ОЛТИНЧИ БОБ
Ўлганлар қандай ҳолатда?
1–3. Одамларда ўлганлар ҳақида қандай саволлар пайдо бўлади ва баъзи динларда уларга қандай жавоб беришади?
МУҚАДДАС КИТОБДА бир кун келиб ўлим бошқа бўлмаслиги ҳақида ваъда берилган. (Ваҳий 21:4) 5- бобдан тўлов туфайли абадий яшашимиз мумкинлиги борасида билиб олдик. Бироқ ҳозир ўлим кўп одамларни ҳаётдан олиб кетяпти. (Воиз 9:5) Шунинг учун бизда: «Ўлганлар қандай ҳолатда бўлади?» — деган савол туғилади.
2 Айниқса, яқин инсонимиз ҳаётдан кўз юмса, бу савол бизни кўпроқ ўйлантиради. Бизда шундай саволлар пайдо бўлиши мумкин: «У ҳозир қаерда? Азоб чекмаяптими? Бизни кўриб турибдими? Бизга ёрдам бера оладими? Уни яна кўра оламизми?»
3 Турли динларда бу саволларга турлича жавоб беришади. Улардан баъзиларида яхши одамлар осмонга кетади, ёмон одамлар эса дўзахда ёнади деб ўргатишади. Бошқаларида эса инсон ўлганидан кейин оламдан ўтган оила аъзолари билан бирга яшайди дейишади. Айримларида бўлса одам ўлгач, ҳукм қилинади ва бошқа инсон кўринишида ёки ҳайвон бўлиб қайта туғилади деб айтишади.
4. Динлар қайси битта фикрни таъкидлашади?
4 Турли динлар бу борада турлича таълим бераётгандай туюлиши мумкин. Аммо уларнинг деярли барчаси битта фикрни таъкидлашади. Улар одам ўлганидан кейин, унинг руҳи яшашни давом эттиради деб ўргатишади. Бу чиндан ҳам шундайми?
ЎЛГАНЛАР ҚАНДАЙ ҲОЛАТДА?
5, 6. Инсон ўлганидан сўнг қандай ҳолатда бўлади?
5 Яҳова инсон ўлганида қандай ҳолатда бўлишини билади. У бизга инсон ўлгач, унинг ҳаёти ўз ниҳоясига етишини айтмоқда. Ўлим ҳаётга қарама-қаршидир. Одам ўлганидан сўнг, унинг ҳис-туйғу ва хотираларга эга бўлган руҳи чиқиб қаердадир яшашни давом эттирмайдиa. Ўлганидан кейин инсон на кўради, на эшитади, на ўйлай олади.
6 Шоҳ Сулаймон: «Ўлганлар ҳеч нарсани билмайди»,— деб ёзган. Ўлганлар севишга ҳам, нафратланишга ҳам қодир эмас. Чунки «қабрда на иш, на режа, на билим, на донолик бор». (Воиз 9:5, 6, 10 ни ўқинг.) Забур 146:4 да инсон ўлганидан сўнг, унинг «ўй-фикрлари пучга чиқиши» ҳақида айтилган.
ЎЛИМ ТЎҒРИСИДА ИСО МАСИҲНИНГ ФИКРИ
7. Исо ўлимни нима билан солиштирган?
7 Исонинг Лазар исмли яқин дўсти ўлганида, у шогирдларига: «Дўстимиз Лазар ухлаб қолди»,— деб айтган. Бироқ Исо Лазар дам олаётганини назарда тутмаган. Кейин у сўзларига аниқлик киритиб: «Лазар вафот этди»,— деган. (Юҳанно 11:11–14) Шундай қилиб, Исо ўлимни уйқу билан солиштирган. У: «Лазар осмонга кетди ёки оламдан ўтган оила аъзоларининг ёнида»,— демаган. Исо, шунингдек: «Лазар дўзахда азоб чекяпти, бошқа инсон кўринишида ёки ҳайвон бўлиб қайта туғилди»,— деб ҳам айтмаган. Лазар худди қаттиқ уйқуга кетгандай бўлган. Муқаддас Китобнинг бир нечта оятларида ўлим чуқур уйқуга таққосланган. Масалан, Исонинг Стефан исмли шогирди ўлдирилганида, у «ўлим уйқусига кетди» дейилган. (Ҳаворийлар 7:60, изоҳ) Худонинг хизматчиси Павлус ҳам айрим масиҳийлар «ўлим уйқусига кетгани» ҳақида ёзган. (1 Коринфликларга 15:6, изоҳ)
8. Худо одамларни ўлишлари учун яратмаганини қаердан биламиз?
