Матто баён этган хушхабар
8 Исо тоғдан тушгач, орқасидан тумонат халойиқ эргашди. 2 Шу пайт унинг олдига бир мохов киши яқинлашди-да, тиз чўкиб: «Ҳазратим, сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— деди+. 3 Шунда Исо қўлини унга теккизиб: «Албатта истайман! Пок бўлинг»+,— деди. Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлди+. 4 Сўнг Исо унга: «Бу ҳақда ҳеч кимга айтманг+. Аммо бориб ўзингизни руҳонийга кўрсатинг+ ва Мусо пайғамбар буюргани бўйича қурбонлик келтиринг+. Бу уларга шоҳидлик бўлсин»,— деди.
5 Исо Кафарнаҳум шаҳрига кирганида, бир юзбоши унинг олдига келди ва ёлвориб+: 6 «Тақсир, хизматкорим уйда шол бўлиб жуда қийналиб ётибди»,— деди. 7 Исо унга: «Мен бориб уни соғайтираман»,— деб айтди. 8 Юзбоши унга жавобан шундай деди: «Тақсир, уйимга киришингизга мен нолойиқман. Бир оғиз сўз айтсангиз бас, хизматкорим соғайиб кетади. 9 Чунки мен ҳам ҳокимиятга тобе инсонман ва менинг ҳам қўл остимда аскарларим бор. Улардан бирига: “Кет!” — десам, кетади. Бошқасига: “Кел!” — десам, келади ва бирон хизматкоримга: “Шуни қил!” — десам, қилади». 10 Бу сўзларни эшитгач, Исо ҳайратда қолиб, орқасидан эргашиб келаётганларга шундай деди: «Ишонаверинг, бунчалик кучли имонни Исроилдаги ҳеч кимсада кўрмадим+. 11 Лекин сизларга айтиб қўяй, шарқу ғарбдан кўплар келиб Осмон Шоҳлигида Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқуб билан бирга дастурхон атрофида ёнбошлашади+. 12 Шоҳлик ўғиллари эса ташқарига, қоронғиликка отиладилар. У ерда йиғлаб, тишларини ғижирлатишади»+. 13 Бундан кейин Исо юзбошига: «Бораверинг. Сиз ишонгандай бўлсин»+,— деди. Хизматкор шу ондаёқ соғайиб кетди+.
14 Исо Бутруснинг уйига келганида, унинг қайнанаси+ иситмалаб ётганини кўрди+. 15 Исо унинг қўлига тегиши биланоқ+ иситмаси тушди ва аёл ўрнидан туриб унга хизмат қила бошлади. 16 Кеч киргач, Исонинг олдига жинга чалинган кўп кишиларни олиб келишди. У жинларни бир сўз билан қувиб чиқариб, ҳамма касалларни даволади. 17 Шу тариқа Ишаё пайғамбар орқали: «У касалликларимизни ўзига олди, дардларимизни кўтариб кетди»+,— деб айтилган сўзлар бажо бўлди.
18 Исо атрофидаги халойиқни кўриб, нариги томонга сузиб ўтишни буюрди+. 19 Шу пайт бир уламо унинг ёнига келиб: «Устоз, сиз қаерга борсангиз, мен ҳам ўша ерга бораман»+,— деди. 20 Бироқ Исо унга: «Тулкиларнинг уяси, қушларнинг ини бор, Инсон Ўғлининг* эса турар жойи ҳам йўқ»+,— деб айтди. 21 Бундан сўнг шогирдларидан бири унга: «Ҳазратим, аввалига бориб отамни кўмиб келишимга ижозат беринг»+,— деди. 22 Исо бўлса унга: «Менинг орқамдан юринг. Ўликлар ўз ўликларини кўмсин»+,— деб айтди.
23 Исо қайиққа ўтирганида, шогирдлари ҳам орқасидан қайиққа тушишди+. 24 Тўсатдан денгиз қаттиқ мавж ура бошлаб, қайиқ тўлқинлар оғушида қолди. Исо эса ухлаётган эди+. 25 Шогирдлар ёнига келиб, уни уйғотишди-да: «Ҳазрат, бизни қутқаринг, ҳалок бўляпмиз!» — дейишди. 26 Исо эса уларга: «Эҳ, имони сустлар, намунча қўрқмасангизлар?!»+ — деди-да, ўрнидан туриб, шамол билан денгизга дўқ урди. Шу заҳоти чуқур сукунат чўкди+. 27 Шогирдлари ҳайратланиб: «Бу қандай одамки, ҳатто шамол ва денгиз унга бўйсуняпти-я?!» — дейишди.
28 Исо денгизнинг нариги томонидаги гадараликлар ўлкасига келганида, қабрлар орасидан жинга чалинган икки киши чиқиб, унга рўбарў бўлди+. Улар шу қадар ваҳший эдики, ҳеч ким бу йўлдан ўта олмасди. 29 Бу иккови: «Эй Худонинг Ўғли, бизда нима ишинг бор?+ Бизни муддатидан аввал+ қийнагани келдингми?»+ — дея ҳайқира бошлади. 30 Улардан узоқроқда катта чўчқа подаси ўтлаб юрган эди+. 31 Шунда жинлар Исога: «Агар бизни қувиб чиқармоқчи бўлсанг, унда чўчқа подасига юбор»,— деб ёлворишди+. 32 Исо уларга: «Боринглар!» — деган эди ҳам, улар бу одамлардан чиқиб, чўчқа подасига кириб олдилар. Ўшанда чўчқаларнинг бари жарликдан денгизга сакраб, чўкиб ўлди. 33 Чўчқабоқарлар эса шаҳарга қочиб боришди-да, ҳамма нарсани, шунингдек, жинга чалинган кишилар билан нима юз берганини ҳам айтиб беришди. 34 Бутун шаҳар аҳолиси эса Исонинг қаршисига чиқди. Уни кўргач, юртларини тарк этишни сўрашди+.