Чиқиш
4 Бироқ Мусо: «Борди-ю, улар: “Яҳова сенга зоҳир бўлмаган”,— деб, менга ишонмай, гапларимга қулоқ солишмаса-чи?»+ — деди. 2 Яҳова ундан: «Қўлингдаги нима?» — деб сўради. У: «Таёқ»,— деб жавоб берди. 3 Худо: «Уни ерга ташла»,— деди. Мусо таёқни ерга ташлаган эди, таёқ илонга айланиб қолди+. Мусо илондан ўзини олиб қочди. 4 Аммо Яҳова: «Қўлингни узатиб, унинг думидан ушла»,— деб айтди. Мусо қўлини узатиб, уни ушлаган эди, илон унинг қўлида яна таёққа айланиб қолди. 5 Кейин Худо: «Шундай қилсанг, улар сенга ота-боболаринг Худоси, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Тангриси Яҳова+ зоҳир бўлганига ишонишади»+,— деди.
6 Сўнг Яҳова: «Қўлингни қўйнингга тиқ»,— деб айтди. Мусо қўлини қўйнига тиқиб чиқарган эди, қўли пес касаллигига* чалиниб, қордай оппоқ бўлиб қолди+. 7 Худо унга: «Қўлингни қайтадан қўйнингга тиқ»,— деди. Мусо қўлини қўйнига тиқиб қайта чиқарган эди, қўли аввалги ҳолига қайтди. 8 Тангри унга шундай деди: «Агар улар сенга ишонмай, биринчи мўъжизага парво қилишмаса, иккинчисига албатта ишонишади+. 9 Борди-ю, улар ҳатто шу иккала мўъжизага ҳам ишонмай, сўзларингга қулоқ солишмаса, унда Нил дарёсидан сув олиб, ерга тўк. Шунда ерга тўкилган сув қонга айланади»+.
10 Мусо бўлса Яҳовага: «Мени кечир Яҳова, лекин мен ҳеч қачон — аввал ҳам, мен қулинг билан сўзлашишни бошлаганингдан буён ҳам — гапга чечан бўлган эмасман. Чунки мен яхши гапира олмайман, гапга чечан одам эмасман»+,— деб айтди. 11 Аммо Яҳова унга: «Одамга тилни ким берган? Ахир уни соқов, кар, кўр ёки кўра оладиган қилувчи Мен, Яҳова эмасманми? 12 Шундай экан, бор! Гапираётганингда сенга ёрдам бериб, нима дейишингни ўргатиб тураман»+,— деди. 13 Бироқ Мусо: «Мени кечир Яҳова, ўрнимга бошқа кишини юбора қол»,— дея илтимос қилди. 14 Шунда Яҳова Мусодан аччиқланиб, деди: «Леви қабиласидан бўлган аканг Ҳорун-чи?+ У гапга чечан эканини биламан. Ҳозир у сен томонга қараб келяпти. Сени кўрганда унинг қалби қувончга тўлади+. 15 Сен у билан гаплашиб, сўзларимни етказ+. Мен эса сизлар гапирганингизда, сен ҳамда у билан бирга бўлиб+, нима қилишни ўргатиб тураман. 16 У сенинг ўрнингга халққа гапириб, вакилинг бўлади ва сен у учун Худо каби* бўласан+. 17 Бу таёқни ўзинг билан ол, у билан мўъжизалар кўрсатасан»+.
18 Хуллас, Мусо қайнатаси Ятронинг+ олдига келди-да: «Мисрдаги биродарларим олдига бориб, уларнинг аҳволини билиб келишимга рухсат беринг»,— деди. Ятро Мусога: «Эсон-омон боринг»,— деб айтди. 19 Бундан сўнг, Мусо ҳали Мидиён юртида бўлганида Яҳова унга: «Мисрга қайтиб бор, чунки жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси ўлди»+,— деди.
20 Шу тариқа Мусо хотини ва ўғилларини эшакка миндириб, Миср юртига жўнади. Мусо ҳақ Тангри олишни буюрган таёқни ҳам ўзи билан олди. 21 Яҳова Мусога бундай деди: «Мен сенга мўъжизалар кўрсатиш қудратини ато этдим. Мисрга қайтиб борганингда, уларнинг ҳаммасини фиръавн олдида кўрсат+. Мен эса унинг юраги тош бўлишига йўл қўяман+ ва у халқимни қўйиб юбормайди+. 22 Сен фиръавнга: “Яҳова: “Исроил Менинг ўғлим, тўнғичимдир+. 23 Шундай экан, Менга хизмат қилиши учун ўғлимни қўйиб юбор. Борди-ю, уни қўйиб юбормасанг, сенинг ўғлингни, тўнғичингни ўлдираман”,— деб айтди”+,— дегин».
24 Йўлда тунаш учун тўхтаган жойларида, Яҳова*+ унга дуч келиб, уни ўлдирмоқчи бўлди+. 25 Аммо Зиппура+ ўткир тошни* олди-да, ўғлини суннат қилиб: «Сен менинг қон куёвимсан»,— дея суннат терисини унинг* оёқлари остига ташлади. 26 Шунда Худо уни қўйиб юборди. Зиппура суннат қилгани учун: «Қон куёвим»,— деб айтди.
27 Яҳова Ҳорунга: «Мусони қарши олиш учун саҳрога бор»+,— деди. У йўлга чиқди ва ҳақ Тангрининг тоғи+ олдида Мусони учратиб, у билан ўпишиб кўришди. 28 Мусо уни юборган Яҳованинг барча сўзларини ҳамда қандай мўъжизалар+ кўрсатишни буюрганини Ҳорунга айтиб берди+. 29 Сўнгра Мусо билан Ҳорун бориб, Исроил халқининг ҳамма оқсоқолларини йиғишди+. 30 Ҳорун уларга Яҳованинг Мусога айтган барча гапларини сўзлаб берди. Мусо халқнинг кўз олдида ўша мўъжизаларни кўрсатди+. 31 Шунда халқ Мусога ишонди+. Яҳова уларга эътибор қаратиб+, тортаётган азобларини+ кўрганини эшитишганда, Исроил ўғиллари юзтубан тиз чўкиб, таъзим қилишди.