«Худованднинг фикрини ким англаб етибди?»
“Худованднинг фикрини ким англаб етибдики, Унга таълим берса?” Бизда эса Масиҳнинг фикри бор. 1 КОР. 2:16
1, 2. а) Нега инсонлар баъзида бир-бирини тушунмайди? б) Бизнинг ҳамда Яҳованинг фикрлаш тарзи ҳақида нимани ёдда тутишимиз керак?
БОШҚАНИНГ фикрини тушунмай қолган пайтларингиз бўлганми? Ёки яқинда турмуш қурганингиз учун умр йўлдошингизнинг фикрлаш тарзини баъзида тушунмаётгандирсиз. Шуниси қизиқки, эркак ва аёл киши фикрини турлича изҳор қилар экан. Ҳатто айрим маданиятларда эркак ва аёл битта тилда гаплашса-да, лекин ҳар бирининг ўзига хос шеваси бор! Ҳа, маданият ҳамда тил турлича бўлгани учун одамларнинг фикрлаш тарзи ва юриш-туриши бир-биридан фарқ қилади. Бироқ, инсонлар билан яқинроқ танишсангиз, уларнинг фикрлаш тарзини тушуниш имкони пайдо бўлади.
2 Фикрлаш тарзимиз Тангри Яҳованикидан фарқ қилиши ажабланарли эмас. Зеро, Яҳова Ишаё пайғамбар орқали исроилликларга шундай деган: «Сизларнинг фикрингиз Меники эмас, Менинг йўлларим сизларники эмас». Буни тушунтириш учун У қуйидагича мисол келтирган: «Осмон ердан қанчалик баланд бўлса, Менинг йўлларим ҳам, ўйларим ҳам, сизларнинг йўлларингиз, ўйларингиздан шунчалик баланддир» (Ишаё 55:8, 9).
3. Яҳовага яқинлашишнинг қандай иккита усули бор?
3 Яҳованинг йўлларини тушуниш қийин экан, буни қилмасак ҳам бўлади деб ўйлаш тўғрими? Йўқ, албатта. Гарчи, Яҳованинг фикрларини охиригача тушуна олмасак-да, бироқ Муқаддас Китоб бизни Унга яқинлашишга ундаяпти (Заб. 24:14; Ҳик. 3:32). Бунинг усулларидан бири, Унинг Каломида ёзилган ишларига бепарво бўлмасдан, улар устидан мулоҳаза юритишдир (Заб. 27:5). Шунингдек, «Худонинг инъикоси» бўлмиш Масиҳ ҳамда унинг фикрлаш тарзи ҳақида билиб олиш муҳим (1 Кор. 2:16; Колос. 1:15). Муқаддас Китобдаги ҳикояларни ўқиб, улар устидан мулоҳаза юритиш орқали Яҳованинг фазилатларию фикрларини тушуна оламиз.
Нотўғри нуқтаи назардан қочинг
4, 5. а) Барчамиз қанақа мойилликдан эҳтиёт бўлишимиз керак? Тушунтиринг. б) Исроилликлар қандай нуқтаи назарга эга эдилар?
4 Тангри Яҳованинг ишлари борасида фикр юритганимизда, уларни инсоний нуқтаи назар билан ҳукм қилишдан эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бундай мойиллик ҳақида Забур 49:21 да айтиб ўтилган: «Мени ўзингга ўхшаш деб ўйладинг». Деярли 175 йил олдин бунга ўхшаш фикрни бир илоҳиётшунос ҳам билдирди: «Инсон ўз меъёрлари бўйича Худони ҳукм қилишга мойилдир. Шунинг учун, фақатгина Аллоҳ қонунлар бериб, одамлар уларга амал қилишлари керак деб ўйлашади».
