«Ҳамма гап ўстирган Худодадир»
Эккан ва суғорган ҳеч нима, ҳамма гап ўстирган Худодадир. 1 КОР. 3:7
1. Қайси фаолиятда «Худонинг хизматдошларимиз»?
«ХУДОНИНГ хизматдошлари». Ушбу сўзларни ҳаворий Павлус, Тангри Яҳова билан хизмат қилишга лойиқ топилганларнинг барчасига қаратган (1 Коринфликларга 3:5–9 ўқиб беринг). Павлуснинг сўзларидан кўриниб турибдики, шогирд орттириш фаолиятида биз Аллоҳ билан бирга ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу ишимизни эса у, экиш ва суғориш билан таққослаяпти. Шубҳасизки, Яҳованинг ёрдамисиз ушбу муҳим фаолиятда самарали бўлишнинг имкони йўқ. Сабаби Павлус таъкидлаганидай, «ҳамма гап ўстирган Худодадир».
2. Ҳамма гап ўстирган Худода эканини англаш, хизматимизга тўғри нуқтаи назарда бўлишга қандай қилиб кўмаклашади?
2 Буни англаш, хизматимизга нисбатан тўғри нуқтаи назарда бўлишимизга кўмаклашади. Ваъзгўйлик ҳамда таълим бериш фаолиятида қанча жон куйдирмайлик, шогирдларнинг маънан улғайишларида фақат Яҳова Таоло шон-шараф эгаллашга лойиқ. Нега дейсизми? Чунки бу ишни бошқариш у ёқда турсин, ҳатто улғайиш қандай содир бўлаётганини, Аллоҳдан бўлак, ҳеч ким тагига ета олмайди. Шоҳ Сулаймон шунга ўхшаш фикрни айтган: «Ҳамма нарсани содир қиладиган Худонинг ишларини билмайсан» (Воиз 11:5).
3. Том маънодаги уруғ экиш билан шогирд орттириш фаолиятинининг боғлиқлиги қандай?
3 Бироқ, шогирдларнинг маънан улғайиш жараёни қандай содир бўлаётганини охиригача тушунмаганимиз, кўнглимизни ғаш қилиши керакми? Асло. Ахир айнан шу туфайли хизматимиз янада қизиқарли бўляпти-ку! Шоҳ Сулаймон ҳам бундай деган: «Уруғларингни эрталаб эккин, кечқурун ҳам қўлларинг бўш ўтирмасин, чунки сен қайси бири — унисими ёки бунисими яхши ўсишини билмайсан, балки иккаласи ҳам яхши ўсар» (Воиз 11:6). Ҳақиқатан ҳам том маънодаги уруғларни экканимизда, улар қаердан ўсиб чиқиши ёки умуман уларнинг униб чиқиши ноаниқ. Бинобарин кўп нарса бизга боғлиқ эмас. Шогирд орттириш фаолиятини ҳам шунга ўхшатиш жоиз. Ҳазрати Исо бунга эътибор қаратиб, иккита масал келтирганди. Уларни Марк баён этган хушхабарининг 4- бобида ўқишимиз мумкин. Келинг, улардан қандай сабоқ олишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Ернинг ҳар хил турлари
4, 5. Марк 4:1–9- да келтирилган масални айтиб беринг.
4 Марк 4:1–9- да уруғ сепувчи ҳақидаги масал келтирилган: «Қулоқ солинглар! Уруғ сепувчи уруғ сепгани чиқибди. Уруғ сепаётганда баъзи уруғлар йўл ёқасига тушибди. Қушлар учиб келиб, уруғларни чўқиб кетибди. Баъзи донлар тупроғи кам тошлоққа тушибди. Тупроқ чуқур бўлмаганидан, уруғлар тез кўкариб чиқибди. Бироқ қуёш чиққач, сўлиб, илдизи бўлмагани учун қуриб кетибди. Бошқа уруғлар тиканлар орасига тушибди. Тиканлар ўсиб, уруғларни бўғиб қўйибди ва улар ҳосил бермабди. Яна бошқа уруғлар эса яхши ерга тушибди ва униб-ўсиб, ўттиз, олтмиш ва ҳатто юз баробар кўп ҳосил берибди».
