Иловалар
1. ПРИНЦИПЛАР
Худонинг қонунлари Унинг принципларига асосланади. Ушбу принциплар Муқаддас Китобда топишимиз мумкин бўлган асосий ҳақиқатлардир. Улар Худо муайян нарсалар ҳақида қандай фикрда эканини ва нималарни ҳис қилишини тушунишимизга ёрдам беради. Принципларни қўллаб ҳаётда тўғри қарорлар чиқаришимиз ва яхши ишлар қилишимиз мумкин. Айниқса, муайян вазият ҳақида Худо аниқ қонун бермаган бўлса, принциплар ёрдамга келади.
2. ИТОАТКОРЛИК
Яҳовага итоаткор бўлиш тайёрлик ила Унинг айтганларини қилишни англатади. Яҳова Уни севганимиз учун Унга қулоқ солишимизни истайди. (1 Юҳанно 5:3) Агар Аллоҳни севсак ва Унга ишонсак, ҳар қандай вазиятда Унинг маслаҳатларига қулоқ соламиз. Ҳатто бизга жуда қийин бўлганида ҳам Унга итоат этамиз. Яҳовага итоат этиш бизга фойда келтиради. Чунки У ҳозирнинг ўзида қандай қилиб яхши ҳаёт кечиришимиз мумкинлигини ўргатяпти ҳамда келажакда кўплаб баракалардан баҳраманд бўлишимизни ваъда қиляпти. (Ишаё 48:17)
3. ИРОДА ЭРКИНЛИГИ
Яҳова ҳар бир инсонга ирода эркинлигини, яъни танлов қилиш қобилиятини берган. У бизни роботларга ўхшатиб яратмаган. (Қонунлар 30:19; Ёшуа 24:15) Биз эркинлигимиздан фойдаланиб тўғри танлов қилишимиз мумкин. Бироқ эҳтиёт бўлмасак, нотўғри қарорлар чиқаришимиз ҳеч гап эмас. Ирода эркинлигимиз бор экан, Яҳовага садоқатли бўлиш-бўлмасликни ва Унга севгимизни исботлаш-исботламасликни шахсан ўзимиз ҳал қиламиз.
4. АХЛОҚИЙ МЕЪЁРЛАР
Яҳова хулқ-атворимиз ва ишларимизга тегишли ахлоқий меъёрларни, яъни йўл-йўриқларни берган. Улар Муқаддас Китобда ёзилган. Бу китобдан яна шуни билиб оляпмизки, ушбу меъёрларга амал қилиб Яҳовани мамнун этамиз ва ўзимиз учун фойда оламиз. (Ҳикматлар 6:16–19; 1 Коринфликларга 6:9–11) Бу йўл-йўриқлар ёрдамида Худо нимани тўғри, нимани нотўғри деб ҳисоблашини билиб олишимиз мумкин. Шунингдек, улар туфайли қандай қилиб севгини намоён этиш, тўғри қарорлар чиқариш ва бошқаларга меҳрибон бўлишни ўрганамиз. Бу дунёнинг ахлоқий меъёрлари пасайиб бораётган бўлса-да, Яҳованинг меъёрлари ўзгармайди. (Қонунлар 32:4–6; Малаки 3:6) Уларга амал қилиш бизни кўпгина жисмоний ва ҳиссий зарардан асрайди.
5. ВИЖДОН
Виждонимиз ички туйғу бўлиб, нима яхши ва нима ёмон эканини ажратишга ёрдам беради. Яҳова ҳар биримизга виждон ато этган. (Римликларга 2:14, 15) Виждонимиз вазифасини тўғри бажариши учун уни Яҳованинг ахлоқий меъёрлари асосида тарбиялашимиз керак. Шунда у Яҳовага маъқул қарорлар чиқаришимизга кўмаклашади. (1 Бутрус 3:16) Агар нотўғри иш қилиш арафасида бўлсак, виждонимиз бизни огоҳлантиради ёки хато иш қилиб қўйган бўлсак, у бизни қийнайди. Виждонимиз заифлашиши мумкин, бироқ Яҳованинг ёрдами билан биз уни яна мустаҳкамлай оламиз. Виждонимиз тоза бўлса, хотиржамликни ҳис қиламиз ва ўзимизга бўлган ҳурматимиз ошади.
6. ХУДОДАН ҚЎРҚИШ
Худодан қўрқиш Уни севишни ва чуқур ҳурмат қилишни англатади. Бу эса Уни ранжитадиган ҳар қандай ишдан қочишга ундайди. Худодан қўрқиш яхши ишларни қилишга ва ёмон ишларни рад этишга ёрдам беради. (Забур 111:10) Бу туйғу Яҳованинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглашга ундайди. Қолаверса, Худодан қўрқсак Унга берган барча ваъдаларимизни бажарамиз. Бу фикрлаш тарзимизга, бошқаларга қандай муносабатда бўлишимизга ва кундалик қарорларимизга таъсир қилади.
