СУВГА ЧЎМИШНИ ИСТОВЧИЛАР УЧУН САВОЛЛАР
1- қисм. Таълимотлар
Сиз Яҳованинг Шоҳидлари билан Муқаддас Китобни тадқиқ қилиб ҳақиқатни билиб олдингиз. Шубҳасизки, олган билимларингиз ёрдамида Худо билан яхши муносабатларга ва Унинг Шоҳлиги бошқаруви остида ер юзидаги жаннатда абадий баракалардан баҳраманд бўлиш умидига эга бўлдингиз. Аллоҳнинг Каломига бўлган имонингиз мустаҳкамланди ва масиҳийлар жамоати билан яқин мулоқот қилганингиз туфайли кўп қут-баракаларни ҳис этяпсиз. Ҳозир Яҳова Ўз халқига қандай муомала қилаётганини яққол кўриб турибсиз. (Закр. 8:23)
Сувга чўмишга тайёрланаётиб, жамоат оқсоқоллари билан асосий таълимотларни муҳокама қилиш сиз учун фойдали бўлади. (Иброн. 6:1–3) Илоҳим Яҳова, Уни таниб билиш йўлидаги ҳаракатларингизга барака берсин ва Ўзи ваъда қилган мукофотни сизга ато этсин! (Юҳан. 17:3)
1. Нима учун сувга чўммоқчисиз?
2. Яҳова ким?
• «Яҳова еру осмондаги ҳақ Тангри... Ундан бошқа Худо йўқ». (Қонун. 4:39)
• «Халқлар исминг Яҳова эканини, замин узра ёлғиз Сен Аллоҳ Таоло эканингни билиб олсин». (Заб. 83:18)
3. Нега Худонинг шахсий исмини қўллаш сиз учун муҳим?
• «Сизлар эса шундай ибодат қилинглар: “Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин”». (Мат. 6:9)
• «Яҳованинг исмини айтиб чақирган ҳар бир одам қутқарилади». (Рим. 10:13)
4. Муқаддас Китобда Яҳовани тавсифлаш учун қандай атамалар ишлатилган?
• «Ердаги бор нарсанинг Яратувчиси Яҳова абадият Худосидир». (Ишаё 40:28)
• «Осмондаги Отамиз». (Мат. 6:9)
• «Аллоҳнинг Ўзи севгидир». (1 Юҳан. 4:8)
5. Тангри Яҳовага нима бера оласиз?
• «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз, бутун онгингиз ва бутун қувватингиз билан севинг». (Марк 12:30)
• «Аллоҳинг Яҳовага сажда қил, биргина Унга муқаддас хизматни адо эт». (Луқо 4:8)
6. Нима учун Яҳовага садоқатли бўлишни истайсиз?
• «Ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, токи Мени мазах қилувчига жавоб бера олайин». (Ҳик. 27:11)
7. Кимга ибодат қиласиз ва кимнинг номидан ибодат қиласиз?
• «Ишонаверинг, Отамдан менинг [Исонинг] номимдан нимаики сўрасангиз, У сизларга беради». (Юҳан. 16:23)
8. Нималар ҳақида ибодат қилишингиз мумкин?
• «Сизлар эса шундай ибодат қилинглар: “Осмондаги Отамиз, исминг муқаддас бўлсин. Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин. Бугунги ризқ-рўзимизни бер. Бизга қарши гуноҳ қилганларни биз кечиргандек, Сен ҳам бизнинг гуноҳларимизни кечир. Васвасага берилиб кетишимизга йўл қўйма, Шайтондан халос эт». (Мат. 6:9–13)
• «Биз шунда аминмизки, Аллоҳга мурожаат қилиб Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади». (1 Юҳан. 5:14)
9. Яҳова кишининг ибодатини эшитмаслигига нималар сабаб бўлиши мумкин?
