Ўғил Отани очиб беришни хоҳлайди
Отани... Ўғилдан ва Ўғил кимга очиб беришни хоҳласа, ўша кишидан бўлак ҳеч ким билмайди. ЛУҚО 10:22
МАРҲАМАТ, ЖАВОБ БЕРИНГ
Отани очиб беришда нега Исога тенг келадигани йўқ эди?
Исо бошқаларга Отани қандай очиб берган?
Отани очиб беришда Исодан қандай ўрнак олсак бўлади?
1, 2. Қандай савол кўпчиликни ўйлантириб қўймоқда ва нима учун?
«ХУДО ким?» Бу савол кўпчиликни ўйлантириб қўяди. Масалан, диндор кишиларнинг аксарияти, Аллоҳ ҳамма нарсанинг тақдирини олдиндан белгилаб қўйганига ишонадилар. Кўплар эса, бу Худонинг адолатига қарама-қарши деб таъкидлайдилар. Машҳур бир дин арбоби шундай деган эди: «Агар [Аллоҳ] келажагимизни билибгина қолмай уни олдиндан белгилаб қўйган бўлса, унда қилмишларимиз учун бизни жавобгарликка тортмаслиги керак. Тақдиримизни белгилаш ва бизни жавобгарликка тортиш эса золимлик бўлар эди». Бошқа томондан, эволюция назариясини қабул қилганларнинг аксарияти Худо йўқлигига ишонишади. Улар барча мавжудотлар тасодифан пайдо бўлгани ҳақида гапиришади. Аммо Чарлз Дарвиннинг ўзи Худонинг мавжудлигини инкор этмаган. У , Худонинг ишларини одамлар охиригача тушуниб етишга ожиз эканлиги ҳақида айтган эди.
2 Аксарият инсонларнинг эътиқоди турлича бўлишига қарамай, Худонинг мавжудлиги ҳақида кўп саволлар беришади. Аммо улар саволларига қониқарли жавоб топмагач, Худони излашдан тўхтаб қолишади. Дарҳақиқат, Шайтон «имонсизларнинг зеҳнларини кўр қилиб қўйган» (2 Кор. 4:4). Шу сабабли кўп инсонлар Ота, яъни коинотнинг Яратувчиси тўғрисидаги ҳақиқатни билмагани ва тушунмагани ажабланарли эмас! (Ишаё 45:18).
3. а) Ким бизга Яратувчини очиб берган? б) Бу мақолада қандай саволларни кўриб чиқамиз?
3 Лекин инсонлар Аллоҳ тўғрисидаги ҳақиқатни билиб олишлари муҳим. Нега? Чунки фақатгина «Яҳованинг исмини чақирадиган» одам қутқарилади (Рим. 10:13). Худонинг исмини айтиб чақириш, Аллоҳнинг кимлигини ҳамда У қандай шахс эканини билишни англатади. Исо Масиҳ бу муҳим билимлар ҳақида шогирдларига таълим берган. У шогирдларига Отасини очиб берган (Луқо 10:22 ни ўқинг). Нимага ҳеч ким Исо каби Отани очиб бера олмаган? Исо буни қандай қилган? Бошқаларга Отани очиб беришда Исодан қандай ўрнак олишимиз мумкин? Келинг, бу саволларни кўриб чиқайлик.
ОТАНИ ОЧИБ БЕРИШДА ИСОГА ТЕНГ КЕЛАДИГАНИ ЙЎҚ
4, 5. Нега Отасини ошкор этишда ҳеч ким Исога тенг кела олмайди?
4 Отасининг шахсиятини бошқаларга очиб беришда Исо жуда маҳоратли бўлган. Нега дейсизми? Сабаби, бошқа мавжудотлар яратилишидан аввал, Исо осмонда руҳий шахс бўлган. У «Худонинг ягона Ўғли» эди (Юҳан. 1:14; 3:18). Нақадар ажойиб мавқе! Ҳали ҳеч бир жонзот яратилмасданоқ, Ўғил Отасининг илиқ муносабатини ҳис қилган ҳолда Унинг шахсиятини ва фазилатларини ўргана оларди. Ота ва Ўғил яқин мулоқотда бўлишган ва бу уларнинг орасида миллионлаб йиллар мобайнида чуқур севги ривожланишига сабаб бўлган (Юҳан. 5:20; 14:31). Исо ўз Отасининг шахсияти борасида қанчалик кўп нарса ўрганганини тасаввур қила оласизми?! (Колосаликларга 1:15–17 ни ўқинг).
