10-БОБ
«Яҳованинг каломи... тобора» ёйиларди
Бутрус озод этилди ва таъқиблар хушхабарнинг ёйилишини тўхтата олмади
Ҳаворийлар 12:1–25 га асосланган
1–4. Бутрус қандай вазиятга тушган ва унинг ўрнида бўлганингизда, нима ҳис қилган бўлардингиз?
БУТРУСНИНГ орқасидан баҳайбат темир дарвоза тақ этиб ёпилди. У иккита римлик аскар ўртасида занжир билан кишанланган ҳолда қамоққа олиб кетиляпти. Бутрус кўп соатлар мобайнида, эҳтимол, ҳатто бир неча кун у билан нима бўлишини билмай ўтиргандир. Қамоқхонанинг тўрт девори, панжара, занжир ва қўриқчилардан бўлак кўзга илинадиган ҳеч нарса йўқ.
2 Сўнг Бутрус унга қарши чиқарилган ҳукмни эшитади. Шоҳ Ҳирод Агриппа Ia уни ўлдиришга қарор қилган. У Бутрусни Фисиҳ байрамидан кейин халқнинг олдига чиқариб, халойиқнинг кўнглини олиш мақсадида қатл қилмоқчи. Бу шунчаки таҳдид эмас эди. Бундан сал олдин Ҳироднинг буйруғи билан ҳаворийлардан бири бўлмиш Ёқуб қатл этилганди.
3 Қатл қилишдан олдинги кечада нималар бўлганини тасаввур қилинг. Бутрус қоронғи қамоқхонада ўтириб, нима ҳақида ўйлаган? Бир неча йил олдин Исонинг уни боғлаб, истамаган жойига олиб боришлари ҳақида айтган гапларини эслаганми? (Юҳан. 21:18, 19) Эҳтимол, Бутрус ўша вақт келди, деб ўйлагандир.
4 Бутруснинг ўрнида бўлганингизда, нима ҳис қилган бўлардингиз? Кўпчилик тушкунликка тушиб, умидини йўқотарди. Лекин Исо Масиҳнинг ҳақиқий шогирдлари умидини бутунлайин йўқотиши мумкинми? Бутрус ва бошқа масиҳийлар қувғунларга қандай муносабат билдиришганидан нимани ўргансак бўлади? Келинг, буни кўриб чиқайлик.
«Жамоат... тинмай ибодат қилар эди» (Ҳаворийлар 12:1–5)
5, 6. а) Шоҳ Ҳирод Агриппа I нима учун ва қандай қилиб масиҳийларни таъқиб қила бошлаган? б) Нега Ёқубнинг ўлими жамоат учун кучли синов бўлган?
5 Ўтган бобдан билиб олганимиздай, яҳудий бўлмаган Корнилий оиласи билан масиҳий бўлгани имонлилар жамоати учун ҳаяжонли бир воқеа эди. Аммо масиҳий бўлмаган яҳудийлар, ҳойнаҳой, кўп яҳудий масиҳийлар ўзга халқ вакиллари билан бирга Худога бемалол топинаётганини билиб лол қолгандир.
6 Айёр сиёсатчи Ҳирод эса буни яҳудийларнинг кўнглини олиш имкони деб масиҳийларни таъқиб қила бошлади. Шубҳасизки, у Ёқуб Исо Масиҳ билан жуда яқин муносабатларга эга бўлганини билган. Шунинг учун Ҳирод «Юҳаннонинг акаси Ёқубни қилич билан ўлдиришга буйруқ» берган. (Ҳавор. 12:2) Бу жамоат учун кучли синов бўлган. Ёқуб Исонинг қиёфаси ўзгарганининг ва бошқа ҳаворийлар кўрмаган мўъжизаларнинг гувоҳи бўлган учта шогирддан бири эди. (Мат. 17:1, 2; Марк 5:37–42) Ёқуб билан укаси Юҳанно қони қайноқ бўлгани учун Исо уларни «момақалдироқ ўғиллари» деб атаган. (Марк 3:17) Хуллас, Ёқуб қатл этилганидан сўнг жамоатдагилар ғайратли, ишончли ва севикли ҳаворийдан айрилган.
