Исо Масиҳ каби фикр юритинг
Исо Масиҳ ўргатганидек, бир-бирингиз билан ҳамфикр бўлинг. РИМ. 15:5
1. Нима учун Масиҳ каби фикр юритишимиз керак?
ҲАЗРАТИ ИСО: «Менинг ҳузуримга келинг... Мендан ўрганинглар. Чунки Мен беозор ва соддадилман. Шундай қилиб, жонларингиз таскин топар»,— деб айтганди (Мат. 11:28, 29). Бу таклиф, унинг севги ила фикр юритишидан далолатдир. Дарҳақиқат, ибрат кўрсатишда Масиҳга тенг келадигани йўқ. Зеро, у осмонда улуғвор мавқега эга бўлган бўлса-да, керакли пайтда ҳамдардлик ва мулойимлик намоён эта оларди.
2. Исонинг қайси фазилатларини кўриб чиқамиз?
2 Бу ва кейинги иккита мақолада, Исонинг фикр юритишига қандай тақлид қилиш мумкинлигини кўриб чиқамиз (1 Кор. 2:16). Авваламбор, Исога хос бўлган фазилатлардан бештасига эътибор қаратайлик. Улар мулойимлик, лутфкорлик, Худога итоаткорлик, жасорат ва севгидир.
Исо каби мулойим бўлинг
3. а) Исо камтарликда шогирдларига қандай намуна кўрсатган? б) Шогирдлари ҳушёрликни йўқотиб қўйганида, Исо ўзини қанақа тутган?
3 Исо мукаммал шахс бўла туриб, номукаммал ва гуноҳкор инсонларга хизмат қилиш учун ер юзига келган. Ана шу кишилардан айримлари эса уни ҳатто ўлдиришган. Ҳа, Ҳазратимиз доимо қувончни йўқотмасликка ҳаракат қилар ва ўзини тута биларди (1 Бутр. 2:21–23). Бошқаларнинг номукаммаллиги ва камчиликлари бизга таъсир қилмаслиги учун Исонинг ўрнагига «кўз тикайлик» (Иброн. 12:2). Бундан ташқари, Устозимиз барча издошларини ўзининг бўйинтуруғига қўшилиб ундан ўрганишга таклиф қилган (Мат. 11:29, изоҳига қ.). Хўш, ундан нимани ўрганса бўлади? Масалан, шогирдларининг камчиликлари бўлишига қарамасдан, Исо доимо уларга нисбатан беозор ва сабр-тоқатли эди. Ўлимидан бир кун олдин, у шогирдларининг оёқларини ювиб, камтарликда уларга яхшигина намуна кўрсатган (Юҳанно 13:12, 15–17 ўқиб беринг). Кейинчалик, Бутрус лақабли Симун, Ёқуб ва Юҳанно ҳушёрликни йўқотиб қўйишганида, Исо уларнинг заиф эканини инобатга олиб қўполлик қилмаган. Аксинча, мулойимлик ила: «Симун! Ухлаяпсанми?» — деб сўраган. Сўнг, шундай давом этган: «Васвасага тушмаслик учун ҳушёр бўлиб, ибодат қилиб туринглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир» (Марк 14:32–38).
4, 5. Исонинг мисолига кўра, бошқаларнинг камчилигига қандай муносабатда бўлишимиз керак?
4 Хўш, оқсоқолларнинг ёки «ишончли ва ақлли хизматкорнинг» маслаҳатларига тезда қулоқ соляпмизми ё бўлмаса, имиллаб уф тортамизми? (Мат. 24:45–47). Шайтоннинг ушбу қўтир дунёсида яшар эканмиз, имондошларимизнинг камчиликларини кўраверамиз. Шундай экан, атрофдагиларнинг хатти-ҳаракати ғашимизга тегаверса, ўзимизга қуйидаги саволни бериб кўрайлик: «Масиҳ каби фикрлаяпманми?» Нега деганда, ҳаворийларнинг маънан заифликлари сезилиб турганда, Исо ҳечам тушкунликка тушмаган эди.
5 Бутрус билан бўлиб ўтган воқеани олайлик. У қайиқдан чиқиб, Исонинг ёнига келаётганида, аввалига сув устидан бемалол юрганди. Бўрон тўлқинларини кўрганида эса, Бутрус ваҳимага тушиб чўка бошлади. Ўша пайтда, Исо уни койиб бердими? Йўқ! Аксинча, Исо ўша заҳоти қўлини узатиб, уни ушлаб қолди-да: «Ҳа имони суст, нега сен иккиландинг?» — деди (Мат. 14:28–31). Хўш, имондошимиз маънан сусайиб қолганида, биз ҳам Исога ўхшаб меҳр ила ёрдам қўлини чўзишга тайёрмизми? Шубҳасизки, мулойим бўлиш нима эканини ўшанда Бутрус яхши билиб олган.
