Яҳованинг Каломи жонли
Юҳанно ва Яҳудо йўллаган мактубларнинг диққатга сазовор оятлари
ҲАВОРИЙ ЮҲАННОНИНГ эҳтимол милодий 98- йилда Эфес шаҳрида ёзган мактублари, илоҳий Ёзувларнинг охирги китоблари таркибига кирган. У биринчи иккита мактубида Худонинг хизматчиларини нурда юриб, муртадликка қарши туришга даъват этган. Учинчисида эса, масиҳчиларни нафақат ҳақиқат йўлида юришга, балки иноқликка ундаган.
Чамаси милодий 65- йилда Фаластинда ёзилган мактубда, Исонинг туғишган укаси Яҳудо имондошларини жамоатга ўғринча кириб олган ёвуз кишилардан огоҳлантирган ва ёмон таъсирга қарши туриш борасида маслаҳат берган. Юҳаннонинг учта мактуби ҳамда Яҳудонинг хати, қаршиликларга қарамай имонни мустаҳкам сақлашимизга кўмаклашади (Иброн. 4:12).
НУРДА, СЕВГИДА ВА ИМОНДА ЮРИШНИ ДАВОМ ЭТТИРАЙЛИК
Юҳаннонинг барча жамоатларга қаратилган биринчи мактубида, масиҳчилар учун муртадликка қарши туриб, ҳақ топиниш ва солиҳликни маҳкам тутишга нисбатан панд-насиҳатлар берилган. У нурда, севгида ва имонда юришни давом эттиришга катта урғу қўйган.
Юҳанно: «Унинг [Худонинг] Ўзи нурда бўлгани каби, биз ҳам нурда юрсак, бир-биримиз билан алоқа қиламиз»,— деб ёзган. Модомики Аллоҳ севги Манбаи экан, ҳаворий: «Бир-биримизни севайлик»,— дея даъват этяпти. «Худони севиш — Унинг амрларини бажо келтиришга» ундагани учун, Тангри Яҳовага, Унинг Каломига ва Ўғлига бўлган «имонимиз» туфайли дунё устидан ғолиб чиқамиз (1 Юҳан. 1:7; 4:7; 5:3, 4).
Саволларга жавоблар:
2:2; 4:10 — Қандай қилиб Исо «гуноҳларни ювиш учун қурбон бўлди»? Гуноҳни ювиш учун Исо ўз жонини қурбон қилиб, илоҳий адолат талабини қондирди. Ушбу қурбонлик асосида, Худо раҳм-шафқат кўрсатиб, Исога ишонч ҳосил қилганларнинг гуноҳларини кечиради (Юҳан. 3:16; Рим. 6:23).
2:7, 8 — Юҳанно қайси амрни ҳам «қадимги», ҳам «янги» деб айтди? Юҳанно бир-бирини фидокорона севиш тўғрисидаги амр ҳақида гапирган (Юҳан. 13:34). У бу амрни «қадимги» деб атаганининг сабаби, Исо ушбу буйруқни 60 йил илгари берган эди. Шундай экан, имонлилар «дастлаб» Масиҳнинг издошлари бўлишганидаёқ бу амрга эга эдилар. Ушбу амр «янги» экани шундаки, у «бир-бирини севишдан» ташқари, фидокорона севгини намоён этишга рағбатлантиради (Лев. 19:18; Юҳан. 15:12, 13).
5:5–8 — «Исо Худонинг Ўғли» экани ҳақида қай йўсин сув, қон ва руҳ гувоҳлик берди? Исо сувга чўмганида, Яҳова ундан мамнун эканини изҳор этди. Шу билан сув гувоҳлик берди (Мат. 3:17). Исо қон тўкиб, «ҳамма инсонларни қутқариш эвазига Ўз жонини фидо қилгани», Масиҳ Худонинг Ўғли эканини кўрсатди (1 Тим. 2:5, 6). Шунингдек, муқаддас руҳ Исо сувга чўмган пайтида устига тушиб келгани туфайли, у «эзгулик қилар, иблиснинг золим ҳукми остида қийналиб юрганларнинг ҳаммасини соғайтирар эди». Шу йўсин муқаддас руҳ гувоҳлик берган (Юҳан. 1:29–34; Ҳавор. 10:38).
