Исо Масиҳ — унинг намунасига тақлид қилайлик
ҲУРМАТГА сазовор ва бахтли инсон бўлишни истайсизми? Ҳаворий Бутрус бунга қандай қилиб эга бўлиш мумкинлигини шундай таъкидлаб ўтган: «Масиҳ ҳам: “Менинг изимдан юринглар”, деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди» (1 Бутрус 2:21). Ҳа, Исо Масиҳ чиндан ҳам ўзгача шахс бўлиб, ҳаётнинг кўпгина соҳасида бизга намуна ҳисобланади. Исо тўғрисида кўпроқ билимга эга бўлиб, унинг ўрнагига тақлид қилсак, янада ҳурматга сазовор ҳамда бахтли ҳаёт кечира оламиз. Шундай экан келинг, ушбу буюк шахсни яқинроқ таниб-билиб, унинг намунаси бизга қандай фойда келтиришини кўриб чиқайлик.
Исо мувозанатли киши бўлган. Гарчанд, Исо «бош суқадиган жойи йўқлигини» айтган бўлса-да, у якка мохов бўлиб юрмаган (Матто 8:20). Исо, тўй-ҳашамларга бориб турарди (Луқо 5:29). Масалан, бир тўй маросимида, у сувни шаробга айлантириб, ўзининг биринчи мўъжизасини намоён этган. Бу эса, Исо ҳеч қандай дайди ҳам, дарвеш ҳам бўлмаганини кўрсатиб турибди (Юҳанно 2:1–11). Шундай бўлса-да, унинг ҳаётида нима муҳим бўлгани борасида, у қуйидагича айтган: «Менинг овқатим — Мени Юборганнинг иродасини адо этиш, Унинг юмушини бажо келтиришдан иборатдир» (Юҳанно 4:34).
□ Моддий ва маънавий нарсалардан қайси бири ҳаётингизда муҳимлиги борасида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Исо бағри кенг одам бўлган. Исо, Муқаддас Китобда хушмуомала ва кўнгли очиқ инсон сифатида тасвирланган. Одамлар унга ўз ташвишларини айтганда ёки унга чалкаштирадиган саволлар беришганида у ҳечам ғазабланмас эди. Кунлардан бирида, 12 йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган аёл, соғайиб кетиш умидида халойиқ ичидан Исонинг кийимига қўл тегизади. Хўш, Исонинг бундан жаҳли чиққанми? Йўқ, аксинча у ўша аёлга юмшоқлик ила: «Қизим, ишончинг сени қутқарди»,— деб қўя қолган (Марк 5:25–34). Қизиғи шундаки, ҳатто болалар ҳам ундан ҳайиқишмаган (Марк 10:13–16). Шогирдлари билан гаплашганида эса, Исо самимийлик ила очиқдан-очиқ улар билан суҳбатлашарди. Ўз навбатда, улар ҳам фикр билдиришдан тортинишмасди (Марк 6:30–32).
□ Сизга ҳам одамлар тортинмай мурожаат қилишадими?
У зийрак ва ҳамдард бўлган. Исонинг яхши хислатларидан айримлари, у ўзини одамларнинг ўрнига қўя олар, ҳамдардлик билдирар ва ҳамиша ёрдамга тайёр бўларди. Юҳаннонинг таъкидлашича, Марям акаси Лазарнинг вафот этганидан қайғуриб йиғлаётганида, Исо буни кўриб қаттиқ изтиробга тушган ҳамда кўнгли ўртаниб кетган. Исо бу оилани қанчалик яхши кўрганини ва у ўз туйғуларини яширмаётганини ҳамма кўриб турган эди. Кейин эса, у Лазарни тирилтириб, ўзининг чуқур ҳиссиётларини амалда намоён этган (Юҳанно 11:33–44).
Бошқа сафар эса, мохов касаллигига чалинган бир киши Исонинг ёнига келиб: «Ҳазрат, агар истасанг, мени моховликдан пок қила оласан»,— дея унга ёлворган. Таврот қонунига кўра моховлар нопок ҳисобланишган. Шунинг учун, ўша кишига ҳеч ким яқинлашмаган бўлиши керак. Исо эса, унга қўл узатиб: «Истайман, пок бўл!» — деганда, бу киши нималарни ҳис қилганини кўз олдингизга келтира оласизми? (Матто 8:2, 3). Ҳазрати Исо одамларнинг касаллигини шунчаки башоратлар амалга ошиши учун даволамаган. У, бечораҳолларнинг кўз ёшларини том маънода артиб қўймоқчи эди. Унинг барча ишида, ўзи айтган қуйидаги сўзлар намоён бўлиб турарди: «Одамлар сизларга қандай муомала қилишларини истасангизлар, сиз ҳам уларга шундай муомалада бўлинг» (Луқо 6:31).