6. Шуҳратпарастлик борасида, Исо шогирдларига нималар деган?
6 Ҳаворийлар буюк бўлишни истаб, бир-бири билан баҳслашишганида, Бутрус ҳам уларнинг орасида бўлган. Ўшанда Ёқуб билан Юҳанно самовий Шоҳликда Исонинг ўнг ва чап томонида ўтиришни ният қилишган. Бутрус ва бошқа ҳаворийлар бундан хабардор бўлгач, ҳалиги иккитасига аччиқлана кетишди. Шогирдларининг орасида шуҳратпарастлик каби муаммо борлигини Исо биларди. Шунинг учун ҳам уларни чақириб, қуйидагиларни айтди: «Биласизларки, дунё халқлари устидан салтанатли подшоҳлар бор, эл устидан отабеклар ҳокимлик қилади. Аммо сизнинг орангизда бундай бўлмасин. Орангизда ким катта бўлишни истаса, сизга хизматкор бўлсин. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизга қул бўлсин». Кейин эса ўзини мисол қилиб, шундай деди: «Зеро Инсон Ўғли ҳам Ўзига хизмат қилдириш учун эмас, балки Ўзи хизмат қилиш ва Ўз жонини фидо қилиб, кўпларни қутқариш учун келган» (Мат. 20:20–28).
7. Жамоатда ҳамжиҳатлик бўлишига ҳар биримиз қандай ҳисса қўша оламиз?
7 Исо каби камтар бўлсак, биродарларнинг олдида ўзимизни паст олган бўламиз (Луқо 9:46–48). Бу эса бирлик бўлишига олиб келади. Шунақа катта оиланинг Отаси бўлмиш Яҳова, фарзандлари «иноқ бўлиб яшашини» истайди (Заб. 132:1). Бу ҳақда, Исо самовий Отасига ибодат қилиб шундай деган: «Дунё Мени Сен юборганингни тан олсин, Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё билсин» (Юҳан. 17:23). Агар, ҳақиқатан ҳам орамизда ҳамжиҳатлик бўлса, биз Масиҳнинг издошлари эканимиз яққол кўриниб туради. Шунингдек, бу бизга чексиз қувонч бағишлайди ва имондошларимизнинг қилган хатоларига Масиҳ каби тўғри муносабатда бўлишимизга кўмаклашади. Зотан, Устозимизнинг ўзи кечиримли бўлган ва агар бизнинг ҳам гуноҳларимиз кечирилишини истасак, шундай йўл тутишимиз даркор (Матто 6:14, 15 ўқиб беринг).
8. Худога кўп йиллар мобайнида хизмат қилганлардан нимани ўрганиш мумкин?
8 Шунингдек, кўп йиллардан бери Масиҳга тақлид қилиб юрган кишилардан сабоқ олишимиз мумкин. Улар ҳам Исо каби, бошқаларнинг камчиликларини инобатга олишган. Масиҳ сингари улар, бошқаларни тушуниш фақатгина «кучсизларнинг ожизлигига сабр-бардошли» бўлишни эмас, балки якдилликни ҳам англатишини билиб олишган. Боз устига, улар ҳаворий Павлуснинг Римдаги имондошларига айтган қуйидаги тилагини бошқаларга раво кўришади: «Сабр ва тасалли манбаи бўлган Худонинг Ўзи эса, Исо Масиҳ ўргатганидек, бир-бирингиз билан ҳамфикр бўлишни сизларга ато этсин, токи сизлар якдиллик билан, бир оғиздан Раббимиз [Ҳазратимиз, ЯДТ] Исо Масиҳнинг Отаси бўлган Худони улуғланглар» (Рим. 15:1, 5, 6). Дарвоқе, бизнинг якдиллигимиз Яҳовага шон-шарафлар келтиради.
9. Исонинг намунасига эргашишда муқаддас руҳ қандай ёрдам беради?
9 Исо намоён этган мулойимлик фазилати, илоҳий руҳнинг самарасидир. Исонинг намунасига эргашиш учун, Яҳованинг муқаддас руҳига муҳтожмиз. Шундай экан, ибодатда Худодан муқаддас руҳ сўраб, унинг самараси бўлмиш «муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, лутфкорлик, хайрихоҳлик, садоқат, мулойимлик ва ибо» каби хислатларни ривожлантиришга интилишимиз лозим (Галат. 5:22, 23). Ҳа, Исодан ибрат олиб, камтар ва мулойим бўлишга жон куйдирсак, самовий Отамиз Яҳовани рози қилган бўламиз.
Ҳазрати Исо ўзгаларга лутфкорлик кўрсатарди
10. Исо лутфкорликни қандай намоён этарди?