5 Дарҳақиқат, Яҳованинг нуқтаи назарини шахсий хоҳиш-истагимизга мослаштиришдан эҳтиёт бўлишимиз керак. Нега бу муҳим? Муқаддас Китобни тадқиқ қилаётиб, номукаммаллик дастидан Яҳованинг баъзи ишлари бизга тушунарсиз бўлиб туюлиши мумкин. Масалан, исроилликлар Тангри Яҳова улар билан қандай муносабат қилиши ҳақида нотўғри хулосага келишган. Аллоҳнинг уларга айтган мана бу сўзларига эътибор беринг: «Сизлар шундай дейсизлар: “Яҳованинг йўллари ноҳақ”. Эй, Исроил халқи марҳамат қилиб қулоқ сол. Наҳотки Менинг йўлларим адолатсиз бўлса? Ахир сизнинг ишларингиз ноҳақ эмасми?» (Ҳиз. 18:25, ЯДТ).
6. Аюб нимага ўрганган ва биз бу воқеадан қандай сабоқ оляпмиз?
6 Яҳованинг ишларини ҳукм қилмаслик учун, авваламбор нуқтаи назаримиз чекланган эканини ва жиддий нуқсонимиз борлигини ёдда тутишимиз шарт. Ҳатто Аюб пайғамбар ҳам бу борада панд-насиҳатга муҳтож эди. У кўп азоб-уқубат чекканидан тушкунликка тушиб, ўзи ҳақида кўп ўйлайдиган бўлган. Шунингдек у, энг муҳим нарсани назаридан четда қолдирган эди. Бироқ, Яҳова меҳрибонлик ила Аюбнинг нуқтаи назарини кенгроқ қилишга ёрдам берган. Қандай қилиб дейсизми? У Аюбга 70 дан ортиқ савол берган. Лекин, Аюб бу саволларнинг биттасига ҳам жавоб бера олмаган. Бу билан Эгамиз, унинг фикрлаш тарзи чегараланганлигига алоҳида урғу қўйган. Аюб эса, камтаринлик ила Яҳовага жавоб қайтариб, нуқтаи назарини ўзгартирган (Аюб 42:3, 6, ЯДТ ўқинг)a.
«Масиҳнинг фикрига» эга бўлинг
7. Нега Исонинг ишлари борасида ўйлаш Яҳованинг фикрлаш тарзини тушунишга кўмаклашади?
7 Ҳазратимиз Исо Отасининг сўзларию ишларига мукаммал даражада тақлид қилганди (Юҳан. 14:9). Демак, унинг ишлари ҳақида мулоҳаза юритиб, Яҳованинг фикрларини тушунишимиз мумкин (Рим. 15:5; Филип. 2:5). Келинг, Инжилдаги иккита воқеани кўриб чиқайлик.
8, 9. Исо қайси вазиятда Филипга савол берди ва нега?
8 Милодий 32- йилдан олдинги воқеаларни фараз қилинг. Исонинг ҳаворийлари бутун Жалила юртида ваъз қилиб, қайтиб келишяпти. Исо уларнинг жуда чарчаганини кўриб, дам олиш учун хилват жой излай бошлади. Шунда улар, Жалила кўлининг шимоли-шарқ томонига сузиб кетишди. Бироқ, минглаб одамлар уларнинг орқасидан эргашиб келишди. Исо кўпчиликка шифо ҳамда таълим берди. Айнан шунда битта масала юзага келди: «Бу кимсасиз жойларда шунча одам учун қаердан озиқ-овқат олиб келса бўлади?» Буни тушуниб турган Исо, шу ерлик бўлган Филипдан: «Буларни тўйғазиш учун қаердан нон сотиб оламиз?» — деб сўради (Юҳан. 6:1–5).
9 Нега Исо бу саволни айнан Филипга берди? Наҳотки у нима қилишини билмай ўзини йўқотган бўлса? Асло. Унда Исонинг хатти-ҳаракатини қандай тушунса бўлади? Улар билан бирга бўлган ҳаворий Юҳанно шундай деб ёзган: «[Исо] бу гапни уни синаб кўриш учун айтганди, Ўзи нима қилишни билар эди» (Юҳан. 6:6). Ҳа, Исо шогирдларининг маънавийлигини текшириш учун шунақа савол берган. Бу савол ёрдамида Исо, шогирдларининг диққатини жалб қилган ва улар имонини намоён қилишларига имконият яратган. Минг афсуски, улар бу имкониятни қўлдан бой беришди ва нуқтаи назари чиндан ҳам чегараланганини кўрсатишди (Юҳанно 6:7–9 ўқинг). Сўнг Исо, шогирдлари хаёлига келтирмаган бир иш қилди. У мўъжизавий равишда минглаб одамларни тўйғазди (Юҳан. 6:10–13).
