Баракаларнинг қадрига етяпсизми?
МИСРДАГИ қулликдан мўъжизавий равишда озод этилишганда, Исроил ўғиллари аввалига бағоят хурсанд бўлишган (Чиқ. 14:29–15:1, 20, 21). Бундан оз-моз вақт ўтгач эса, уларнинг нуқтаи назари ўзгариб, ўз шароитларидан нолий бошлашган. Нега дейсизми? Сабаби, улар ўз назарларини Яҳова улар учун қилган ишларга эмас, балки саҳродаги ноқулайликларга қаратишган. Улар Мусо пайғамбарга шундай дея нолишган: «Нимага бизни Мисрдан олиб чиқдингизлар? Саҳрода ўлиб кетишимиз учунми?! Бу ерда на нон бор, на сув. Мана бу бўлмағур манна меъдамизга тегиб кетди-ку!» (Саҳ. 21:5).
Асрлар ўтгач, қадимги Исроилнинг шоҳи бўлмиш Довуд: «Мен Сенинг лутфингга умид боғладим, Сендан нажот топиб, кўнглим қувонур. У менга хайрихоҳлик кўрсатди деб, Худовандни тараннум этарман»,— дея қўшиқ куйлаган (Заб. 12:6). Довуд Яҳованинг унга нисбатан намоён этган меҳр-иноятини ёдидан чиқармаган. Аксинча, булар ҳақида фикр юритиш учун мунтазам вақт ажратган (Заб. 102:2). Яҳова бизга ҳам кўп яхшиликлар қилиб келмоқда ва Унинг биз учун қилган ишларига юзаки қарамасак, доно йўл тутган бўламиз. Келинг, ҳозир бизлар баҳра олаётган Худонинг айрим қут-баракаларини кўриб чиқайлик.
«Худованд Ўз сирини худотарсларга очар»
Сано бастакори: «Худованд Ўз сирини худотарсларга очар, Ундан қўрққанларга илоҳий аҳд насиб этар»,— деган (Заб. 24:14). Номукаммал инсонлар учун Аллоҳ Яҳова билан сирдош бўлиш нақадар катта шараф! Бироқ, агар кундалик ишларга ҳаддан ортиқ берилиб кетиб, ибодат қилишга ҳам вақт топа олмай қолсак-чи? Унда Яҳова билан муносабатимиз қандай тус олиши тўғрисида ўйлаб кўринг. Яҳова дўст сифатида Унга таянишимизни ва ибодатда қалбимиздаги қўрқув, ҳис-туйғулар ва ташвишларимизни тўкиб солишимизни кутади (Ҳик. 3:5, 6; Филип. 4:6, 7). Шундай экан, ибодатларимизнинг мазмунига диққатли бўлишимиз керак.
Павел исмли ёш биродаримиз ўз ибодатлари ҳақида ўйлаб кўриб, мазмунини яхшилаши кераклигини англаб етдиa. У шундай деб бўлишди: «Яҳовага ибодат қилганимда, ўша-ўша ибораларни такрорлашга одатланиб қолгандим». Павел, «Қўриқчи Минораси Жамияти нашрларининг кўрсаткичи»даги мавзуларни кўриб чиқиб, Муқаддас Китобда тахминан 180 та ибодатлар қаламга олинганини билиб олди. Улар, Яҳованинг қадимги хизматчиларининг ибодатларидир. Павел шундай деб айтди: «Муқаддас Китобдаги мисоллар устидан мулоҳаза юритиб, ибодатларим аниқ-равшан бўлиши кераклигини англаб етдим. Бу, Яҳовага қалбимдагини очиқ айтишга ёрдам берди. Ҳозирги кунда, ибодат орқали Тангрига яқинлашиш, менга мамнуният бахш этади».
«Ризқ-рўз»
Яҳова бизларга ҳақиқатни очиб берганини, яна бир қут-барака деса бўлади. Мўл-кўл маънавий озуқадан баҳра олаётганимиз сабабли, қалбимиз қувончга тўляпти (Ишаё 65:13, 14). Лекин ҳақиқатга бўлган ғайратимиз сўнишига олиб келувчи зарарли таъсирдан эҳтиёт бўлишимиз даркор. Мисол учун, муртадлар ташвиқотига эътибор қаратиш онгимизга таъсир қилиб, Яҳова «ишончли ва ақлли хизматкор» орқали вақтида ҳавола этаётган маънавий ризқ-рўзни қадрламай қўйишимизга олиб келади (Мат. 24:45–47).
Йиллар мобайнида Яҳовага хизмат қилиб келган Андре муртадларча фикр юритиш тузоғига илинганди. У муртадлар веб-сайтига бир назар ташлаб қўйишнинг ҳеч хавфли жойи йўқ, деб ўйлаганди. У мана шуларни сўзлаб берди: «Аввалига, муртадларнинг “ҳақиқати” диққатимни жалб этди. Уларнинг айтганлари устидан қанча кўп изланиш ўтказсам, шунча кўп Яҳованинг ташкилотини тарк этиш ўринли, деган фикрга келардим. Аммо вақт ўтиб, муртадларнинг Яҳова Шоҳидларига қарши келтирган далиллари устидан изланиш олиб бориб, сохта устозлар қанчалик маккор эканини тушундим. Уларнинг “кучли асос” номи остида бизга қарши келтирган маълумотлари, матн таркибидан узиб олинган экан. Шунда мен яна ўз адабиётларимизни ўқишни ва йиғилишларга қатнашни бошладим. Тез орада қанчалик адашганимни англаб етдим». Яхшиямки, Андре яна жамоатга қайтди.
