Йигирманчи боб
Маҳшар кунини ёдда тутинг
1. Бу ёвуз дунёдаги қайғу ва азоб-уқубатлар йўқ бўлиши ҳақида билганингизда, бу сизга қандай таъсир этган?
МУҚАДДАС КИТОБНИ тадқиқ қилишни бошлаганингизда, Худонинг иродасига биноан бутун ер юзи жаннат бўлишини билдингиз. Ўшанда урушлар, жиноятчилик, қашшоқлик, касаллик, азоб-уқубат ва ўлим бўлмайди. Ўлганлар тирилади. Қандай ажойиб истиқбол! Бу кун яқинлигини биламиз, чунки 1914 йилда Исо Шоҳлик тахтига ўтирганлиги ва охирзамон бошланганининг далиллари мавжуд. Охирзамоннинг сўнгида Яҳова бу ёвуз дунёни йўқ қилиб, ваъда қилинган янги дунёни ўрнатади.
2. «Раббимизнинг маҳшар куни» нима?
2 Яқинлашиб келаётган йўқ қилиниш вақти Муқаддас Китобда «Раббимизнинг маҳшар куни» деб аталган (2-Бутрус 3:10). Бу, Шайтоннинг дунёсига қарши бўлган «Яҳованинг ғазаби кунидир» (Зафаниё 2:3, ЯДТ). Бу кун, ‘яҳудий тилида Ҳор-Магидўн дейилган’ «Худонинг улуғ кунида бўладиган жангда» авж нуқтасига етиб, унда «жаҳон шоҳлари» йўқ қилинади (Ваҳий 16:14, 16). Турмуш тарзингиз, «Раббимизнинг маҳшар куни» яқинлигига амин эканингизни кўрсатяптими? (Зафаниё 1:14-18; Еремиё 25:33).
3. а) Маҳшар куни қачон келади? б) Яҳова «ўша кун ёки соатни» айтиб бермагани туфайли нима юзага чиқади?
3 Муқаддас Китобда, Шайтоннинг дунёси устидан Яҳова чиқарган ҳукмни ижро этувчи Исо Масиҳнинг қачон келиши аниқ айтилмаган. Исо: «Ўша кун ёки соат ҳақида биргина Отамдан бошқа ҳеч ким билмайди; Ўғил ҳам, осмондаги фаришталар ҳам билмайдилар»,— деган эди (Марк 13:32). Яҳова Худони севмаган инсонлар, дунёвий нарсаларга ружу қўйиб, ўша кунни хаёлан орқага суришади. Яҳовани севганлар эса, бу дунёнинг охири қачон келишидан қатъиназар, Унга чин дилдан хизмат қилишади (Забур 36:4; 1-Юҳанно 5:3).
4. Исо нима ҳақида огоҳлантирган?
4 Яҳовани севувчиларга Исо: «Кўз-қулоқ бўлиб туринглар, ҳушёр бўлиб ибодат қилинглар; чунки ўша вақт-соат қачон келишини билмайсизлар»,— деб айтган (Марк 13:33-37). У, еб-ичиш ёки «ҳаётнинг ташвишлари» бизни шу қадар чулғаб олиб, қайси вақтда яшаётганимизни унутмаслигимиз учун огоҳлантирган (Луқо 21:34-36; Матто 24:37-42).
5. Бутруснинг тушунтиришича, маҳшар куни нима олиб келади?
5 Ҳаворий Бутрус ҳам «Худонинг кунида осмон ёниб йўқ бўлар, моддий унсурлар эса қизиб, эриб кетар» деб, бу кунни ёдда тутишга чақирган. «Осмон», яъни инсоний ҳокимиятлар ва «ер», яъни бетавфиқ одамлар жамияти ўз «моддий унсурлари», яъни бу ёвуз дунёнинг ахлоқсизлик ва бойликка ўчлик каби ғоялари билан йўқ қилинади. Буларнинг барчаси «адолат ҳукм сурадиган янги ер [ер юзидаги янги жамият] ва янги осмонга [Худонинг самовий Шоҳлигига]» алмаштирилади (2-Бутрус 3:10-13). Дунёни бутунлай ўзгартирадиган ҳодисалар тўсатдан бошланади, ва ўша кун ва соатни аниқлашнинг имкони йўқдир (Матто 24:44).
Аломатларга эътибор беринг
6. а) Исонинг шогирдларига берган жавоби яҳудий тузумига қай даражада тегишли? б) Исо айтган аломатларнинг қайси қисми 1914 йили бошланган ҳодисаларга эътибор қаратади?