7. ТАВБА
Тавба инсон қилиб қўйган бирорта ёмон ишидан қаттиқ пушаймон бўлишини англатади. Худони севадиган киши Унинг меъёрларини бузиб, ёмон иш қилганини англаганида бундан жуда афсусланади. Қандайдир нотўғри ишга қўл урсак, Яҳова бизни Исонинг тўлов қурбонлиги асосида кечиришини сўраб ёлворишимиз керак. (Матто 26:28; 1 Юҳанно 2:1, 2) Агар чин дилдан пушаймон бўлиб ёмон ишимизни бас қилсак, Яҳова бизни кечиришига амин бўлишимиз мумкин. Ўтмишда қилган гуноҳларимиз учун ўзимизни айбдор ҳис қилишимизга ҳожат йўқ. (Забур 103:10–14; 1 Юҳанно 1:9; 3:19–22) Бор кучимизни солиб хатоларимиздан сабоқ чиқаришга, ҳар қандай нотўғри фикримизни ўзгартиришга ва Яҳованинг меъёрлари бўйича яшашга интилишимиз лозим.
8. ЖАМОАТДАН ЧЕТЛАТИЛИШ
Агар кимдир жиддий гуноҳга қўл уриб тавба қилмаса ва Яҳованинг меъёрларига амал қилишдан бош тортса, у ортиқ жамоат аъзоси бўла олмайди. Бу одам жамоатдан четлатилиши керак. Кимдир жамоатдан четлатилса, биз у билан барча алоқаларни узамиз ва гаплашмаймиз. (1 Коринфликларга 5:11; 2 Юҳанно 9–11) Жамоатдан четлатилиш тадбири Яҳованинг исмига доғ тушишидан асрайди ва жамоатни ҳимоя қилади. (1 Коринфликларга 5:6) Қолаверса, ушбу чора инсоннинг тавба қилишига ва Яҳованинг олдига қайтишига кўмаклашади. (Луқо 15:17)
9. ЙЎЛ-ЙЎРИҚ ВА МАСЛАҲАТ
Яҳова бизни севади ва ёрдам беришни истайди. Шу боис У бизга Муқаддас Китоб ҳамда Уни севадиган инсонлар орқали йўл-йўриқ ва маслаҳат беради. Номукаммал инсонлар сифатида биз бундай ёрдамга ниҳоятда муҳтожмиз. (Еремиё 17:9) Агар Яҳова бизга йўл-йўриқ бериш учун тайинлаган инсонларни ҳурмат ила тингласак, Уни ҳурмат қилишимизни ва Унга итоаткор эканимизни кўрсатамиз. (Ибронийларга 13:7)
10. МАҒРУРЛИК ВА КАМТАРЛИК
Номукаммал бўлганимиз учун худбин ва мағрур бўлишга мойилмиз. Бироқ Яҳова биздан камтар бўлишимизни кутади. Кўпинча ўзимизни Яҳова билан солиштириб, қанчалик митти эканимизни тушунганимизда, камтарликни ривожлантира бошлаймиз. (Аюб 38:1–4) Камтар бўлишни истасак, бошқалар ҳақида кўпроқ ўйлашни ва ўзимизнинг эмас, уларнинг манфаатини кўзлашни ўрганишимиз лозим. Мағрур инсон кўпинча ўзини бошқалардан яхшироқ деб ўйлайди. Камтар инсон эса ўзига ростгўйлик ила баҳо беради, шунингдек, ҳам кучли, ҳам заиф томонларини кўра олади. У хатоларини тан олишдан, кечирим сўрашдан ҳамда таклифу маслаҳатларни қабул қилишдан қўрқмайди. Камтар инсон Яҳовага таянади ва Унинг йўл-йўриқларига амал қилади. (1 Бутрус 5:5)
11. ҲОКИМИЯТ
Ҳокимият буйруқ бериш ва қарорлар чиқариш ҳуқуқига эга бўлиш демакдир. Яҳова осмону ерда энг олий ҳокимиятга эга. У бутун борлиқни яратгани учун коинотдаги энг қудратли Шахсдир. У доим Ўз ҳокимиятини бошқаларга фойда келтириш мақсадида қўллайди. Яҳова айрим инсонларга бизга ғамхўрлик қилиш масъулиятини топширган. Масалан, ота-оналар, жамоат оқсоқоллари ва ҳукуматлар муайян ҳокимиятга эга ва Яҳова улар билан ҳамкорлик қилишимизни истайди. (Римликларга 13:1–5; 1 Тимўтийга 5:17) Аммо одамларнинг қонунлари Худонинг қонунларига зид бўлса, биз одамларга эмас, Худога қулоқ соламиз. (Ҳаворийлар 5:29) Яҳова тайинлаган инсонларнинг ҳокимиятини тан олсак, Унинг қарорларини ҳурмат қилаётганимизни кўрсатамиз.