10–12. а) Нега Исо юнон аёлнинг илтимосини дарров бажармади? Тушунтиринг. б) Ҳозир нимани кўриб чиқамиз?
10 Ушбу воқеа, Исо бошқа бир вазиятда нимага шундай йўл тутганини тушунишга кўмаклашади. Халойиқни тўйғазгандан сўнг, Исо ҳаворийлари билан бирга Исроил чегарасининг шимол томонига, Тир ва Сидон шаҳарларига йўл олади. У ерга келгач эса, Исо бир юнон аёлга дуч келади. Аёл қизига шифо беришни Исодан ялиниб сўрайди, лекин у рад жавобини беради. Бироқ аёл уни ҳоли-жонига қўймайди. Шунда Исо: «Аввал болалар тўйсин, болалардан нонни олиб итларга [кучукларга, ЯДТ] ташлаш яхши эмас»,— деди (Марк 7:24–27; Мат. 15:21–26).
11 Нимага Исо бу аёлга дарров ёрдам беришни хоҳламади? У Филипни синаб кўрганидек, уни ҳам текширмоқчи эди. Хўш, аёл имонини намоён қилиш имконидан фойдаланиб қолдими? Гарчи, Исо бу гапни аёлга қайси оҳангда айтгани Инжилда ёзилмаган бўлса-да, лекин у аёлни хафа қилмоқчи эмасди. Исо «кучуклар» деб таржима қилинган ибронийча сўзни қўллаганида, ўша даврларда бу инсонни ҳеч ҳам камситмас эди. Эҳтимол, Исо меҳрибон ота каби боласининг илтимосини бажаришдан олдин, бу инжиқликми ёки ҳақиқатан керакли нарсамикан деб текширади, кейин эса уни бажаради. Қандай бўлмасин, Исо бу аёлнинг кучли имонини кўриб, илтимосини жон деб бажарди (Марк 7:28–30 ўқинг).
12 Бу иккала воқеа, бизга Масиҳнинг фикрлаш тарзини янада яхшироқ тушунишимизга кўмаклашяпти. Энди келинг, ушбу воқеалар ёрдамида қандай қилиб Яҳованинг фикрларини тушуниш мумкинлигини кўриб чиқайлик.
Яҳова ва Мусо орасидаги муносабатлар
13. Исонинг фикрлаш тарзини ўрганиш орқали нимани тушунишимиз мумкин?
13 Исонинг фикрлаш тарзини синчковлик билан ўрганиш орқали, Муқаддас Китобда ғалати бўлиб туюлган баъзи бир воқеаларнинг маъносини тушунса бўлади. Масалан, Исроил халқи олтин буқачани ясаганида, Яҳова Мусо пайғамбарга шундай деган: «Ўша халқнинг нақадар ўжарлигини кўриб турибман. Энди Мени тўхтатаман, деб овора бўлма, бу халққа шунақанги ғазабимни сочаманки, уларни қириб ташлайман. Эй, Мусо, уларнинг ўрнига сендан буюк халқ яратаман» (Чиқ. 32:9, 10).
14. Мусо Яҳованинг сўзларига қандай жавоб қайтарди?
