12-БОБ
«Яҳованинг номидан жасорат билан ваъз қилишди»
Павлус билан Барнабо камтарин ва жасоратли бўлиб, хизмат қилишни давом эттиришади
Ҳаворийлар 14:1–28 га асосланган
1, 2. Павлус билан Барнабо Листрада бўлишганида нималар юз берди?
ЛИСТРАДА ғала-ғовур кўтарилди. Оёқлари туғма чўлоқ бир киши суюниб сакраб юрибди, чунки иккита нотаниш киши уни соғайтирди. Одамлар бундан лол қолиб, ўша икки кишини худо деб билишгани учун Зевс ибодатхонасининг коҳини уларга гулчамбарларни олиб келди. Коҳин қурбонлик учун тайёрлаётган ҳўкизлар хириллаб, бўкирарди. Павлус билан Барнабо эса халқни тўхтатмоқчи бўлиб бақиришди. Улар кийимларини йиртиб, оломон орасига отилиб киришди ва уларга сиғинмасликка зўрға кўндиришди.
2 Сўнг Писидиядаги Антиохиядан ва Икониядан яҳудий бўлган душманлар келди. Улар туҳмат қилиб, Листра аҳолисининг онгини заҳарлашди. Илгари Павлусга сиғинишга тайёр бўлган оломон энди уни ўртага олиб, тошбўрон қилди ва Павлус хушидан кетиб қолди. Ғазабини сочгач оломон Павлусни ўлди деб ўйлади ва шаҳар ташқарисига судраб чиқди.
3. Ушбу бобда қайси саволларни кўриб чиқамиз?
3 Бу аянчли вазиятга нима сабаб бўлди? Барнабо, Павлус ва Листранинг ўзгарувчан аҳолиси билан юз берган воқеадан биз қандай сабоқ олишимиз мумкин? Оқсоқоллар «Яҳованинг номидан жасорат билан» ваъз қилган ҳамда хизматда матонатли бўлган Барнабо ва Павлуснинг ўрнагига қандай тақлид қила олишади? (Ҳавор. 14:3)
«Талайгина яҳудий ва юнонлар Исонинг издоши бўлишди» (Ҳаворийлар 14:1–7)
4, 5. Нега Павлус билан Барнабо Иконияга боришган ва у ерда нима бўлган?
4 Бир неча кун олдин Павлус билан Барнабони Рим шаҳри бўлмиш Писидиядаги Антиохиядан ҳайдаб чиқаришган. Бу яҳудий бўлган душманлар халқни уларга қарши қайраб қўйганидан кейин юз берган. Одамлар уларни тинглашдан бош тортишгани учун Павлус билан Барнабо тушкунликка тушмай, «оёқларидаги чангни қоқиб» ташлашган. (Ҳавор. 13:50–52; Мат. 10:14) Улар бу душманлар Худо олдида жавобгарликка тортилишини тушуниб, у ердан тинчгина кетишган. (Ҳавор. 18:5, 6; 20:26) Павлус билан Барнабо қувончни йўқотмай, ваъзгўйлик сафарини давом эттиришган. Жануби-шарқ томон қарийб 150 километр юриб, улар Тавр ва Султон тоғ тизмаларининг ўртасида жойлашган ҳосилдор бир текисликка етиб келишган.
5 Дастлаб Павлус билан Барнабо юнон маданиятининг ҳудуди ҳисобланган Икониядаa тўхташган. Бу Римга қарашли Галатия вилоятининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. У ерда обрўли яҳудийлару яҳудий динига кирган кўп одамлар яшаган. Павлус билан Барнабо одатдагидек ибодатхонага кириб ваъз қилишган. (Ҳавор. 13:5, 14) «Натижада талайгина яҳудий ва юнонлар Исонинг издоши бўлишди». (Ҳавор. 14:1)
6. Нега Павлус билан Барнабо таълим беришда муваффақиятли бўлишган ва уларга қандай тақлид қила оламиз?