□ Сизнинг ҳам ишларингизда ҳамдардлик кўриниб турибдими?
Исо бошқаларни тушунишга ҳаракат қиларди. Гарчи, Исонинг ўзи гуноҳдан ҳоли бўлган бўлса-да, бошқалардан мукаммалликни талаб қилмас ҳамда ўзини ҳечам катта тутмасди. Бир сафар, «шаҳарда гуноҳкор деб танилган бир аёл» кўз ёшлари билан Исонинг оёқларини ювади. Бу орқали, ўша аёл Исога бўлган ишончини ва миннатдорчилигини кўрсатмоқчи эди. Буни кузатиб турган уй эгаси, ичида аёлни ҳукм қилади. Исо эса, аёлнинг самимийлигини кўриб, у гуноҳкор бўлгани учун койимади. Аксинча, оёқларини ювишига йўл қўйиб, сўнг шундай дейди: «Ишончинг сени қутқарди, эсон-омон боргил» (Луқо 7:37–50).
□ Бошқаларни кўпроқ ҳукм қиласизми ёки мақтайсизми?
У юз-хотир қилмай, бошқаларни жуда ҳурмат қиларди. Исо алайҳиссалом шогирди Юҳаннога алоҳида меҳр қўйган эди. Эҳтимол, уларнинг феъл-атвори бир-бириникига ўхшар ва ҳойнаҳой қариндош ҳам бўлишгандирa. Шундай бўлса ҳам, Исо унга ўзгача илтифот кўрсатмаган (Юҳанно 13:23). Масалан, Юҳанно билан Ёқуб Исонинг ёнига келиб, Худонинг Шоҳлигида яхши-яхши жойларни эгаллашни сўрашганида, у шогирдларга шундай жавоб берган: «Менинг ўнг ва чап томонимда ўтиришга рухсат бериш Менинг ихтиёримда эмас» (Марк 10:35–40).
Исо ҳамиша бошқаларга ҳурмат кўрсатарди. У, замондошларига ўхшаб юз-хотир қилмаган. Мисол учун, ўша пайтда аёлларни одам ўрнида кўришмасди. Бироқ, Исо уларнинг ҳурматини жойига қўярди. Қолаверса, айнан самариялик аёлга Масиҳ ўзи эканини очиқдан-очиқ айтган эди. Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, яҳудийлар ўша вақтларда самарияликларни камситишар ва ҳатто сўрашмас эдилар (Юҳанно 4:7–26). Бундан ташқари, Исонинг тирилганини ҳам биринчи бўлиб аёллар гувоҳи бўлишган (Матто 28:9, 10).
□ Бошқа тил, жинс, ирқ ва миллатдагиларни ҳурмат қиляпсизми?
Исо яхши дўст ва ака бўлган. Исонинг ўгай отаси Юсуф, ҳойнаҳой у ўсмирлигидаёқ вафот этган. Шунинг учун ҳам, Исо дурадгорлик қилиб онасига, ука ва сингилларига ғамхўрлик қилган бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас (Марк 6:3). Ўлимидан олдин эса, бу масъулиятни шогирди Юҳаннога топширган (Юҳанно 19:26, 27).
□ Исо каби, оиладаги масъулиятларингизга жиддий ёндашяпсизми?
Исо садоқатли дўст эди. Ҳақиқий дўстлик қанақа бўлишини Исодан ўрганса бўлади. Қандай қилиб дейсизми? Шогирдлар қайта-қайта хато қилишгани учун Исо улардан воз кечмаган. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, шогирдлар Исони ҳар доим ҳам қувонтиришмаган. Бироқ, Исо уларнинг ёмон томонларига эмас, балки яхши фазилатларига эътибор қаратар эди (Марк 9:33–35; Луқо 22:24–27). Шунингдек, Исо ўз нуқтаи назарини шогирдларига зўрлаб ўтказмаган. Аксинча, уларни ҳам фикр билдиришга чорлар эди (Матто 16:13–15).
Энг асосийси эса, Исо дўстларини роса яхши кўрарди (Юҳанно 13:1). Бу, унинг қуйидаги сўзларидан яққол кўриниб турибди: «Ким ўз жонини дўстлари учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ» (Юҳанно 15:13). Ахир, дўсти учун ўз жонини фидо қилишдан ортиқ нарса борми?!
