Сувга чўмдириб юрган Яҳё. Қувончни йўқотмасликда ўрнак
ЖАМОАТДА қандайдир вазифани бажаришни истайсиз-у, аммо айни пайт бунинг иложи йўқми? Балки ўша вазифани бошқаси бажараётгандир. Эҳтимол, бу сиз олдинлари бажарган қандайдир шарафли вазифа бўлиши мумкин. Аммо ёшингиз, соғлигингиз заифлиги, моддий қийинчиликлар ёки оиладаги масъулиятлар туфайли ҳозирда имкониятларингиз чегаралангандир. Ёки ташкилотдаги ўзгаришлар сабабли анча вақт мобайнида бажарган вазифангизни тўхтатишингизга тўғри келгандир. Сабаби қандай бўлмасин, сизга Худога истаганингиздай хизмат қила олмаётгандай туюлиши мумкин. Бундай вазиятларда руҳингиз тушиши табиий. Шундай бўлса ҳам, тушкунлик, жаҳл ёки ғазаб каби салбий туйғулар қалбингизда илдиз отмаслиги учун нима қила оласиз? Қай йўсин қувончни сақлаб қолишингиз мумкин?
Сувга чўмдириб юрган Яҳёнинг мисоли устида мулоҳаза юритиб, қувончни йўқотмаслик борасида сабоқ олишимиз мумкин. Яҳё ажойиб шарафларга эга бўлган, аммо у ҳаётида юз берадиган воқеаларни хаёлига ҳам келтирмагандир. У тахминан бир йил давомида одамларга Исо ҳақида ваъз қилган, аммо бундан ҳам кўп вақт давомида қамоқда ўтирган. Лекин Яҳё қувончни йўқотмаган ва умрининг охиригача ижобий нуқтаи назарни сақлаган. Хўш, унга нима ёрдам берган? Қандай қилиб ҳатто руҳимиз тушганида ҳам қувончни йўқотмаслигимиз мумкин?
ЯҲЁГА ҚУВОНЧ КЕЛТИРГАН ВАЗИФА
Милодий 29 йилнинг баҳорида Яҳё Тангри Яҳова унга топширган вазифани бажаришга киришиб: «Тавба қилинглар, чунки Осмон Шоҳлиги яқинлашиб қолди»,— дея одамларни Масиҳнинг келишига тайёрларди. (Мат. 3:2; Луқо 1:12–17) Кўплар ижобий муносабат кўрсатди. Дарҳақиқат, оломон Яҳёнинг хабарини тинглаш учун олис жойлардан келганди ва бу кўпларни тавба қилиб, сувга чўмишга ундаган. Қолаверса, Яҳё ўзини одил ҳисоблаган дин раҳбарларини агар улар тўғри йўлга қайтмаса, қандай ҳукмга дуч келиши ҳақида жасорат ила огоҳлантирган. (Мат. 3:5–12) Милодий 29 йилнинг кузида Яҳё хизматидаги энг муҳим ишни бажарди — Исони сувга чўмдирди. Ўша пайтдан бошлаб у бошқаларни ваъда қилинган Масиҳга — Исога эргашишга ундаган. (Юҳан. 1:32–37)
Яҳёнинг ўзгача ўрни тўғрисида Исо қуйидагича деган: «Аёл зотидан туғилганлар орасида халқни сувга чўмдириб юрган Яҳёдан улуғроғи келиб чиқмаган». (Мат. 11:11) Шубҳасизки, Яҳё бу баракаларидан севинган. Бугунги кунда ҳам кўплар Яҳё сингари Худодан жуда кўп баракалар олган. Келинг, биродар Террининг мисолига диққат қаратайлик. У ва турмуш ўртоғи Сандра 50 йилдан ошиқ вақт давомида тўла вақтли хизматда қатнашди. Терри шундай деб бўлишди: «Ажойиб шарафли вазифаларга эга бўлганман. Кашшоф, байтилчи, махсус кашшоф, туман нозири ва минтақа нозири бўлганман. Ҳозир яна махсус кашшоф сифатида хизмат қиляпман». Яҳованинг хизматида шарафли вазифаларни бажаришдан хурсандмиз, лекин Яҳёнинг мисолидан шуни билиб оламизки, вазиятимиз ўзгарганида ҳам қувончни йўқотмаслик учун ҳаракат қилиш керак.