5 Қадимда уруғларни сочиб экишарди. Уруғ сепувчи донларни кийимининг этаги ё қопига солиб, катта-катта қадамлар ташлаб уларни сочарди. Исонинг ушбу масалидаги уруғ сепувчи, донларни ернинг ҳар хил турларига экишни мақсад қилмаяпти. Аммо донларни сочаётганида, улар бехосдан у ёки бу тупроққа тушишарди.
6. Исо уруғ сепувчи ҳақидаги масални қандай тушунтирган?
6 Исо нима демоқчи экан, деб бош қотирмаслигимиз лозим. Ушбу масални у, қуйидагича тушунтирган: «Мана, уруғ сепувчининг сепгани — Худонинг каломидир. Йўл ёқасига тушган уруғ шундай одамларни билдиради: уларнинг юрагига илоҳий калом сепилади. Бироқ улар эшитган ҳамон шайтон келиб, қалбларига сепилган каломни ўғирлаб кетади. Тошлоққа тушган уруғ эса шундай одамларни билдиради: улар каломни эшитар-эшитмас, севинч билан қабул қилаверадилар. Лекин улар илдизи йўқ беқарор одамлардир. Сўнгра калом туфайли қайғу ёки қувғинга дучор бўлишса, тезда васвасага тушиб қоладилар. Яна бошқалар тиканзорга тушган уруққа ўхшайдилар. Улар Худонинг каломини эшитади-ю, лекин бу дунёнинг ташвишлари, бойликка ўчлик ва бошқа ҳаваслар уларнинг юракларига суқилиб кириб, каломни бўғиб қўяди, калом эса самарасиз қолади. Яхши тупроққа тушган уруғ бўлса, каломни эшитиб, қалбига жо қилган одамларни билдиради. Улар гоҳ ўттиз, гоҳ олтмиш, гоҳ юз баробар кўп самара берадилар» (Марк 4:14–20).
7. а) Уруғ нимани билдиради? б) Ернинг ҳар хил турлари дегани нима?
7 Қизиғи шундаки, Исо уруғнинг ҳар хил турлари тўғрисида эмас, ернинг турлари ҳақида гапирган. Уруғ сепувчи доннинг бир турини экса-да, аммо натижаси ҳар хил. Баъзи бир уруғлар йўл ёқасига, бошқалари тошлоққа, яна айримлари тиканзорга ва муайян қисми эса яхши ерга тушади (Луқо 8:8). Уруғ ўзи нимани билдиради? Бу уруғ Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хабардир (Мат. 13:19). Унда ернинг ҳар хил турлари дегани нима? Шоҳлик уруғи қалбларга тушади-ю, лекин бунга турлича муносабатда бўладиган инсонларни англатади (Луқо 8:12, 15 ўқиб беринг).
8. а) Уруғ сепувчи кимни ифодалаяпти? б) Нега Шоҳлик тўғрисидаги хабарни инсонлар бир хил қабул қилишмаяпти?
8 Бундай бўлса, уруғ сепувчи кимни ифодалаяпти экан? Шоҳлик ҳақидаги хушхабарни эълон этаётган Аллоҳнинг хизматдошларини. Улар Павлус ҳамда Аполлос сингари, экиб суғоришади. Бироқ барчаси қунт ила хизмат қилишса-да, натижа турлича бўлиб туради. Нега? Зеро хушхабарни эшитган кишиларнинг қалб ҳолатлари ҳар хил. Уруғ сепувчи донларни экиб бўлганидан сўнг, уларга бирон нарса таъсир қила олмаслиги масалда яққол кўриняпти. Узоқ вақтдан бери хизмат қилиб, эҳтимол заррача бунинг яхши натижасини ҳис этмаган имондошларимизга бу масал кўпдан-кўп тасалли бериши мумкин!a Нима учун?