14 Мазкур воқеа қуйидагича давом этади: «Мусо Эгаси Худога: “Эй, Эгам! Ахир, бу халқни буюк куч-қудратинг билан Мисрдан Ўзинг олиб чиққансан-ку!” — деб ёлворди. “Ўз халқингга Ўзинг ғазабингни сочмагин! Мисрликлар: “Эгаси уларни ёмон ният билан — тоғларда ўлдириш учун, ер юзидан қириб ташлаш учун бу ердан олиб чиққан экан”, деб айтишмасин! Қўйгин, бу ниятингдан қайтгин, ғазабингни сочиб, Ўз халқингни қириб ташламагин. Ўз қулларинг Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубга айтганларингни ёдга олгин. Сен уларга: “Сизларнинг наслингизни осмондаги юлдузлар сингари кўпайтираман, Мен ваъда қилган ҳамма ерни наслингизга бераман, улар ўша юртга тоабад эгалик қилади”, деб Ўз номинг билан онт ичган эдинг-ку!” Шундай қилиб, Эгамиз ниятини ўзгартириб, айтган кулфатларни Ўз халқининг бошига келтирмайдиган бўлди» (Чиқ. 32:11–14)b.
15, 16. а) Яҳованинг айтган гаплари Мусога қандай имконият очиб берди? б) Худованд нима қилишдан қайтди?
15 Хўш, Мусо Яҳованинг фикрлаш тарзини ўзгартириши керакмиди? Асло! Гарчанд Тангри Яҳова қандай йўл тутмоқчи эканини айтган бўлса-да, бу Унинг охирги қарори эканини англатмасди. Демак Исо, Филип ва юнон аёлни синагани каби Яҳова Таоло ҳам Мусони текширмоқчи эди. Бу эса ўз навбатида, Мусога имонини намоён қилишга имконият бердиc. Эгамиз Яҳова, Ўзи ва Исроил халқи орасида Мусони воситачи қилиб тайинлаган. Шунинг учун У, Ўзи тайинлаган Мусони ҳурмат қилган эди. Қизиқ, Мусо Яҳованинг ишидан тушкунликка тушганми? Ёки Мусо бундай имкониятдан фойдаланиб, Яҳовадан Исроил халқини унутиб, унинг авлодидан кучли халқ бунёд қилишини сўраганми?
16 Мусо, берган жавоби билан Яҳованинг адолатига ишониб, Унга таянаётганини намоён этган. Бундан ташқари, унинг жавобидан у ўзи ҳақида ўйламай, Худонинг исми учун қайғураётганини кўрса бўлади. Шубҳасизки, у Аллоҳнинг шаънига доғ тушишини истамаган. Ҳа, Мусо бу вазиятда Яҳованинг фикрини тўғри тушунган (1 Кор. 2:16). Бундан хулоса, Яҳова чиқарган қароридан қайтиши мумкин. Бунинг исботини Муқаддас Китобдан биляпмиз. Зеро, У айтган кулфатларни «Ўз халқининг бошига келтирмайдиган бўлди».
Яҳова ва Иброҳим орасидаги муносабатлар
17. Яҳова Иброҳим билан муҳим масалани муҳокама қилганида, сабр-тоқатли эканини қандай кўрсатди?
17 Келинг, Яҳова хизматчиларига имонини намоён қилишга имкон берган бошқа бир мисолни кўриб чиқайлик. У Иброҳим билан Садўм шаҳрига тааллуқли масалани муҳокама қилади. Бу вазиятда Яҳова, Иброҳим Унга бир неча савол беришига йўл қўяди. Шу йўсин, Аллоҳ қанчалик сабр-тоқатли эканини намоён қилади. Иброҳим Худога нолаю илтижо қилиб шундай деган: «Асло, солиҳни ёвуз билан бирга қириб ташлама! Солиҳ билан ёвузнинг қисматини баробар тутиш ҳеч ҳам Сенга муносиб иш эмас. Сен бутун ернинг Ҳокимисан, шак-шубҳасизки, Сен адолат билан ҳукм қиласан» (Ибт. 18:22–33).
18. Тангри Яҳова Иброҳим билан қурган суҳбатидан қандай ўрнак оляпмиз?
18 Ушбу воқеадан Яҳованинг фикрлаш тарзи борасида нимани ўрганяпмиз? Яҳова Таоло, тўғри қарор чиқариш учун Иброҳимнинг маслаҳатига муҳтож эдими? Йўқ. Тўғри, Яҳова нима асосида қарор чиқарганининг сабабларини келтириши мумкин эди. Бироқ, Яҳова саволлар орқали Иброҳим Унинг қарори ва фикрлаш тарзини тушунишига ҳамда уни қабул қилишига вақт берди. Бу билан Иброҳим, Яҳова нақадар раҳм-шафқатли ва адолатли Худо эканини тушуниб етди. Ҳа, Яҳова Таоло Иброҳимни дўст деб билган (Ишаё 41:8; Ёқб. 2:23).