6 Нега Павлус билан Барнабо таълим беришда шу қадар муваффақиятли бўлишган? Павлус Муқаддас Ёзувлар билан яхши таниш бўлган. Исо ваъда қилинган Масиҳ эканини исботлаш учун у тарих, башоратлар ҳамда Мусонинг Қонунига моҳирлик ила ишора қилган. (Ҳавор. 13:15–31; 26:22, 23) Барнабо эса инсонларга ғамхўрлик қилган. (Ҳавор. 4:36, 37; 9:27; 11:23, 24) Улардан ҳеч бири ўз тушунчасига таянмаган, аксинча, «Яҳованинг номидан» гапирган. Сиз-чи, ваъзгўйликда уларга қандай тақлид қила оласиз? Масалан, Худонинг Каломини пухта ўрганиб, тингловчиларнинг қалбини забт этиши мумкин бўлган оятларни топиб, уларга амалда тасалли берсангиз бўлади. Шунингдек, бошқаларга таълим бераётганда, ўз донолигингизга эмас, доим Яҳованинг Каломига асосланинг.
7. а) Хушхабар одамларга қандай таъсир қиляпти? б) Яҳовага топинаётганингиз учун қаршиликка дуч келсангиз, нимани унутмаслигингиз керак?
7 Бироқ Иконияда Павлус билан Барнабони ҳамма ҳам тинглашни хоҳламаган. Луқо баён этганидай, «ишонмаган яҳудийлар ўзга халқ вакилларига ёмон таъсир ўтказиб, уларни биродарларга қарши қўзғатишди». Павлус билан Барнабо ҳеч қаерга кетмай, хушхабарни ҳимоя қилиш муҳимроқ эканини тушунишди ва «у ерда бир мунча вақт қолиб,... жасорат билан ваъз қилишди». Натижада «шаҳар аҳолиси иккига бўлинди: бир қисми яҳудийларнинг, бошқаси ҳаворийларнинг томонини эгаллади». (Ҳавор. 14:2–4) Ҳозир ҳам одамлар хушхабарга турлича муносабат кўрсатади. Баъзилар уни тинглаб, ўзаро яқинроқ бўляпти, лекин айримлар учун бу айрилишга баҳона бўляпти. (Мат. 10:34–36) Яҳовага топинаётганингиз учун оила аъзоларингиз сизга қарши чиқса, унутмангки, бундай қаршиликлар одатда асоссиз гап-сўзлар ёки ғирт ёлғон дастидан юзага келади. Намунали хулқ-атворингиз заҳарли ёлғонга қарши зидди заҳар каби бўлади ва, эҳтимол, сизга қаршилик кўрсатаётганларнинг юрагини юмшатади. (1 Бутр. 2:12; 3:1, 2)
8. Нега Павлус билан Барнабо Икониядан кетишган ва биз улардан қандай сабоқ оляпмиз?
8 Бир мунча вақт ўтгач, Икониядаги душманлар Павлус билан Барнабони тошбўрон қилиш учун фитна уюштирди. Улар бундан хабар топгач, бошқа ҳудудда ваъз қилиш учун кетишди. (Ҳавор. 14:5–7) Бугун ҳам Худо Шоҳлигининг хабарчилари эҳтиёткорлик ила йўл тутишади. Одамлар бизга ёки хушхабарга қарши ёмон нарсалар айтишганда жасорат ила гапирамиз. (Филип. 1:7; 1 Бутр. 3:13–15) Аммо улар жисмоний зарар етказмоқчи бўлишса, ўз ҳаётимизни ёки имондошларимизнинг ҳаётини кераксиз хатарга қўйиб, аҳмоқлик қилмаймиз. (Ҳик. 22:3)
«Барҳаёт Худога» қайтинглар (Ҳаворийлар 14:8–19)
9, 10. Листра қаерда жойлашган эди ва унинг аҳолиси тўғрисида нимани биламиз?