7, 8. Бутрус қамалганда жамоат нима қилган?
7 Ҳирод умид қилганидек, Ёқубнинг қатл қилиниши яҳудийларга ёқди. Бундан у хурсанд бўлиб, Бутрусни ҳам гумдон қилмоқчи бўлди. Ушбу бобнинг бошида айтилганидек, унинг буйруғи билан Бутрус ҳибсга олинганди. Бу китобнинг 5-бобида гап кетганидек, ҳаворийлар мўъжизавий тарзда қамоқхонадан озод бўлишгани Агриппанинг эсида бўлгандир. Бутрус қочиб кетмаслиги учун Ҳирод уни иккита соқчининг ўртасига кишанлаб, 16 та аскар уни навбат билан кечаю кундуз қўриқлашини буюрган. Бутрус қочиб кетса, ўша соқчилар ҳам қатл этиларди. Хўш, бу мураккаб вазиятда имондошлар Бутрусга қай йўсин ёрдам бера оларди?
8 Жамоатдагилар нима қилиш кераклигини яхши биларди. Ҳаворийлар 12:5 да шундай сўзларни ўқиймиз: «Шу тариқа Бутрусни қамоқда ушлашарди. Жамоат бўлса у учун Худога тинмай ибодат қилар эди». Ҳа, улар севикли биродари учун чин юракдан, зўр бериб ибодат қилишган. Ёқубнинг ўлими эса уларни умидсизлантириб, ибодатлари ижобат бўлмайди, деб ўйлашларига туртки бўлмаган. Дарҳақиқат, ибодатлар Яҳова учун катта аҳамиятга эга. Унинг иродасига мувофиқ ибодат қилсак, У бизга жавоб беради. (Иброн. 13:18, 19; Ёқб. 5:16) Бугун ҳам масиҳийлар буни тушуниши зарур.
9. Бутрус ҳақида ибодат қилган масиҳийлардан қандай ўрнак олсак бўлади?
9 Кўп қийинчиликларни бошдан кечираётган имондошларни танийсизми? Эҳтимол, улар қувғунларга дучор бўлаётгандир, фаолиятимиз тақиқланган мамлакатда ёки табиий офат юз берган жойда яшаётгандир. Улар ҳақида ибодат қилсангиз бўлади. Балки сиз кўзга ташланмайдиган қийинчиликларни бошдан кечираётган, масалан, оилавий муаммоларга дуч келаётган, руҳан эзилаётган ёки имони синалаётган имондошларни биларсиз. Ибодат қилишдан олдин мулоҳаза юритиш, «ибодатларни Эшитгувчи» Яҳова билан гаплашганда уларнинг исмларини тилга олишга ҳисса қўшади. (Заб. 65:2) Сизнинг ҳам бошингизга шу каби қийинчиликлар тушса, биродару опа-сингилларнинг ибодатларига муҳтож бўласиз.
«Орқамдан юр» (Ҳаворийлар 12:6–11)
10, 11. Фаришта Бутрусни қамоқхонадан қандай озод қилганини айтиб беринг.
10 Бутрус қатл қилинишдан қўрққанми? Аниқ жавоб бериш қийин, лекин қатл қилиниш арафасида Бутрус мижжа қоқмаган иккита соқчининг ўртасида ухлаб ётганди. Унинг имони мустаҳкам бўлиб, нима бўлишидан қатъи назар Яҳова уни мукофотлашига амин эди. (Рим. 14:7, 8) Бироқ Бутрус тез орада ҳайратомуз воқеалар юз беришини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. У ётган хонада тўсатдан нур порлаб, фаришта пайдо бўлди ва Бутрусни уйғота бошлади. Қўриқчилар фариштани кўрмаганга ўхшайди. Бутруснинг қўлларидаги мустаҳкам бўлиб кўринган занжирлар осонликча тушиб кетди!