ДОИМ МИННАТДОР БЎЛИНГ
Сувга чўмдириб юрган Яҳё қувончини йўқотмаганининг сири у эга бўлган шарафли вазифалари учун доим миннатдор бўлганида эди. Бир мисолга диққат қаратайлик. Исо сувга чўмганидан кейин, аксарият одамлар Яҳёга эмас, балки Исога эргаша бошлади. Яҳёнинг шогирдлари бундан ташвишга тушиб унга: «Қаранг,.. сиз шоҳидлик берган киши сувга чўмдиряпти ва ҳамма унинг олдига келяпти»,— дейишди. (Юҳан. 3:26) Яҳё эса: «Келин кимга тегишли бўлса, куёв ўша бўлади. Лекин куёвнинг ёнида туриб, овозини эшитган дўсти жуда қувонади. Шу сингари менинг қувончим ҳам ичимга сиғмаяпти»,— деб жавоб берди. (Юҳан. 3:29) Ҳа, у Исони рақобатчи деб билмаган ёки Исонинг хизмати туфайли у олдин бажарган ишлар аҳамиятсиз бўлиб қолди, деб ўйламаган. Аксинча, у қувончини йўқотмаган ва «куёвнинг... дўсти» бўлишни қадрлаган.
Яҳёнинг нуқтаи назари ҳар қандай вазифани хурсандчилик билан бажаришга ёрдам берди. Масалан, у туғилганидан бери Худога бағишлангани боис, унга шароб ичиш тақиқланган эди. (Луқо 1:15) Исо унинг содда ҳаётига ишора қилиб: «Яҳё келганида на еди, на ичди»,— деб айтган. Лекин Исо ва унинг шогирдлари бу каби тақиқлар остида эмас эди ва бошқалар каби ҳаёт кечирган. (Мат. 11:18, 19) Шунингдек, Яҳё ҳеч қандай мўъжиза кўрсатмаган бўлса-да, у Исонинг шогирдлари ва бошида унга эргашганларнинг баъзилари бундай кучга эга бўлишларини билган. (Мат. 10:1; Юҳан. 10:41) Лекин Яҳё бу каби нарсалар уни чалғитишига йўл қўймаган, аксинча, Яҳова унга топширган вазифани ғайрат билан бажарган.
Биз ҳам Яҳованинг хизматида ҳозир бажараётган вазифамизни қадрласак, қувончни сақлаб қолишимиз мумкин. Юқорида тилга олинган Терри: «Менга топширилган ҳар бир вазифага эътиборли эдим»,— деб айтди. У тўла вақтли хизматда ўтказган ҳаётига назар солиб шундай деди: «Ҳеч нарсадан афсусланмайман ва фақат ажойиб хотираларга эга бўлдим».
Яҳовага хизмат қилар эканмиз, бизга берилган топшириқ ёки вазифани нима ўзгача қилиши устида мулоҳаза юритсак, янада қувончга тўламиз. Зеро, «Тангрининг хизматдошлари» бўлиш шарафдир. (1 Кор. 3:9) Қимматбаҳо буюмга доим ғамхўрлик қилсак, у яхши ҳолатда бўлади. Шунга ўхшаб, Яҳова билан ҳамкорлик қилиш шараф экани тўғрисида ўйлашда давом этсак, қувончни йўқотмаймиз. Қурбонликларимизни бошқаларники билан солиштиришдан қочамиз. Бизга берилган топшириқ бошқаларникидан аҳамиятсиз деган фикрга бормаймиз. (Галат. 6:4)
МАЪНАВИЙ НАРСАЛАРГА ДИҚҚАТ ҚАРАТИНГ
Эҳтимол, Яҳё узоқ хизмат қилмаслигини билган, лекин у шунчалик тез тугашини хаёлига ҳам келтирмагандир. (Юҳан. 3:30) Исо сувга чўмганидан тахминан ярим йил ўтиб, милодий 30 йили Ҳирод Яҳёни қамоққа ташлади. Шунда ҳам Яҳё шоҳидлик беришда давом этиш учун қўлидан келганини қилган. (Марк 6:17–20) Бундай ўзгаришларда ҳам қувончни йўқотмасликка унга нима ёрдам берган? У диққатини маънавий нарсаларга қаратган.
