Исо Масиҳнинг келишидан нимани кутиш керак
УЮШГАН жиноятчилик Бразилиянинг энг катта ва бой шаҳрини «тиз чўктирганида», «Вежа» журнали 2006- йил май ойининг тўрт кунини «Сан-Паулудаги террорчилик», деб номлади. «100 соатдан ортиқ давом этган террорчилик дастидан» 150 га яқин полиция ходимлари, жиноятчилар ва оддий фуқаролар ҳалок бўлди.
Бу каби ҳодисалар бутун дунёда содир бўлиб турибди. Раҳбарларнинг жиноятчиликни тўхтатишга қурблари етмаяпти. Чиндан ҳам, замонамизда яшаш жуда хавфли бўлиб қолган. Эҳтимол, бу қадар кўп бахтсизликларни кўриб, ҳафсалангиз пир бўлаётгандир. Аммо тушкунликка тушманг, чунки катта ўзгаришлар вақти жуда яқиндир.
Исо Масиҳ издошларига Худо Шоҳлигининг келиши ва иродаси «осмонда бўлгани каби, ерда ҳам» бажо бўлиши ҳақида ибодат қилишни ўргатган эди (Матто 6:9, 10). Шоҳлик — бу ҳокимият бўлиб, Аллоҳ Таоло Исо Масиҳни унинг шоҳи этиб тайинлаган. Бу шоҳлик инсонларнинг барча муаммоларини бартараф этади. Бироқ бундай ўзгаришлар юз беришидан олдин инсонларнинг ҳукмронлиги Исо Масиҳнинг ҳокимияти билан алмаштирилади. Масиҳнинг келиши айнан шундай ўзгаришлар билан боғлиқдир.
Ҳаммаси тинч йўл билан ҳал бўладими?
Халқлар Исо Масиҳнинг ҳукмронлигига ихтиёрий равишда бўйсунадиларми? Ҳаворий Юҳаннога берилган ваҳийда ушбу савол ёритилган эди. У шундай деб айтган эди: «Шундан кейин мен ҳайвонни [дунёнинг сиёсий тузуми], ер юзи шоҳларини, уларнинг қўшинларини кўрдим; улар от минган Чавандоз [Исо Масиҳ] билан Унинг қўшинларига қарши жанг қилиш учун бир ерга тўпланган эдилар» (Ваҳий 19:19). Ер юзидаги шоҳлар учун бу жанг қандай натижа келтиради? Тангри Яҳова томонидан тайинланган шоҳ ‘темир ҳасса ила уларни бошқариб, сопол кўза мисоли парчалаб ташлайди’ (Забур 2:9). Дунёнинг сиёсий тузуми бутунлайин йўқ қилинади. Худонинг шоҳлиги «бошқа барча шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради» (Дониёр 2:44).
Худонинг шоҳлигига қарши турган инсонлар билан нима бўлади? «Исо Ўзининг қудратли фаришталари билан бирга олов алангасида осмондан тушиб зоҳир бўлган вақтда... Худони танимаган ва Ўзининг Хушхабарига итоат этмаган шаккоклардан ўч олади» (2 Салоникаликларга 1:7, 8). Тавротда: «Фосиқ эса ердан қириб ташланади, вафосиз йўқ қилинади»,— деб ёзилган (Ҳикматлар 2:22).
Исо алайҳиссалом ҳақида Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Мана, У булутлар билан келяпти! Ҳар бир кўз Уни кўради» (Ваҳий 1:7). Одамлар Исони том маънода кўра олмайдилар. У руҳий шахс сифатида тирилиб, осмонга кўтарилган вақтдан буён «яқинлашиб бўлмайдиган нурда туради, Уни ҳеч бир инсон кўрмаган ҳамда кўриши мумкин эмас» (1 Тимўтийга 6:16).
Ҳазрати Исони ер юзидаги инсонлар кўриши учун унинг инсон тусига киришига ҳожат йўқ. Масалан, Мусо пайғамбар даврида Тангри Яҳова Мисрга ўнта фалокат юбориши учун, кўзга кўринадиган тусга киришига зарурат бўлмаган. Мисрликлар ушбу фалокатларни айнан Яҳова Тангри юборганидан шубҳаланишмаган ҳамда Унинг қудратини тан олишга мажбур бўлишган (Чиқиш 12:31). Шу сингари, Исо Масиҳ Худонинг ҳукмларини ижро этишга киришганида, фосиқлар Исога ҳукм қилиш ҳуқуқи берилганини тан олишдан бошқа иложлари қолмайди. Улар олдиндан огоҳлантирилганликлари учун буни тушунишади. Дарҳақиқат, «ҳар бир кўз Уни кўради... дунёнинг жамики қабилалари У туфайли фиғон чекади» (Ваҳий 1:7).