12. ОҚСОҚОЛЛАР
Яҳова тажрибали биродарлар бўлмиш оқсоқолларни жамоатга ғамхўрлик қилиш учун тайинлаган. (Қонунлар 1:13; Ҳаворийлар 20:28) Ушбу кишилар Яҳова билан муносабатларимизни мустаҳкам сақлашимизга ёрдам беришади. Улар жамоатда тинчлик ва тартиб-интизом сақланишини назорат қилишади. (1 Коринфликларга 14:33, 40) Оқсоқоллар муқаддас руҳ томонидан тайинланиши учун Муқаддас Китобдаги муайян талабларга мос келиши керак. (1 Тимўтийга 3:1–7; Титусга 1:5–9; 1 Бутрус 5:2, 3) Аллоҳнинг ташкилотига ишонганимиз ва уни қўллаб-қувватлаганимиз боис, хурсандчилик ила оқсоқоллар билан ҳамкорлик қиламиз. (Забур 138:6; Ибронийларга 13:17)
13. ОИЛА БОШИ
Яҳова ота-оналарга фарзандлари ва хонадонидагиларга ғамхўрлик қилиш масъулиятини топширган. Аммо Муқаддас Китобда тушунтирилишича, эр оила боши ҳисобланади. Агар оилада ота бўлмаса, оила бошининг вазифасини она бажаради. Оила бошининг масъулиятига уйидагиларни озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошпана билан таъминлаш киради. Оила боши оиласи Яҳовага топинишига кўмаклашиши ўта муҳим. Масалан, у уйидагилари жамоат учрашувларига мунтазам қатнашига, ваъзгўйликда иштирок этишига ва биргаликда Муқаддас Китобни ўрганишига ғамхўрлик қилиши лозим. Қолаверса, оилада сўнгги қарорни оила боши чиқаради. У доим Исога тақлид қилиб меҳрибон ва мулоҳазакор бўлишга интилади, асло қўполлик ва қаттиққўллик қилмайди. Бу туфайли оилада ёқимли муҳит ҳукм суради. Шунда оиланинг барча аъзолари ўзини ҳимояланган ҳис қилади ва Яҳова билан муносабатлари янада мустаҳкамланади.
14. ЕТАКЧИ КЕНГАШ
Етакчи кенгаш самода яшаш умидига эга бўлган эркаклардан иборат ва Худо улар орқали Ўз халқининг фаолиятини бошқаряпти. Биринчи асрда Яҳова етакчи кенгаш орқали илк масиҳийлар жамоатига топиниш борасида ҳамда ваъзгўйлик ишида йўл-йўриқ берган. (Ҳаворийлар 15:2) Бугунги кунда Етакчи кенгаш аъзолари сифатида хизмат қилаётган биродарлар гуруҳи бошчиликни ўз зиммасига олиб, Худонинг халқига йўл-йўриқ беряпти ва уни ҳимоя қиляпти. Қарорлар чиқараётиб ушбу биродарлар Худонинг Каломига ва Унинг муқаддас руҳига таянишади. Исо мойланганларнинг ушбу гуруҳини «ишончли ва ақлли хизматкор» деб атаган. (Матто 24:45–47)
15. БОШНИ ЁПИШ
Опа-сингилларимиздан одатда жамоатда биродар бажарадиган бирорта вазифани бажаришни сўрашлари мумкин. Бу ишни қилаётганда бошини ёпиш орқали опа ёки синглимиз Яҳованинг тадбирига ҳурмат кўрсатади. Бироқ фақатгина муайян вазиятларда ундан бошини ёпиш талаб этилади. Масалан, агар у эри ёки сувга чўмган биродарнинг олдида Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказса бошини ёпиши лозим. (1 Коринфликларга 11:11–15)
16. БЕТАРАФЛИК
Бетарафликни сақласак, сиёсатга оид масалаларга умуман аралашмаймиз. (Юҳанно 17:16) Яҳованинг халқи Унинг Шоҳлигини қўллаб-қувватлайди. Биз Исо сингари дунёнинг ишларига нисбатан бетарафликни сақлаймиз.
Яҳова бизга «ҳукумату ҳокимиятларга итоат қилишни» буюрган. (Титусга 3:1, 2; Римликларга 13:1–7) Аммо Худонинг қонунида, шунингдек, одам ўлдирмаслигимиз кераклиги ҳақида айтилган. Шу сабабли масиҳийнинг виждони ўз хоҳиши билан ҳарбий хизматга ҳамда урушга боришга йўл қўймайди. Агар масиҳийда ҳарбий хизматнинг ўрнига муқобил хизматда, яъни ҳарбий хизматга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ишда қатнашиш имкони бўлса, у виждонига қараб қарор қабул қилиши керак.
Биз фақат Яҳовага топинамиз, чунки У Яратувчимиздир. Гарчи давлат рамзларини ҳурмат қилсак-да, байроқни шарафламаймиз ҳамда давлат мадҳиясини куйламаймиз. (Ишаё 43:11; Дониёр 3:1–30; 1 Коринфликларга 10:14) Шунингдек, Яҳованинг хизматчилари ҳеч қандай сиёсий партияга ёки номзодга овоз бермасликка шахсан қарор қилади. Чунки биз аллақачон Худо ҳукуматининг томонини эгаллаганмиз. (Матто 22:21; Юҳанно 15:19; 18:36)
17. ДУНЁНИНГ РУҲИ
Дунё Шайтоннинг фикрлаш тарзини олға суради. Бундай фикрлаш тарзи Яҳовани севмайдиган, Унга тақлид қилмайдиган ҳамда Унинг меъёрларини писанд қилмайдиган инсонларга хосдир. (1 Юҳанно 5:19) Бундай фикрлаш тарзи ҳамда хулқ-атвор дунёнинг руҳи деб тасвирланган. (Эфесликларга 2:2) Яҳованинг халқи бу руҳга қарши туришга ҳаракат қилади. (Эфесликларга 6:10–18) Қолаверса, биз Яҳованинг қонун-қоидаларини яхши кўрамиз ва Унинг фикрлаш тарзини акс эттиришга жон куйдирамиз.