11 Фаришта Бутрусга қисқа йўл-йўриқлар берди: «Тезда ўрнингдан тур!», «Белингни боғлаб, сандалингни кий», «Устки кийимингни кий-да, орқамдан юр». Бутрус имилламасдан айтилгандай қилди. Улар қамоқхонадан чиқиб, ташқаридаги соқчиларнинг ёнидан жимгина ўтишди ва катта темир дарвоза томон йўл олишди. Қизиқ, улар темир дарвозадан қандай чиқиб кетишади? Бу фикр Бутруснинг хаёлидан ўтган бўлса ҳам, у кўп ўйлаб ўтирмади. Улар дарвозага етиб келганда, «у ўз-ўзидан очилди». Бутрус кўзини очиб юмгунча улар дарвозадан ташқарига чиқишди, фаришта эса ғойиб бўлди. Бутрус ёлғиз қолиб, бу воқеа ўнгида бўлганини тушуниб етди. Ҳа, бу ваҳий эмас эди. У чиндан ҳам озод этилди! (Ҳавор. 12:7–11)
12. Яҳова Бутрусни қамоқдан озод қилгани тўғрисида мулоҳаза юритиш нега фойдали?
12 Яҳова хизматчиларини озод қилишга қодир эканини билиш тасалли бахш этади, шундай эмасми?! Бутрусни қамаб қўйган шоҳни ўша пайтда дунёда катта аҳамиятга эга бўлган ҳукумат қўллаб-қувватларди. Лекин Бутрус қамоқхонадан осонликча чиқиб келди! Тўғри, Яҳова ҳамма хизматчилари учун бундай мўъжизалар қилмайди. Масалан, У буни Ёқуб учун қилмаган. Исо башорат қилганидай, кейинчалик Бутруснинг ўзи ҳам азоб чекиб ўлган. Бугун ҳам масиҳийлар мўъжизавий тарзда халос этилишни кутмайди. Бироқ Яҳова ўзгармас Худо эканини ёдда тутамиз. (Мал. 3:6) Яқинда У Ўғли орқали сон-саноқсиз миллионлаб одамларни энг мустаҳкам қамоқдан — ўлимдан озод этади. (Юҳан. 5:28, 29) Бундай ваъдалар қийинчиликларга дуч келганимизда жасоратли бўлишимизга кўмаклашади.
«Улар... уни кўриб ҳайрон қолишди» (Ҳаворийлар 12:12–17)
13–15. а) Марямнинг уйида йиғилганлар Бутрус келганида қандай муносабат билдиришган? б) Ҳаворийлар китобида кейинчалик нима ҳақида баён этилган ва Бутрус нима қилишда давом этган?
13 Бутрус қаерга боришини билмай, қоронғи кўчада турибди. Кейин у яқин атрофда Марям исмли художўй аёл яшашини эслади. Ҳойнаҳой, у фаровон ҳаёт кечирган бева эди ва уйига битта жамоат бемалол сиғарди. У Марк деб аталган Юҳаннонинг онаси эди. Ҳаворийлар китобида унинг исми бу воқеада биринчи марта тилга олинган. Марк кейинчалик Бутрусга ўғилдай бўлиб қолганди. (1 Бутр. 5:13) Ўша оқшомда кеч бўлиб қолганига қарамай, жамоатдагиларнинг аксарияти Марямнинг уйида бўлиб, ибодат қилаётганди. Шубҳасизки, улар Бутруснинг озод этилиши ҳақида ибодат қилаётганди, лекин Яҳова шунчалик тез жавоб беришини улар кутмаган!
14 Бутрус уйнинг ҳовлисига олиб борадиган дарвозани тақиллатди. Шунда Рода исмли чўри қиз чиқди. Бу юнонча исм бўлиб «атиргул» деган маънога эга. У эшитганларига ишонмасди. Бу Бутруснинг овози эди! У ҳаяжонланганидан дарвозани очишнинг ўрнига, уйга югуриб кетди ва жамоатдагиларни ташқарида Бутрус турганига ишонтирмоқчи бўлди. Улар эса уни ақлдан озган деб ҳисоблашди. Аммо чўри қиз айтганида туриб олди. Айримлар у нимадир эшитганига ишониб, Бутруснинг номидан фаришта келгандир, деб ўйлади. (Ҳавор. 12:12–15) Бутрус эса дарвозани очмагунларича тақиллатиб тураверди.
