Қонунлар
10 Шунда Яҳова менга қуйидагиларни айтди: “Олдинги лавҳаларга ўхшаган иккита тош лавҳани кесиб ол+ ва Менинг олдимга, тоққа чиқ. Шунингдек ўзинг учун ёғочдан сандиқ* яса. 2 Мен бу лавҳаларга сен чилпарчин қилган лавҳалардаги сўзларни ёзиб бераман. Сен уларни сандиқнинг ичига солиб қўй”. 3 Мен акация дарахтининг ёғочидан сандиқ ясадим ва олдингиларига ўхшаган иккита тош лавҳани кесиб олдим. Сўнг иккала тош лавҳани қўлимга олиб, тоққа чиқдим+. 4 У ўша лавҳаларга олдингиларида битилган сўзларни+ — Ўнта амрни* ёзди+. Бу амрларни Яҳова жамоат йиғилган куни+, тоғда олов ичидан сизларга гапирган эди+. Кейин Яҳова уларни менга берди. 5 Сўнг орқага қайтиб, тоғдан пастга тушдим+ ва Яҳова менга буюрганидай уларни ўзим ясаган сандиққа солиб қўйдим. Лавҳалар ҳозир ҳам сандиқнинг ичида турибди.
6 Исроил ўғиллари Берўт-Банияқондан чиқиб, Мосарахга қараб кетишди. Ўша ерда Ҳорун вафот этди ва дафн қилинди+. Ўғли Элазар эса унинг ўрнига руҳоний бўлиб хизмат қила бошлади+. 7 У ердан йўлга чиқиб, улар Гудгодахга, Гудгодахдан эса Ётботога+, сойлар оқадиган юртга қараб кетишди.
8 Ўшанда Яҳова левиларни ажратиб олди+. Улар Яҳованинг аҳд сандиғини кўтариб юриш+, Яҳовага хизмат қилиш учун Унинг ҳузурида туриш ва Унинг номидан халқни дуо қилиш учун ажратиб олинган эдилар+. Улар бу ишларни бугунгача бажариб келишяпти. 9 Шу боис, левиларга биродарлари орасидан улуш ҳам, мерос ҳам берилмади. Худойингиз Яҳованинг Ўзи уларга айтганидай, Яҳова уларнинг меросидир+. 10 Мен биринчи сафаргидай 40 кечаю 40 кундуз тоғда бўлдим+. Бу гал ҳам Яҳова мени эшитди. Яҳова сизларни қириб ташлаш фикридан қайтди+. 11 Сўнг Яҳова менга қуйидагиларни айтди: “Бор, йўлга чиқиш учун тайёргарлик кўриб, Мен ота-боболарига бераман, деб қасам ичган юртга халқни бошлаб бор. Улар ўша ерни эгаллаб олишсин”.
12 Хуллас, эй Исроил халқи, Худойингиз Яҳова сизлардан нимани талаб қиляпти?+ Бор-йўғи Тангрингиз Яҳовадан қўрқишни+, Унинг йўлларидан юришни+, Уни севишни, Аллоҳингиз Яҳовага бутун қалбингиз ва бутун жонингиз* билан+ хизмат қилишни 13 ҳамда манфаатингизни кўзлаб мен бугун сизларга буюрган Яҳованинг амрлари ва қоидаларига риоя қилишни талаб қиляпти+. 14 Осмон ҳам, самоларнинг энг юксак жойи ҳам, ер ва ундаги бор нарсалар ҳам Аллоҳингиз Яҳовага тегишлидир+. 15 Фақатгина ота-боболарингизга Яҳова яқин бўлиб, Ўз севгисини намоён этди. Уларнинг насли бўлмиш сизларни барча халқлар ичидан танлаб олди+. Бугун сизлар Унга тегишлисиз. 16 Қалбингизни тозаланглар*+, ўжарлик қилишни бас қилинглар*+. 17 Ахир Тангрингиз Яҳова — худолар Худоси+, эгалар Эгасидир. Буюк, қудратли, маҳобатли, умуман юзхотирчилик қилмайдиган+ ва пора олмайдиган Худодир. 18 У етим ва беванинг ишини адолат ила кўриб чиқади+. Мусофирни севиб+, уни овқат ва кийим билан таъминлайди. 19 Сизлар ҳам мусофир кишини севинглар, ахир ўзларингиз ҳам Миср юртида мусофир бўлгансизлар+.
20 Худойингиз Яҳовадан қўрқинглар, Унгагина хизмат қилинглар+, Унга содиқ бўлиб қолинглар ва Унинг номи билан қасам ичинглар. 21 Фақат Уни улуғланглар+. У, сизлар учун ушбу буюк ҳамда маҳобатли ишларни қилган Тангрингиздир. Бу ишларни ўз кўзингиз билан кўргансизлар+. 22 Ота-боболарингиз 70 киши бўлиб Мисрга келишган эди+. Аллоҳингиз Яҳова эса сизларни осмондаги юлдузлардай сон-саноқсиз қилди+.