9 Павлус ва Барнабо Икониянинг жануби-ғарбидан қарийб 30 километр узоқликда жойлашган Рим мустамлакаси бўлмиш Листрага йўл олишди. Листра ва Писидиядаги Антиохия ўртасида яқин алоқа бор эди. Лекин Листрада унча кўп яҳудий яшамасди. У ердаги аҳоли балки юнон тилида гапирган, бироқ она тили Ликаония тили эди. Ҳойнаҳой, у ерда ибодатхона бўлмагани учун Павлус билан Барнабо жамоат жойларида ваъз қила бошлашди. Бутрус Қуддусда бўлганида оёқлари туғма чўлоқ бир кишини соғайтирганди. Павлус эса Листрада оёқлари туғма чўлоқ бир кишини соғайтирди. (Ҳавор. 14:8–10) Бутруснинг мўъжизасини кўриб, талайгина кишилар Исонинг издоши бўлишганди. (Ҳавор. 3:1–10) Павлуснинг мўъжизасига эса одамлар умуман бошқача муносабат кўрсатишди.
10 Шу бобнинг бошида айтилганидек, Листрада туғма чўлоқ киши ўрнидан туриб, юра бошлаганида, бутпараст оломон нотўғри хулосага келган. Улар Барнабони энг олий худо Зевс, Павлусни эса Зевснинг ўғли ва худоларнинг хабарчиси Гермес деб аташган. («Зевс билан Гермесга сиғиниш ва Листра шаҳри» номли 97-саҳифадаги рамкага қаранг.) Аммо Барнабо билан Павлус бутпарастларнинг худолари номидан эмас, балки танҳо ҳақ Худо — Яҳованинг номидан гапиришганини халққа тушунтирмоқчи эди. (Ҳавор. 14:11–14)
11–13. а) Павлус билан Барнабо Листра аҳолисига нима дейишган? б) Павлус билан Барнабонинг сўзларидан нимани ўрганишимиз мумкин?
11 Одамлар билдирган муносабатга қарамай, Павлус билан Барнабо тингловчиларнинг қалбини забт этишга интилишган. Луқо ёзган бу баёнотдан ўзга халқ вакилларига ваъз қилишнинг самарали усулини билиб оляпмиз. Улар тингловчиларга нима дейишганига эътибор беринг: «Нега бундай қиляпсизлар? Ахир биз ҳам сизларга ўхшаган бандалармиз. Бу хушхабарни эса, сизлар бефойда нарсалардан воз кечиб, еру осмонни, денгиз ва ундаги бор нарсаларни яратган барҳаёт Худога қайтишингиз учун эълон қиляпмиз. Авваллари Тангри барча халқлар ўзлари истаганча яшашларига йўл қўйган эди. Шундай бўлса-да, У эзгу ишлари билан Ўзи тўғрисида шоҳидлик бериб келган. Аллоҳ сизларга осмондан ёмғир ёғдириб, серҳосил мавсумларни тақдим этган. Шунингдек, озиқ-овқатни мўл-кўл бериб, қалбларингизни қувончга тўлдирган». (Ҳавор. 14:15–17)
12 Ушбу таъсирли сўзлардан биз қандай сабоқлар олишимиз мумкин? Биринчидан, Павлус билан Барнабо ўзларини тингловчилардан устун деб ҳисоблашмаган. Улар туғма чўлоқ кишини соғайтиргани учун ўзларини ўзгача инсондай кўрсатишмаган. Аксинча, Павлус билан Барнабо тингловчилари қатори камчиликлардан холи эмаслигини камтарлик ила тан олишган. Дарҳақиқат, улар муқаддас руҳга эга бўлиб, сохта таълимотлардан озод бўлишган. Шунингдек, улар Масиҳ билан бирга бошқариш умидига эга бўлишган. Бироқ улар Листра аҳолиси ҳам Масиҳга итоат этса, шундай инъомларга эга бўлиши мумкинлигини тушунишган.
