Чиқиш
13 Яҳова Мусога яна шундай деди: 2 «Исроил халқи орасидаги ҳар бир тўнғич ўғилни Менга бағишла*. Инсоннинг тўнғич ўғли ва ҳайвоннинг биринчи эркак боласи Менга тегишлидир»+.
3 Кейин Мусо халққа деди: «Мисрдан, сизлар қул бўлган юртдан* чиққан ушбу кунни хотирланглар+. Чунки шу куни Яҳова сизларни Ўзининг қудратли қўли билан у ердан олиб чиққан+. Ачитқи қўшилган ҳеч қандай нарсани еманглар. 4 Сизлар шу куни, абиб* ойида чиқиб кетяпсизлар+. 5 Яҳова канъонликлар, хетийлар, аморийлар, хивийлар ва ёбусийларнинг+ юртига, ота-боболарингизга бераман, деб қасам ичган+, сут ва асал оқиб ётган юртга+ сизларни олиб кирганида, шу ойда бу қоидага риоя қилинглар. 6 Етти кун хамиртурушсиз нон енглар+ ва еттинчи куни Яҳовага аталган байрам нишонланади. 7 Етти кун хамиртурушсиз нон ейилсин+. Ачитилган ҳеч қандай нарса сизларда бўлмасин+. Бутун ҳудудингизда хамиртуруш бўлмаслиги керак. 8 Шу куни ўғлингизга: “Буни мен Мисрдан чиққанимда, Яҳованинг менга қилган яхшилигини хотирлаш учун қиляпман”+,— деб айтинг. 9 Яҳованинг қонуни оғзингиздан тушмаслиги учун, бу қоида қўлингизда белгидек, пешонангизда+ эслатмадек хизмат қилсин. Чунки Яҳова қудратли қўли билан сизларни Мисрдан олиб чиқди. 10 Бу қоидага йилдан-йилга белгиланган вақтда риоя қилинглар+.
11 Яҳова сизларга ва ота-боболарингизга бераман, деб қасам ичган юртга сизларни олиб келганида, 12 ҳар бир тўнғич ўғилни, шунингдек чорвангизнинг биринчи эркак боласини Яҳовага бағишланглар. Улар Яҳовага тегишлидир+. 13 Эшакнинг биринчи туғилган боласи эвазига қўй беринглар. Эвазига ҳеч нарса бера олмасангиз, унинг бўйнини синдиринглар. Ҳар бир тўнғич ўғилларингиз учун бадал тўланглар+.
14 Борди-ю, кейинчалик ўғлингиз сиздан: “Бу нимани билдиради?” — деб сўраса, унга шундай деб айтинг: “Яҳова бизни қудратли қўли билан Мисрдан, бизлар қул бўлган юртдан олиб чиққан+. 15 Фиръавн ўжарлик қилиб бизни қўйиб юборишдан бош тортганида+, Яҳова одамларнинг тўнғичидан тортиб жониворнинг биринчи боласигача — Миср юртидаги ҳар бир тўнғични нобуд қилган+. Шу сабабли, жониворларимизнинг эркак жинсидаги биринчи болаларини Яҳовага қурбонликка келтирамиз, тўнғич ўғилларимиз учун эса бадал тўлаймиз”. 16 Бу қўлингизда белгидек, пешонангизда пешонабанддек+ хизмат қилсин. Чунки Яҳова қудратли қўли билан бизни Мисрдан олиб чиққан».
17 Фиръавн халқни қўйиб юборганида, Худо уларни филистимликларнинг юрти орқали ўтадиган қисқа йўлдан бошлаб бормади. Чунки Тангри: «Халқ уруш қилишига тўғри келиб қолса, улар фикрини ўзгартириб Мисрга қайтиб кетиши мумкин»,— деб айтди. 18 Худо уларни Қизил денгиз бўйига олиб борадиган саҳродаги айланма йўл орқали бошлаб борди+. Исроил ўғиллари Миср юртидан аскарлар гуруҳига ўхшаб тартиб билан чиқиб кетишди. 19 Мусо Юсуфнинг суякларини ҳам ўзи билан олиб чиқди, чунки Юсуф Исроил ўғилларига қасам ичтириб: «Тангри албатта сизларга ёрдамга келади. Ўшанда менинг суякларимни бу ердан олиб чиқинглар»+,— деган эди. 20 Улар Сухўтдан йўлга чиқишди ва саҳро чеккасидаги Этхамда қароргоҳ қуришди.
21 Улар кечаю кундуз йўл юра олиши учун, Яҳова уларнинг олдида бориб, кундузи булут устуни орқали йўл кўрсатиб борар+, кечаси эса олов устуни орқали уларга ёруғлик бериб турарди+. 22 Кундузи булут устуни, кечаси эса олов устуни халқдан узоқлашмасди+.