Яҳё қамоқда ўтирганида, Исо хизматини кенгайтиргани ҳақида хабар олади. (Мат. 11:2; Луқо 7:18) Яҳё Исо Масиҳ эканига амин эди ва у Муқаддас Ёзувларда Масиҳ тўғрисида ёзилган барча башоратни қандай амалга ошириши билан қизиққан бўлиши мумкин. Масиҳ шоҳлик қилиши керак экан, Исо тез орада бошқаришни бошлайдими? Бу туфайли у озод бўладими? Исонинг қандай ўринга эгалигини аниқроқ тушуниш учун Яҳё иккита шогирдини унинг олдига юбориб, қуйидагича сўради: «Келиши керак бўлган зот сенмисан ёки бошқасини кутайликми?» (Луқо 7:19) Шогирдлари қайтиб, Исонинг мўъжизалари ҳақида ва Исо уларга: «Кўрлар кўряпти, чўлоқлар юряпти, моховлар пок бўляпти, карлар эшитяпти, ўликлар тириляпти ва камбағалларга хушхабар эълон қилиняпти»,— деб айтганларини Яҳё диққат билан тинглаган бўлса керак. (Луқо 7:20–22)
Шубҳасизки, шогирдларнинг бу хабари Яҳёга далда берган. Бу Исо ваъда қилинган Масиҳ ҳақидаги башоратларни амалга ошираётганини тасдиқлаган. Гарчи Исонинг ишлари Яҳёни қамоқдан озод қилишни ўз ичига олмаган бўлса-да, у қилган ишлари беҳуда бўлмаганини билган. Дарҳақиқат, вазияти қандай бўлмасин, унда хурсанд бўлиш учун сабаб бор эди.
Яҳё сингари диққатимизни маънавий нарсаларга қаратсак, қувончга тўлиб, сабрли бўла оламиз. (Колос. 1:9–11) Худонинг Каломини ўқиш ва устида мулоҳаза юритиш, Унга қилган хизматимиз ҳеч ҳам зое кетмаслигини ўзимизга эслатиб, маънавий нарсаларга диққат қарата оламиз. (1 Кор. 15:58) Сандра шундай деди: «Муқаддас Китобдан ҳар куни битта боб ўқиш Яҳовага яқинроқ бўлишимга ёрдам берди. Бу орқали ўзимга эмас, Худога диққат қарата оляпман». Шунингдек, ўзимиз ҳақимизда ҳаддан ортиқ ўйламаслик учун Шоҳлик иши ҳақидаги хабарларга ва Яҳова нималарни амалга ошираётганига диққат қаратишимиз зарур. «JW Интернет-телевидениесидаги ҳар ойги кўрсатувни томоша қилиб, ўзимизни ташкилотга яқинроқ ҳис этамиз ва бу хизматдаги қувончни йўқотмасликка ёрдам беради»,— деб айтди Сандра.
Сувга чўмдириб юрган Яҳё «Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудрати» ила қисқа вақт давомида хизмат қилди. Қолаверса, у Илёс ва «биз каби инсон эди». (Луқо 1:17; Ёқб. 5:17) Яҳёнинг ўрнагига тақлид қилиб, миннатдорчилик руҳини ривожлантирсак ва диққатимизни маънавий нарсаларга қаратсак, ҳаётимизда нима юз беришидан қатъи назар, Яҳовага қувонч ила хизмат қилишда давом эта оламиз.