13 Биз инсонларга ваъз қилаётиб, уларга қандай муносабат кўрсатяпмиз? Уларни ўзимизга тенг кўряпмизми? Бошқаларга Худонинг Каломидаги ҳақиқатларни билиб олишга кўмаклашаётиб, Павлус ва Барнабо каби ўзимизга шараф излашдан қочяпмизми? Бунда 19- асрнинг охири ва 20- асрнинг бошида ваъзгўйлик фаолиятига етакчилик қилган ажойиб устоз Чарлз Тейз Расселл яхши ўрнак кўрсатган. У шундай деб ёзган: «Бошқалар бизни ёки асарларимизни кўкка кўтариб шарафлашини истамаймиз; Авлиёота ёки Тақсир деб аташини ҳам хоҳламаймиз». Биродар Расселлнинг камтарин нуқтаи назари Павлус билан Барнабоникига ўхшарди. Бизнинг ҳам мақсадимиз ўзимизга шараф излаш ниятида ваъз қилиш эмас, балки одамларга «барҳаёт Худо»ни таниб-билишга кўмаклашишдир.
14–16. Павлус билан Барнабо Листра аҳолисига айтган сўзлардан олишимиз мумкин бўлган иккинчи ва учинчи сабоқлар қандай?
14 Иккинчи сабоқ шундаки, Павлус билан Барнабо мослашувчан бўлишган. Икониядаги яҳудийлар ва яҳудий динига кирган кишилардан фарқли ўлароқ, Листра аҳолиси Исроил халқининг Аллоҳ билан бўлган муносабатини ва Муқаддас Ёзувларни яхши билмаган ёки умуман билмаган. Бироқ Павлус билан Барнабонинг тингловчилари деҳқончилик билан яхши таниш бўлишган. Листрада тез-тез ёмғир ёққан ва ерлари ҳосилдор бўлган. Аҳолиси эса, масалан, серҳосил мавсумларни кузатиб, Парвардигорнинг фазилатлари тўғрисида кўп нарсани билиб олиши мумкин эди. Павлус билан Барнабо бу маълумотдан фойдаланиб, тингловчиларни фикрлашга ундашган. (Рим. 1:19, 20)
15 Биз ҳам мослашувчан бўла оламизми? Айтайлик, деҳқон бир нечта даласига бир хил уруғ экади, лекин ерни тайёрлаш учун ҳар хил усулларни қўллайди. Эҳтимол, битта даласидаги ер юмшоқ бўлиб, уруғ экилишига тайёр. Бошқа даладаги ерга эса кўпроқ ишлов бериш керакдир. Фаолиятимиз ҳам шунга ўхшайди: биз ўша-ўша уруғни экяпмиз, яъни Аллоҳнинг Каломида айтилган Шоҳлик тўғрисидаги хабарни ваъз қиляпмиз. Аммо Павлус билан Барнабога тақлид қилсак, биз ваъз қилаётган инсонларнинг вазиятини ва эътиқодини тушунишга ҳаракат қиламиз. Сўнг бу Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабарни етказиш усулимизга таъсир қилишига йўл қўямиз. (Луқо 8:11, 15)
16 Павлус, Барнабо ва Листра аҳолиси тўғрисидаги баёнотдан олишимиз мумкин бўлган учинчи сабоқ ҳам бор. Уринишларимизга қарамай, биз эккан уруғ баъзан ўғирлаб кетилади ёки тошлоқ ерга тушади. (Мат. 13:18–21) Бундай бўлса, тушкунликка тушманг. Павлус кейинроқ Римдаги имондошларига ёзганидек, «ҳар биримиз ўзимиз учун Худога ҳисобот берамиз», биз Аллоҳнинг Каломи асосида суҳбатлашган кишилар ҳақида ҳам шундай деса бўлади. (Рим. 14:12)
«Уларни... Яҳованинг қўлига топширишди» (Ҳаворийлар 14:20–28)
17. Павлус билан Барнабо Дербедан қаерга боришган ва нима мақсадда?
