Чиқиш
39 Улар муқаддас жойда хизмат қилувчи эркаклар учун мовий ипдан, тўқ қизилга бўялган жундан, қирмизи ипдан+ нафис кийимлар тўқишди. Кейин улар Яҳова Мусога буюрганидек, Ҳорун учун муқаддас кийимларни тайёрлашди+.
2 Улар олтиндан, мовий ипдан, тўқ қизилга бўялган жундан, қирмизи ипдан ва аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ипдан фойдаланиб эфод тўқишди+. 3 Олтин лавҳаларни болғалаб, юпқа ҳолатга келтиришди ва ипга ўхшатиб кесиб олиб, уни мовий ип, тўқ қизилга бўялган жун, қирмизи ва аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ипнинг орасига қўшишди, кейин эса кашта қилиб тикишди. 4 Улар эфод учун иккита елка қисмини тайёрлаб, уни бирлаштириш учун икки учини эфоднинг тепа қисмига тақиб қўйишди. 5 Яҳова Мусога буюрганидек, эфод маҳкам туриши учун эфодга бириктирилган тўқима белбоғ+ ҳам ўша-ўша нарсалардан: олтин, мовий ип, тўқ қизилга бўялган жун, қирмизи ва аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ипдан тайёрланди.
6 Сўнг улар оникс тошларини олтин уяларга ўрнатиб, ўймакор муҳрга ёзувни ўйиб ёзгандек, Исроил ўғилларининг исмларини тошларга ўйиб ёзишди+. 7 Сўнг у Яҳова Мусога буюрганидек, Исроил ўғилларига эслатма сифатида хизмат қилиши учун тошларни эфоднинг елка қисмларига ўрнатди+. 8 Кейин у каштачига хос усталик билан кўкракпеч+ ясади. Эфод сингари уни олтин, мовий ип, тўқ қизилга бўялган жун, қирмизи ва аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ипдан тўқиди+. 9 Кўкракпеч иккига букилганда, тўртбурчак шаклда бўлди. Шундай қилиб, улар иккига букилганда узунлиги бир қарич*, эни бир қарич келадиган кўкракпеч ясашди. 10 Улар кўкракпечга тўрт қатор қилиб тошларни ўрнатишди. Биринчи қаторига ёқут, топаз ва зумрад ўрнатилди. 11 Иккинчи қаторига феруза, сапфир ва яшма ўрнатилди. 12 Учинчи қаторига лешем*, ақиқ ва аметист ўрнатилди. 13 Тўртинчи қаторига хризолит, оникс ва жадеит ўрнатилди. Тошлар олтин уяларга ўрнатилди. 14 Тошлар Исроил ўғилларининг исмига яраша 12 та бўлди. Муҳрга ўйиб ёзгандек, ҳар бир тошга Исроилнинг 12 қабиласидан биттасининг исми ўйиб ёзилди.
15 Кейин улар кўкракпечнинг устки қисмига соф олтиндан боғичга ўхшатиб эшилган занжирлар ясашди+. 16 Улар олтиндан иккита уя ҳамда иккита олтин ҳалқа ясашди ва бу ҳалқаларни кўкракпечнинг икки бурчагига маҳкамлаб қўйишди. 17 Бундан сўнг, улар иккала олтин боғични кўкракпечнинг икки бурчагидаги ҳалқалардан ўтказишди. 18 Улар иккала боғичнинг учини иккита уядан ўтказиб, эфоднинг елка қисмларининг олд томонига маҳкамлашди. 19 Кейин олтиндан иккита ҳалқа ясаб, уларни кўкракпечнинг пастки қисмидаги икки бурчагига, эфодга қараган ички томонига маҳкамлаб қўйишди+. 20 Сўнгра улар олтиндан яна иккита ҳалқа ясаб, эфоднинг олд томонидаги елка қисмларининг пастига, тўқима белбоғнинг юқорисига, эфодга бириктирилган жойга маҳкамлашди. 21 Охири улар Яҳова Мусога буюрганидек, кўкракпеч эфоднинг тўқима белбоғи устида маҳкам туриши учун, мовий рангли боғични кўкракпеч ҳамда эфоднинг ҳалқаларидан ўтказиб боғлашди.