Ер юзида тинчлик ва фаровонлик ўрнатиш учун ёвузларни ва уларнинг адолатсиз бошқарувини бартараф қилиш керак. Бунинг барчасини Исо Масиҳ амалга оширади. Сўнг у, ер юзидаги ҳокимиятни ўз қўлига олади ва бу катта ўзгаришларга сабаб бўлади.
Тикланиш қандай қут-баракалар келтиради
Ҳаворий Бутрус, «Худо қадимдан бери муқаддас пайғамбарлар оғзи билан билдирган борлиқни тузатиш вақти» ҳақида айтган эди (Ҳаворийлар 3:21). Бу, Исо Масиҳ ҳукмронлик қилган даврида ер юзида тубдан ўзгаришлар рўй беришини англатади. «Борлиқни тузатиш вақти» тўғрисида башорат қилган пайғамбарлардан бири, мил. авв. VIII асрда яшаган Ишаё пайғамбар бўлган. У, Малики Сулҳ бўлмиш Исо Масиҳ ер юзида тинчлик ўрнатиши ҳақида каромат қилган эди. Ҳазрати Исонинг ҳокимияти ҳақида Ишаё пайғамбар: «Шоҳлиги узра абадий ҳукмронлик ва тинчлик бўлгай»,— деб айтган (Ишаё 9:6, 7, ЯДТ). Исо Масиҳ инсонларга тинч ҳаёт кечиришни ўргатади. Ўшанда одамлар «тинч-осойишталикда ҳузур қиладилар» (Забур 36:11).
Исо Масиҳ ҳукмронлиги даврида очлик ва қашшоқлик билан нима содир бўлади? Забурда бундай дейилган: «Худованд баракатин бергай, диёримиз ҳосилин бергай». Шунингдек: «Ўлка бўйлаб буғдой ҳосили мўл бўлгай... тоғу тепа бошларида ҳилпиллагай»,— деб ёзилган (Забур 84:13; Забур 71:16; Ишаё 25:6). Ер аҳолиси ҳақида эса бундай дейилган: «Уйлар қурадилар ва унда яшайдилар, ва узумзорлар ўтқазиб, меваларидан ейдилар. Ўзгалар яшамоғи учун қурмайдилар; ўзгалар емоғи учун ўтқазмайдилар. Зеро халқимнинг кунлари дарахт кунлари каби бўлади, ва танлаганларим ўз қўллари билан ишлаган буюмларидан баҳра оладилар» (Ишаё 65:21, 22, ЯДТ).
Шунингдек Ишаё пайғамбар касалликлар ва ўлим йўқ қилиниши тўғрисида башорат қилган эди. Худованд бу пайғамбар орқали: «У вақтда кўрларнинг кўзлари очилади, ва карларнинг қулоқлари эшитади. У вақтда чўлоқ одам кийик каби сакрайди ва соқовнинг тили тараннум этади»,— деб айтган (Ишаё 35:5, 6, ЯДТ). «У ерда яшовчилардан ҳеч бири: “Мен касалман”,— демайди» (Ишаё 33:24, ЯДТ). Ўшанда Худо ўлимни то абад йўқ қилиб, одамларнинг юзларидан кўз ёшларини артиб олади (Ишаё 25:8).
«Қабрда ётган марҳумлар» ҳақида нима дейилган? Инжилда: «Ўликлар... тириладилар»,— деб каромат қилинган (Юҳанно 5:28, 29; Ишаё 26:19). Дарҳақиқат, ўлим уйқусида бўлганлар ҳаётга қайтадилар!
«Эй Худо, Сенинг тахтинг доимий ва абадийдир»
Исо Масиҳнинг келиши Ер сайёрасининг тикланишига сабаб бўлади. Ер гўзал жаннатга айлантирилиб, барча инсонлар Ҳақ Худога топинадилар. Ҳазрати Исо ёвузликка чек қўйиб, ер юзида адолат ўрнатишига амин бўлишимиз мумкинми?
Келинг, Исога қудрат ва ҳокимиятни ким ато этганини кўриб чиқайлик? Инжилда у ҳақда бундай дейилган: «Эй Худо, Сенинг тахтинг доимий ва абадийдир, подшолигинг ҳассаси — ҳаққоният ҳассаси. Сен адолатни севиб, қонунсизликдан нафратланасан» (Ибронийларга 1:8, 9). Исога тахтни, яъни ҳокимият ҳамда ваколатни Аллоҳ Яҳова берган. Бу тахтни Худонинг Ўзи ўрнатган. Демак, Исо Масиҳнинг бартараф этишга қурби етмайдиган азоб-уқубатлар йўқдир.
