Саҳрода
6 Яҳова Мусога яна шундай деб айтди: 2 «Исроил ўғилларига мурожаат қилиб қуйидагиларни айт: “Агар эркак ёки аёл ўзини Яҳовага назр* қилиш+ ҳақида ўзгача онт ичса, 3 у шароб ва бошқа ичкиликдан ўзини сақласин. У узум сиркасини ҳам, бошқа ичкиликнинг сиркасини ҳам ичмасин+. У узумдан тайёрланган ичимликни, узумни ва майизни истеъмол қилмасин. 4 Назр қилинган кунлари давомида у ток новдасидан, пишмаган узум донасининг пўстлоғидан тайёрланган ҳеч қандай нарсани емасин.
5 Онт ичиб назр қилинган кунлари мобайнида бошига устара тегмасин+. Ўзини Яҳова учун ажратган кунлари ниҳоясига етмагунча, у бошидаги сочини ўстириб, муқаддасликни сақласин. 6 Яҳова учун танланган кунлари давомида, у одам* мурдасига яқинлашмасин. 7 Ҳатто отаси ёки онаси, ака-укаю опа-сингиллари қазо қилса ҳам, у ўзини булғамасин+, чунки унинг бошида Тангрига назр қилинганлик белгиси бор.
8 Назр қилинган кунлари мобайнида, у Яҳова учун муқаддас саналади. 9 Борди-ю, биров ногаҳон унинг олдида вафот этса+ ва у Аллоҳ учун ажратилганлик белгиси бўлмиш сочини булғаса, поклиги тасдиқланган куни сочини қирдирсин+. У еттинчи куни сочини қирдирсин. 10 Саккизинчи кун у иккита ғурракни ёки иккита каптар палапонини учрашув чодирининг кираверишига олиб келиб, руҳонийга берсин. 11 Руҳоний қушлардан бирини гуноҳ қурбонлиги, бошқасини куйдириладиган қурбонлик қилиб тайёрласин ва мурдага тегиб айбдор бўлгани учун унинг гуноҳини ювсин+. Ўша куни у ўзини* муқаддас қилсин. 12 У қайтадан ўзини Яҳова учун ажратиб, назр қилсин. У бир яшар ёш қўчқорни айб қурбонлиги қилиб келтирсин. Лекин бундан олдинги кунлари ҳисобга ўтмайди, чунки у назрини булғаган эди.
13 Назр қилинганлик ҳақидаги қонун қуйидагичадир: назр қилинганлик кунлари якунига етганида+, у учрашув чодирининг кираверишига олиб келинсин. 14 Бу ерда у киши Яҳовага мана бу назрларни тақдим этсин: куйдириладиган қурбонлик+ учун нуқсонсиз бир яшар қўчқорни, гуноҳ қурбонлиги+ учун нуқсонсиз бир яшар урғочи қўзини, тинчлик қурбонлиги+ учун нуқсонсиз қўчқорни, 15 шунингдек олий навли ундан тайёрланиб, мой қўшилган ҳалқа шаклидаги хамиртурушсиз нонлар ва устига мой суртилган лочиралар солинган саватни ҳамда дон назри+ ва ичимлик назрларини+ олиб келсин. 16 Руҳоний бу нарсаларни Яҳованинг олдига қўяди ва ўша одамнинг гуноҳ қурбонлигини ва куйдириладиган қурбонлигини келтиради. 17 У Яҳовага атаб тинчлик қурбонлиги сифатида қўчқорни, бир сават хамиртурушсиз нонни ва қўчқорга қўшиб дон назри+ ва ичимлик назрини олиб келсин.
18 Назр қилинган киши учрашув чодирининг кираверишида бошидаги сочини қирдирсин+. Назр қилинган кунлари ўстирган сочларини олиб, тинчлик қурбонлигининг остида ёнаётган олов устига қўйсин. 19 Назр қилинганининг рамзи бўлмиш сочини қирдиргач, руҳоний қўчқорнинг қайнатилган елкасини+, сават ичидан ҳалқа шаклидаги хамиртурушсиз битта нон билан битта лочирани олиб, назр қилинган кишининг қўлларига қўйсин. 20 Руҳоний уларни Яҳованинг олдида силкитиладиган назр сифатида силкитсин+. Бу нарсалар, силкитиладиган назр қилиб келтирилган тўш ва муқаддас улуш сифатида берилган сон билан бирга руҳонийга улуш қилиб берилсин+. Шундан кейин назр қилинган киши шароб ичиши мумкин.
21 Онт ичиб ўзини назр қилган кишига+ тегишли қонун қуйидагичадир: агар у қасам ичса ва назр қилинган кишидан талаб қилинадиган қурбонликка қўшимча равишда Яҳовага назр келтиришга қурби етса, у назр қилинганига тегишли қонун ҳаққи-ҳурмати қасамини бажарсин”».
22 Сўнг Яҳова Мусога шундай деди: 23 «Ҳорунга ва унинг ўғилларига мана бу гапимни етказ: “Исроил халқини қуйидагича дуо қилинглар+. Уларга шундай деб айтинглар:
24 Илоҳим Яҳова сизларга барака ато этиб+, сизларни асрасин.
25 Илойим Яҳова устингизга Ўз* нурини сочиб+, сизларга илтифот кўрсатсин.
26 Илоё Яҳова сизларга меҳр билан боқиб*, тинчлик ато этсин”+.
27 Исроил халқини дуо қилганда, улар Менинг исмимни тилга олишсин+, шунда Мен Исроил халқига барака бераман»+.