5 Ота Ўғлини Ўз вакили қилиб тайинлагани учун, у «Худонинг Каломи» деб аталган (Ваҳ. 19:13). Бошқаларга Отани ошкор этишда ҳеч ким Исога тенг кела олмайди. Шу сабабли Инжил ёзувчиси Юҳанно «Калом» бўлмиш Исони «Отанинг бағридаги зот» деб тасвирлаган (Юҳан. 1:1, 18). Бу иборани қўллаб Юҳанно ўзи яшаган даврда кенг тарқалган одатга ишора қилган эди. Овқат тановул қилган пайтда, бир меҳмон иккинчиси томон ёнбошлаб ўтирарди ва шу йўсин улар бемалол суҳбатлашишарди. Шундай қилиб, Ўғил ҳам «Отанинг бағрида» бўлгани учун У билан яқиндан суҳбатлашган.
6, 7. Ота ва Ўғил орасидаги ришталар қандай мустаҳкамланиб борган?
6 Ота ва Ўғил орасидаги муносабат доим мустаҳкамланиб борган. Ўғил «[Аллоҳнинг] қошида кундан-кунга завқланиб» юрган (Ҳикматлар 8:22, 23, 30, 31 ни ўқинг). Демак, улар яқиндан ҳамкорлик қилишгани туфайли ораларидаги ришталар янада мустаҳкамланиб борган. Шу тариқа Ўғил Отасининг фазилатларини намоён этишни ўрганган. Бошқа онгли мавжудотларни яратганида, Отаси улар билан қандай муомала қилганини Ўғил кузатган. Шубҳасизки буни кўриб, унинг Худога бўлган ҳурмати ва севгиси янада ошган.
7 Гарчи Шайтон Яҳованинг адолат ила ҳукмронлик қилаётганини шубҳа остига қўйган бўлса-да, Ота севгисини, адолатини, донолигини ва кучини қийин вазиятда қандай намоён этганини Ўғил кўриб сабоқ олган. Бу эса Исога ер юзидаги хизмати давомида қийинчиликларга бардошли бўлишга кўмаклашгани шубҳасиздир (Юҳан. 5:19).
8. Инжилдаги воқеалар Отанинг фазилатларини чуқурроқ тушунишимизга қандай ёрдам беради?
8 Яҳова билан яқин муносабатда бўлгани туфайли, фақатгина Исо Отаси ҳақидаги тафсилотларни айтиб бера оларди. Демак, ягона Ўғилнинг таълимотларию ишларини кўриб чиқиш орқали Отани яхшироқ билиб олишимиз мумкин. Ўзингиз ўйлаб кўринг, фақатгина изоҳли луғатдан «севги» сўзига келтирилган изоҳни ўқиб туриб, бу фазилат ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлармидик?! Чиндан ҳам, Инжилдан Исонинг хизмати ва бошқаларга қандай ғамхўрлик қилгани ҳақидаги ёрқин воқеаларни ўқиб, улар устидан мулоҳаза юритсак, «Худо севгидир», деган иборани чуқурроқ тушуна оламиз (1 Юҳан. 4:8, 16). Ер юзида бўлганида Исо шогирдларига нафақат севгини, балки Отасининг бошқа фазилатларини ҳам очиб берган.
ИСО ЎЗ ОТАСИНИ ҚАНДАЙ ОЧИБ БЕРГАН?
9. а) Исо қанақа иккита усул ёрдамида Отасини очиб берган? б) Исо таълимотлари орқали Отасини қандай ошкор этган? Мисол келтиринг.