Хулосалар:
2:9–11; 3:15. Бордию масиҳчи бирор кимса ёки нарса имондошларига бўлган севгисини сўндиришига йўл қўйса, маънавий қоронғиликда юради-ю, қаерга бораётганини билмайди.
«ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДАН» ЮРИШНИ ДАВОМ ЭТТИРИНГ
Юҳанно иккинчи мактубини қуйидаги сўзлар билан бошлади: «Худо танлаб олган хоним билан унинг болаларига салом!» У: «Болаларингдан бир нечтаси ҳақиқат йўлидан бораётганларини кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлдим»,— деб айтди (2 Юҳан. 1, 4).
Юҳанно севгини ривожлантиришга даъват этгандан сўнг, бундай деб ёзди: «Муҳаббат — Худонинг амрларига амал қилишимиз дегани». У шунингдек «алдамчи» ва «дажжолдан» эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирди (2 Юҳан. 5–7).
Саволларга жавоблар:
1, 13 — «Худо танлаб олган хоним» ким бўлган? Юҳанно муайян аёлни назарда тутиб, унга нисбатан юнон тилида «хоним» маъносини берувчи «кириа» сўзини қўллаган бўлиши мумкин. Эҳтимол у ушбу мажозий сўзни, таъқиб қилувчиларни чалғитиш мақсадида жамоатга қарата айтгандир. Агар шундай бўлса, аёлнинг фарзандлари жамоат аъзолари, «синглисининг болалари» эса бошқа жамоат аъзолари бўлиши керак.
Хулосалар:
2, 4. «Ҳақиқатга», яъни Муқаддас Китобга асосланган динимиз таълимотларига амал қилиш — нажот топишимиз учун ўта муҳимдир (3 Юҳан. 3, 4).
8–11. Агар Худо ва Исо Масиҳ берган «иноят, марҳамат ва тинчликни», шунингдек азиз имондошларимиз билан мулоқотни йўқотишни истамасак, маънавий аҳволимизга «эҳтиёт бўлиб», «Масиҳ таълимотидан узоқлашган ҳар қандай одамни» рад этишимиз даркор (2 Юҳан. 3).
«ҲАҚИҚАТ ЙЎЛИДА ХИЗМАТ ҚИЛУВЧИЛАР» БЎЛАЙЛИК
Учинчи мактубини Юҳанно дўсти Гайга йўллаган. У бундай сўзларни ёзган: «Мен учун фарзандларимнинг ҳақиқат йўлидан бораётганларини эшитишдан улуғроқ бир севинч йўқ» (3 Юҳан. 4).
Юҳанно Гайни ташриф буюрган биродарларга «сидқидилдан хизмат қилиб юргани» учун мақтаган. «Ҳақиқат йўлида хизмат қилувчиларнинг меҳнатида қатнашиш, бундай одамларни қўллаб-қўлтиқлаш бизнинг бурчимиздир»,— дейди ҳаворий (3 Юҳан. 5–8).
Саволларга жавоблар:
11 — Нега айримларнинг хулқи ёмонлашган? Маънан сусайиб кетиб, баъзилар Худони мажозий маънода кўра олмай қолишган. Улар Худони кўрмаётгани сабаб, Аллоҳ уларни кўрмаётгандай иш тутишади (Ҳиз. 9:9).
15 — «Дўстлар» сифатида кимлар ифодаланган? Бу ерда қўлланилган «дўст» ибораси, бир-бири билан яқин муносабатда бўлишдан кўпроқ нарсани англатади. Юҳанно бу сўзни барча имондошларига нисбатан ишлатган.