17 Яҳудийлар Павлусни ўлди деб Листранинг ташқарисига судраб чиққач, унинг атрофига шогирдлар тўпланишди ва у ўрнидан туриб, тунаб қолиш учун шаҳарга қайтиб кирди. Эртасига Павлус билан Барнабо Листрадан 100 километр узоқликда жойлашган Дербе шаҳрига жўнаб кетишди. Атиги бир неча соат олдин Павлусни тошбўрон қилишганини ҳисобга олсак, сафари қанчалик қийин бўлганини тасаввур қилишимиз мумкин. Лекин Павлус билан Барнабо таслим бўлмай, Дербега етиб келгач «анча шогирд» тайёрлашди. Сўнг улар қисқароқ йўл орқали одатда тўхтайдиган Суриядаги Антиохияга боришнинг ўрнига «Листра, Икония ва [Писидиядаги] Антиохияга қайтишди». Нима мақсадда? Улар «шогирдларнинг кўнглини кўтариб, имонини мустаҳкам қилиш» учун бундай йўл тутишди. (Ҳавор. 14:20–22) Павлус билан Барнабо биз учун яхши ўрнак бўла олади! Улар ўзларига қулайлик изламай, жамоатнинг манфаатини кўзлашган. Бугунги кунда туман нозирлари ва тўла вақтли махсус ваъзгўйлар уларнинг мисолига тақлид қилишяпти.
18. Оқсоқоллар қай йўсин тайинланади?
18 Павлус билан Барнабо шогирдларга сўзларию ўрнаги билан далда беришдан ташқари «ҳар бир жамоатда оқсоқолларни тайинлашди». Улар ваъзгўйлик сафарига «муқаддас руҳ томонидан юборилган» бўлишса-да, ибодат қилиб, рўза тутишгандан кейин оқсоқолларни «Яҳованинг қўлига топширишди». (Ҳавор. 13:1–4; 14:23) Ҳозир ҳам шунга ўхшаш нарса юз беради. Биродарни жамоат хизматкори ёки оқсоқол бўлишга тавсия қилишдан олдин маҳаллий оқсоқоллар кенгаши ибодат қилиб, у Муқаддас Китобдаги талабларга мос келиш-келмаслигини кўриб чиқишади. (1 Тим. 3:1–10, 12, 13; Титус. 1:5–9; Ёқб. 3:17, 18; 1 Бутр. 5:2, 3) У Худога қанча вақтдан бери хизмат қилаётгани асосий омил деб ҳисобланмайди. Биродарнинг нутқи, хулқ-атвори ва обрўси муқаддас руҳ унинг ҳаётига қанчалик таъсир қилаётганини кўрсатади. У Аллоҳ сурувининг чўпони сифатида хизмат қилишга лаёқатли ёки лаёқатли эмаслиги нозирлар учун Муқаддас Китобдаги талабларга жавоб беришига боғлиқ. (Галат. 5:22, 23) Туман нозири оқсоқолларни тайинлаш масъулиятига эга. (1 Тимўтийга 5:22 ни солиштиринг.)
19. Оқсоқоллар нима учун ҳисобот беришади ва улар Павлус билан Барнабога қай йўсин тақлид қилишади?
19 Тайинланган оқсоқоллар жамоатдагиларга кўрсатган муносабати учун Худога ҳисобот беришини билишади. (Иброн. 13:17) Оқсоқоллар Павлус билан Барнабога ўхшаб ваъз қилишда етакчилик қилишади. Улар сўзлари билан имондошларига далда беришади. Қолаверса, оқсоқоллар жамоатнинг манфаатини бажонидил ўзлариникидан устун қўйишади. (Филип. 2:3, 4)
20. Имондошларимизнинг садоқатли хизмати ҳақида ўқиш бизга қандай фойда келтиради?
20 Павлус билан Барнабо охири одатда тўхтайдиган Суриядаги Антиохияга қайтиб келишганда, «Худо улар орқали кўп ишлар қилганини ва ўзга халқ вакилларига имон йўлини очгани тўғрисида сўзлаб беришди». (Ҳавор. 14:27) Имондошларимизнинг садоқатли хизмати ҳақида ўқиганимизда ва Яҳова ҳаракатлари учун уларга қандай баракалар бераётганини кўрганимизда, «Яҳованинг номидан жасорат билан» ваъз қилишда давом этамиз.
a «Фригияликлар шаҳри — Икония» номли 96-саҳифадаги рамкага қаранг.