9 Исо шогирдларига ҳамда бўлажак издошларига Отасини қандай қилиб очиб берган? У буни икки усул ёрдамида, аниқроғи таълимотлари ҳамда хулқ-атвори орқали намоён қилган. Келинг, аввал унинг таълимотларини кўриб чиқайлик. Исонинг шогирдларига берган таълимидан, Отасининг фикрлари, ҳис-туйғулари ҳамда йўлларини қанчалик чуқур тушунганини кўрса бўлади. Масалан, у Отасини йўқолган қўйини излашга тушган ғамхўр чўпонга ўхшатган. Исонинг айтишича, чўпон «йўқолмаган тўқсон тўққизтасидан кўра, топилган қўйи учун кўпроқ севинади». Нега Исо айнан шу мисолни келтирган? У бундай деб тушунтирган: «Худди шундай, самовий Отам ҳам, ўша кичикларнинг бирортаси йўқолишини истамайди» (Мат. 18:12–14). Хўш, ушбу мисолдан Яҳова ҳақида нимани билиб олдингиз? Баъзан ўзингизни кераксиздай ёки унутилгандай ҳис қилсангиз, самовий Отангиз сизга бефарқ эмаслигини ва сизга ғамхўрлик қилаётганини ёдда тутинг. Зеро Аллоҳ сизни ҳам «ўша кичиклар» қаторида кўради.
10. Исо хулқ-атвори орқали Отасини қандай очиб берган?
10 Исо хулқ-атвори орқали шогирдларига Отасини очиб берган. Бу эса иккинчи усулдир. Ҳаворий Филип Исодан: «Самовий Отани бизга кўрсатинг»,— деб сўраганида, у: «Мени кўрган, Отамни ҳам кўрган бўлади»,— деб айта олган (Юҳан. 14:8, 9). Келинг, Исо Отасининг фазилатларини қандай намоён этгани ҳақидаги айрим мисолларни кўриб чиқайлик. Мохов киши Исога ёлвориб касаллигидан фориғ бўлишни сўраганида, у «бутун танаси мохов бўлган киши»га қўл теккизиб шундай деган: «Албатта истайман. Пок бўлинг». Шубҳасизки, шифо топган ўша киши Исонинг қилган иши орқали Яҳованинг қудратига шоҳид бўлган (Луқо 5:12, 13). Шунингдек, Лазар ўлганида Исо «руҳан эзилиб, чуқур хўрсин»ганини ва унинг «кўзидан ёш оққа»нини кўриб, шогирдлари Отанинг раҳм-шафқатини ҳис этган бўлишса керак. Гарчанд Исо Лазарни тирилтиришини билса-да, дўстининг оиласи ва ёру биродарлари қайғураётганини кўриб, ўзи ҳам изтироб чеккан (Юҳан. 11:32–35, 40–43). Сиз ҳам Отанинг раҳмдиллигини кўрсатувчи Исонинг ишлари ҳақидаги қайсидир ҳикояни ёқтирсангиз ажаб эмас.
11. а) Исо маъбадни тозалагани ҳақидаги ҳикоядан Яҳова қандай шахс эканини кўряпсиз? б) Нега бу ҳикоя бизга тасалли бахш этади?
11 Унда Исо маъбадни тозалагани ҳақидаги ҳикояни ўқиб қандай хулоса чиқардингиз? Ўша воқеани кўз олдингизга келтиринг: Исо арқонлардан қамчи ясаб, қўй ва ҳўкиз сотаётганларни маъбаддан ҳайдаб чиқаряпти. Пул алмаштираётганларнинг тангаларини сочиб, пештахталарини ағдариб юборяпти (Юҳан. 2:13–17). Исонинг бундай кескин хатти-ҳаракатларини кўриб, шогирдлар шоҳ Довуднинг башоратли сўзларини эслашди: «Сенинг уйингга бўлган севгим ичимни ёндирар» (Заб. 68:10). Кескин чоралар кўрганидан, Исо ҳақ топинишни ҳимоя қилишни жуда истаганини кўрса бўлади. Хўш, ушбу ҳикоядан Яҳова қандай шахс эканини кўряпсиз? Ушбу воқеадан, Худо нафақат ер юзидаги ёвузликни йўқ қилиш учун чексиз қудратга эга эканини, балки Унинг шундай йўл тутишга кучли истаги борлигини кўрса бўлади. Исо ёмон ишларга қандай муносабатда бўлганидан, ҳозирги пайтда ёвузлик кундан-кунга авж олаётганини кўриб, Ота нималарни ҳис этаётганини тушунсак бўлади. Адолатсизликка дуч келганда, наҳотки бу ҳикоя бизга тасалли бахш этмаса?!