15 Шогирдлар дарвоза олдида «уни кўриб ҳайрон қолишди»! (Ҳавор. 12:16) Улар хурсандчиликдан шовқин-сурон кўтаришди ва Бутрус уларни тинчлантириб, бўлиб ўтганларни айтиб берди. Шунингдек, у буни Ёқубга ва бошқа биродарларга айтиб беришни сўради. Бутрус Ҳироднинг аскарлари уни топиб олмаслиги учун хавфсизроқ жойга кетди ва хизматини давом эттирди. Ҳаворийлар китобида Бутрус бошқа тилга олинмаган. У ҳақда фақат Ҳаворийлар 15-бобда ўқишимиз мумкин, ўшанда у суннат масаласи ҳал этилишида қатнашган. Бутрус бошқа жойга кетганидан буён Ҳаворийлар китобида Павлуснинг хизмати ва сафарлари ҳақида батафсил баён этилади. Аммо Бутрус қаерда бўлишидан қатъи назар, биродару опа-сингилларининг имонини мустаҳкамлаганига амин бўлишимиз мумкин. У Марямнинг уйини тарк этган бўлса-да, ўша ердагиларнинг ҳаммаси бўлиб ўтган воқеадан суюнган.
16. Нега келажакда бизни кўп қувончли воқеалар кутаётганига аминмиз?
16 Баъзан Яҳова хизматчиларига улар кутганидан ҳам ортиғини беради ва бу уларга қувонч бахш этади. Ўша оқшомда Бутруснинг имондошлари айнан шуни ҳис қилишган. Яҳова бизга ҳам қут-баракалар ато этганда ўзимизни шундай ҳис қилармиз. (Ҳик. 10:22) Келажакда эса Яҳованинг барча ваъдалари жаҳон миқёсида амалга ошишини кўрамиз. Бу қувончли дамлар кутганимиздан ҳам яхшироқ бўлади. Яҳовага содиқ қолсаккина, келажакда тоабад завқланиб яшай оламиз.
«Яҳованинг фариштаси уни жазолади» (Ҳаворийлар 12:18–25)
17, 18. Нима сабабли халқ ҳайратланган?
17 Бутрус озодликка чиққанидан Ҳирод ҳам ҳайрон қолди ва бундан хурсанд бўлмади. У дарҳол Бутрусни қидириб топишни, уни қўриқлаган соқчиларни сўроқ қилишни буюрди. Сўнг «уларни жазолашга», эҳтимол, қатл қилишга буйруқ берди. (Ҳавор. 12:19) Ҳирод Агриппа меҳр-шафқатли ва раҳмдил шоҳ бўлмаган. Қизиқ, бу золим киши жазоланганми?
18 Бутрусни қатл қила олмагани Агриппанинг ғурурига теккандир, лекин кўп ўтмай камситилган нафсини юпатиш имкони пайдо бўлди. Баъзи душманлари у билан тинчлик ўрнатиш учун олдига келди ва у бутун халқ олдида нутқ сўзламоқчи бўлди. Луқо баён этишича, Ҳирод нутқ айтишдан олдин «шоҳона кийимини кийиб» чиқди. Яҳудий тарихчиси Иосиф Флавий ёзганидай, Ҳироднинг кийими кумуш билан безатилган эди, шунинг учун унинг устига нур тушганида, у ярқираб турган ва одамлар уни худди худодай кўрган. Ниҳоят, бу такаббур шоҳ нутқ сўзлади. Ҳайратланган халқ эса: «Бу одамнинг овози эмас, худонинг овози!» — дея қичқирарди. (Ҳавор. 12:20–22)
19, 20. а) Нима учун Яҳова Ҳиродни жазолаган? б) Ҳирод Агриппанинг ўлими ҳақидаги воқеадан қандай тасалли топяпмиз?