18. МУРТАДЛИК
Муртадлик Муқаддас Китобдаги ҳақиқатга қарши чиқиш дегани. Муртадлар Яҳовага ҳамда Худо Шоҳлигининг Шоҳи Исога қарши исён кўтариб, бошқаларни ҳам уларга эргашишга ундайди. (Римликларга 1:25) Улар Яҳовага топинаётган инсонлар онгида шубҳа уйғотишга интилади. Илк масиҳийлар жамоатида баъзилар муртадларга айланган. Бизнинг пайтимизда ҳам бундайлар бор. (2 Салоникаликларга 2:3) Яҳовага садоқатли бўлган кишилар муртадлар билан ҳеч қандай алоқа қилмайди. Қизиқувчанлигимиз ҳамда бошқаларнинг босими дастидан муртадларнинг ғояларини асло ўқимаймиз ёки тингламаймиз. Биз Яҳовага садоқатли қолиб, фақат Унга топинамиз.
19. ГУНОҲНИ ЮВИШ
Мусонинг Таврот китобига кўра, Исроил халқи Яҳовадан гуноҳларини кечиришини сўраган. Улар маъбадга ҳайвонларни қурбонлик, дон ва мойни назр сифатида келтиришган. Буларнинг бари исроилликларга Яҳова уларнинг гуноҳларини халқ ҳамда алоҳида шахс сифатида кечиришга тайёр эканини эслатиб турган. Кейинчалик Исо гуноҳларимизни ювиш учун ўз жонини фидо қилди. Шу сабабли бундай қурбонликлар келтиришнинг ҳожати қолмади. Исо «биратўла» мукаммал қурбонлик келтирди. (Ибронийларга 10:1, 4, 10)
20. ҲАЙВОНЛАРНИНГ ҲАЁТИГА ҲУРМАТ КЎРСАТИШ
Мусонинг Таврот китобига кўра, одамларга ҳайвонларнинг гўштини ейиш рухсат берилган эди. Шунингдек, уларга ҳайвонларни қурбонликка келтириш буюрилганди. (Левилар 1:5, 6) Аммо Яҳова халқи ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишига асло изн бермаганди. (Ҳикматлар 12:10) Ҳа, Тавротда ҳайвонларни шафқатсизликдан ҳимоя қилувчи қонун-қоидалар бўлган. Исроилликларга қарамоғидаги ҳайвонларни яхши боқиш амр этилганди. (Қонунлар 22:6, 7)
21. ҚОННИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИДАН ОЛИНГАН МАЙДА МОДДАЛАР ВА ТИББИЙ МУОЛАЖАЛАР
Қон тўртта таркибий қисмдан — қизил қон таначалари (эритроцитлар), оқ қон таначалари (лейкоцитлар), қон пластинкалари (тромбоцитлар) ва плазмадан иборат. Қоннинг ушбу тўртта таркибий қисмларидан майда моддалар олинадиa
Масиҳийлар қонни ҳамда унинг тўртта таркибий қисмларини қуйишдан воз кечишади. Аммо майда моддалар ҳақида нима десак бўлади? Муқаддас Китобда бу борада батафсил маълумот тақдим этилмаган. Шу сабабли ҳар бир масиҳий Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждони бўйича йўл тутиши лозим.
Айрим масиҳийлар майда моддалардан умуман воз кечишади. Улар Худонинг қонни ерга тўкиш ҳақидаги исроилликларга берган амрига асосланиб шундай фикрга келишлари мумкин. (Қонунлар 12:22–24)
Қолганлар эса бошқача танлов қилиши мумкин. Уларнинг виждони муайян майда моддаларни қабул қилишга йўл қўяди. Эҳтимол, бундай кишилар майда моддалар қони олинган тирик жоннинг ҳаётини тасвирламайди деб ҳисоблашади.
Қоннинг таркибий қисмларидан олинган майда моддалар борасида қарор чиқараётиб, ўзингизга қуйидаги саволларни беринг:
Майда моддаларнинг барчасидан воз кечаётганим билан касалликларга қарши курашиш ёки қон кетишини тўхтатиш учун мўлжалланган баъзи дори-дармонлардан ҳам воз кечаётганимни тушуняпманми?
Майда моддаларнинг униси ё бунисига нега рози бўлганим ёки бўлмаганимни шифокорга тушунтириб бера оламанми?
Тиббий муолажалар. Масиҳий эканмиз, биз қон бермаймиз ва жарроҳлик амалиётидан олдин қонимиз олиниб сақланишига рози бўлмаймиз. Аммо баъзи муолажалар пайтида беморнинг ўз қонидан фойдаланишади. Ҳар бир масиҳий жарроҳлик амалиёти, қон таҳлили ёки бошқа тиббий муолажалар пайтида ўз қонидан қандай фойдаланишни ҳал қилиши керак. Бу каби муолажалар пайтида бемор қонининг муайян миқдори олиниб, вақтинча бошқа жойда сақланади. (Кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2000 йил, 15 октябрь сони (рус) 30–31-саҳифаларига қаранг.).
Мисол учун, гемодилюция деб аталган муолажани олайлик. Жарроҳлик амалиётидан олдин бемор қонининг муайян қисми олиниб, қон ҳажмини кўпайтирувчи дори-дармонга алмаштирилади. Сўнг қон жарроҳлик амалиёти пайтида ёки ундан озгина вақт ўтгач қайтадан беморнинг баданига киритилади.