• «Яҳовадан ёрдам сўрайсиз, бироқ Ундан жавоб олмайсиз. Ёвуз ишлар қилганингиз учун, Худо сизлардан юзини яширади». (Михо 3:4)
• «Яҳованинг кўзлари одил кишиларни кўради, қулоқлари уларнинг илтижосини эшитади. Бироқ ёмонлик қилувчилардан Яҳова юз ўгиради». (1 Бутр. 3:12)
10. Исо Масиҳ ким?
• «Симун Бутрус жавоб бериб: “Сиз барҳаёт Худонинг Ўғли — Масиҳсиз”,— деди».(Мат. 16:16)
11. Исо ер юзига нима учун келган?
• «Инсон Ўғли ҳам ўзига хизмат қилдиришга эмас, аксинча хизмат қилгани ва кўплар учун жонини тўлов сифатида бергани келган». (Мат. 20:28)
• «Худонинг Шоҳлиги тўғрисидаги хушхабарни мен [Исо] бошқа шаҳарларда ҳам ваъз қилишим керак. Ахир мен шунинг учун юборилганман». (Луқо 4:43)
12. Исонинг қурбонлиги учун миннатдорлигингизни қандай кўрсата оласиз?
• «У ҳаммани деб ўлди, токи тирик бўлганлар энди ўзлари учун эмас, балки уларни деб ўлиб қайта тирилган киши учун яшасинлар». (2 Кор. 5:15)
13. Исо қандай ҳокимиятга эга?
• «Аллоҳ менга еру осмондаги бутун ҳокимиятни топширди». (Мат. 28:18)
• «Аллоҳ уни янада юксалтириб, ҳар қандай исмдан юқори исмни унга ато этди». (Филип. 2:9)
14. Яҳова Шоҳидларининг Етакчи кенгаши Исо томонидан тайинланган «ишончли ва ақлли хизматкор» эканига ишонасизми?
• «Уйидагиларга ризқ-рўзни вақтида бериб туриш учун хўжайин улар устидан тайинлаган ишончли ва ақлли хизматкор ким?» (Мат. 24:45)
15. Муқаддас руҳ шахсми?
• «Фаришта унга жавоб бериб, деди: «Муқаддас руҳ устингга тушиб келади ва Аллоҳ Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу сабабли, сендан туғиладиган болани муқаддас, Худонинг Ўғли деб аташади». (Луқо 1:35)
• «Шундай экан, агар сизлар гуноҳкор бўла туриб болаларингизга яхши ҳадяларни беришни билар экансиз, самовий Отангиз ҳам Ундан сўраганларга муқаддас руҳни бериши муқаррар!» (Луқо 11:13)
16. Яҳова муқаддас руҳидан қай йўсин фойдаланган?
• «Самолар Яҳованинг сўзидан, улардаги ҳар бир нарса оғзидан чиққан нафасидан вужудга келган». (Заб. 33:6)
• «Устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб,.. ернинг четларига қадар менинг шоҳидларим бўласизлар». (Ҳавор. 1:8)
• «Муқаддас Ёзувлардаги ҳеч бир башорат бирор кимсанинг фикрига асосланмаганини яхши биласизлар. Чунки башорат ҳеч қачон инсоннинг хоҳиши бўйича айтилмаган. Аксинча, одамлар муқаддас руҳ бошқаруви билан Аллоҳнинг фикрларини гапиришган». (2 Бутр. 1:20, 21)
17. Худонинг Шоҳлиги нима?
• «Самодаги Худо асло яксон қилинмайдиган шоҳлик ўрнатади. Бу шоҳлик бошқа халқларнинг қўлига берилмайди. У барча бу шоҳликларни йўқ қилиб, ўзи абадий туради». (Дон. 2:44)
18. Худонинг Шоҳлиги сизга қандай фойда келтиради?
• «Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди. Зеро аввалгилар ўтиб кетди». (Ваҳ. 21:4)
19. Шоҳлик тез орада баракалар келтиришини қаердан биласиз?