Биз учун сабоқлар
19. Аюб пайғамбарга қандай тақлид қилишимиз мумкин?
19 Хўш, Яҳованинг фикри ҳақида нимани ўрганиб олдик? Айнан Муқаддас Китоб ёрдамида Яҳованинг фикрини тушуна оламиз. Биз ҳеч қачон Яҳовани шахсий нуқтаи назаримиз ҳамда дунё қарашимиз билан ҳукм қилмаслигимиз керак. Зеро Аюб пайғамбар ҳам, осий бандалар Худо билан баҳслашиши мумкин эмаслиги ҳақида айтган эди (Аюб 9:32). Биз ҳам Яҳованинг фикрини тушунишни бошлаганимизда, Аюб каби Уни олқишлашни истаймиз. Лекин, бу ҳали ҳаммаси эмас (Аюб 26:14).
20. Муқаддас Китобни ўқиётганда, бирон нарсани тушунмасак нима қилишимиз керак?
20 Муқаддас Китобни ўқиётиб, бирон нарсани, айниқса Яҳованинг фикрини тушунмасак-чи? Ҳатто изланиш олиб боргандан кейин аниқ бир жавобни топа олмасак, бу вазиятда Яҳовага бўлган умидимиз синалади. Унутмангки, айнан шу дамларда Яҳованинг фазилатларига бўлган имонимизни намоён этишга имкон пайдо бўлади. Шундай экан, келинг, Худонинг ишларини охиригача англаб етмаслигимизни камтарлик ила тан олайлик (Воиз 11:5). Ҳаворий Павлус каби биз ҳам шундай дейишимиз мумкин: «Оҳ, Худонинг саховату ҳикмати ҳамда билимининг чуқурлигини қаранг! Унинг ҳукмларига кимнинг ақли етар, йўлларини ким текшириб чиқар экан? “Худонинг ақлини ким билган экан? Унинг маслаҳатчиси ким бўлган экан?” “Ким Худога бир нарса бермишки, Худо унга қайтариб берсин?” Бутун борлиқ Ундан чиқиб, У орқали бордир ва Унга қаратилгандир. Унга абадий шон-шарафлар бўлсин! Омин» (Рим. 11:33–36).
[Изоҳлар]
a Аюб 42:3, 6, ЯДТ: «Сен: “Ниятимни билмай туриб, унга соя солган ким экан?” — деб сўраган эдинг. Ҳа, мен тушунмай гапирган эдим. Шундай ажойиб ишлар тўғрисида, билмай гапирибман-а. Айтган сўзларимдан пушаймонман. Чанг ва кулга сурканиб тавба-тазарру қиляпман».
b Саҳрода 14:11–20 да ҳам шунга ўхшаш воқеа учрайди.
c Баъзи илоҳиётшуносларнинг фикрича, Чиқиш 32:10 даги «овора бўлма» деган ибронийча ибора, таклиф сифатида янграган. Яъни Эгамиз, Ўзи ва халқи ўртасида воситачи бўлиш имкониятини Мусога берган (Заб. 105:23; Ҳиз. 22:30). Ҳа, бу ибора Мусо Тангри Яҳовага ҳис-туйғуларини бемалол айта олганини кўрсатяпти.
Марҳамат жавоб беринг
• Яҳовани инсоний нуқтаи назар билан ҳукм қилмасликка нима ёрдам беради?
• Исонинг ишлари ҳақида мулоҳаза юритиш, қандай қилиб Яҳова билан яқинлашишга кўмаклашади?
• Яҳованинг Мусо ва Иброҳим билан бўлган муносабатларидан нимани ўрганяпмиз?
[5- саҳифадаги расмлар]
Тангри Яҳованинг Мусо ва Иброҳим билан бўлган муносабатларидан қандай сабоқ олишимиз мумкин?