22 Кейин у тўқувчилик дастгоҳида эфоднинг тагидан кийиладиган камзулни бутунлай мовий ипдан тўқиди+. 23 Камзулнинг ўртасида совутнинг бош сиғадиган тешигидек тешик қилинди. Камзул йиртилиб кетмаслиги учун, тешигининг чеккалари ҳошиялаб чиқилди. 24 Сўнг улар мовий ип, тўқ қизилга бўялган жун ва қирмизи ипларни аралаштириб, камзул этагининг учи бўйлаб анорлар қилиб чиқишди. 25 Кейин улар соф олтиндан қўнғироқчалар ясаб, уларни камзул этагининг учи бўйлаб анорлар орасига осиб чиқишди. 26 Яҳова Мусога буюрганидек, хизмат қилганда кийиладиган камзул этагининг учи бўйлаб улар битта олтин қўнғироқча, битта анор, битта олтин қўнғироқча, битта анор қилиб жойлаштириб чиқишди.
27 Сўнгра улар Ҳорун ва унинг ўғиллари учун аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ипдан узун кийимлар тўқишди+. 28 Аъло сифатли зиғир матосидан салла+ ва чиройли бош кийимлар+, зиғир матосидан иштонлар+, 29 шунингдек, Яҳова Мусога буюрганидек, аъло сифатли зиғир толасидан йигирилган ип, мовий ип, тўқ қизилга бўялган жун ва қирмизи ипларни аралаштириб белбоғ тўқишди.
30 Охири улар соф олтиндан ялтироқ бир лавҳа — бағишланганликни кўрсатувчи муқаддас белги ясаб, муҳрга ўйиб ёзгандек, унга: «Яҳова муқаддасдир»+,— деб ўйиб ёзишди. 31 Яҳова Мусога буюрганидек, улар лавҳага мовий рангли боғични бириктириб, уни саллага боғлаб қўйишди.
32 Шундай қилиб, муқаддас чодирдаги, яъни учрашув чодиридаги барча ишлар ўз ниҳоясига етди. Исроил ўғиллари ҳамма ишларни Яҳова Мусога амр этганидек бажаришди+. Улар айнан айтилганидек қилишди.
33 Сўнг улар муқаддас чодирни+, унинг ёпинчиғини+ ва ҳамма анжомларини Мусога олиб келишди. Жумладан, илгакларни+, ромларни+, ходаларни+, устунларни ва ўйиғи бор тагликларни+, 34 қизил рангга бўялган қўчқор териси+ ҳамда тюлень терисидан қилинган қопламаларни, сандиқни ажратиб турадиган пардани+, 35 шоҳидлик сандиғини, унинг ходалари+ ва қопқоғини+, 36 столни, унинг барча анжомлари+ ва тортиқ этилган нонларни, 37 соф олтиндан ясалган чироқпояни, барча мойчироқларни+, унинг ҳамма жиҳозларини+ ва чироқ мойини+, 38 олтин қурбонгоҳни+, мойлаш учун ишлатиладиган мойни+, хушбўй тутатқини+ ва чодирга кираверишдаги пардани+, 39 мис қурбонгоҳни+ ва унинг мис панжарасини, унинг ходалари+ ҳамда барча анжомларини+, тос ва унинг таглигини+, 40 ҳовлининг пардаларини, унинг устунлари ва ўйиғи бор тагликларини+, ҳовлига кираверишдаги пардани+, чодирнинг арқонлари ва қозиқларини+ ҳамда муқаддас чодирда, яъни учрашув чодирида хизмат қилишда ишлатиладиган барча анжомларни, 41 муқаддас масканда хизмат қилганда кийиладиган нафис қилиб тўқилган кийимларни, руҳоний бўлмиш Ҳорун учун муқаддас кийимларни+, руҳонийлик хизмати учун унинг ўғилларига аталган кийимларни олиб келишди.
42 Исроил ўғиллари барча ишларни Яҳова Мусога амр этганидек бажаришди+. 43 Мусо уларнинг қилган ҳамма ишларини кўздан кечириб, улар ишни Яҳова буюрганидек бажаришганини кўрди ва уларни дуо қилди.