Қонунлар
15 Ҳар еттинчи йилнинг охирида озодлик эълон қилинглар+. 2 Озод этишнинг шартлари қуйидагичадир: қарз берган киши ундан қарз олган яқинининг қарзидан кечсин. У ўз яқини ёки биродаридан қарзини тўлашни талаб қилмасин. Яҳованинг ҳаққи-ҳурмати у озод деб эълон этилсин+. 3 Мусофирдан қарзини тўлашни талаб қилсангиз бўлади+, лекин биродарингиз сиздан нимаики олган бўлса, унинг қарзидан кечинглар. 4 Орангизда камбағал одам бўлмасин, чунки Тангрингиз Яҳова эгаллашингиз учун мерос қилиб бераётган юртда Яҳова сизларга албатта барака беради+. 5 Бироқ бунинг учун Худойингиз Яҳованинг айтганларига қатъий итоат этиб, бугун мен сизларга етказаётган Унинг барча амрларини астойдил бажаринглар+. 6 Аллоҳингиз Яҳова ваъда берганидек сизларга барака беради ва сизлар кўп халқларга қарз* берасизлар. Ўзларингиз эса қарз олишга эҳтиёж сезмайсизлар+. Кўп халқлар устидан ҳукмронлик қиласизлар, аммо улар устингиздан ҳукмронлик қилмайди+.
7 Борди-ю, Тангрингиз Яҳова сизларга берган шаҳарларда орангизда яшаётган бирорта биродарингиз камбағал бўлиб қолса, қалбингизни тош қилиб, биродарингизга нисбатан хасис бўлманглар+. 8 Очиқ қўл билан унга қанча керак бўлса, шунча қарз беринглар+. 9 Қалбингизда ёвуз ният пайдо бўлиб: “Еттинчи йил, яъни Шаббат йили* яқинлашиб қолди”+,— дея камбағал биродарингизга хасислик қилишдан ва уни бўш қўл билан қўйиб юборишдан эҳтиёт бўлинглар. Агар у йиғлаб Яҳовага арз қилса, гуноҳкор бўлиб қоласизлар+. 10 Истар-истамасдан эмас, балки сахийлик билан унга беринглар+. Шунда Худойингиз Яҳова сизларнинг ҳар бир ишларингизу ҳаракатларингизга барака беради+. 11 Ўша юртда доимо камбағаллар бўлади+. Мана шу сабабдан, мен сизларга: “Юртингиздаги қайғу чеккан ва камбағал биродарингизга сахийлик кўрсатинг*+”,— деб амр беряпман.
12 Борди-ю, бирорта биродарингиз, яъни иброний эркак ёки аёл ўзини сизларга сотиб, олти йил мобайнида хизмат қилган бўлса, еттинчи йили уни озод қилинглар+. 13 Уни озод қиладиган бўлсангиз, бўш қўл билан жўнатманглар. 14 Қўй-эчкингиздан, хирмонингиздаги дондан, зайтунсиққичдан олинган зайтун мойидан ва узумсиққичдан олинган шаробингиздан унга беринглар. Аллоҳингиз Яҳова сизларга барака бергани учун, сизлар ҳам унга сахийлик кўрсатинглар. 15 Миср юртида қул бўлганингизни ва Тангрингиз Яҳова сизларни озод қилганини ёдда тутинглар. Шу боис, уларга риоя қилишни бугун сизларга амр этяпман.
16 Борди-ю, хизматкорингиз сизни, оила аъзоларингизни яхши кўргани учун сизга: “Мен сизнинг уйингиздан кетмайман”,— деб айтса ва сизга хизмат қилишдан бахтиёр бўлса+, 17 сиз уни эшикка тақаб қулоғини бигиз билан тешинг ва у бутун умрга сизнинг қулингиз бўлиб қолади. Чўрингиз билан ҳам худди шундай йўл тутинг. 18 Уни озод этаётганингизда оғринманг, чунки у олти йил мобайнида сизга хизмат қилди ва ёлланма ишчига қараганда икки баравар кўпроқ иш бажарди. Худойингиз Яҳова ҳам қилган барча ишингизда сизларга барака берди.
19 Қорамолингиз ва қўй-эчкиларингизнинг биринчи эркак боласини Аллоҳингиз Яҳова учун муқаддас қилинглар+. Қорамолингизнинг биринчи боласини ишлатманглар. Қўй-эчкиларингизнинг биринчи боласининг жунини қирқманглар. 20 Ўзингиз ва хонадон аҳлингиз уни Яҳова танлаган жойда+, ҳар йили Тангрингиз Яҳованинг ҳузурида енглар. 21 Борди-ю, жонлиқ оқсоқ ёки кўр бўлса ёки бошқа бирор нуқсони бўлса, уни Худойингиз Яҳовага қурбонлик қилиб келтирманглар+. 22 Уни шаҳарларингизда енглар. Ғизол ёки буғуни еганингиздек, жонлиқни пок инсон ҳам, нопок инсон ҳам ейиши мумкин+. 23 Фақат унинг қонини истеъмол қилманглар+. Қонни сув каби ерга тўкинглар+.