12, 13. Исо шогирдлари билан қандай муомалада бўлганидан, Яҳова ҳақида нимани билиб олдингиз?
12 Келинг, Исо шогирдлари билан қандай муомалада бўлганини кўриб чиқайлик. Улар орасида ким энг буюк бўлиши керак, деган баҳс кўтарилади (Марк 9:33–35; 10:43; Луқо 9:46). Исо Отаси билан узоқ вақт мобайнида бирга бўлиб, мағрурлик каби иллатга нисбатан Яҳова қандай муносабатда эканини яхши билган (2 Шоҳ. 22:28; Заб. 137:6). Боз устига, Исо бундай иллат Шайтон Иблисда намоён бўлганини кўрган эди. Бу мағрур шахс шон-шуҳрат ва мавқе тўғрисида кўп ташвишланган. Гарчи Исо шогирдларига таълим берган бўлса ҳам, уларнинг орасида шуҳратпарастлик руҳи ҳукм сурган! Буни кўриб у жуда хафа бўлган. Бу иллат ҳатто танланган ҳаворийлари орасида ҳам кўринган! Улар Исонинг ер юзидаги ҳаётининг сўнгги кунигача бундай иллатни намоён этишган (Луқо 22:24–27). Шунга қарамасдан, Исо меҳр ила уларга танбеҳ берган. Вақти келиб шогирдлари камтарлик борасида ундан ўрнак олишларига умид қилган (Филип. 2:5–8).
13 Исо сабр-тоқат ила шогирдларини тузатиб, ёмон иллатлардан халос бўлишга ёрдам берганидан, Яҳова қанақа шахс эканини кўряпсизми? Исонинг ишлари ва сўзларидан Ота ҳақида нимани билиб олдингиз? Халқи қайта-қайта хато қилса-да, Аллоҳ уларни рад этмайди. Тангрининг шундай фазилатлари борлигини билиш, наҳотки бизни хато қилганда Унга яқинлашиб тавба-тазарру қилишга ундамаса?!
ЎҒИЛ ОТАНИ БАЖОНИДИЛ ОЧИБ БЕРГАН
14. Исо Отасининг шахсиятини очиб беришни истаганини қандай намоён қилди?
14 Кўпгина диктаторлар халқни назорат остига олиш мақсадида улардан маълумотни яширишга ҳаракат қилишади. Исо эса аксинча йўл тутиб, Отаси ҳақидаги билимлар билан бажонидил бўлишган ва шу йўсин у бошқаларга Худонинг шахсиятини тўлалигича очиб берган (Матто 11:27 ни ўқинг). Боз устига, Исо Тангри Яҳовани таниб-билиш учун шогирдларига «ақл-заковат бахш этган» (1 Юҳан. 5:20). Бу нимани англатарди? Исо издошларига Отаси ҳақидаги таълимотларни тушунишга ёрдам берган. У сирли ва тушунарсиз таълимотлар билан Отасининг шахсиятини яширмаган.
15. Нима учун Исо Отаси тўғрисидаги баъзи тафсилотларни дарҳол очиб бермаган?