Яна бир муолажа реинфузия деб аталади. Жарроҳлик амалиёти ўтказилаётганда, беморнинг танасидан чиқаётган қон тўпланиб тозаланади-да, жарроҳлик амалиёти пайтида ёки ундан озгина вақт ўтгач бошқатдан баданга киритилади.
Ҳар бир шифокор бу муолажани турлича ўтказиши мумкин. Шунинг учун масиҳий жарроҳлик амалиёти, қон таҳлили ёки бошқа тиббий муолажаларга рози бўлишдан олдин ўз қонидан қандай фойдаланилишини аниқлаб олиши керак.
Сизнинг қонингиздан фойдаланиб ўтказиладиган муолажалар борасида қарор чиқараётиб, ўзингизга қуйидаги саволларни беринг:
Агар танамдан чиққан қон оқими қайсидир вақтга тўхтаб қолса, уни ерга оқизиб юбормасдан танамнинг қисми деб қайтадан киргизилишига виждоним йўл қўядими? (Қонунлар 12:23, 24)
Тиббий муолажа пайтида қоним олиниб ўзгартирилган ҳолда қайта танамга киргизилса, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждоним қийнамайдими?
Ўз қоним билан боғлиқ барча тиббий муолажалардан воз кечаётиб, таҳлил учун қон топшириш, гемодиализ ва сунъий қон айланиши каби усуллардан ҳам воз кечаётганимни тушуняпманми?
Қоннинг тўртта таркибий қисмларидан олинган майда моддалар ҳамда ўз қонимиз билан боғлиқ тиббий муолажалар борасида қарор чиқаришдан олдин Яҳовадан йўл-йўриқ сўраб, сўнг изланиш олиб боришимиз лозим. (Ёқуб 1:5, 6) Шундан кейингина Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонимиз бўйича қарор чиқарамиз. Бошқалардан мабодо улар бизнинг вазиятимизга тушганда нима қилган бўларди деб сўрамаслигимиз керак, шунингдек, атрофдагилар қароримизга таъсир ўтказишига йўл қўймаслигимиз лозим. (Римликларга 14:12; Галатияликларга 6:5)
22. АХЛОҚИЙ ПОКЛИК
Ахлоқий поклик Худонинг назарида хулқ-атворимиз ва ишларимиз пок бўлишини англатади. Бунга, шунингдек, нима ҳақда ўйлаётганимиз, гапираётганимиз ҳамда қилаётган ишларимиз киради. Яҳова бизга жинсий ахлоқсизликнинг ҳар қандай туридан қочишни амр бермоқда. (Ҳикматлар 1:10; 3:1) Ҳатто ёмонлик қилиш васвасасига дуч келишдан олдин Яҳованинг пок меъёрларига риоя этишга қатъий қарор қилишимиз лозим. Онгимизни пок сақлаш учун доим ибодатда Худодан мадад сўрашимиз керак. Шунингдек, ахлоқсизлик қилиш васвасасини қатъият ила рад этишимиз даркор. (1 Коринфликларга 6:9, 10, 18; Эфесликларга 5:5)
23. АХЛОҚСИЗ ХУЛҚ ВА ИФЛОСЛИК
Ахлоқсиз хулққа нутқ ва ишда Худонинг меъёрларини қўпол тарзда бузиш киради. Шунингдек, бундай хулқ беҳаё нуқтаи назарни акс эттиради. Бундай йўл тутадиган инсон Худонинг қонунларини ҳурмат қилмаслигини кўрсатади. Инсон ахлоқсиз хулқни намоён этаётгани маълум бўлса, масалани ҳакамлар қўмитаси кўриб чиқади. Ифлосликка турли гуноҳлар кириши мумкин. Вазиятнинг жиддийлигига қараб, ифлосликка алоқаси бўлган баъзи масалаларни ҳакамлар қўмитаси кўриб чиқади. (Галатияликларга 5:19–21; Эфесликларга 4:19; кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2006 йил, 15 июль сонидаги (рус) «Ўқувчиларнинг саволлари» номли мақолага қаранг.)