9. Павлус ва Исо қандай тасалли берувчи фикрга эътибор қаратишди?
9 Уруғ сепувчининг садоқати, у бажарган ишининг натижаси билан баҳоланмайди. Буни ҳаворий Павлус қуйидагича таъкидлаган: «Ҳар бири мукофотни ўз меҳнатига яраша олади» (1 Кор. 3:8). Хуллас, мукофот ишнинг натижасига эмас, балки меҳнатига қараб берилади. Бир куни Исонинг шогирдлари хизматдан қувониб қайтиб келишганида, у бу фикрга урғу берди. Шогирдлар, жинлар Исонинг номини эшитиб, уларга бўйсунишганидан хурсанд эдилар. Бунга қарамай, Исо уларга: «Руҳлар сизга бўйсунаётганидан қувонманглар, балки номларингиз осмонда ёзилганидан қувонинглар!» — деди (Луқо 10:17–20). Уруғ сепувчи меҳнатининг самарасини кўрмаса, у бошқалар сингари ҳаракатчан эмаслигини ёки унинг имони суст эканини англатмайди. Бироқ одамлар Шоҳлик тўғрисидаги хабарга қандай муносабат кўрсатишлари, кўпинча уларнинг қалб ҳолатларига тааллуқли. Хулласи калом «ҳамма гап ўстирган Худодадир»!
Каломни эшитганлар жавобгардир
10. Каломни эшитган кишининг қалби қандай тупроққа айланиши кимга боғлиқ?
10 Каломни эшитиб қалбига жо қилганлар ҳақида нима деса бўлади? Улар хушхабарни қабул қилишларини, Аллоҳ олдиндан белгилаб қўйганми? Ҳечам-да. Нимага деганда, инсоннинг қалби яхши тупроқ бўлиш-бўлмаслиги, ўзига боғлиқ. Ахир одамнинг шароитларию қалб ҳолати яхши ёки ёмон томонга ўзгариши мумкин-ку (Рим. 6:17). Исонинг масалига биноан, Шайтон қалбларга сепилган каломни ўғирлаб кетиш учун келади. Бироқ доим ҳам бундай бўлавермайди. Зотан, Инжилда: «Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади»,— дея маслаҳат берилмоқда (Ёқб. 4:7). Шунингдек Исонинг айтишича, баъзилар каломни аввал севинч билан қабул қилишадию, «илдизи йўқ» эканлиги боис қоқинишади. Эгамиз эса бизни мана бунга чорлайди: «Қалбингизда илдиз отиб, маҳкам ўрнашсин, токи сизлар... бу севгининг кенглиги, узунлиги, баландлиги ва теранлигини тўла англашга кучингиз етсин. Ҳа, сизлар Масиҳнинг ақл бовар қилмас севгисини фаҳмлаб боринглар» (Эфес. 3:17–19; Колос. 2:6, 7).
11. Бу дунёнинг ташвишлари ва бойликка ўчлик каломни бўғиб қўймасликнинг олдини қандай олиш мумкин?
11 Боз устига шундай кишилар борки, «бу дунёнинг ташвишлари, бойликка ўчлик» уларнинг ҳаётларига суқилиб кириб, каломни бўғишига йўл қўйишади (1 Тим. 6:9, 10). Бундан қочишнинг иложи борми? Жавобини Аллоҳ Каломидан топамиз: «Пулпарастликдан холи кун кечиринглар. Қўлингизда бори билан қаноатланинглар. Чунки Худонинг Ўзи: “Сени ҳеч ташлаб кетмайман ва асло тарк этмайман”,— деган» (Иброн. 13:5).
12. Нима учун яхши тупроққа тушган уруғ ҳар хил самара беради?