8 Худо Одамато билан Момоҳавони кейинчалик ўлишлари учун яратганми? Асло! Яҳова одамларни мукаммал соғлиқдан баҳра олиб, тоабад бахтли яшашлари учун яратган. Тангри Яҳова уларнинг қалбига абадийлик туйғусини солган. (Воиз 3:11) Ота-она фарзанди кексайиб, ўлишини истамаганидай, Яҳова ҳам бизга буларни раво кўрмайди. Агар Худо одамларни абадий яшаш учун яратган бўлса, унда нега улар ўлади?
ОДАМЛАР НЕГА ЎЛАДИ?
9. Нима учун Яҳова Одамато билан Момоҳавога берган буйруқ оқилона эди?
9 Адан боғида Яҳова Одаматога шундай деб айтган: «Боғдаги ҳар қандай дарахтнинг мевасидан тўйгунингча еявер. Аммо нима яхши ва нима ёмон эканини билдирадиган дарахтнинг мевасидан емаслигинг керак, акс ҳолда, ундан еган куни ўласан». (Ибтидо 2:9, 16, 17) Ушбу аниқ буйруққа бўйсуниш қийин эмасди. Қолаверса, Яҳова Одамато билан Момоҳавога нима яхши ва нима ёмон эканини айтишга ҳақли эди. Яҳовага итоат этиб, улар Унинг ҳукмдорлигини ҳурмат қилаётганини намоён этишарди. Шунингдек, Яҳова берган барча нарса учун миннатдор эканини кўрсатишарди.
10, 11. а) Қай йўсин Шайтон Одамато ва Момоҳавони йўлдан оздирди? б) Нега Одамато ва Момоҳавонинг қилмишини оқлаб бўлмайди?
10 Афсуски, Одамато билан Момоҳаво Яҳовага итоат этмасликни танлашган. Шайтон Момоҳаводан: «Худо боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтгани ростми?» — дея сўраган. Момоҳаво жавобан шундай деган: «Боғдаги дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин. Лекин Худо боғнинг ўртасидаги дарахтнинг меваси ҳақида: “Ундан еманглар, унга тегманглар. Акс ҳолда, ўласизлар”,— деб айтган». (Ибтидо 3:1–3)
11 Кейин Шайтон Момоҳавога: «Асло ўлмайсизлар. Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилади ва сизлар Худо каби нима яхши ва нима ёмон эканини биладиган бўласизлар»,— деб айтган. (Ибтидо 3:4–6) Шайтон Момоҳаво «Нима яхши ва нима ёмон эканини ўзим ҳал қила оламан» деб ўйлашини истаган. Шу билан бирга унинг итоатсизлиги қандай оқибатга олиб келиши борасида ёлғон гапирган. Шайтон Момоҳаво мевадан еса ўлмаслигини айтган. Шундан кейин Момоҳаво мевадан еган ва эрига ҳам берган. У ва Одамато Яҳованинг уларга мевадан еманглар деб айтганини билишарди. Бироқ ундан еб улар аниқ ва оқилона буйруққа итоатсизлик қилишди. Бу билан улар кўкдаги меҳрибон Отасини ҳурмат қилмаётганини кўрсатишди. Уларнинг қилмишини асло оқлаб бўлмайди!
12. Одамато ва Момоҳавонинг итоатсизлиги Яҳовага қандай таъсир қилган?
12 Илк ота-онамиз Яратувчига ҳурматсизлик қилгани нақадар аянчли, шундай эмасми?! Тасаввур қилинг: сиз минг машаққатлар билан ўғил ва қиз ўстирдингиз. Улар эса сизга қарши чиқиб, сиз сўраган нарсанинг тескарисини қилишса, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Шубҳасизки, бу сизга оғир ботади.
13. Яҳованинг: «Тупроққа қайтасан»,— деган сўзлари нимани англатади?
13 Одамато ва Момоҳаво итоатсизлик қилишганида абадий ҳаётни қўлдан бой беришди. Яҳова Одаматога: «Сен тупроқдирсан ва тупроққа қайтасан»,— деган. (Ибтидо 3:19 ни ўқинг.) Бу Одамато яратилишидан олдинги ҳолатига қайтишини, яъни тупроққа айланишини англатган. (Ибтидо 2:7) Гуноҳ қилгач, Одамато ўлган ва йўқ бўлиб кетган.
14. Нима сабабли биз ўламиз?