24. ОНАНИЗМ (МАСТУРБАЦИЯ)
Яҳова жинсий муносабатларни эр-хотин бир-бирига пок севгисини изҳор қилиши учун яратган. Инсон онанизм билан шуғулланса, яъни шаҳвоний лаззат олиш учун ўзининг жинсий аъзоларини силаса ва уқаласа, унинг ҳаракатлари нопок ҳисобланади. Бундай одат инсоннинг Яҳова билан муносабатларига путур етказади. Ушбу одат бузуқ истакларни қўзғатиб, жинсий муносабатлар ҳақида нотўғри нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. (Колосаликларга 3:5) Бундай одати бор инсон у билан курашиш қанчалик қийин кечмасин, таслим бўлмаслиги керак. (Забур 86:5; 1 Юҳанно 3:20) Агар сиз ҳам шундай вазиятда бўлсангиз, самимий ибодатда Яҳовадан ёрдам сўранг. Нопок фикрларга олиб келадиган нарсалар, масалан, порнографиядан узоқ юринг. Масиҳий ота-онангиз ёки Яҳованинг қонунларини ҳурмат қиладиган етук дўстингиз билан бу ҳақида суҳбатлашинг. (Ҳикматлар 1:8, 9; 1 Салоникаликларга 5:14; Титусга 2:3–5) Яҳова ахлоқий покликни сақлаш учун қилаётган барча ҳаракатларингизни кўриб турганига ва буни жуда қадрлашига ишончингиз комил бўлсин. (Забур 51:17; Ишаё 1:18)
25. КЎП ХОТИНЛИК
Яҳова никоҳни фақатгина бир эркак ва бир аёл ўртасидаги ришта сифатида яратган. Қадимий Исроилда Худо эркакларга бир нечта хотин олишга изн берган бўлса-да, бу Унинг илк ниятига кирмаган. Бугунги кунда Яҳова Унинг халқи орасида кўп хотинлик бўлишига йўл қўймайди. Эркакнинг фақатгина битта хотини ва аёлнинг фақатгина битта эри бўлиши мумкин. (Матто 19:9; 1 Тимўтийга 3:2)
26. АЖРАЛИШ ВА АЛОҲИДА ЯШАШ
Яҳова эр-хотин ҳамиша бирга яшашини ният қилган. (Ибтидо 2:24; Малаки 2:15, 16; Матто 19:3–6; 1 Коринфликларга 7:39) У турмуш ўртоқлардан бири бевафолик қилсагина ажралишга изн берган. Бундай вазиятда Яҳова беайб турмуш ўртоққа ажралиш-ажралмасликни ҳал қилиш ҳуқуқини берган. (Матто 19:9)
Баъзан айрим масиҳийлар турмуш ўртоғи зино қилмаган бўлса-да, алоҳида яшашга қарор қилишади. (1 Коринфликларга 7:11) Қуйидаги вазиятларни баъзи масиҳийлар алоҳида яшаш учун асос деб билади:
Оилани умуман таъминламаслик. Эр оиласини моддий томонлама таъминлашдан бош тортиб, хотини ва болаларини пул ва озиқ-овқатсиз қолдирса. (1 Тимўтийга 5:8)
Шафқатсиз муносабатда бўлиш. Эр ёки хотин турмуш ўртоғи билан шафқатсиз муносабатда бўлиб, унинг соғлиғи ёки ҳаёти хавф остида қолса. (Галатияликларга 5:19–21)
Яҳовага топинишга бутунлай тўсқинлик қилиш. Эр ёки хотин турмуш ўртоғининг Яҳова билан муносабатларига хавф солиб, Унга хизмат қилишига йўл қўймаса. (Ҳаворийлар 5:29)
27. МАҚТАШ ВА ДАЛДА БЕРИШ
Барчамиз бизни мақташлари ва бизга далда беришларига муҳтожмиз. (Ҳикматлар 12:25; 16:24) Ёқимли ва ширин сўзларни айтиб бир-биримизни мустаҳкамлашимиз ва далда беришимиз мумкин. Бундай сўзлар имондошларимизга сабр-бардошли бўлишга ҳамда шиддатли қийинчиликларга қарамай, Яҳовага хизматини давом эттиришга кўмаклашади. (Ҳикматлар 12:18; Филиппиликларга 2:1–4) Агар кимдир қаттиқ тушкунликка тушиб қолса, уни ҳурмат ила тинглашимиз ва туйғуларини тушунишга интилишимиз лозим. Шундай йўл тутиб, унга ёрдам бериш учун нима дейишимиз ёки қилишимиз кераклигини билиб оламиз. (Ёқуб 1:19) Биродару опа-сингилларингиз билан яқинроқ танишишни мақсад қилсангиз, улар аслида нимага муҳтож эканини англайсиз. Шунда улар ҳар қандай тасалли ва далданинг Манбаига мурожаат қилишига ёрдам бера оласиз. Бу туфайли улар чинакам тетикликка эга бўлишади. (2 Коринфликларга 1:3, 4; 1 Салоникаликларга 5:11)
28. НИКОҲ ТЎЙЛАРИ
Муқаддас Китобда никоҳ тўйлари ҳақида алоҳида қонун-қоидалар йўқ. Маҳаллий урф-одатлар ҳамда қонун талаблари жойдан-жойга фарқ қилиши мумкин. (Ибтидо 24:67; Матто 1:24; 25:10; Луқо 14:8) Никоҳ тўйининг энг муҳим қисмларидан бири жуфтлик Яҳованинг олдида берадиган қасамдир. Кўп жуфтликлар оила аъзолари ва яқин дўстлари олдида никоҳ қасамини айтишни ҳамда оқсоқол Муқаддас Китобга асосланган нутқ сўзлашини исташади. Жуфтлик никоҳдан ўтгач базм уюштириш-уюштирмасликни ва у қандай ўтишини ҳал қилиши даркор. (Луқо 14:28; Юҳанно 2:1–11) Жуфтлик базмни режалаштираётиб, у Яҳовага шараф келтирадиган тарзда ўтишига амин бўлиши лозим. (Ибтидо 2:18–24; Матто 19:5, 6) Муқаддас Китобдаги принциплар уларга тўғри қарорлар чиқаришга ёрдам беради. (1 Юҳанно 2:16, 17) Агар жуфтлик дастурхонга спиртли ичимликлар тортилишини истаса, базм тинчлик-осойишталикда ўтишига ғамхўрлик қилиши керак. (Ҳикматлар 20:1; Эфесликларга 5:18) Агар тўйда мусиқа ва ўйинлар бўлса, жуфтлик улар Яҳовага шараф келтиришига амин бўлиши лозим. Масиҳий жуфтлик бутун диққат-эътиборини тўй кунига эмас, балки Яҳова билан ҳамда ўзаро муносабатларига қаратиши даркор. (Ҳикматлар 18:22; кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси» журналининг 2006 йил, 15 октябрь сони (рус) 18–31- саҳифаларига қаранг.)
