38- БОБ
Яҳёни қизиқтирган савол
ЯҲЁ ИСОНИНГ ТУТГАН ЎРНИ ҲАҚИДА БИЛМОҚЧИ
ИСО ЯҲЁНИ МАҚТАЙДИ
Яҳё бир йилдан бери қамоқда ўтирибди. Лекин шунга қарамай, у Исонинг яратган мўъжизалари ҳақида эшитади. Шогирдлари унга Наин шаҳрида бева аёлнинг ўғли тирилгани тўғрисида айтиб беришганида, у нималарни ҳис қилганини бир тасаввур қилинг-а?! Аммо Яҳё буларнинг ҳаммаси нимани англатишини Исонинг ўзидан эшитишни хоҳлайди. Шу боис Яҳё: «Келиши керак бўлган зот сенмисан ёки бошқасини кутайликми?» — дея сўраш учун Исонинг ёнига иккита шогирдини жўнатади. (Луқо 7:19)
Бу савол қандайдир ғалати туюлиши мумкин. Ахир тахминан икки йил бурун Яҳёнинг ўзи Исони сувга чўмдирганида, устига Худонинг руҳи тушганига ва Тангри ундан мамнун эканини айтганига гувоҳ бўлган-ку. Аммо бу Яҳёнинг имони сусайганини англатмайди. Борди-ю, шундай бўлганда, Исо уни мақтамаган бўларди. Агар Яҳё шубҳаланмаётган бўлса, нега унда Исога шундай савол беради?
Яҳё Исодан унинг Масиҳ эканини тасдиқловчи бир исбот олмоқчидир, холос. Бу қамоқда қийналиб ўтирган Яҳёга куч бахш этарди. Лекин Яҳёнинг саволи кўпроқ нарсани ўз ичига олиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки Яҳё Муқаддас Китоб башоратларини яхши билади. Уларга кўра Худо мойлаган зот шоҳ ва халоскор бўлиши керак. Аммо Исо сувга чўмганидан кейин кўп ойлар ўтди, Яҳё эса қамоқда. Шунинг учун у Исодан кейин яна кимдир, чунончи, Масиҳ ҳақида ёзилган барча башоратларни охиригача амалга оширадиган бошқа бир киши келиш-келмаслигини билмоқчи бўлгандир.
Исо Яҳёнинг шогирдларига шунчаки: «Албатта, келиши керак бўлган зот менман»,— деб айтишнинг ўрнига, улар Худо у билан эканини кўришлари учун кўп одамларни турли касалликлардан ва оғир дардлардан соғайтиради. Сўнгра Исо шогирдларга: «Бориб, эшитаётган ва кўраётганларингизни Яҳёга айтиб беринглар: кўрлар кўряпти, чўлоқлар юряпти, моховлар пок бўляпти, карлар эшитяпти, ўликлар тириляпти ва камбағалларга хушхабар эълон қилиняпти»,— дейди. (Матто 11:4, 5)
Яҳё бу саволи билан Исодан бундан ҳам кўпроқ ишлар қилишини кутаётгандир. Эҳтимол, Исо уни қамоқдан озод этишига умид боғлаётгандир. Бироқ Исо, яратаётган мўъжизалардан кўпроғини кутмаслик кераклигини Яҳёга етказишларини айтади.
Яҳёнинг шогирдлари кетишганида, Яҳё шунчаки бир пайғамбар эмаслигини Исо халойиққа тушунтиради. Малаки 3:1 да башорат қилинганидек, Яҳё Тангри Яҳованинг «хабарчиси». Шунингдек, у Малаки 4:5, 6- оятларда каромат қилинган Илёс пайғамбар бўлган. Исо қуйидагича тушунтиради: «Ишонаверинг, аёл зотидан туғилганлар орасида халқни сувга чўмдириб юрган Яҳёдан улуғроғи келиб чиқмаган. Аммо Осмон Шоҳлигида энг кичик мартабага эга бўлган ҳам ундан буюкроқдир». (Матто 11:11)
Исо Шоҳликда энг кичик мартабага эга бўлган ҳам Яҳёдан буюкроқдир дея, Яҳё у билан биргаликда Осмон Шоҳлигида ҳукмронлик қилмаслигини кўрсатади. Яҳё Исога йўл ҳозирлаган, аммо у Масиҳ осмонга йўл очиб беришдан олдин ҳаётдан кўз юмади. (Ибронийларга 10:19, 20) Лекин Аллоҳнинг содиқ хизматчиси Яҳё Худо Шоҳлигининг ердаги фуқароси бўлади.