Дониёр
5 Шоҳ Валтасар*+ мингта асилзодаси учун катта зиёфат уюштириб, уларнинг олдида шароб ичиб ўтирди+. 2 Валтасар шароб ичиб олиб, отаси Навуходоносор Қуддусдаги маъбаддан олиб келган олтину кумуш идишларни келтиришни буюрди+. У асилзодалари, хотинлари ва канизаклари билан улардан шароб ичмоқчи эди. 3 Шунда Қуддусдан, Худонинг маъбадидан олиб келинган олтин идишларни келтиришди. Шоҳ, унинг асилзодалари, хотинлари ва канизаклари улардан шароб ичишди. 4 Улар шароб ичиб, олтин, кумуш, мис, темир, ёғоч ва тошдан ясалган худоларни мадҳ этишди.
5 Шу пайт одам қўли пайдо бўлиб, шоҳ саройида чироқпоя ёнидаги деворда ёза бошлади. Шоҳ ёзаётган қўлни кўриб, 6 ранги оқариб кетди, ўй-фикрлари уни даҳшатга солди, оёқлари бўшашиб+, тиззалари титрай бошлади.
7 Шоҳ бақириб, афсунгарлар, халдейлар* ва мунажжимларни чақиртирди+. У Бобилдаги донишмандларга: «Бу ёзувни ўқиб, маъносини тушунтириб берган инсонга қирмизи либос кийдирилади, бўйнига олтин занжир тақилади+ ва шоҳлигимда учинчи одам бўлади»+,— деди.
8 Донишмандларнинг бари шоҳнинг олдига келди. Аммо ёзувни ўқий олишмади, маъносини шоҳга тушунтириб беришолмади+. 9 Шоҳ Валтасар қаттиқ қўрққанидан юзи оқариб кетди. Асилзодалари эса довдираб қолишди+.
10 Шоҳ ҳамда асилзодаларнинг гапини эшитган малика зиёфат бўлаётган хонага кириб, шундай деди: «Эй, шоҳ ҳазратлари, умрингиз боқий бўлсин! Нега юзингиз оқариб кетди? Ташвишланишга ҳожат йўқ. 11 Шоҳлигингизда муқаддас худоларнинг руҳи бор бўлган бир киши яшайди. Отангиз даврида, у кишида худоларга хос фаҳм-идрок ва донолик бўлган+. Отангиз, шоҳ Навуходоносор уни коҳинлар, афсунгарлар, халдейлар ва мунажжимлар бошлиғи этиб тайинлаган+. Эй, шоҳ ҳазратлари, отангиз шундай йўл тутган эди. 12 Шоҳ томонидан Белташазар+ деб аталган Дониёр тушларни таъбирлаш, топишмоқларни топиш ва мушкул масалаларни ечишда ақли расолик руҳига ҳамда фаҳм-идрокка эга+. Дониёрни чақиртирсангиз, у сизга ёзувнинг маъносини тушунтириб беради».
13 Дониёрни шоҳнинг ҳузурига келтиришди. Шоҳ унга шундай деди: «Отам Яҳудодан асир қилиб олиб келган+ Дониёр+ сенмисан? 14 Эшитишимча, сенда худоларнинг руҳи бор бўлиб+, фаҳм-идрокка ва чексиз доноликка эга экансан+. 15 Бу ёзувни ўқиб, маъносини тушунтириб беришлари учун ҳузуримга донишмандлару афсунгарларни келтиришди. Бироқ улар унинг маъносини тушунтира олишмади+. 16 Сен сирларни очиб, мушкул масалаларни еча олишингни эшитдим+. Агар бу ёзувни ўқиб, маъносини менга тушунтириб берсанг, устингга қирмизи либос кийдирилади, бўйнингга олтин занжир тақилади ва шоҳлигимда учинчи одам бўласан»+.
17 Дониёр шоҳга жавобан деди: «Ҳадялар ўзингизда қолаверсин, совғаларингизни бошқаларга беринг. Мен бу ёзувни шоҳимиз учун ўқиб, маъносини тушунтириб бераман. 18 Эй, шоҳ ҳазратлари, Аллоҳ Таоло отангиз Навуходоносорга шоҳлик, улуғворлик, шон-шараф ва маҳобат тақдим этган эди+. 19 Тангри унга улуғворлик бергани учун барча халқлар, миллатлар ва турли тилда гапирадиганлар унинг олдида қўрқувдан титрашарди+. У хоҳлаган одамни ўлдириб, хоҳлаганини тирик қолдирарди. Истаган одамни юксалтириб, истаганини пасайтирарди+. 20 Унинг юраги мағрурланиб, ўжар бўлиб кетгач, ўзбилармонлик билан иш тута бошлади+. Шунда у шоҳлик тахтидан туширилиб, улуғворлигидан айрилди. 21 У одамлар орасидан ҳайдалди, юраги ҳайвонникидай бўлиб қолди ва ёввойи эшаклар билан яшади. Аллоҳ Таоло инсоният шоҳликларининг Ҳукмдори эканини, ҳокимиятни истаган кишига беришини англамагунича ҳўкизга ўхшаб ўт-ўлан еди, танаси осмон шудринги билан суғорилди+.
22 Сиз эса, унинг ўғли Валтасар буларнинг барини билсангиз ҳам, ўзингизни паст тутмадингиз. 23 Аксинча, самолар Эгасига қарши бош кўтардингиз+, Унинг уйидаги идишларни ҳузурингизга келтирдингиз+. Ўзингиз ва асилзодаларингиз, хотинларингизу канизакларингиз улардан шароб ичиб, ҳеч нимани кўрмайдиган, эшитмайдиган ва билмайдиган — олтин, кумуш, мис, темир, ёғоч ва тошдан ясалган худоларни мадҳ этдингиз+. Аммо ҳаёт нафасингиз ва барча йўлларингиз қўлида бўлган Худони+ шарафламадингиз. 24 Шунинг учун Тангри мана шу қўлни юбориб, бу ёзувни ёздирди+. 25 У қуйидагичадир: “МЕНЕ, МЕНЕ, ТЕКЕЛ ва ПАРСИН”.
26 Бу сўзларнинг маъноси шундай: МЕНЕ — Худо шоҳлигингиз кунларини санаб, унга чек қўйди+.
27 ТЕКЕЛ — сиз тарозида тортилиб, жуда енгил деб топилдингиз.
28 ПЕРЕС — шоҳлигингиз бўлиниб, мидияликларга ва форсларга берилди»+.
29 Сўнгра Валтасарнинг буйруғига кўра, Дониёрга қирмизи либос кийдириб, бўйнига олтин занжир тақишди ва у шоҳликда учинчи одам бўлгани ҳақида жар солишди+.
30 Ўша кечанинг ўзида халдейлар шоҳи Валтасар ўлдирилди+. 31 Шоҳлик, 62 ёшларда бўлган мидиялик Дорога+ ўтди.