННИ НАМОЁН ЭТГАНЛАРГА БАРАКА БЕРИЛАДИ
Исо Тоғдаги ваъзини айтиб бўлганидан сўнг Кафарнаҳум шаҳрига жўнайди. У ерда яҳудийларнинг айрим оқсоқоллари унинг ёнига келишади. Бу кишиларни ўзга миллат вакили бўлмиш римлик юзбоши юборган бўлади.
Юзбошининг севимли хизматкори оғир дардга чалиниб, ўлим тўшагида ётади. Бу киши яҳудий бўлмаса ҳам Исодан ёрдам сўрайди. Яҳудийлар Исога ўша кишининг хизматкори «уйда шол бўлиб, жуда қийналиб» ётганини, эҳтимол ҳатто чидаб бўлмайдиган оғриқларни ҳис қилаётганини айтишади. (Матто 8:6) Яҳудий оқсоқоллар Исога шундай дейишади: «У сендан ёрдам олишга муносибдир. Сабаби, у халқимизни севади, бизга ибодатхона қуриб берди». (Луқо 7:4, 5)
Шу заҳотиёқ Исо ўша кишилар билан бирга юзбошининг уйига боради. Улар уйга яқинлашиб қолганларида, юзбоши дўстларини юбориб, қуйидагиларни айтади: «Тақсир, овора бўлманг. Уйимга киришингизга нолойиқман. Ана шунинг учун олдингизга келишни ўзимга эп кўрмадим». (Луқо 7:6, 7) Бошқаларга буйруқ беришга одатланган бу юзбошининг камтаринлигини қаранг-а! Унинг сўзларидан кўриняптики, у қулларини аямайдиган бошқа римликлардан фарқ қилади. (Матто 8:9)
Шубҳасизки, яҳудийлар ўзга миллат вакиллари билан мулоқот қилмаслигини юзбоши билади. (Ҳаворийлар 10:28) Эҳтимол, шунинг учун ҳам юзбоши дўстларидан Исога шундай дейишни сўрайди: «Бир оғиз сўз айтсангиз бас, хизматкорим соғайиб кетади». (Луқо 7:7)
Бу сўзларни эшитгач, Исо ҳайратда қолади ва шундай дейди: «Сизларга айтиб қўяй, бунчалик кучли имонни Исроил юртида ҳам кўрмаганман». (Луқо 7:9) Юзбошининг уйига қайтган дўстлари ўлим тўшагида ётган хизматкорнинг соғайганини кўришади.
Хизматкорни соғайтирганидан кейин, Исо фурсатдан фойдаланиб имонни намоён этган яҳудий бўлмаган кишиларга барака берилишини таъкидлаб: «Шарқу ғарбдан кўплар келиб Осмон Шоҳлигида Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлашади»,— дейди. Лекин имони суст яҳудийлар ҳақида нима деса бўлади? Улар ҳақида Исо: «Ташқарига, қоронғиликка отиладилар. У ерда йиғлаб, тишларини ғижирлатишади»,— деб айтади. (Матто 8:11, 12)
Демак, Исо билан бирга Осмон Шоҳлигида ҳукмронлик қилишга биринчи бўлиб таклиф этилган, аммо бундан воз кечган яҳудийлар рад этилади. Лекин ўзга халқ вакиллари Осмон Шоҳлигида рамзий маънода «дастурхон атрофида ёнбошлаш» имконига эга бўлади.