Ўқувчиларнинг саволлари
Ҳикматлар 24:27 дан қандай сабоқ олиш мумкин?
Муқаддас Китобда мана бундай доно маслаҳат берилган: «Ташқаридаги юмушингни бажар, даладаги барча ишларингни тартибга сол, кейин уйингни қургин». Хўш, биз бундан нимани ўргансак бўлади? Гап шундаки, ушбу маслаҳат уйланмоқчи бўлган кишига тааллуқлидир.
Қадимда, «уй қурмоқчи» ёки бошқача қилиб айтганда, уйланмоқчи бўлган киши ўзига бундай савол бериши керак эди: «Бўлажак турмуш ўртоғим ва бола-чақаларимга ғамхўрлик қилишга тайёрманми?» Ҳа, турмуш қуришдан олдин оятда айтилганидек, «даладаги барча ишларни тартибга солиш», яъни ҳаммасини ўйлаб чиқиш муҳим. Қизиқ, ушбу маслаҳат бугун ҳам амалийми?
Албатта! Уйланмоқчи бўлган одам, бундай жавобгарликни зиммасига олишга тайёр бўлиши лозим. Ишлаш учун, у жисмонан лаёқатли бўлиши керак. Лекин, оиласини фақатгина моддий жиҳатдан таъминлаш билан кифояланмаслиги даркор. Зеро, Худонинг Каломига биноан, оила аъзоларининг жисмоний, ҳиссий ва маънавий эҳтиёжларини қондирмаган киши имондан қайтган ва ҳатто имонсиздан ҳам баттарроқ ҳисобланади! (1 Тим. 5:8). Дарвоқе, бўйдоқ йигит ўзига қуйидаги саволларни бериб кўрса оқилона бўлади: «Оила аъзоларимга моддий томондан ғамхўрлик қилишга қурбим етадими? Биргаликда Худога топиниш учун уларга бошчилик қилишга тайёрманми? Хотиним ва фарзандларим билан мунтазам равишда Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказа оламанми?» Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳнинг Каломида шу каби масъулиятларга жуда катта урғу берилган (Амр. 6:6–8; Эфес. 6:4).
Шундай қилиб, уйланиш ниятида юрган йигит, Ҳикматлар 24:27 даги маслаҳат борасида чуқур ўйлаб кўриши керак. Шу сингари, эрга тегмоқчи бўлган қиз ҳам: «Яхши умр йўлдош ва она бўла оламанми?» — деб ўзидан сўраши оқилонадир. Оила қуришни режалаштираётган ёки янги турмуш қурган жуфтлик эса, фарзандларни вояга етказиш билан боғлиқ бўлган жавобгарликни бўйнига олиш тўғрисида фикр юритиб кўрса бўлади (Луқо 14:28). Худойи Таолонинг хизматчилари, шу каби доно панд-насиҳатларга мувофиқ умр кечириб, анчагина муаммоларнинг олдини олибгина қолмай, балки оилавий ҳаётнинг қут-баракаларидан ҳам баҳраманд бўладилар.
[12- саҳифадаги матн парчаси]
Уйланиш ниятида юрган йигит ўзига қанақа саволлар бериб кўриши керак?