Ҳакамлар
20 Шунда Дан шаҳридан+ Бэршэвагача бўлган жойларда ҳамда Гилад ерида+ яшайдиган барча Исроил ўғиллари, бутун жамоа Яҳованинг ҳузурида Миспахда+ биргаликда йиғилди. 2 Халқнинг ва Исроил қабилаларининг бошлиқлари Худо халқининг жамоатида ўз жойларини эгаллашди. Уларнинг сони 400 000 нафар қилич кўтарган пиёда аскардан иборат эди+.
3 Бенямин ўғиллари Исроил ўғилларининг Миспахда йиғилгани ҳақида эшитишди.
Исроил ўғиллари: «Айтингларчи, бундай даҳшатли нарса қандай юз берди?»+ — деб сўрашди. 4 Ўлдирилган аёлнинг эри, леви+ бундай жавоб берди: «Мен чўрим билан бирга Бенямин қабиласига тегишли Гиво шаҳрида тунаб қолгани тўхтаган эдим+. 5 Гивонинг аҳолиси* ёмон ниятда менга қарши чиқиб, мен тунагани тўхтаган уйни қуршаб олди. Улар мени ўлдирмоқчи бўлишди, лекин менинг ўрнимга чўримни шунчалик зўрлашдики, у ўлиб қолди+. 6 Кейин чўримнинг жасадини тақсимлаб, Исроилнинг ҳар бир ҳудудига биттадан бўлагини юбордим+. Чунки улар Исроилда ҳаёсиз ва бузуқ ишга қўл уришди. 7 Энди, Исроил ўғиллари, ўз маслаҳатингиз ва тавсиянгизни айтинглар»+.
8 Шунда бутун халқ ўрнидан туриб, бир овоздан деди: «Ҳеч биримиз ўз чодиримиз ёки уйимизга қайтмаймиз. 9 Гивога нисбатан бундай йўл тутамиз: қуръа ташлаб+, унга қарши жанг қиладиган одамларни танлаймиз. 10 Исроилнинг ҳар бир қабиласидан, 100 кишидан 10 кишини, 1 000 кишидан 100 кишини, 10 000 кишидан 1 000 кишини ажратамиз. Улар Исроилда содир этилган бузуқ иш учун, Бенямин қабиласига тегишли Гивога қарши чиқадиган қўшинни озиқ-овқат билан таъминлаб туришади». 11 Шундай қилиб, Исроилнинг барча эркаклари Гиво шаҳрига қарши жанг қилиш учун бир ёқадан бош чиқаришди.
12 Кейин Исроил қабилалари Бенямин қабиласига одам жўнатиб: «Орангизда бундай даҳшатли нарса қандай юз берди? 13 Гиводаги ярамас одамларни+ қўлимизга топширинглар. Биз уларни ўлдириб, Исроилдан ёвузликни йўқ қиламиз»+,— деб айттириб юборишди. Аммо Бенямин ўғиллари исроиллик биродарларини тинглашни истамади.
14 Бенямин ўғиллари ўз шаҳарларидан чиқиб, Исроил ўғилларига қарши жанг қилиш учун Гивода йиғилишди. 15 Гиводаги 700 нафар моҳир жангчидан ташқари, Бенямин қабиласи ўша куни ўз шаҳарларидан қилич кўтарган 26 000 кишини чақиртирди. 16 Бу қўшин орасида 700 та чапақай моҳир жангчи бор эди. Уларнинг ҳар бири соч толасини нишонга олиб, палахмондан тош отганда, мўлжалга бехато урарди.
17 Бенямин ўғилларидан ташқари, Исроил ўғилларидан қилич кўтарган 400 000 киши тўпланди+. Уларнинг ҳар бири моҳир жангчи эди. 18 Исроил ўғиллари Байтилга бориб, Аллоҳдан: «Бенямин ўғилларига қарши жанг қилишга ким бизни бошлаб борсин?» — деб сўрашди+. Яҳова уларга: «Яҳудо ўғиллари бошлаб борсин»,— дея жавоб берди.
19 Исроил ўғиллари эрталаб туриб, Гивонинг қаршисида қароргоҳ қуришди.
20 Исроил ўғиллари Бенямин ўғиллари билан жанг қилиш учун, Гиво ёнида саф тортишди. 21 Бенямин ўғиллари Гиводан чиқиб, ўша куни Исроил ўғилларидан 22 000 кишини ҳалок қилишди. 22 Лекин Исроил ўғилларининг қўшини жасорат кўрсатиб, биринчи кундагидек ўша жойда яна саф тортди. 23 Кейин исроилликлар Яҳованинг ҳузурига боришди-да, кечгача йиғлаб Яҳовадан: «Биродарларимиз Бенямин ўғилларига қарши жанг қилгани яна борайликми?»+ — дея сўрашди. Яҳова уларга: «Боринглар»,— деб айтди.