29. БАЙРАМЛАР БОРАСИДА ДОНО ҚАРОРЛАР ЧИҚАРИШ
Биз Аллоҳнинг Каломига асосланиб тўғри қарорлар чиқаришни истаймиз. Масалан, Яҳованинг Шоҳиди бўлмаган эр ёки хотин масиҳий турмуш ўртоғини дунёвий байрам муносабати билан қариндошлари ўтказаётган ўтиришга таклиф қилиши мумкин. Сиз ҳам шундай вазиятга тушсангиз қандай йўл тутасиз? Виждонингиз у ерга боришга йўл қўйса, турмуш ўртоғингизга мабодо ўтиришда сохта дин билан боғлиқ урф-одатлар ўтказилса, уларда иштирок этмаслигингизни тушунтириб беринг. Шунингдек, ўтиришга борсангиз бошқалар қоқиниш-қоқинмаслиги ҳақида ўйлаб кўринг. (1 Коринфликларга 8:9; 10:23, 24)
Ёки иш бошқарувчи байрам пайтида сизга мукофот пули бериши мумкин. Мукофот пулидан воз кечишингиз керакми? Бундай қилишингиз шарт эмас. Пулни олиш-олмаслигингиз кўп жиҳатдан иш бошқарувчининг ниятига боғлиқ бўлиши мумкин. У мукофот пулини байрамнинг бир қисми деб ҳисоблайдими? Ёки буни шунчаки сизга миннатдорчилик билдириш имкони деб биладими? Мукофот пулини олиш-олмаслик борасида қарор чиқараётиб, бу ва бошқа омиллар ҳақида фикр юритишингиз лозим.
Яна бир вазиятни олайлик. Байрам пайтида кимдир сизга совға бериб, шундай дейиши мумкин: «Сиз бу байрамни нишонламаслигингизни биламан, лекин буни шунчаки мендан совға сифатида қабул қилинг». Эҳтимол, бу одам шунчаки сизга яхшилик қилмоқчидир. Бошқа томондан мана бу ҳақида ўйлаб кўринг: «Бу одам менинг имонимни синамоқчи эмасми ёки мени байрамда иштирок этишга мажбур қилмоқчи эмасми?» Буларни кўриб чиққач, совғани қабул қилиш-қилмасликни ўзингиз ҳал қиласиз. Қайси масала бўйича қарор чиқармайлик, виждонимизни пок сақлашни ва Яҳовага садоқатли бўлиб қолишни истаймиз. (Ҳаворийлар 23:1)
30. БИЗНЕС ВА ҲУҚУҚИЙ МАСАЛАЛАР
Кўп ҳолларда келишмовчиликлар дарҳол ва тинчлик йўли билан ҳал қилинса, улар катта муаммога айланиб кетмайди. (Матто 5:23–26) Барча масиҳийларнинг мақсади Яҳовага шараф келтириш ва жамоатда бирликни сақлаш бўлиши лозим. (Юҳанно 13:34, 35; 1 Коринфликларга 13:4, 5)
Агар масиҳийлар бизнес масаласида ўзаро келишолмай қолса, бир-бирини судга бермасдан муаммони ҳал қилишга интилишлари керак. 1 Коринфликларга 6:1–8 да ҳаворий Павлус масиҳийлар ўзаро даъволашишига оид маслаҳат берган. Биродаримизни судга берсак, бу Яҳованинг ҳамда жамоатнинг обрўйига ёмон таъсир қилиши мумкин. Матто 18:15–17 да масиҳийлар туҳмат ва фирибгарлик каби жиддий айбловларга дуч келганда қўйиши керак бўлган учта қадам санаб ўтилган. 1) Улар аввал масалани ўзаро ҳал қилишга интилиши керак. 2) Агар бунинг фойдаси бўлмаса, улар жамоатнинг битта ёки иккита маънан етук аъзосидан ёрдам сўрашлари мумкин. 3) Шунда ҳам муаммо ҳал бўлмаса, улар масалани оқсоқоллар кенгашига баён этишлари мумкин. Иш шу даражага етса, оқсоқоллар Муқаддас Китоб принципларини қўллаб, бу ишга алоқадор барча кишиларга масалани тинчлик йўли билан ҳал қилишга ёрдам беришади. Борди-ю, бу кишилардан кимдир Муқаддас Китобдаги меъёрларга амал қилишни истамаса, жамоат оқсоқоллари ҳакамлар қўмитасини тузишига тўғри келади.
Шундай вазиятлар бўлиши мумкинки, қонуний зарурат юзасидан судга мурожаат қилишга тўғри келади. Мисол учун, ажралиш, васийлик, алимент, суғурта ундириш, банкрот бўлиш ҳамда васият билан боғлиқ масалаларда. Агар масиҳий шу каби масалаларни давлат қонуни тақдим этаётган чоралар ёрдамида ва иложи борича тинчликни сақлаган ҳолда ҳал қилса, Павлуснинг маслаҳатига зид йўл тутган бўлмайди.