10 Лутфкорлик ҳам илоҳий руҳ самарасига киради. Исо бу фазилатни аъло даражада намоён этган. Унинг орқасидан эргашган барчани, Исо «яхши қаршилаб» оларди (Луқо 9:11 ўқиб беринг). Бу борада, ундан нимани ўргансак бўлади? Лутфкорлик — яхшилик ва марҳамат кўрсатиш, хушмуомалалик, меҳрибонлик ҳамда олийжаноблик демакдир. Исо айнан шунақа инсон бўлиб, одамларга ачинарди. Чунки, улар «чўпонсиз қўйлардай довдираган ва ҳолдан тойган эдилар» (Мат. 9:35, 36).
11, 12. а) Исо одамларга ачинганини амалда қандай кўрсатган? б) Келтирилган мисолдан қанақа сабоқ олсак бўлади?
11 Исо одамларга ачинганини амалда кўрсатган. Мана бир мисол. Бир аёл 12 йил мобайнида қон кетишидан азоб чекаётган эди. Тавротга биноан, ўша аёлнинг ўзи ҳам, у теккан нарсалар ҳам нопок ҳисобланган (Лев. 15:25–27). Бироқ, у Исонинг меҳрибонлигини ва ундан шифо топиши мумкинлигини билган. Шундай қилиб, ўша аёл: «Агар кийимига бир тегиб олсам бас, соғайиб кетаман»,— деб ўйлаган. Сўнг дадиллик билан шундай қилди-да, дарҳол соғайиб кетганини сезди.
12 Исо эса, биров унга қўл тегизганини пайқаб, атрофга қарай бошлади. Шунда бечора аёл, Тавротга зид иш қилиб қўйгани учун, даҳшатга тушиб Исонинг оёқларига йиқилди ва унга тўғрисини айтди. Исо, аёлнинг бу ҳаракатини танқид қилмай унга: «Қизим, ишончинг сени қутқарди. Эсон-омон бор»,— деди (Марк 5:25–34). Бундай илиқ сўзларни эшитиб, аёлнинг кўнгли тоғдай кўтарилгандир-а?!
13. а) Исонинг фикрлаш тарзи фарзийларникидан қандай фарқ қиларди? б) Болаларга нисбатан Исо қандай муносабатда эди?
13 Бағритош фарзийлар одамларга оғир юк бергандек бўлишарди, Исо эса ҳечам бундай қилмасди (Мат. 23:4). Аксинча, одамларга лутфкорлик ва сабр-тоқат билан Аллоҳнинг қонун-қоидаларини ўргатарди. Исо шогирдларини ҳақиқий дўстдек кўриб, улар билан яхши ҳамкорлик қиларди (Ҳик. 17:17; Юҳан. 15:11–15). Ҳатто болалар ҳам Исонинг олдида ўзларини бемалол ҳис қилишарди. Негаки, у доимо улар учун вақт топарди. Бир куни унинг шогирдлари, ўзларини дин арбобларига ўхшаб тутишни бошлашди. Одамлар болаларини Исонинг олдига олиб келишаётганида, улар тўсқинлик қилмоқчи бўлишган. Табиийки, уларнинг бу қилиғи Исога ёқмаган ва уларга шундай деган: «Болаларга йўл қўйинглар, Менинг олдимга келишига тўсқинлик қилманглар! Мана, Худонинг Шоҳлиги бундайларникидир». Болаларга ишора қилиб, Исо шогирдларга муҳим сабоқ берди: «Сизларга чинини айтайин: ким Худонинг Шоҳлигини бола каби қабул қилмаса, унга ҳеч киролмайди» (Марк 10:13–15).
14. Болаларга эътибор қаратилса, бу қандай самаралар келтиради?
14 Бир ўйлаб кўринг, бу болалар улғайишганида нималарни ҳис қилган бўлиши мумкин? Ахир, Исо уларни қучоқлаб, пешаналарини силаб дуо қилганди-ку! (Марк 10:16). Бугун ҳам кўплаб болалар самимий қизиқиш кўрсатаётган оқсоқолларнинг ва бошқа имондошларнинг севгисини ҳис этишмоқда. Дарҳақиқат, ёшлар учун бундай ҳаракатлар фойдалидир. Зеро катта бўлишганида, Яҳова Ўз халқини қўллаб-қувватлаётганига амин бўлишади.
Қўтир дунёда лутфкор бўлинг
15. Лутфкорлик тобора йўқолиб бораётганидан нега ажабланмаслик керак?