6 Қайси вақтда яшаётганимизни эътиборга олиб, «охирзамоннинг» баъзи аломатлари билан танишиб чиқишимиз керак. Шуниси эътиборга лойиқ-ки, Матто 24:4-22да келтирилган Исо айтган аломатларнинг айримлари кичик миқёсда, яъни милодий 33 йилдан то 70 йилгача яҳудий тузумида амалга ошган. Башоратнинг асосий қисми 1914 йилдан бошлаб, Исонинг «келиши ва охирзамон яқинлашган» даврига тўғри келяпти. Матто 24:23-28да келтирилган ҳодисалар милодий 70 йилдан бошлаб, то ҳозиргача давом этяпти. Матто 24:29-25:46да ёзилгани эса айни пайтда бажарилмоқда.
7. а) Аломатнинг ҳозирги кунда қандай бажарилаётганини нима сабабдан кузатишимиз керак? б) Қуйида келтирилган саволларга жавоб бераётиб, аломат 1914 йилдан буён қандай бажарилаётгани ҳақида мулоҳаза қилинг.
7 Аломатли ҳодисаларга диққат қилишимиз керак. Юз бераётган ҳодисаларни Муқаддас Китобдаги башоратлар билан таққослаш, маҳшар кунини ёдда тутишимизга ёрдам беради. Шунингдек, бошқаларни бу кун яқинлигидан аминлик билан огоҳлантиришга ёрдам беради (Ишаё 61:1, 2). Бу мақсадларни ёдда тутиб, келинг, Матто 24:7 ҳамда Луқо 21:10, 11да айтилган аломатларга эътибор қаратувчи саволларни кўриб чиқайлик.
«Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади» деган башорат, 1914 йилдан буён қай тарзда бажарила бошлади? Ўша пайтдан бошлаб қанақа урушлар бўлиб келмоқда?
1918 йили қанақа юқумли касаллик, Биринчи жаҳон урушидан кўра кўпроқ инсонларни ҳалок этган? Тиббиёт ютуқларига қарамай, қандай касалликлар миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда?
Сўнгги аср илмий ютуқларига қарамай, озиқ-овқат етишмаслиги қандай муаммо бўлиб қолмоқда?
2-Тимўтийга 3:1-5, 13даги башорат оддий ҳолат эмас, балки айнан охирзамонга тегишли эканлигига сизни нима ишонтиряпти?
Инсонларнинг сараланиши
8. а) Матто 13:24-30, 36-43да ёзилгани бўйича, Исо охирзамонга тааллуқли бўлган яна нимани айтди? б) Исонинг масали нимани англатади?
8 Исо охирзамонга тегишли бўлган бошқа ҳодисаларни ҳам айтган эди. Улардан бири — «Худо ҳокимиятидаги одамларнинг» «ёвуз Шайтон ҳокимиятидаги одамлардан» саралаб олинишидир. Бу ҳақда Исо, буғдой даласига душман бегона ўт уруғини сепиб кетгани тўғрисидаги масалда айтиб берган эди. Бу масалдаги «буғдой» мойланган масиҳчиларни англатади. «Бегона ўт» эса, ўзини Худонинг хизматчисиман деб атаётган, аслида «ёвуз шайтон ҳокимиятидаги одамлардир». Улар «Худо ҳокимиятидаги одамлардан» сараланган, ва йўқ қилиниши муқаррардир (Матто 13:24-30, 36-43). Бу сараланиш чиндан ҳам юз берганми?
9. а) Биринчи жаҳон урушидан сўнг, ўзини Худонинг хизматчиси деб юрганлар орасида қандай сараланиш юз берди? б) Мойланган масиҳчилар Худонинг асл хизматчилари эканлиги нимадан аниқ бўлди?
9 Биринчи жаҳон урушидан сўнг, ўзини Худонинг хизматчиси деб юрганлар орасида сараланиш юз берди. Иккита гуруҳ ташкил бўлди: 1) Миллатлар Иттифоқини (ҳозир Бирлашган Миллатлар Ташкилотини) қўллаб қувватловчи христиан олами ва 2) Худонинг Масиҳий Шоҳлигини қўллаб қувватловчи масиҳчилар (Юҳанно 17:16). «Инжил Хушхабарини» ваъз қилиш билан, улар Худо Шоҳлигининг ҳақиқий хизматчилари эканларини исботлашди (Матто 24:14). Бу ваъзгўйлик билан нимага эришишди?
10. Шоҳлик ҳақида ваъз этиш орқали биринчи навбатда нимага эришилди?
10 Биринчи навбатда, Масиҳ билан Шоҳликда бирга бўлиш учун, Худонинг руҳи билан мойланган масиҳчиларнинг қолган қисми йиғиб олинди. Улар халқлар орасида тарқалиб кетган бўлса-да, бирлашган бир ташкилотнинг аъзолари бўлишди. Мойланган масиҳчилар яқинда тўлиқ йиғиб олинади (Ваҳий 7:3, 4).
11. Ҳозир қайси гуруҳ йиғиб олинмоқда, ва қайси башоратга биноан?