15 Исо Отаси ҳақида билган барча нарсани очиб беришга интилганми? Йўқ, у шогирдларига борини айтиб беришдан ўзини тийиб, доноликни намоён этган (Юҳанно 16:12 ни ўқинг). Нима учун? Чунки шогирдлари ўша пайтда «ҳаммасини тушуна олмасдилар». Аммо Исо «ёрдамчи» бўлмиш муқаддас руҳ келганида, шогирдларига янада чуқурроқ билимлар очилиши ҳақида айтган эди. Ўшанда бу ёрдамчи «ҳақиқатни тўлиқ» тушуниш учун уларга йўл кўрсатади (Юҳан. 16:7, 13). Доно ота-она болалари баъзи нарсаларни тушуниши учун муайян ёшга тўлиши кераклигини билгани сингари, Исо ҳам шогирдлари маънан етук инсон бўлиб улғайишини ва шундагина улар Отаси ҳақидаги баъзи тафсилотларни англаб етишларини тушунган. Исо меҳрибон бўлган ва шу учун уларнинг имконият чегараларини эътиборга олган.
ЯҲОВАНИ БОШҚАЛАРГА ОЧИБ БЕРИШДА ИСОГА ТАҚЛИД ҚИЛИНГ
16, 17. Нега сиз бошқаларга Отани очиб бера оласиз?
16 Сиз кимнидир жуда яхши таниб, унинг ажойиб фазилатларини юқори қадрласангиз, у ҳақда бошқаларга айтиб бермайсизми? Исо ер юзида бўлганида, Отаси ҳақида айтиб берарди (Юҳан. 17:25, 26). Яҳовани бошқаларга очиб беришда, биз ҳам имкон қадар Исога тақлид қиляпмизми?
17 Кўриб чиққанимиздек, ҳеч ким Исо каби Отаси ҳақида чуқур билимга эга бўлмаган. Шунга қарамасдан, у билиб олган баъзи нарсалар ҳақида бошқалар билан бажонидил бўлишган. Издошлари Худо шахсиятининг қирраларини чуқурроқ тушуниши учун Исо уларга ҳатто ақл-заковат бахш этган. Кўпчилик Ота ҳақида тафсилотларни билмаган бир пайтда, биз Исонинг ёрдами билан Уни яхшироқ билиш шарафига муяссар бўлдик. Исо таълимотлари ва хулқ-атвори орқали, Отасини бажонидил очиб берганидан миннатдор бўлсак арзийди! Дарҳақиқат, Отани таниб-билганимиздан фахрланамиз (Ерм. 9:24; 1 Кор. 1:31). Яҳовага яқинлашганимиз сайин, У ҳам бизга яқинлашаверади (Ёқб. 4:8). Шу сабабли олган билимларимизни бошқалар билан баҳам кўришимиз мумкин. Буни қандай қилсак бўлади?
18, 19. Бошқаларга Отани қандай очиб беришимиз мумкин? Тушунтиринг.
18 Биз ҳам Исога тақлид қилиб, сўзимиз ва ишларимиз билан Отани очиб беришимиз мумкин. Шуни ёдда тутингки, атрофдаги одамлар Худо кимлигини билишмайди. Улар сохта таълимотлар туфайли Аллоҳ тўғрисида нотўғри фикрда бўлишлари мумкин. Биз эса Муқаддас Китобдан фойдаланиб уларга Худонинг номи, Унинг инсоният учун нияти ва шахсияти ҳақида айтиб беришимиз мумкин. Ўзимиз ҳам Муқаддас Китобдаги баъзи ҳикоялардан Худо шахсиятининг янги қирраларини билиб олсак, буни имондошларимиз билан бўлишгимиз келади. Бу уларга ҳам фойда келтиради.
19 Исога тақлид қилган ҳолда, биз ҳам сўзларимиз ва хулқимиз билан Отани очиб беришимиз керак. Агар одамлар ишларимизда Масиҳнинг севгисини кўришса, улар Отага ҳамда Исога яқинлашадилар (Эфес. 5:1, 2). Ҳаворий Павлус бизни шундай деб чорлаган: «Мен Масиҳга тақлид қилаётганимдай, сизлар ҳам менга тақлид қилинглар» (1 Кор. 11:1). Юриш-туришимиз билан бошқаларга Яҳовани очиб бериш, биз учун катта шарафдир! Келинг, бундан буён ҳам, Исога тақлид қилиб, бошқаларга Отамизни очиб берайлик.