• «Исо Зайтун тоғида ўтирганида, шогирдлари ёнига келиб савол беришди: “Бизга айтинг-чи, бу воқеалар қачон юз беради? Сизнинг ҳозир бўлишингизни ва замон охирлаб бораётганини қайси белгидан билиб оламиз?” Исо уларга шундай жавоб берди: “[...] Халқ халққа қарши, подшоҳлик подшоҳликка қарши кўтарилади. Бир жойда, кейин бошқа жойда озиқ-овқат етишмовчилиги ва зилзилалар бўлади. [...] Шоҳлик ҳақидаги хушхабар ҳамма халқларга шаҳодат берилиши учун бутун дунё бўйлаб ваъз қилинади. Ана ўшандагина охират бўлади”». (Мат. 24:3, 4, 7, 14)
• «Охирзамонда ниҳоятда оғир вақтлар келади. Сабаби, ўша пайтда одамлар ўзини севадиган, пулпараст, мақтанчоқ, кеккайган, куфр сўзларини айтувчи, ота-онага итоатсиз, ношукур, садоқатсиз, меҳрсиз, муросасиз, туҳматчи, ўзини тута билмайдиган, шафқатсиз, яхшиликдан нафратланадиган, сотқин, ўзбошимча, мағрур, Аллоҳни эмас, айш-ишратни севадиган бўладилар. Ўзларини художўй қилиб кўрсатишади-ю, амалда эса бунга риоя қилишмайди». (2 Тим. 3:1–5)
20. Шоҳлик сиз учун муҳим эканини қандай кўрсатасиз?
• «Худонинг Шоҳлиги ва Унинг адолати ҳаётингизда ҳамиша биринчи ўринда бўлсин». (Мат. 6:33)
• «Исо шогирдларига қуйидагича деди: “Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини кўтариб, менга эргашиб юрсин”». (Мат. 16:24)
21. Шайтон ва жинлар қандай шахслар?
• «Сизларнинг отангиз Иблис... У бошиданоқ қотил эди». (Юҳан. 8:44)
• «Бутун ер юзини йўлдан оздириб юрган буюк аждаҳо, Иблис ва Шайтон деб аталган алмисоқ илон ўз фаришталари билан бирга ер юзига отилди». (Ваҳ. 12:9)
22. Шайтон Яҳовани ҳамда Унга топинувчиларни нимада айблаган?
• «Бунга жавобан аёл илонга деди: “Боғдаги дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин. Лекин Худо боғнинг ўртасидаги дарахтнинг меваси ҳақида: “Ундан еманглар, унга тегманглар. Акс ҳолда, ўласизлар”,— деб айтган”. Илон аёлга: “Асло ўлмайсизлар. Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилади ва сизлар Худо каби нима яхши ва нима ёмон эканини биладиган бўласизлар”,— деди». (Ибт. 3:2–5)
• «Шайтон эса Яҳовага: “Одам ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун бировнинг ҳаётини ҳам аямайди! Инсон ўз жонини сақлаш учун бор нарсасини беради. [...]”,— деб жавоб берди». (Аюб 2:4, 5)
23. Шайтоннинг айбловлари ёлғон эканини сиз қандай исботлай оласиз?
• «[Худога] бутун қалб билан... хизмат қил». (1 Сол. 28:9)
• «Токи ҳаёт эканман, бенуқсонлигимдан воз кечмайман!» (Аюб 27:5)
24. Одамлар нега ўлади?
• «Битта одам дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳ орқали эса ўлим. Шу тариқа ўлим барча инсонларга ўтди, демак уларнинг барчаси гуноҳ қилган». (Рим. 5:12)
25. Ўлганлар қандай ҳолатда бўлади?
• «Тириклар ўлишини билади, ўлганлар эса ҳеч нарсани билмайди». (Воиз 9:5)
26. Ўлганлар учун қандай умид бор?
• «Адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилишига ишонаман». (Ҳавор. 24:15)
27. Исо билан бошқариш учун қанча одам осмонга кўтарилади?
• «Сион тоғида Қўзи турганини кўрдим. У билан бирга пешоналарида Қўзининг ҳамда Отасининг исми ёзилган 144 000 киши бор эди». (Ваҳ. 14:1)