Хулосалар:
4. Маънан етук кишилар жамоатдаги ёшларнинг «ҳақиқат йўлидан бораётганларини» кўриб, улуғ бир севинчни ҳис этишади. Ота-оналар учун жигарбандларини Яҳованинг хизматчиси қилиб етиштириш эса, янада улуғроқ бахт эмасми?!
5–8. Яҳовани ҳамда биродарларини севишгани учун сидқидилдан хизмат қилиб юрганлар жумласига кўчма нозирлар, махсус ваъзгўйлар, байтилчилар ва кашшофлар киради. Уларнинг имони тақлид қилишга муносиб ва улар мададимизга лойиқдир.
9–12. Биз садоқатли Димитрийга тақлид қилиб, «ёмон гап тарқатган» ғийбатчи Диотрефга ўхшаганлардан йироқлашамиз.
«ЎЗИНГИЗНИ ХУДОНИНГ МЕҲР-МУҲАББАТИ СОЯСИДА САҚЛАНГЛАР»
Яҳудо жамоатга ўғринча кириб олганлар ҳақида: «Ўз тақдиридан норози нолувчилар. Улар фақат ўз нафсини ўйлаб иш қиладилар, дабдабали гаплар ва тилёғламалик билан одамларнинг кўнглини овлайдилар»,— деб ёзган (Яҳд. 4, 16).
Қандай қилиб масиҳчилар ёмон таъсирга қарши тура олишади? Яҳудо: «Эй севганларим, бошда Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаворийлари томонидан айтилган сўзларни эсдан чиқарманглар»,— деб ёзиб, сўнг: «Ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар»,— деб қўшиб қўйди (Яҳд. 17–21).
Саволларга жавоблар:
3, 4 — Нега Яҳудо имондошларини «жонкуярлик билан курашишга» ундаган? Чунки бетавфиқ одамлар ораларига «ўғринча кириб олганлар». Бундай кишилар «Худонинг иноятидан бузуқлик қилишда фойдаланишган».
20, 21 — Қай йўсин «ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлай» оламиз? Бунинг учта йўли бор: 1) «Муқаддас имонимизда» ривож топиш ила, яъни Муқаддас Китобни қунт ила ўрганиб ҳамда ваъзгўйликда ғайрат билан қатнашиб; 2) «Муқаддас Руҳ илҳоми билан ибодат қилиш», яъни унинг таъсирига мувофиқ тарзда йўл тутиб ва 3) абадий ҳаётга эришиш имконини яратган Исо Масиҳнинг тўлов қурбонлигига ишониш билан (Юҳан. 3:16, 36).
Хулосалар:
5–7. Ёвуз одамлар Яҳованинг ҳукмидан қоча олишадими? Яҳудо келтирган учта огоҳлантирувчи мисоллар, бунинг иложи йўқлигини кўрсатмоқда.
8–10. Биз бош фаришта Микоилнинг ўрнагига тақлид қилиб, илоҳий ҳокимиятга ҳурмат кўрсатишимиз керак.
12. Севги ниқоби остидаги муртадлар, худди кемалар учун хавфли бўлган сув тагидаги қоя тошлар сингари, имонимиз учун ҳалокатлидир. Сохта устозлар сахийдек кўринсалар-да, ёмғирсиз булутлар каби маънан бўшдирлар. Бундайлар мевасини тугмаган кузги дарахтларга ўхшайди. Улар томири билан юлиб ташланган дарахтлардек, ҳалокатга юз тутишади. Шундай экан, муртадлардан қочиш оқилонадир.
22, 23. Масиҳчилар ёмонликдан нафратланишади. «Иккиланувчи кишиларни» оловдан, яъни абадий ҳалокатдан қутқариш учун, жамоатдаги етук кишилар, айниқса оқсоқоллар уларга имонини тиклашга ёрдам беришади.
[28- саҳифадаги расм]
Сув, руҳ ва қон «Исо Худонинг Ўғли» экани ҳақида гувоҳлик берган