□ Биронтаси сизни ҳафа қилса ҳам, асабингизга тегса ҳам, у билан дўст бўлиб қолаверасизми?
Исо жасоратли ҳамда ғайратли бўлган. Одатда, рассомлар Исони заиф ва қатъиятсиз кўринишда чизишади. Аслида эса, Муқаддас Ёзувларда у бақувват ва ғайратли инсон сифатида тасвирланган. Исо, олиб-сотарларни икки маротаба маъбаддан қувиб, уларнинг лаш-лушларини ағдариб ташлаган (Марк 11:15–17; Юҳанно 2:14–17). Миршаблар «Носиралик Исони» ушлаш учун келишганида, у шартта ўртага чиқиб: «У Менман. Агар Мени қидираётган бўлсангизлар, шуларни қўйиб юборинглар»,— дейди (Юҳанно 18:4–9). Исо асирликка олинаётганида ва жазосини тортаётганида жасорат ила турганини кўрган Пўнтий Пилат, Исога тан берган (Юҳанно 19:4, 5).
□ Керакли пайтда сиз ҳам жасоратли ва қатъиятли бўла оласизми?
Шу ва бошқа фазилатлари учун, Исони чиндан ҳам тақлид қилишга арзигулик намуна деса бўлади. Агар унинг ўрнагига эргашадиган бўлсак, янада ҳурматга сазовоз ва бахтли ҳаёт кечира оламиз. Ҳаворий Бутрус шунинг учун ҳам, тақводор кишиларни Масиҳга эргашишга чорлаган. Сиз-чи, бундай қилишга уриняпсизми?
Шунчаки намуна эмас
Биласизми, Ҳазрати Исо тақлид қилиш учун шунчаки намуна қолдирмаган. Унинг ўзи шундай деган: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман. Менсиз ҳеч ким Отанинг олдига боролмайди» (Юҳанно 14:6). Тўғри, Исо самовий Отасига яқинлашишимиз учун У тўғрисидаги ҳақиқатни очиб берган. Бироқ, у солиҳлар учун абадий ҳаётга эга бўлиш имкониятини ҳам яратиб берган (Юҳанно 3:16).
Исо буни қуйидагича тушунтирган: «Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган» (Матто 20:28). У ўз жонини фидо қилиш орқали, инсоният учун абадий ҳаётга йўл очиб берган. Лекин, унга қандай қилиб эга бўлиш мумкин, деб қизиқаётгандирсиз? Бу саволга, Исонинг ўзи шундай жавоб бермоқда: «Абадий ҳаёт эса Сени — танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир» (Юҳанно 17:3).
Дарҳақиқат, абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Исони таниб-билишимиз, унинг турмуш тарзига тақлид қилишимиз ҳамда унинг тўлов сифатида берилган қурбонлигига имон келтиришимиз даркор. Исо алайҳиссалом каби, Муқаддас Китобни кўпроқ тадқиқ қилиш учун вақт ажратишга ва ундаги меъёрларга мувофиқ ҳаёт кечиришга жон куйдирингb.
Исонинг намунали ҳаёти, аслида қандай одам бўлишимиз кераклигини кўрсатмоқда. Унинг фидокорона ўлими эса, бизни гуноҳ ва ўлимдан озод этишга қодир (Римликларга 6:23). Исо Масиҳ бўлмаганида эди, аҳволимиз нақадар аянчли кечган бўларди! Илойим, тарихдаги энг буюк инсон бўлмиш Исо Масиҳ тўғрисида билим олишни ва унинг намунасига тақлид қилишни давом эттиринг. Бу ҳаракатингизга ҳаётнинг ташвишлари тўсқинлик қилишига йўл қўйманг.
[Изоҳлар]
a Юҳаннонинг онаси Саломия, ҳойнаҳой Исонинг холаси бўлган. Матто 27:55, 56 ва Марк 15:40; Юҳанно 19:25 солиштиринг.
b Исонинг ер юзидаги ҳаёти борасида кўпроқ маълумотга эга бўлишни истасангиз, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Тарихдаги энг буюк инсон» номли китобга қаранг.
[29- саҳифадаги расм ва рамка]
◼ Исо юз-хотир қилмай, ҳаммани эъзозларди
◼ У охиригача садоқатли дўст бўлиб қолган
◼ У жасоратли бўлган
Исога имкон қадар тақлид қилишга уриняпсизми?
[27- саҳифадаги расмлар]
Исо мувозанатли
бағри кенг
ҳамдард бўлган