Чиқиш
23 Ёлғон гапларни тарқатманглар+. Ёмонликни ният қиладиган гувоҳга айланиб, ёвуз одамга шерик бўлиб қолманглар+. 2 Кўпчиликка эргашиб, ёмон ишга қўл урманглар. Баҳсли масала бўйича гувоҳлик бераётганингизда, кўпчиликнинг фикрига қўшилиб ҳақиқатни бузманглар. 3 Камбағал кишининг масаласини ҳал қилаётганда, холисона йўл тутинглар+.
4 Душманингизнинг буқаси ёки эшаги йўқолиб қолганини кўрсангиз, уни эгасига элтиб беринглар+. 5 Сиздан нафратланадиган кишининг эшаги юк тагида чўккалаб қолганини кўриб қолсангиз, ёнидан бепарво ўтиб кетманглар. Ўша кишига эшагидан юкни туширишга ёрдам беринглар+.
6 Камбағал кишининг ишини кўриб чиқаётганда, адолатсиз ҳукм чиқарманглар+.
7 Ёлғон айблов бўйича бирон ишга қўл уриб, айбсиз ва одил кишини ўлимга маҳкум этманглар. Зеро Мен бундай ёвуз ишни қилган инсонни оқламайман+.
8 Пора олманглар. Чунки пора ҳатто оқилона ҳукм чиқарадиган одамни йўлдан оздиради, одил кишининг эса қарорларини бузади+.
9 Мусофирга зулм ўтказманглар. Ўзларингиз ҳам Миср юртида мусофир бўлганингиз боис, мусофирчилик нима эканини яхши биласизлар+.
10 Олти йил ерга ишлов бериб, унинг ҳосилини йиғиб олинглар+. 11 Еттинчи йили эса ерга ишлов берманглар, шудгор ҳам қилманглар. Ердан униб чиққан ҳосилни халқингиз орасидаги камбағаллар, улардан ортганини эса дашт ҳайвонлари есин. Токзор ҳамда зайтунзорларингиз билан ҳам шундай йўл тутинглар.
12 Олти кун ишланглар, еттинчи куни эса ҳеч қандай иш қилманглар. Шунда ҳўкизингиз билан эшагингиз тиним олиб, қулингиз ва мусофир ҳам дам олади+.
13 Сизларга айтган сўзларимнинг ҳаммасини бажаринглар+ ва бошқа худоларнинг номларини айтиб чақирманглар, уларни тилга ҳам олманглар+.
14 Йилига уч марта Менга атаб байрам қилинглар+. 15 Хамиртурушсиз нон байрамини нишонлаб+, сизларга амр этганимдай, етти кун хамиртурушсиз нон енглар. Буни белгилаб қўйилган абиб* ойида нишонланглар+, сабаби Миср юртидан айнан ўша вақтда чиққансизлар. Ҳеч ким Менинг олдимга бўш қўл билан келмасин+. 16 Бундан ташқари, далангизга уруғ сепиб, меҳнат қилиб ўстирган нарсаларнинг илк ҳосилини йиғиб олганингизда Ҳосил байрамини* нишонланглар+. Шунингдек, меҳнат қилиб ўстирган ҳосилингизни йилнинг охирида далангиздан йиққанингизда, Ўрим-йиғим байрамини* нишонланглар+. 17 Барча эркаклар йилига уч маротаба Раб* Яҳованинг ҳузурига келсин+.
18 Мен учун келтириладиган қурбонликнинг қонини ҳеч қандай ачитилган нарса билан бирга тортиқ этманглар. Менга аталган байрамда қурбонликка келтирилган ёғ эрталабгача қолиб кетмасин.
19 Ердан олган биринчи ҳосилингизнинг энг яхшисини Тангрингиз Яҳованинг уйига олиб келинглар+.
Улоқни онасининг сутида қайнатманглар+.
20 Сизларни ҳимоялаб, Мен тайёрлаб қўйган жойга бошлаб бориши учун, олдингизда бир фариштани юборяпман+. 21 Унга диққатли бўлиб, бўйсунинглар. Унга қарши чиқманглар, акс ҳолда у қилмишларингизни кечирмайди+, чунки у Менинг номимдан иш юритади. 22 Агар унга астойдил бўйсуниб, айтган сўзларимнинг барчасига амал қилсангизлар, душманларингизга душман бўлиб, сизларга қарши чиққанларга қарши чиқаман. 23 Сизларни бошлаб кетаётган фариштам сизларни аморийлар, хетийлар, паризийлар, канъонликлар, хивийлар ва ёбусийлар олдига олиб боради ва Мен уларни йўқ қиламан+. 24 Уларнинг худоларига сажда ҳам, хизмат ҳам қилманглар ва уларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилманглар+. Аксинча, худоларини вайрон қилиб, муқаддас тошларини* синдириб ташланглар+. 25 Мен Аллоҳингиз Яҳовага хизмат қилинглар+ ва Мен сизларга сув билан нонни мўл-кўл қилиб бераман+. Мен сизларни хасталиклардан халос этаман+. 26 Юртингиздаги аёллар ҳомиласи тушиб қолишдан ёки бепуштликдан азоб чекмайди+. Умрингизни узоқ қиламан.
27 Сизлар етиб бормасингиздан, ўша халқлар Мен ҳақимда эшитиб, қўрқувга тушишади+. Сизлар рўпара келадиган барча халқларни саросимага соламан ва уларнинг ҳаммаси мағлубиятга учраб, қочиб кетади+. 28 Сизлар боришингиздан олдин душманларингизни тушкун аҳволга* соламан+ ва хивийлар, канъонликлару хетийларни олдингиздан қувиб чиқараман+. 29 Уларни олдингиздан бир йилнинг ичида қувиб чиқармайман. Акс ҳолда, ер кимсасиз қолиб, у ерда ёввойи ҳайвонлар кўпайиб, сизларга зиён етказади+. 30 Сизлар ували-жували бўлиб, юртни эгаллаб олгунингизга қадар, уларни олдингиздан секин-аста қувиб чиқараман+.
31 Юртингиз чегараси Қизил денгиздан филистимликлар денгизигача, саҳродан Фурот дарёсигача чўзилиб боради+, зеро ўша ернинг аҳолисини сизларнинг қўлингизга топшираман ва сизлар уларни қувиб чиқарасизлар+. 32 Улар билан ҳам, уларнинг худолари билан ҳам аҳд қилманглар+. 33 Сизларни Менга қарши гуноҳ қилишга оғдирмаслиги учун, улар юртингизда яшамаслиги керак. Борди-ю, уларнинг худоларига хизмат қиладиган бўлсангиз, тузоққа тушган бўласизлар»+.