Сахийлик баракалар келтиради
БУ ВОҚЕА, Ўрта ер денгизи соҳилидаги Яффа шаҳрида бир уйнинг болохонасида юз беряпти. Ўша хонадаги тўшакда бетоб бўлиб ҳаётдан кўз юмган бир аёл ётибди. У Масиҳнинг биринчи асрдаги издошларидан бири бўлган. Унинг исми Тавита, юнонча эса Дорка эди. Дорка вафот этганида, ҳаворий Бутрусни олиб келиш учун Лўд шаҳрига иккита хабарчини жўнатишади.
Бутрусни болохонага олиб киришганида, у йиғлаётган аёлларни кўради. Улар Доркани эзгу ишлари учун яхши кўришган. Аёллар Дорка тиккан кийимларни Бутрусга кўрсатишади. Масиҳнинг издоши бўлгани учун, у Худонинг Шоҳлиги ҳақида ҳам ғайрат ила ваъз қилгандир. Аммо Дорка энди ўлган бўлса, Бутрус нима ҳам қила олади?
Бутрус, аввалига ҳамма хонадан чиқишини сўрайди. Кейин эса тиз чўкиб ибодат қилади-да, жасадга бурилиб: «Тавита, тур!» — дейди. Тасаввур қилинг, Тавита кўзини очди. У ҳаётга қайтди! Бутрус унга ўрнидан туришга ёрдам беради.
Сўнг Бутрус барчани чақиради. Улар Доркани тирик кўрганидан қанчалик хурсанд бўлишгандир-а?! Чиндан ҳам, тирилиш нақадар ажойиб барака! (Ҳавор. 9:36–42).
Бу воқеадан қандай сабоқ олсак бўлади? Вақти, кучи ҳамда қобилиятини аямасдан бошқаларга имкон қадар ёрдам беришга интилган киши, кўп баракаларга эга бўлади. Доркани эзгу ишлари учун нафақат ўша аёллар, балки Яҳова ҳам яхши кўрган. Шу сабабли Худо, Бутрусга Доркани тирилтириш қобилиятини берган.
Қуйидаги сабоқни ёдда тутайлик: агар бошқаларга нисбатан сахий бўлсак, улар бизни севги ила эслашади. Бундан ташқари, Аллоҳнинг ёдида бўлиш учун сахийлик муҳим аҳамиятга эга. Шунда, Яҳова бизни янги дунёда абадий яшаш шарафи билан тақдирлайди (Ҳик. 11:25; 1 Юҳан. 2:17).