15 Бугунги кунда, лутфкорлик, яъни меҳру оқибат нима эканини кўпчилик билмай қолди. Яҳованинг хизматчилари, ҳар куни мактабда, ишхонада, кўча-кўйда ва ваъзгўйликда қўполликка дуч келишмоқда. Тўғри, бунақа муомала кўнглимизни тушириши мумкин, аммо бундан ҳечам ҳайрон қолмаймиз. Зеро, охирги кунларда «одамлар нафс бандаси» ва шафқатсиз бўлиб кетишларини Тангри Яҳова олдиндан айтган эди (2 Тим. 3:1–3).
16. Жамоатда қандай қилиб Масиҳ каби меҳрибон бўла оламиз?
16 Агар, имонлилар жамоатини оладиган бўлсак, у ердаги муҳит, ушбу қўтир дунёдагидан умуман фарқ қилишини кўриш мумкин. Ҳар биримиз Исога тақлид қилиб, шунақа яхши муҳит бўлишига ҳисса қўша оламиз. Буни амалда қандай қилса бўлади? Масалан, жамоатдагиларга далда беришни унутмаслигимиз керак. Сабаби, кимнингдир соғлиги ёмонлашгандир, бошқасининг эса уйида қандайдир муаммоси бордир. Ҳа, охирги пайтда муаммолар ортиб боряпти, бироқ улар янги эмас. Илк масиҳчилар ҳам бунақа қийинчиликларга дуч келишган. Шундай пайтларда улар бир-бирларига ёрдам бериб туришган. Масалан, ҳаворий Павлус имонлиларга мана бу маслаҳатни берган: «Жасоратсизларнинг руҳини кўтаринглар, кучсизларга ёрдамлашинглар, ҳаммага сабр-тоқатли бўлинглар» (1 Салон. 5:14). Албатта, бунинг учун Масиҳ каби меҳрибон бўлишимиз зарур.
17, 18. Меҳрибонликда Исога тақлид қилишнинг айрим усуллари қандай?
17 Исодан ўрнак олиб, ҳар биримиз имондошларимизни яхши қаршилашимиз керак. Қолаверса, нафақат анчадан бери таниган кишиларимизга, балки нотаниш бўлганларга ҳам самимий қизиқиш кўрсатишимиз лозим (3 Юҳан. 5–8). Ҳазратимиз Исо бошқаларга ҳамиша раҳм-шафқат кўрсатарди. Биз ҳам ўзгалар учун тасалли манбаи бўлишга интилайлик (Ишаё 32:2; Мат. 11:28–30).
18 Ҳар биримиз, бошқаларнинг муаммоларини тушунишга ҳаракат қилиб, лутфкорликни намоён этишимиз мумкин. Бунинг учун, ҳеч бир имкониятни қўлдан бой берманг! Павлус ҳам мана бундай маслаҳат берган: «Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар» (Рим. 12:10). Бу эса ўз навбатида, Масиҳдан ибрат олиб, ўзгаларга меҳр ила муомала қилишни англатади (2 Кор. 6:6). Масиҳга хос бўлган бу фазилатни, Павлус қуйидагича ифодалаган: «Севги сабрли ва кўнгилчандир. Севги ҳасад қилмас, кеккаймас, шишинмас» (1 Кор. 13:4). Имондош биродару опа-сингилларимизга ғашланиб ўтиришнинг ўрнига, мана бу маслаҳатга риоя қилганимиз яхшироқдир: «Бир-бирингизга кўнгилчан ва меҳр-шафқатли бўлинглар. Худо сизларни Масиҳ ҳақи кечиргани каби, сизлар ҳам бир-бирингизни кечиринглар» (Эфес. 4:32).
19. Исо каби лутфкор бўлсак нимага эришамиз?
19 Агар, ҳар қандай вазиятда ва ҳар доим меҳрибон бўлишга интилсак, чексиз қут-баракаларга эга бўламиз. Шунингдек, Яҳованинг ёрдами билан илоҳий руҳ самарасини ривожлантиришимиз мумкин. Исонинг ўрнагига тақлид қилиб, бошқаларга ёрдам беришга жон куйдирсак, Худованд Яҳовага ҳамжиҳатликда топиниб кўпдан-кўп қувонч топамиз. Шундай экан, келинг бошқалар билан муомала қилганимизда, Исо каби мулойим ва лутфкор бўлайлик.
Тушунтириб беринг
• Исо мулойим эканини қандай кўрсатган?
• Устозимиз лутфкорликни қандай намоён этган?
• Ушбу қўтир дунёда, Исо Масиҳ каби мулойим ва лутфкор бўлишнинг усуллари қандай?
[8- саҳифадаги расм]
Маънан сусайиб қолган имондошингизга ёрдам қўлини чўзишга тайёрмисиз?
[10- саҳифадаги расм]
Жамоатда яхши муҳит яралишига қандай қилиб ҳисса қўшишимиз мумкин?