Марк баён этган хушхабар
11 Улар Қуддусга, Зайтун тоғида жойлашган Байтфагия ва Байтанияга+ яқинлашиб қолишганида, Исо ўзидан олдин икки шогирдини жўнатиб+, 2 уларга шундай деди: «Рўпарангиздаги қишлоққа боринглар. У ерга киришингиз биланоқ, ҳали ҳеч ким минмаган хўтикни боғланган ҳолда топасизлар. Уни ечиб олиб келинглар. 3 Мабодо кимдир сизлардан: “Нима қиляпсизлар?” — деб сўраб қолса, унга: “Бу хўтик Ҳазратимизга керак, уни дарҳол қайтариб беради”,— деб айтинглар». 4 Шогирдлар боришди ва кўчада эшик олдида боғланган хўтикни топиб, уни ечишди+. 5 Ўша ерда турган баъзи одамлар эса: «Нимага хўтикни ечяпсизлар?» — деб сўрашди. 6 Шогирдлар худди Исо айтганидай жавоб беришди ва одамлар уларга рухсат беришди.
7 Улар хўтикни олиб келиб+, устига ўз кийимларини ёзишди ва Исо хўтикка минди+. 8 Шунингдек, кўпчилик ўз кийимларини, бошқалар эса йўл бўйидаги дарахтларнинг новдаларини кесиб, унинг йўлига пойандоз қилишарди+. 9 Исонинг олди ва орқасида келаётганлар тинмай шундай дея хитоб қилишарди: «Ёлворамиз, унга нажот бер!+ Яҳованинг* номидан келаётган муборакдир!+ 10 Отамиз Довуднинг келаётган Шоҳлиги муборак бўлсин!+ Эй, самода бўлган Худо, ёлворамиз, унга нажот бер!» 11 Исо Қуддусдаги маъбадга кириб, атрофдаги барча нарсага назар ташлади. Вақт кеч бўлиб қолгани учун, у 12 шогирди билан бирга Байтанияга борди+.
12 Эртасига, Байтаниядан қайтишаётганда, Исонинг қорни очди+. 13 У узоқдан барглари чиққан анжир дарахтини кўриб, бирорта меваси бормикин, дея ёнига борди. Аммо барглардан бошқа ҳеч нарса топа олмади, чунки ҳали анжир териш вақти эмасди. 14 Шунинг учун Исо: «Бундан буён сенинг мевангни ҳеч ким емасин»+,— деди. Шогирдлари эса буни эшитиб туришган эди.
15 Сўнг улар Қуддусга келишди. Исо маъбадга кириб, олди-сотди қилаётганларнинг ҳаммасини қувиб чиқарди. Пул алмаштирувчиларнинг пештахталарини ва каптар сотувчиларнинг курсиларини ағдариб юборди+. 16 Ҳатто маъбад ичидан бирор нарса кўтариб ўтишга ҳам рухсат бермади. 17 У таълим бериб, шундай дерди: «Муқаддас Ёзувларда: “Менинг уйим барча халқлар ибодат қиладиган уй деб аталади”+,— дейилган. Сизлар бўлса уни қароқчилар уясига айлантириб юбордингизлар»+. 18 Бош руҳонийлар билан уламолар эса буни эшитиб, Исони ўлдириш пайига тушишди+. Улар Исодан қўрқишарди, чунки ҳамма унинг таълимотидан лол қолганди+.
19 Кеч кирганда, улар шаҳардан чиқиб кетишди. 20 Эрта тонгда улар яна анжир дарахти ёнидан ўтиб кетаётиб қарашса, у томиригача қуриб қолибди+. 21 Шунда Бутрус кечаги воқеани эслаб: «Устоз қаранг, сиз лаънатлаган анжир дарахти қуриб қолибди!»+ — деди. 22 Исо жавобан уларга қуйидагиларни айтди: «Аллоҳга эътиқод қилинглар. 23 Ишонаверинг, агар кимдир бу тоққа: “Кўтарил-да, денгизга отил”,— деса ва қалбида шубҳа қилмай, айтгани бажо бўлишига ишонса, ўша нарса бўлади+. 24 Шунинг учун сизларга айтяпман: ибодатда нимаики сўрасангизлар, уни олишингизга аниқ ишонинглар ва ўша нарсага эга бўласизлар+. 25 Ибодат қилиб турганингизда, бировдан норози бўлсангиз, уни кечиринглар. Шунда осмондаги Отангиз ҳам айбларингизни кечиради»+. 26 * ——
27 Кейин улар яна Қуддусга келишди. Исо маъбадда юрганида, бош руҳонийлар, уламолар ва оқсоқоллар унинг ёнига келиб: 28 «Бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қиляпсан? Бу ҳуқуқни сенга ким берди?» — дея сўрашди+. 29 Исо уларга жавобан деди: «Мен ҳам сизларга бир савол берай. Агар жавоб берсангизлар, мен ҳам қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтаман. 30 Қани айтинглар-чи: Яҳё одамларни сувга чўмдириш ҳуқуқини+ Худодан* олганми ё одамларданми?»+ 31 Улар эса ўзаро шундай фикр юрита бошлашди: «“Худодан”,— десак, у бизга: “Бўлмаса нега унга ишонмадингизлар?” — дейди. 32 Балки: “Одамлардан”,— дермиз?» Бироқ улар халойиқдан қўрқишарди, чунки ҳаммаси Яҳёни ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлган, деб ҳисобларди+. 33 Охири улар Исога жавоб бериб: «Билмаймиз»,— дейишди. Исо эса уларга: «Унда мен ҳам бу ишларни қандай ҳуқуқ билан қилаётганимни сизларга айтмайман»,— деди.