14 Агар Одамато билан Момоҳаво Худога қулоқ солишганида бугун ҳам тирик бўлишарди. Аммо улар Худога итоат этмай, гуноҳ қилишди ва охир-оқибат ўлишди. Гуноҳ илк ота-онамиздан бизга мерос бўлиб ўтган даҳшатли касалликка ўхшайди. Барчамиз гуноҳкор бўлиб туғиламиз ва шу сабабли ўламиз. (Римликларга 5:12) Лекин Худо инсонлар учун буни ният қилмаган эди. У инсонлар ўлишини асло истамаган. Муқаддас Китобда ўлим «душман» деб аталган. (1 Коринфликларга 15:26)
ҲАҚИҚАТ БИЗНИ ОЗОД ҚИЛАДИ
15. Қай йўсин ўлим тўғрисидаги ҳақиқат бизни озод қилади?
15 Ўлим тўғрисидаги ҳақиқат бизни кўпгина сохта таълимотлардан озод этади. Муқаддас Китобга кўра, ўлганлар на азоб чекади, на қайғуради. Улар билан на сўзлаша оламиз, на уларни эшита оламиз. Марҳумлар бизга на ёрдам бера олади, на ёрдамимизга муҳтож. Улар зиён етказишга ҳам ожиз, шу сабабли улардан қўрқишга ҳеч қандай асос йўқ. Бироқ кўп динларда ўлганлар қаердадир яшашни давом эттириши ва агар биз руҳонийлару бошқа дин раҳбарларига пул тўласак, уларга ёрдам бера олишимиз мумкинлиги ҳақида ўргатилади. Ўлим ҳақидаги ҳақиқатни билиб олсак, бундай ёлғонларга алданиб қолмаймиз.
16. Кўп динларда ўлганлар ҳақида нима деб ўргатишади?
16 Шайтон сохта диндан фойдаланиб ўлган инсонлар тирик эканига бизни ишонтирмоқчи бўлади. Масалан, баъзи динларда одам ўлганидан кейин унинг руҳи чиқиб, бошқа бир маконда яшашни давом эттиради деб ўргатилади. Сизнинг динингизда ҳам шундай ўргатишадими ёки Муқаддас Китобда ёзилганидекми? Шайтон одамларни Яҳовадан узоқлаштириш учун ёлғон ишлатади.
17. Нега одамларни дўзахда азоблаш ҳақидаги таълимот Яҳовани ҳақорат қилади?
17 Кўп динларнинг таълимоти одамни даҳшатга солади. Масалан, баъзи динлар ёмон одамлар дўзахда абадий ёнади деб ўргатади. Бундай ёлғон Яҳовани ҳақорат қилади. У ҳеч қачон одамларни бундай азобламайди! (1 Юҳанно 4:8 ни ўқинг.) Қулоқсиз боласини жазолаш учун унинг қўлини оловда куйдирган киши ҳақида нима деб ўйлаган бўлардингиз? Уни ниҳоятда шафқатсиз деб ҳисоблардингиз. Бундай киши билан дўстлашмаган бўлардингиз. Шайтон ҳам Яҳова ҳақида айнан шундай ўйлашимизни истайди!
18. Нега ўлганлардан қўрқмаслигимиз керак?
18 Баъзи динларда инсон ўлганидан сўнг руҳга айланади деб ўргатишади. Уларнинг таълимотига биноан, тириклар ўлганларнинг руҳига ҳурмат кўрсатиши ва улардан қўрқиши керак. Чунки ўлганларнинг руҳи ё дўстга ёки ашаддий душманга айланар экан. Кўпчилик бу ёлғонга ишонади. Улар ўлганлардан қўрқишгани учун Яҳовага эмас, уларга сиғинишади. Юқорида айтиб ўтилганидек, ўлганлар ҳеч нимани ҳис қилмайди. Шунинг учун улардан қўрқмасак ҳам бўлади. Яҳова бизнинг Яратувчимиз. У ҳақ Худо ва биз фақат Унга топинишимиз керак. (Ваҳий 4:11)
19. Ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни билиш бизга қандай ёрдам беради?
19 Ўлим тўғрисидаги ҳақиқатни билиш бизни сохта дин таълимотларидан озод қилади. Бу ҳақиқат келажагимизга тегишли Яҳованинг ажойиб ваъдаларини тушунишга ёрдам беради.
20. Кейинги бобда нима ҳақда сўз юритилади?
20 Қадимда яшаган художўй инсон Аюб шундай саволни кўтарган эди: «Агар одам ўлса, у яна яшай оладими?» (Аюб 14:14) Чиндан ҳам, вафот этган инсон яна яшай оладими? Бу саволга Муқаддас Китобда Худо қандай жавоб бераётганини билиб ҳайратда қоласиз. Кейинги бобда шу ҳақда сўз юритилади.
a Баъзилар одам ўлганидан кейин унинг жони ёки руҳи яшашни давом эттиришига ишонишади. Аммо бу таълимот Муқаддас Китобга асосланмаган. 17-, 18- иловаларга қаранг.