12 Ва ниҳоят Исо айтганидек, яхши тупроққа тушган уруғ гоҳ ўттиз, гоҳ олтмиш, гоҳ юз баробар кўп самара беради. Гарчанд бу инсонларнинг қалбию самараси яхши бўлса-да, ҳар бири шароитига қараб воизлик фаолиятига турли миқдорда ҳисса қўшади. Масалан, айримлар улғайган ёши ёки тинка-мадорини қуритган касаллик дастидан истаганича хизмат қила олишмайди (Марк 12:43, 44 солиштиринг). Ва яна бир бор такрорлаймизки, бу уруғ сепувчининг таъсирига боғлиқ эмас, бироқ у, Яҳова қандай ўстираётганини кўриб қувоняпти (Забур 125:5, 6 ўқиб беринг).
Ухлайдиган уруғ сепувчи
13, 14. а) Марк 4:26–29- да келтирилган масални айтиб беринг. б) Уруғ сепган одам ким ва дон нимани билдиради?
13 Марк 4:26–29- да уруғ сепувчи ҳақидаги яна бир масал келтирилган: «Худонинг Шоҳлиги ерга уруғ сепган одамга ўхшайди. Кечаси бўлдими, ухлайди, кундузи бўлдими, туради. Уруғнинг қандай униб-ўсаётганидан у бехабар. Ер ўз-ўзидан аввал кўкатни, сўнгра бошоқни, ундан кейин бошоқдаги тўлиқ донни ундиради. Ҳосил пишгач, йиғим-терим вақти келди, деб дарҳол ўроқ солади».
14 Уруғ сепган одам ким? Христиан оламидаги баъзи уламоларнинг ўйлашича, бу одам Исо Масиҳдир. Бироқ Исо ухлаяпти ва уруғнинг ўсаётганидан у бехабар, дейиш ўринлими? Йўқ, негаки униб-ўсиш жараёни Исонинг назорати остида! Бояги масалдагидек, бунисида ҳам уруғ сепувчи воизлик фаолиятида қатнашаётган Шоҳлик ваъзгўйларига ишора қилмоқда. Ерга ташланган дон эса — улар эълон этаётган хабардир.
15, 16. Исо масал орқали, том маънодаги ва маънан униб-ўсишнинг қайси хусусиятига эътибор қаратган?
15 Исо сўзлаганидек, уруғ сепувчи «кечаси бўлдими, ухлайди, кундузи бўлдими, туради». Аммо бу, уруғ сепган одам ўз мажбуриятига бепарво дегани эмас. Исо шунчаки, аксарият инсонларнинг одатдаги турмуш тарзини тасвирлаган. Бу ерда бетўхтов кун билан тун алмашиши тўғрисида гап кетяпти. Қолаверса, Исо шу онда уруғнинг қандай униб-ўсаётганига эътибор қаратган бўлса-да, лекин уруғ сепган киши бехабар эканини айтди. Масалнинг мағзи шундаки: «Ер ўз-ўзидан... донни ундиради».
16 Хўш, Исо бу билан нима демоқчи эди? У, дон қандай униб, аста-секин ўсишига диққат қаратган. «Ер ўз-ўзидан аввал кўкатни, сўнгра бошоқни, ундан кейин бошоқдаги тўлиқ донни ундиради» (Марк 4:28). Демак, униб-ўсиш қадамма-қадам рўй беради ва уни асло тўхтатиб бўлмайди. Шогирдларнинг маънан улғайиши ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин. «Абадий ҳаётга тайин бўлганларнинг» қалбларида ҳақиқат тобора униб-ўсишига, Яҳованинг Ўзи ғамхўрлик қилмоқда (Ҳавор. 13:48; Иброн. 6:1).
17. Экувчи йиғим-теримда қандай иштирок этяпти?