24 Иккинчи кун Исроил ўғиллари Бенямин ўғилларига яқин боришди. 25 Бенямин ўғиллари иккинчи куни ҳам Гиводан чиқиб, Исроил ўғилларининг қилич кўтарган 18 000 нафарини ер тишлатди+. 26 Шунда барча Исроил ўғиллари Байтилга боришди. Улар Яҳованинг ҳузурида кун бўйи ўтириб йиғлашди+ ва ўша куни кечгача рўза тутишди+. Шунингдек, Яҳовага куйдириладиган қурбонликлару+ тинчлик қурбонликларини+ келтиришди. 27 Бундан сўнг, Исроил ўғиллари ушбу масала бўйича Яҳовадан сўрашди+, чунки ўша вақтда ҳақ Тангрининг аҳд сандиғи Байтилда эди. 28 Бу пайтда аҳд сандиғи олдида Ҳоруннинг невараси, Элазарнинг ўғли Финхаз+ хизмат қиларди. Исроилликлар: «Биродарларимиз Бенямин ўғилларига қарши жанг қилгани яна борайликми ёки йўқми?»+ — деб сўрашди. Яҳова уларга: «Боринглар, чунки эртага уларни қўлингизга топшираман»,— дея жавоб берди. 29 Исроил ўғиллари Гивонинг атрофига пистирма қўйишди+.
30 Учинчи кун Исроил ўғиллари Бенямин ўғиллари билан жанг қилгани чиқиб, илгаригидек Гивога қарши саф тортишди+. 31 Бенямин ўғиллари қўшинга қарши чиқиб, шаҳардан узоқлаб кетишди+. Улар бири Байтилга, иккинчиси Гивога олиб борадиган катта йўлларда олдинги сафаргидек исроилликларни ўлдира бошлашди ва ўттизга яқин исроиллик очиқ далада ҳалок бўлди+. 32 Шунда Бенямин ўғиллари: «Улар олдингидек бизга мағлуб бўлишяпти»+,— дейишди. Исроилликлар бўлса: «Орқага чекиниб, уларни шаҳардан узоққа, катта йўлларга олиб борайлик»,— деб айтишди. 33 Барча Исроил ўғиллари ўринларидан қўзғалиб, Баал-Тамарда саф тортишди. Гивонинг атрофида пистирмада турган исроилликлар эса ўз жойларидан ҳужумга ўтишди. 34 Бутун Исроил орасидан 10 000 нафар моҳир жангчи Гиво томонга борди, ўша ерда шиддатли жанг бўлди. Аммо Бенямин ўғиллари бошларига ҳалокат тушишидан бехабар эдилар.
35 Яҳова Бенямин ўғилларини исроилликлар олдида мағлуб қилди+ ва ўша куни исроилликлар Бенямин ўғилларидан қилич кўтарган 25 100 кишини ҳалок қилишди+.
36 Исроил ўғиллари Гивонинг атрофига қўйилган пистирмада турганларга ишониб+, Бенямин ўғилларидан қоча бошлашганда, Бенямин ўғиллари уларни енгяпмиз деб ўйлашди+. 37 Пистирмада турганлар эса дарҳол Гивога ҳужум қилишди. Улар шаҳарни қўлга киритиб, аҳолисини қиличдан ўтказишди.
38 Исроил ўғиллари пистирмада турганлар билан ўзаро келишиб олгани бўйича, шаҳардан кўтарилган тутун улар учун белги бўлиши керак эди.
39 Исроил ўғиллари жанг пайтида қоча бошлашганда, Бенямин ўғиллари ҳужумга ўтишди-да, улардан қарийб 30 кишини ўлдириб+: «Улар ўтган сафаргидай мағлуб бўлишяпти»+,— деб айтишди. 40 Шу пайт шаҳардан белги сифатида тутун кўтарила бошлади. Бенямин ўғиллари ўгирилиб, бутун шаҳардан осмонга тутун кўтарилаётганини кўришди. 41 Исроил ўғиллари дарҳол ортга бурилишди, Бенямин ўғиллари эса бошларига кулфат тушганини кўриб, қўрқиб кетишди. 42 Улар исроилликлардан саҳро томонга қоча бошлашди, аммо исроилликлар уларни таъқиб қилишди. Бу орада шаҳардан чиққан Исроил ўғиллари ҳам уларни қирғин қила бошлашди. 43 Улар Бенямин ўғилларини қуршаб олиб, тиним бермай қувишди. Исроилликлар уларни Гивонинг қаршисида, унинг шарқ тарафида қириб ташлашди. 44 Шундай қилиб, улар Бенямин ўғилларининг 18 000 нафар жасоратли жангчисини ўлдиришди+.
45 Бенямин ўғилларининг қолганлари саҳрога, Риммон қояси томонга қараб қочишди+, Исроил ўғиллари эса катта йўлларда 5 000 кишини ўлдиришди. Сўнг уларни Гидўмга қадар таъқиб қилиб, яна 2 000 дан ошиқ одамларни қирғин қилишди. 46 Ўша куни Бенямин ўғилларидан жами бўлиб, қилич кўтарган 25 000 киши ҳалок бўлди+. Уларнинг бари моҳир жангчи эди. 47 Лекин 600 таси саҳрога, Риммон қояси томонга қочиб кетди ва Риммон қоясида тўрт ой яшаб юрди.
48 Исроил ўғиллари орқага қайтиб, Бенямин ўғилларининг шаҳарларда қолган барча одамлари ва ҳайвонларини қиличдан ўтказишди. Бундан ташқари, йўлда учраган ҳамма шаҳарларга ўт қўйишди.