Тирилганидан сўнг Исо пайғамбар шогирдларига бундай деган эди: «Менга осмонда ҳам, ерда ҳам бутун ҳокимият берилгандир» (Матто 28:18). Инжилда айтилишича, у «фаришталар ва коинотдаги барча куч-қудратлар устидан ҳокимият ўрнатди» (1 Бутрус 3:22). Шундай экан, Исога қарши чиқа оладиган бирор куч ёки ҳокимият йўқ. Исонинг инсониятга қут-баракалар ёғдиришига ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди.
Масиҳнинг келиши инсонлар учун нимани англатади?
Ҳаворий Павлус: «Сизлар имон билан иш қилиб, муҳаббат билан заҳмат чекасиз, фақат Раббимиз Исо Масиҳга умид боғлаб, У туфайли сабр-тоқат қиласизлар. Шунинг учун Отамиз Худо ҳузурида сизларни эслаб турамиз»,— деб ёзган эди (1 Салоникаликларга 1:3). Ушбу оятда имон ва сабр-тоқат самараси, Исо Масиҳга умид қилиш билан боғланган. Бу умид, Исонинг чиндан ҳам келишига ва барча нарсаларни тиклашига ишонч билдиришни англатади. Бундай умид Худонинг хизматчиларига энг оғир вазиятларда тушкунликка тушмасликка ёрдам беради.
Келинг, Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида яшовчи Карлоснинг мисолини кўриб чиқайлик. 2003- йил август ойида унинг саратон (рак) касаллигига чалингани аниқланди. У саккизта операцияни бошидан кечириб, бу ўз навбатида унга дард ва оғриқ келтирди. Лекин бунга қарамай, у бошқаларга далда бериб келмоқда. Кунларнинг бирида у катта шифохона ёнида ваъз қилаётганида имондош опамизни учратиб қолди. Унинг эри кимётерапия муолажасини олаётган экан. Карлос ўзи касал бўлса-да, бу эр-хотинга тасалли бериб, қўллаб-қувватлади. Кейинчалик улар ушбу суҳбатдан руҳан бардам бўлишганини айтишди. Карлос ҳаворий Павлуснинг қуйидаги сўзлари ҳақлигига амин бўлди: «У [Худо] бутун ғам-қайғуларимиз учун бизга тасалли беради. Шу тариқа ўзимиздек ҳар турли қайғуларга йўлиққан бошқа одамларни биз Худодан олган тасалли билан овунтира оламиз» (2 Коринфликларга 1:4).
Карлос касаллигига қарамай, бошқаларга далда бериш учун қаердан куч олади? Масиҳнинг келишига ва у келтирадиган қут-баракаларга бўлган умид, Карлосни «яхшилик қилиш»га ундайди (Галатияликларга 6:9).
Келинг, энди Самюэл билан содир бўлган ҳодисани кўриб чиқамиз. Уларнинг уйидан атиги 50 метр нарида унинг укасини отиб ўлдиришди. Унга қарата ўнта ўқ узилган бўлиб, полиция ходимлари текширув ўтказгунча, жасади 8 соат давомида йўлакда ётган эди. Самюэл ўша мудҳиш кунни ҳеч эсидан чиқара олмайди, лекин Масиҳга бўлган умиди унга далда бериб келяпти. Чунки Самюэл, Исо Масиҳ яқинда адолатсизликка чек қўйиб, одамзодга қут-баракалар келтиришини билади. Самюэл кўпинча жаннатда тирилган укасини бағрига босаётганини тасаввур қилади (Ҳаворийлар 24:15).
Сиз нима қилишингиз мумкин?
Масиҳнинг келиши туфайли ёғдириладиган қут-баракалар, бизга чинакам тасалли ато этади. Ҳазрати Исо, бизга шу қадар азоб-уқубат келтираётган ёвузлик ва муаммоларни таг томири билан йўқ қилади.
Бундай қут-баракаларга эришиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун Аллоҳнинг каломи бўлмиш Муқаддас Китобни ўрганиш лозим. Исо алайҳиссалом Худога ибодат қилиб, бундай деган эди: «Абадий ҳаёт эса Сени — танҳо Ҳақ Худони ҳамда Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билишдан иборатдир» (Юҳанно 17:3). Муқаддас Китоб таълимотларини ўрганишни ўзингизга мақсад қилиб олинг. Яқин жойда истиқомат қилувчи Яҳованинг Шоҳидлари бажонидил сизга бунда ёрдам берадилар.
[7- саҳифадаги расмлар]
Исо Масиҳнинг келиши, Ер сайёрасининг тўлиқ тикланишига сабаб бўлади
[Расм манбаи]
Inset, background only: Rhino and Lion Park, Gauteng, South Africa