17 «Ҳосил пишгач», экувчи йиғим-теримда қай тарзда қатнашади? Худованд Яҳова янги шогирдларнинг юракларида Шоҳлик тўғрисидаги ҳақиқат униб-ўсишига йўл қўяди. Бу ҳосил рамзий маънода пишганда, киши Аллоҳга бўлган севгиси туфайли ҳаётини Унга бағишлайди. Сўнг эса бунинг рамзи сифатида сувга чўмади. Маънан етук бўлишга интилаётган биродарларга, вақт ўтган сайин жамоатда масъулиятли вазифалар топширилади. Ҳосилнинг, яъни Шоҳлик самарасининг йиғим-теримида, улғайган шогирдга уруғ эккан ҳам, экмаганлар ҳам иштирок этишяпти (Юҳанно 4:36–38 ўқиб беринг). Ана шу сабабдан «экувчи билан ўроқчи бирга қувонадилар».
Сабоқлар
18, 19. а) Исо келтирган масалларнинг муҳокамаси шахсан сизга қандай далда берди? б) Келаси мақолада нимани кўриб чиқамиз?
18 Марк баён этган хушхабарнинг 4- бобидаги иккита масалдан қандай сабоқ олиш мумкин? Биринчидан, Шоҳлик уруғини сепишда биз бурчли эканимизни аниқ кўряпмиз. Шунга кўра бу ишни давом эттиришда ҳеч нарса тўсқинлик қилишига йўл қўймайлик (Воиз 11:4). Иккинчидан, Худонинг хизматдошлари бўлиш жуда катта шараф эканини тушуняпмиз. Шунингдек айнан Эгамиз Яҳова, Шоҳлик тўғрисидаги хабарни қабул қилаётганларнинг ва бизнинг ҳаракатларимизга барака бериб, маънан улғайишимизга имкон яратмоқда. Тўғри бирон киши маънавий жиҳатдан етук бўлсин, деб уни мажбурлаб олмаймиз. Шунинг учун, агарда у секин-аста ёки умуман маънавийликка эришмаётган бўлса, тушкунликка тушмаслигимиз даркор. Муваффақиятимиз, Яҳовага бўлган садоқат ва Шоҳлик тўғрисидаги хушхабарни ҳамма халқларга эълон этишни шараф, деб тан олганимиз билан боғлиқ. Буни билиш биз учун жудаям тасаллидир (Мат. 24:14).
19 Ваъзгўйлик фаолияти ва янги шогирдларнинг улғайиши борасида Исо яна нимага ўргатган? Бу ҳақда келаси мақолада билиш мумкин. Зеро унда Инжилдаги Исонинг бошқа масаллари муҳокама қилинади.
[Изоҳ]
a Исландиядаги Георг Фьёльнир Линдал биродаримизнинг хизмати тўғрисида рус тилидаги 2005- йил, «Яҳова Шоҳидларининг йилномаси»да, 210–211- саҳ., шунингдек Ирландияда хизмат қилиб, самарасини кўрмаган Яҳованинг содиқ Шоҳидлари ҳақида инглиз тилидаги 1988- йил «Йилнома»сида, 82–99- саҳ. батафсил ёзилган.
Ёдингиздами?
• Том маънодаги уруғ экиш билан ваъзгўйлик фаолиятининг боғлиқлиги қандай?
• Яҳова, ваъзгўйларнинг садоқатини нимага асослаб баҳоламоқда?
• Том маънодаги ва маънан униб- ўсишнинг қайси хусусиятига Исо эътибор қаратди?
• Қанақасига «экувчи билан ўроқчи бирга қувоняпти»?
[13- саҳифадаги расмлар]
Нега Исо, ваъзгўйларни уруғ сепувчи билан солиштирди
[15- саҳифадаги расмлар]
«Яхши ерга тушган уруғлар», имкони борича Шоҳлик хабарини эълон этишмоқда
[16- саҳифадаги расмлар]
Ҳамма нарсани униб-ўстираётган Худодир