87- БОБ
Узоқни кўриб, донолик билан йўл тутинг
АДОЛАТСИЗ БОШҚАРУВЧИ ҲАҚИДАГИ МАСАЛ
ТОПГАН БОЙЛИГИНГИЗ БИЛАН «ДЎСТ ОРТТИРИНГ»
Солиқчилар, уламою фарзийлар Исонинг йўқолган ўғил ҳақидаги масалини тинглаб бўлишди. Худо тавба қилаётган гуноҳкорларни кечиришга тайёр экани уларда чуқур таассурот қолдириши керак эди. (Луқо 15:1–7, 11) Энди Исо шогирдларига мурожаат қилиб, уй бошқарувчиси нотўғри йўл тутаётганини эшитиб қолган бой киши ҳақидаги масални сўзлаб беради.
Исонинг сўзларига кўра, уй бошқарувчисини хўжайинининг мол-мулкини сарф қилганликда айблашади. Шунинг учун бой киши уни ишдан бўшатмоқчи эканини айтади. Шунда уй бошқарувчиси қуйидагича мулоҳаза юритади: «Вой, энди нима қиламан? Хўжайиним бошқарувчиликни мендан олиб қўйяпти. Ер чопишга кучим етмаса, тиланчилик қилишга эса уяламан». Кейин у келажагини ўйлаб шундай хулосага келади: «Ҳа, топдим! Бошқарувчиликдан бўшатилганимдан кейин, одамлар мени ўз уйларига қабул қилиши учун мана шундай қиламан». Фурсатни бой бермай, у хўжайинининг қарздорларини чақиртириб, уларнинг ҳар биридан: «Хўжайинимга қанча қарзинг бор?» — деб сўрайди. (Луқо 16:3–5)
Биринчиси унга: «2 200 литр зайтун мойи қарзим бор»,— дейди. Балки қарздор киши катта зайтунзорга эга бўлган ёки зайтун мойининг сотувчисидир. Бошқарувчи унга: «Тилхатингни олиб, ўтир ва тезда 1 100 деб ёз»,— дейди. (Луқо 16:6)
Кейин бошқарувчи бошқасидан: «Сенинг қанча қарзинг бор?» — деб сўрайди. У: «100 қоп буғдой»,— дея жавоб беради. Бошқарувчи унга: «Тилхатингни ол-да, 80 деб ёз»,— дейди. Демак, у қарзни 20 фоизга қисқартиради. (Луқо 16:7)
Уй бошқарувчиси хўжайинига қарздор бўлган кишиларнинг тилхатини ўзгартиришга ҳақли, чунки у хўжайинининг ҳисоб-китоб ишларига жавобгар. Ушбу кишиларнинг қарзларини камайтириб у ўзига дўст орттиряпти, яъни ишини йўқотса улар унга ёрдам беришади.
Хўжайин нима бўлганидан хабар топади. Гарчи у зиён кўрган бўлса-да, «адолатсиз» бошқарувчи «донолик билан» йўл тутганига қойил қолиб, уни мақтайди. Исо сўзида давом этиб: «Ушбу замонанинг ўғиллари ўз замондошлари билан, нур ўғилларидан кўра донороқ муомала қилишади»,— дейди. (Луқо 16:8)
Бу билан Исо, бошқарувчининг усулларини маъқулламаяпти. Шунингдек, қинғир-қийшиқ иш юритишга ундамаяпти. Унда нега Исо бундай мисол келтирди? У шогирдларига шундай дейди: «Бу дунёда топган бойлигингиз билан дўст орттиринглар. Ўшанда бойлигингиз тугаганда, дўстларингиз сизларни абадий маконларга қабул қилишади». (Луқо 16:9) Демак, донолик билан йўл тутиб, узоқни кўра билиш керак. «Нур ўғиллари» бўлмиш Худонинг хизматчилари абадий келажакни ёдда тутиб, моддий нарсалардан оқилона фойдаланишлари даркор.
Фақат Тангри Яҳова ҳамда Унинг Ўғли Исо кимнидир Осмон Шоҳлигига қабул қилишга ёки бу Шоҳлик остида ер юзидаги ҳаётни ато этишга ҳақли. Шундай экан, биз улар билан дўстона муносабатларни ривожлантиришимиз керак. Шоҳлик манфаатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бойлигимиздан унумли фойдаланишимиз лозим. Шунда олтин, кумуш ва бошқа бойлик ўз қадр-қимматини йўқотса ҳам, келажагимиз порлоқ, ҳаётимиз абадий бўлиши шубҳасиз.
Кейин Исо, инсон моддий нарсаларидан фойдаланишда ишончли бўлса, муҳимроқ ишларда ҳам ишончли бўлишини айтади. Сўнг у қуйидагича давом этади: «Шундай экан, бу дунёда топган бойликка нисбатан ишончли бўлмасангиз, унда ким сизларга ҳақиқий бойликни [масалан, Худо Шоҳлигининг манфаатларини] ишониб топширади?» (Луқо 16:11)
Кейин Исо шогирдларига, «абадий маконларга» қабул қилинадиган кишилардан кўпроқ нарса кутилишини тушунтиради. Ҳа, бир вақтнинг ўзида ҳам Худонинг хизматчиси, ҳам бу дунёда топилган бойликнинг қули бўла олмаймиз. Охирида Исо шундай дейди: «Ҳеч бир қул бирданига икки хўжайинга хизмат қила олмайди. У ё биридан нафратланиб иккинчисини севади ёки бирига содиқ қолиб иккинчисини менсимайди. Сизлар ҳам Худонинг, ҳам бойликнинг қуллари бўла олмайсизлар». (Луқо 16:9, 13)