11 Кейин Масиҳ бошчилигида «ҳар хил миллатдан, барча қабилалар, халқлар ва тиллардан бўлган... улкан бир оломон» йиғила бошланди. «Бошқа қўйлар» қаторига кирувчи бу одамлар, «буюк қайғудан» омон қолиб, абадий ҳаётга ноил бўладилар (Ваҳий 7:9, 14; Юҳанно 10:16). Худо Шоҳлиги ҳақидаги ваъзгўйлик иши бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Миллионлаб инсонларни ташкил этувчи улкан оломон, мойланган масиҳчиларга Шоҳлик хушхабарини ваъз этишда ёрдам бермоқда. Бу хушхабарни барча халқлар эшитяпти.
Келажакда нима содир бўлади?
12. Маҳшар куни келишидан аввал ҳали қанча ишни бажариш керак?
12 Юқорида айтилганларнинг барчаси, охирзамон яқинда ўз ниҳоясига етиши ҳамда маҳшар куни яқинлигидан далолат бермоқда. Аммо бу даҳшатли кун бошланишидан олдин, яна қандайдир башоратлар бажарилиши керакми? Ҳа. Биринчидан, инсонларнинг Худо Шоҳлигига қандай муносабатда бўлишига қараб сараланиши ҳали ниҳоясига етгани йўқ. Олдинлари хушхабарни ваъз этишга йиллар мобайнида қаршилик кўрсатиб келинган айрим жойларда, ҳозир янги шогирдлар кўпайиб бормоқда. Ҳатто хушхабарни қабул қилмаётган инсонларга ҳам шаҳодат қилиниб, Яҳованинг иноятидан далолат берилмоқда. Келинг, бу ишни бажаришда бўшашмайлик! Бу иш тугагач, охират келиши ҳақида Исо ишонтирмоқда.
13. 1-Салоникаликларга 5:2, 3га биноан, қандай ҳодиса ҳали рўй бериши керак, ва бу биз учун нимани англатади?
13 Муқаддас Китобдаги яна бир жуда муҳим башоратда: «Худди ҳомиладор хотинни тўлғоқ тутиб қолганидек, инсонлар тинч ва осойишта деб юрганда, тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келади ва ундан асло қочиб қутула олмайдилар»,— дейилган (1-Салоникаликларга 5:2, 3). ‘Тинчлик ва хавфсизлик’ деб қандай эълон қилинишини ҳали кўрамиз. Аммо бу, дунё ҳокимлари инсониятнинг муаммоларини ҳал қилишини англатмайди. Маҳшар кунини ёдда тутган инсонларни, ‘тинчлик ва хавфсизлик’ деган эълон чалғитмайди. Улар билишадики, бундан сўнг тўсатдан бу ёвуз дунё бартараф қилинади.
14. Буюк мусибат даврида қандай ҳодисалар рўй беради, ва қай тарзда?
14 Буюк мусибатнинг бошида, дунё ҳокимлари, сохта дин империяси бўлмиш Буюк Бобилни йўқ қилади (Матто 24:21; Ваҳий 17:15, 16). Бундан сўнг халқлар, Яҳованинг ҳукмдорлигини ёқлаётганларга ҳужум қиладилар ва шунда ҳукуматлар билан уларнинг тарафдорлари Худонинг ғазабига учраб, бутунлай йўқ қилинади. Бу, буюк қайғу авжига чиққан пайтда — Ҳор-Магидўнда содир бўлади. Шайтон ва унинг жинлари тубсизлик қаърига ташланиб, бошқа ҳеч қачон одамларга таъсир қила олмайди. Маҳшар куни шу билан тугаб, Унинг исми улуғланади (Ҳизқиё 38:18, 22, 23; Ваҳий 19:11-20:3).
15. Маҳшар куни ҳали келмайди деб ўйлаш, нима учун оқилона бўлмас эди?
15 Бу дунёнинг охири Худо тайинлаган аниқ вақтда келади. У кечикмайди (Хабаққуқ 2:3). Эсланг, милодий 70 йилда Қуддуснинг вайрон қилиниши яҳудийлар кутмаганда, хавф ўтиб кетди деб ўйлашганда келган. Қадимги Бобил биланчи? У кучли, деворлари мустаҳкам ва салобатли шаҳар бўлган. Лекин бир кечада вайрон бўлди. Худди шундай ҳозирги ёвуз дунё ҳам тўсатдан йўқ қилинади. Бу кун келганда, Худога топинишда якдил бўлишимиз учун, маҳшар кунини доим ёдда тутайлик!
Такрорлаш учун саволлар
• Нима учун маҳшар кунини ёдда тутиш муҳим? Бунда бизга нима ёрдам беради?
• Бугунги кунда юз бераётган бўлиниш шахсан бизга қандай таъсир қилмоқда?
• Маҳшар куни бошланишидан олдин яна нима юз бериши керак? Бунга нисбатан ҳар биримиз нима қилишимиз керак?
[180- ва 181- саҳифадаги расмлар]
Охирзамон якунига етиб бормоқда: яқинда Шайтоннинг дунёси йўқ қилинади.