Закариё
11 «Эй Ливан, эшикларингни оч!
Олов кедр дарахтларингни куйдириб кулга айлантирсин.
2 Эй қора арчалар, ўкириб йиғланг, чунки кедрлар қулади,
Маҳобатли дарахтлар нобуд бўлди!
Эй Башан эманлари, ўкириб йиғланг,
Ахир қалин ўрмон йўқ бўлди!
3 Чўпонларнинг ўкириб йиғлаётганини эшитинг!
Чунки уларнинг улуғворлигидан асар ҳам қолмади.
Ёш шерларнинг* бўкиришига қулоқ солинг!
Чунки Иордан бўйидаги қалин чакалакзорлар йўқ бўлди.
4 Худойим Яҳова шундай демоқда: “Сўйиладиган қўйларга чўпонлик қил+. 5 Харидорлар уларни сўйяпти+, лекин бунинг учун айбдор ҳисобланмаяпти. Уларни сотган кимсалар+: “Яҳовага шукр, энди бой бўламан”,— деб айтяпти. Чўпонларнинг қўйларга раҳми келмаяпти”+.
6 “Бундан кейин юрт аҳолисига шафқат қилмайман,— демоқда Яҳова. — Ҳар бир киши яқинининг ҳамда подшоҳининг қўлидан жабр-зулм кўради. Улар юртни хароб қилади ва Мен ҳеч кимни уларнинг қўлидан қутқармайман”».
7 Эй, сурувдаги жабрдийдалар, сизларнинг фойдангиз учун мен сўйиладиган қўйларга чўпонлик қила бошладим+. Мен иккита таёқ олдим. Бирини «Илтифот», иккинчисини «Бирлик»+, деб атадим. Сўнг сурувга чўпонлик қила бошладим. 8 Бир ой ичида мен учта чўпонни ҳайдаб юбордим, чунки уларга бошқа чидай олмадим, улар ҳам мени ёмон кўриб қолишди. 9 Кейин: «Мен сизларга чўпонлик қилмайман. Ўлаётган ўлаверсин, ҳалок бўлаётган ҳалок бўлаверсин. Қолганлари эса бир-бирининг гўштини есин»,— дедим. 10 Шунда «Илтифот»+ деб аталган таёғимни кесиб ташладим, шу йўсин бутун халқ билан қилган аҳдимни бекор қилдим. 11 Таёқ кесиб ташланган куни, мени кузатиб турган сурувдаги жабрдийда кишилар бу Яҳованинг сўзи эканини тушунишди.
12 Кейин мен уларга: «Агар маъқул деб билсангизлар, менга иш ҳақимни беринглар, маъқул деб билмасангизлар, бермай қўяверинглар»,— дедим. Улар менга 30 шекел кумуш ҳақ тўлашди+.
13 Кейин Яҳова менга: «Бу кумушни хазинага ташла. Улар мени “жуда қиммат” нархга баҳолашди!»+ — деди. Мен 30 шекел кумушни олиб, Яҳованинг уйидаги хазинага ташладим+.
14 Сўнг «Бирлик»+ деб аталган таёғимни кесиб ташладим, шу йўсин Яҳудо ва Исроил ўртасидаги биродарлик ришталарини уздим+.
15 Яҳова менга шундай деди: «Энди ярамас чўпоннинг+ ашёларини олгин. 16 Мен юртда битта чўпон пайдо бўлишига йўл қўяман. У ҳалок бўлаётган қўйларга ғамхўрлик қилмайди+, қўзиларни изламайди, жароҳати борларини даволамайди+, соғларини озиқлантирмайди. Аксинча, семизларини еб қўяди+, қўйларнинг туёғини узиб ташлайди+.
17 Сурувини ташлаб кетган+ ярамас чўпонимнинг ҳолига вой!+
Қилич унинг қўлини чопиб, ўнг кўзини ўйиб олади.
Қўли бутунлай қуриб қолади,
Ўнг кўзи эса кўр бўлади».