Чиқиш
8 Кейин Яҳова Мусога шуларни айтди: «Фиръавннинг олдига бориб, унга бундай деб айт: “Яҳова мана шу сўзларни айтяпти: Менга хизмат қилиши учун халқимни қўйиб юбор+. 2 Агар уларни қўйиб юборишдан бош тортсанг, Мен бутун юртингга қурбақа офатини юбораман+. 3 Нил дарёсидан қурбақалар қайнаб чиқади ва улар сенинг уйингга, ётоқхонангга, тўшагингга, хизматкорларингу халқинг уйларига, тандирларга ҳамда хамир қориладиган тоғораларгача кириб олади+. 4 Қурбақалар сенинг, халқинг ва барча хизматкорларинг устига бостириб келади”».
5 Сўнг Яҳова Мусога яна қуйидагиларни айтди: «Ҳорунга: “Таёғингни олиб, Миср дарёлари, Нил анҳорлари ва ботқоқлари томонга узатгин, шунда бутун Миср юртини қурбақалар босиб кетади”,— деб айт». 6 Ҳорун Миср сувлари томон қўлини узатган эди, қурбақалар чиқиб Миср юртини босиб кетди. 7 Бироқ коҳинлар ўз сеҳрларини ишга солиб, худди шундай қилишди. Улар ҳам Миср юртига қурбақаларни чиқаришди+. 8 Кейин фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб, уларга: «Яҳовадан ёлвориб сўранглар, У мени ва халқимни қурбақалардан халос этсин+. Шунда мен Яҳовага қурбонлик келтириши учун халқни қўйиб юбораман»,— деди. 9 Мусо эса фиръавнга: «Қурбақаларни уйларингиздан йўқ қилиб, сизни, хизматкорларингизу халқингизни қурбақалардан халос қилиш кераклигини қачон сўрашимни ўзингиз ҳал қилинг. Ўшанда қурбақалар Нил дарёсидагина қолади»,— деб айтди. 10 Бунга фиръавн: «Эртага»,— деди. Мусо унга: «Бизнинг Худойимиз Яҳовага тенг келадигани йўқлигини билиб олишингиз учун сиз айтгандек бўла қолсин+. 11 Қурбақалар уйларингиздан йўқ бўлади, сиз, хизматкорларингизу халқингиз улардан халос бўласизлар. Қурбақалар Нил дарёсидагина қолади»+,— деб жавоб берди.
12 Мусо билан Ҳорун фиръавн ҳузуридан чиқишди, Мусо Яҳовага ёлвориб, фиръавннинг устига бостириб келган қурбақалардан уни халос этишни сўради+. 13 Яҳова Мусо сўраганидай қилди ва уйлардаги, ҳовлилару далалардаги қурбақалар қирилиб кетди. 14 Одамлар қурбақаларни уюм-уюм қилиб тўплашди, Миср юрти улар сабаб сасий бошлади. 15 Фиръавн вазият яхшиланганини кўргач, юрагини тош қилиб+, Яҳова айтганидай уларни эшитишдан бош тортди.
16 Яҳова Мусога: «Ҳорунга шундай деб айт: “Таёғингни кўтариб ерга ур, шунда бутун Миср юртидаги чанг чивинларга айланади”»,— деди. 17 Улар айтилгандай қилишди. Ҳорун таёғини кўтариб ерга урган эди, чивинлар одамларни ва жониворларни талай бошлади. Бутун Миср юртидаги чанг чивинларга айланди+. 18 Коҳинлар ўз сеҳрларини ишга солиб, худди ўшандай қилишга — чивинларни пайдо қилишга уринишди+, аммо уддасидан чиқа олишмади. Чивинлар одамларни ва жониворларни таларди. 19 Шунда коҳинлар фиръавнга: «Бу иш Худонинг қудрати* билан бажарилган»+,— деб айтишди. Лекин фиръавннинг юраги тошлигича қолди ва Яҳова айтганидек, Мусо билан Ҳорунга қулоқ солмади.
20 Кейин Яҳова Мусога қуйидагиларни айтди: «Эртага эрталаб, фиръавн дарё бўйига келганда сен унинг олдига бориб, шундай деб айт: “Яҳова сенга шуларни айтяпти: Менга хизмат қилиши учун халқимни қўйиб юбор. 21 Агар халқимни қўйиб юбормасанг, Мен сенга, хизматкорларингга, халқингга ва уйларингга сўна пашшаларни юбораман. Мисрликларнинг уйлари ҳамда улар яшайдиган ер ҳам сўна пашшаларга тўлиб кетади. 22 Ўша куни Менинг халқим яшайдиган Гўшен ерини ажратиб қўяман ва у ерда сўна пашшалар бўлмайди+. Ўшанда Мен, Яҳова мана шу юртда эканимни билиб оласан+. 23 Сенинг халқингдан Ўз халқимни ажратиб қўяман. Эртага бу каромат амалга ошади”».
24 Яҳова айтганидай қилди: сўна пашшалар гала-гала бўлиб фиръавннинг уйига, хизматкорларининг уйларига ва бутун Миср юртига бостириб кира бошлади+. Сўна пашшалар дастидан юрт хароб бўлди+. 25 Охири фиръавн Мусо билан Ҳорунни чақириб, уларга: «Боринглар, шу юртда Худойингизга қурбонлик келтиринглар»,— деб айтди. 26 Лекин Мусо шундай деди: «Бундай қилсак тўғри бўлмайди. Чунки Худойимиз Яҳовага қурбонлик келтиришимиз мисрликлар учун жирканч бир нарсадир+. Борди-ю, мисрликлар жирканадиган ишни уларнинг кўз олдида қилсак, улар бизни тошбўрон қилишмайдими? 27 Биз уч кун йўл босиб саҳрога борамиз ва Тангримиз Яҳова айтганидай, ўша ерда Унга қурбонлик келтирамиз»+.
28 Фиръавн: «Худойингиз Яҳовага қурбонлик келтиришингиз учун сизларни саҳрога қўйиб юбораман. Фақат узоққа кетиб қолманглар. Мен учун Тангрингизга ёлворинглар»+,— деди. 29 Мусо бўлса шундай деди: «Ҳузурингиздан чиқиб, Яҳовадан ёлвориб сўрайман. Эртага фиръавн, унинг хизматкорлари ва халқи сўна пашшалардан халос бўлади. Фақат фиръавн бизни яна алдаб*, Яҳовага қурбонлик келтириш учун халқни қўйиб юборишдан бош тортмасин»+. 30 Шундан сўнг Мусо фиръавннинг олдидан чиқиб, Яҳовага ёлворди+. 31 Мусонинг илтижосига биноан Яҳова фиръавнни, унинг хизматкорларию халқини сўна пашшалардан халос этди. Уларнинг биронтаси ҳам қолмади. 32 Бироқ фиръавн яна юрагини тош қилиб, халқни қўйиб юбормади.