«Имондошлар»
Қадрдон имондошларимиз ҳам Яҳованинг қут-баракасидир (Заб. 132:1). Ҳаворий Бутрус тўла асос билан: «Имондошларингизни севинглар»,— деб ёзган (1 Бутр. 2:17). Масиҳий эканмиз, ҳар биримиз учун гўё ота-она, ака-ука ва опа-сингилдек бўлган имондошларимизнинг меҳри ва мададидан роҳатланамиз (Марк 10:29, 30).
Шунга қарамай, турли вазиятлар имондошларимиз билан бўлган муносабатларимизни таранглаштириши мумкин. Масалан, кимдирнинг номукаммаллигига ғашимиз келиб, унга танқид кўзи билан қарай бошлашимиз ҳеч гап эмас. Агар шундай ҳолат юзага келса, Яҳова хизматчиларининг номукаммаллигига қарамай уларни севишини эсласак, бу бизга ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, «борди-ю: “Гуноҳимиз йўқ” — десак, янглишган бўламиз ва бизда ҳақиқат йўқ» (1 Юҳан. 1:8). Шундай экан, бир-биримизга чидамли ва кечиримли бўлишимиз керак эмасми? (Колос. 3:13).
Энн исмли қиз мушкул вазиятни бошдан кечирибгина, имондошлар билан мулоқотнинг қадрига етди. Исонинг масалидаги дарбадар ўғил сингари, у масиҳийлар жамоатидан четга чиққан эди. Кейинчалик у эс-ҳушини йиғиб, яна ҳақ йўлга қайтди (Луқо 15:11–24). Энн ўша масалдан қандай сабоқ олди? Ўзи шулар билан бўлишди: «Яҳованинг ташкилотига қайтгач, номукаммаллигига қарамай, ҳамма биродару опа-сингилларимизни қадрлайдиган бўлдим. Илгари, дарров уларни танқид қилишга тушардим. Энди эса, бирор нарса имондошларим билан бирга бўлиш баракасидан маҳрум этишига йўл қўймасликка қарор қилдим. Дунёдаги ҳеч нарса маънавий жаннатимиздан айрилишимизга арзимайди».
Қут-баракалар учун доим миннатдор бўлинг
Худонинг Шоҳлиги инсониятнинг барча муаммоларини ҳал қилишига бўлган умидимиз, бебаҳо хазинадир. Бундай умидга эндигина эга бўлганимизда, қалбимиз миннатдорлик ҳиссига тўлган эди. Биз ўзимизни, «ноёб марварид» харид қилиш учун «бор-будини сотган» Исонинг масалидаги савдогар каби ҳис қилганмиз (Мат. 13:45, 46). Исо, савдогар бир кун келиб марваридни қадрламай қўйган, деб айтмаган. Келинг, биз ҳам ажойиб умидимизнинг қадрини ҳеч қачон йўқотмайлик (1 Салон. 5:8; Иброн. 6:19).
Энди эса Яҳовага 60 йилдан бери хизмат қилаётган Жен исмли опамизнинг мисолини кўриб чиқайлик. У қуйидагиларни айтиб берди: «Худонинг Шоҳлиги тўғрисида бошқаларга айтиш, уни доим ёдда сақлашимга ёрдам берган. Шоҳлик ҳақидаги билим одамларга қандай таъсир қилаётганини кўриш, менга қувонч бахш этади. Ҳақиқат Муқаддас Китобни ўрганаётганларнинг ҳаётини ўзгартираётганини кўриб: “Мен бошқалар билан бўлишаётган ҳақиқатлар нақадар ажойиб!” — деб ўйланиб қоламан».
Биз эга бўлган кўплаб маънавий қут-баракалар учун миннатдор бўлишга асосли сабабларимиз бор. Гарчи қаршилик, касаллик, қарилик, руҳий тушкунлик, жудолик ва иқтисодий қийинчиликлар каби синовларга дуч келаётган бўлсак-да, булар вақтинча эканидан хабардормиз. Худонинг Шоҳлиги остида нафақат маънавий, балки жисмоний қут-баракалардан роҳатланамиз. Ҳозир бошимиздан кечираётган азоб-уқубатлар янги дунёда бартараф этилади (Ваҳ. 21:4).
Келинг, маънавий қут-баракаларни қадрлаб, сано бастакори сингари миннатдорлик изҳор этайлик: «Сен кўп ажойиботлар кўрсатдинг, мўъжизакор мақсадларинг биз учундир; бунда Сенинг тенгинг йўқ. Ажойиботларингни баён этиб оғиз очсам, уларнинг сон-саноғи йўқ» (Заб. 39:6).
[Изоҳ]
a Исмлар ўзгартирилган.
[18- саҳифадаги расм]
Синовлар пайтида далда олиш қут-баракадир