Ҳаворийларнинг фаолияти
26 Агриппа+ Павлусга: «Ўзингни ҳимоя қилишинг мумкин»,— деди. Шунда Павлус қўлини узатди-да, ўзини ҳимоя қилиб деди:
2 «Подшоҳ Агриппа! Яҳудийларнинг айбловларига биноан+, мен бугун сизнинг олдингизда ўзимни ҳимоя қилаётганимдан бағоят хурсандман. 3 Чунки сиз яҳудийларнинг барча урф-одатларини ҳамда ораларидаги баҳс-мунозараларни яхши биласиз. Шу боис, мени сабр-тоқат билан тинглашингизни илтимос қиламан.
4 Ёшлигимдан буён мен ўз халқим орасида ва Қуддусда қандай ҳаёт кечирганим яҳудийларнинг барига маълум+. 5 Динимизнинг қатъий таълимотларига мувофиқ яшаб келаётган+ фарзий эканимни+, мени анчадан бери танийдиган яҳудийларнинг ҳаммаси билади. Агар хоҳлашса, буни ўзлари ҳам тасдиқлаб беришлари мумкин. 6 Ҳозир эса, Аллоҳнинг ота-боболаримизга берган ваъдасига умид қилганим+ сабабли ҳукм қилиняпман. 7 Яъни 12 қабиламиз ҳам Унга кечаю кундуз сидқидилдан муқаддас хизматни адо этиб, ушбу ваъдага эришишга умид қилмоқда. Шоҳ ҳазратлари, айнан шу умидни деб яҳудийлар мени айблашяпти+.
8 Нега сизлар Худо ўликларни тирилтиришига ишонмайсизлар? 9 Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам носиралик Исонинг исми билан аталган гуруҳга қарши курашишим керак, деб ўйлардим. 10 Мен Қуддусда бундай кураш олиб бориб, бош руҳонийлардан олган ваколатим билан+ муқаддас кишиларнинг аксариятини қамоққа ташлагандим+. Улар ўлим жазосига маҳкум этилаётганда, мен ҳам уларга қарши овоз бергандим. 11 Барча ибодатхоналарда уларни кўп марта жазолаб, эътиқодларидан воз кечишга мажбурлардим. Мен дарғазаб бўлиб, ҳатто бошқа шаҳарларда ҳам уларни таъқиб қилардим.
12 Шундай қилиб юрганимда, бош руҳонийлардан олган ваколат ва топшириқ билан Дамашққа йўл олган эдим. 13 Эй шоҳ ҳазратлари, туш пайти, ҳануз йўлда эканман, осмондан қуёшдан ҳам ёрқинроқ бир нур порлаб, менинг ва ҳамроҳларимнинг атрофини ярқиратиб юборди+. 14 Ҳаммамиз ерга йиқилганимизда, мен иброний тилида шундай деяётган бир овозни эшитдим: “Шоул, Шоул, нега мени таъқиб қиляпсан? Ахир, говронга* қарши тепиб, ўзингга зиён етказяпсан-ку”. 15 Шунда мен: “Эй Ҳазрат, сиз кимсиз?” — деб сўрадим. Ҳазратим эса шундай жавоб берди: “Мен, сен таъқиб қилаётган Исоман. 16 Энди ўрнингдан тур, сенга зоҳир бўлганимнинг сабабини айтай: мен сени хизматчим ва шоҳидим қилиб тайинладим. Ўзим ҳақимда сенга нимаики кўрсатган бўлсам ва келажакда кўрсатадиган нарсаларим тўғрисида сен шаҳодат берасан+. 17 Мен сени бу халқнинг ҳамда бошқа халқларнинг қўлидан халос этаман+. 18 Сени уларнинг кўзларини очишинг+, уларни зулматдан+ ёруғликка+ чиқаришинг ва Шайтоннинг қўлидан+ қутқариб, Тангрига топширишинг учун юборяпман. Шу йўсин, улар менга ишонишгани туфайли гуноҳлари кечирилиб+, муқаддас кишилар билан бирга меросга эга бўлишади”.
19 Шунинг учун, шоҳ Агриппа, мен осмондан келган ваҳийга биноан йўл тутдим. 20 Аввало Дамашқда+, Қуддусда+ ва бутун Яҳудияда яшовчиларга, кейин эса бошқа халқларга бордим. Уларга тавба қилиш, тавбага яраша ишлар бажариш+ ва Аллоҳга қайтиш кераклигини айтдим. 21 Шу иш учун яҳудийлар мени маъбадда ушлаб ўлдиришмоқчи эди+. 22 Аммо мен Худонинг мадади билан то ҳозиргача кичигу улуғлар олдида шоҳидлик бериб келяпман. Мен Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг айтганларидан ортиғини гапирмаяпман+. 23 Улар Масиҳнинг азоб чекиб+ ўлиши ва ҳаммадан олдин тирилиши+, шунингдек, яҳудийлару бошқа халқларга ваъз қилиб, нур ёғдириши кераклиги ҳақида айтишган»+.
24 Павлус бу гапларни айтиб турганда, Фест баланд овозда: «Эс-ҳушингдан айрилибсан, Павлус! Ўқиб, ўқиб, охири ақлдан озибсан»,— деди. 25 Павлус эса жавоб бериб шуларни айтди: «Ақлдан озганим йўқ, муҳтарам Фест. Мен фаҳм-фаросат билан ҳақиқатни гапиряпман. 26 Аслида буларнинг барини подшоҳнинг ўзи ҳам яхши билгани учун мен бемалол гапиряпман. Аминманки, булардан ҳеч бири эътиборингиздан четда қолмаган, чунки булар яширинча қилинган иш эмас+. 27 Шоҳ Агриппа, сиз пайғамбарларга ишонасизми? Биламан, ишонасиз». 28 Агриппа Павлусга жавоб бериб: «Яна бир оздан кейин мени масиҳий бўлишга кўндирасан, шекилли»,— деди. 29 Павлус эса унга жавобан деди: «Тангримдан тилагим шуки, бир оздан кейинми ёки анчадан кейинми, биргина сиз эмас, балки мени тинглаётганларнинг ҳаммаси ҳам мен каби бўлишсин, фақат менга ўхшаб занжирбанд бўлишмасин».
30 Подшоҳ ўрнидан турди. Кейин ҳоким, Верника ва улар билан ўтирганлар ҳам туришди. 31 У ердан чиқиб кетаётиб, улар бир-бирига: «Бу одам ўлимга ёки занжирбанд бўлишга лойиқ бирон иш қилмаган»+,— дейишарди. 32 Шунингдек, Агриппа ҳам Фестга: «Агар подшоҳнинг* ҳукмини талаб қилмаганида, уни қўйиб юборардик»+,— деди.