Агар гап жиддий жиноят, масалан, зўрлаш, боланинг номусига тегиш, тажовуз қилиш, катта ўғирлик ёки қотиллик содир этилгани ҳақида кетса ва масиҳий бу ҳақида давлат органларига хабар берса, у Павлуснинг маслаҳатига зид йўл тутган ҳисобланмайди.
31. ШАЙТОННИНГ ТУЗОҚЛАРИ
Адан боғида юз берган воқеадан бери Шайтон одамларни тузоққа туширишга ҳаракат қиляпти. (Ибтидо 3:1–6; Ваҳий 12:9) У биладики, агар фикрлаш тарзимизни бузишга муваффақ бўлса, бизни ёмон ишлар қилишга оғдира олади. (2 Коринфликларга 4:4; Ёқуб 1:14, 15) Шайтон сиёсат, дин, тижорат, ўйин-кулги, олий маълумотли бўлиш ва бошқа кўпгина нарсалар орқали ўз фикрлаш тарзини олға суради ва уни яхши қилиб кўрсатади. (Юҳанно 14:30; 1 Юҳанно 5:19)
Шайтон одамларни тузоққа тушириш учун вақти камлигини билади. Шу боис у бор кучини ишга солиб иложи борича кўпроқ одамларни йўлдан оздиришга ҳаракат қиляпти. У айниқса, Яҳовага хизмат қилаётган кишиларни йўлдан уришни истайди. (Ваҳий 12:12) Эҳтиёт бўлмасак, Иблис аста-секин фикрлаш тарзимизни бузиши мумкин. (1 Коринфликларга 10:12) Мисол учун, Яҳова никоҳ ришталари абадий бўлишини хоҳлайди. (Матто 19:5, 6, 9) Аммо бугунги кунда кўп одамлар никоҳга осонликча бузиш мумкин бўлган вақтинчалик келишувдек қарайди. Шу фикрни аксарият фильмлар ва телекўрсатувлар ҳам олға суради. Бу дунёнинг никоҳ борасидаги нуқтаи назари бизга таъсир қилмаётганига амин бўлишимиз керак.
Шайтоннинг бизни тузоққа тушириш учун қўллайдиган яна бир усули — мустақиллик руҳини сингдириш. (2 Тимўтийга 3:4) Эҳтиёткор бўлмасак, Яҳова тайинлаган масъул кишиларни ҳурмат қилмай қўйишимиз мумкин. Масалан, биродар жамоат оқсоқоллари бераётган йўл-йўриқларни рад эта бошлар. (Ибронийларга 12:5) Ёки опамиз Яҳова оилада ўрнатган бошчилик тартибига қаршилик қилар. (1 Коринфликларга 11:3)
Иблис фикрлаш тарзимизга таъсир қилишига йўл қўймаслигимиз керак. Аксинча, Яҳованинг фикрлаш тарзига тақлид қилишни ва «самовий нарсалар ҳақида фикр юритишни» истаймиз. (Колосаликларга 3:2; 2 Коринфликларга 2:11)
32. ДАВОЛАНИШ УСУЛЛАРИ
Барчамиз соғлом бўлишни истаймиз ва касал бўлиб қолсак энг яхши даволаниш турини танлашга интиламиз. (Ишаё 38:21; Марк 5:25, 26; Луқо 10:34) Бугунги кунда шифокорлар ҳамда бошқа одамлар кўплаб тиббий технология ва даволаниш усулларини таклиф қилишяпти. Даволаниш усулларидан қай бирини танлаш ҳақида қарор чиқараётиб, Муқаддас Китобдаги принципларга амал қилишимиз ўта муҳим. Фақатгина Худонинг Шоҳлиги бизни касалликлардан бутунлай халос қилишини ёдда тутамиз. Бор диққат-эътиборимизни соғлигимизга қаратиб, Яҳовага топинишни бир четга суриб қўйишни истамаймиз. (Ишаё 33:24; 1 Тимўтийга 4:16)
Жинларнинг кучи ёрдамида амалга ошириладиган ҳар қандай даволаниш усулларидан қочишимиз шарт. (Қонунлар 18:10–12; Ишаё 1:13) Бирорта даволаниш усулига рози бўлиш ёки дори-дармонни қабул қилишдан олдин унинг келиб чиқиши ва сеҳр-жодуга алоқаси бор-йўқлигини аниқлашимиз лозим. (Ҳикматлар 14:15) Сеҳр-жодуга аралашиб қолишимиз учун Шайтон ҳийла ишлатишини ёдда тутишимиз керак. Мабодо бирорта даволаниш усули сеҳр-жоду билан боғлиқми ёки йўқми деб иккилансак, бундай даволаниш усулидан қочганимиз яхшироқ. (1 Бутрус 5:8)
a Баъзи шифокорлар қоннинг тўртта таркибий қисмларини майда моддалар деб ҳисоблашади. Шунинг учун қонни ҳамда унинг тўртта таркибий қисмлари — эритроцитлар, лейкоцитлар, тромбоцитлар ва плазмани қуймаслик шахсий қарорингиз эканини тушунтириб беришингизга тўғри келар.