19 Бутун улуғворлик Аллоҳга тегишли эди ва У буни кўриб турган! Ҳирод жазога йўлиқмаслиги мумкин эди. У халққа ўзгаришга ёрдам бериши ёки ҳеч бўлмаганда фикрига қўшилмаслиги мумкин эди. Аммо у билан юз берган воқеада қуйидаги ҳикмат ўз тасдиғини топди: «Мағрурлик — ҳалокатга,... олиб келади». (Ҳик. 16:18) «Шу ондаёқ Яҳованинг фариштаси уни жазолади» ва бу такаббур, худбин кишининг ажали етди. Ҳирод «касалликка чалиниб, қуртларга ем бўлиб ўлди». (Ҳавор. 12:23) Иосиф Флавий ҳам Агриппа қўққисдан дардга чалинганини ва у халқнинг хушомадгўй сўзларини қабул қилгани учун ўляпман, деб хулоса қилганини айтган. Иосиф Флавий Агриппа беш кун қийналиб, ўлганини ёзганb.
20 Гоҳида ёвуз одамларнинг зўравон ишлари жазосиз қолгандай туюлиши ҳеч гап эмас. Бундан ажабланмаслигимиз керак, чунки «бутун дунё... ёвуз Шайтоннинг ҳукмида». (1 Юҳан. 5:19) Шундай бўлса ҳам, баъзан Худонинг садоқатли хизматчилари ёмон одамлар жазосиз қолаётганидан ташвишланишади. Шунинг учун бундай воқеалар бизга тасалли бахш этади. Ҳирод билан бўлган воқеадан Яҳова вазиятга аралашиб, барча хизматчиларига У адолатни севишини эслатаётганини кўряпмиз. (Заб. 33:5) Эртами-кечми, У адолатни ўрнатади.
21. Ҳаворийлар 12-бобдаги баёнотнинг асл моҳияти қандай ва нега бу бизга тасалли бериши мумкин?
21 Бу баёнот далдали тарзда тугаяпти: «Яҳованинг каломи... тобора ёйилиб, самара келтирарди». (Ҳавор. 12:24) Ваъзгўйликнинг кенг қулоч ёзиши ҳақидаги бу баёнот, ҳойнаҳой, Яҳова ҳозир ҳам бу ишга қандай барака бераётганини эслатяпти. Шуниси аниқки, Ҳаворийлар 12-бобда шунчаки бир ҳаворий қандай ўлгани ва бошқаси қамоқдан қай йўсин озод бўлгани ҳақида гап кетмаяпти. Бу ердан Яҳова ҳақида ва У Шайтон жамоатни ҳамда ваъзгўйлик фаолиятини барбод қилиш йўлидаги барча ҳийлаларини йўққа чиқараётганини билиб оляпмиз. Шайтоннинг бу ҳийлалари пучга чиққани каби, бунга ўхшаш барча уринишлари ҳам чиппакка чиқади. (Ишаё 54:17) Тангри Яҳова ҳамда Исо томонида бўлганлар шуғулланаётган иш эса ҳеч қачон мағлубиятга учрамайди. Буни билиш далдали! «Яҳованинг каломи» ёйилишида ҳисса қўшиш катта шараф!
a «Шоҳ Ҳирод Агриппа I» номли 79-саҳифадаги рамкага қаранг.
b Бир шифокорнинг фикрича, Иосиф Флавий ва Луқо тасвирлаган белгиларнинг сабаби, ҳойнаҳой, ичаклар тўсилиб, ўлимга олиб келадиган гижжалар (аскаридалар) бўлган. Баъзида улар одам қайт қилганда ёки ўлаётган пайтда танасидан чиқиб кетади. Бир китобда шундай дейилган: «Луқо шифокор сифатида Ҳирод билан нима юз берганини аниқ ёзгани унинг ўлими жуда даҳшатли бўлганини тасдиқлайди».