Ҳакамлар
10 Абумалекнинг ўлимидан сўнг, Исроил халқини қутқариш учун Иссахор қабиласидан Тўло чиқди+. У Эфрайимнинг тоғли ҳудудидаги Шомирда яшарди. Тўло Дўдўнинг невараси, Пувахнинг ўғли эди. 2 У Исроилда 23 йил ҳакамлик қилди. Сўнгра вафот этиб, Шомирда дафн қилинди.
3 Тўлодан кейин гиладлик Ёвир Исроилда 22 йил ҳакамлик қилди. 4 Унинг 30 та ўғли бўлиб, улар 30 та эшакка миниб юришарди ва уларнинг Гилад юртида жойлашган 30 та шаҳри бор эди. Бу шаҳарлар бугунгача Хавот-Ёвир+ деб аталади. 5 Кейин Ёвир ҳаётдан кўз юмди ва у Камонда дафн этилди.
6 Исроил халқи Яҳованинг назарида яна ёмон ишлар қила бошлади+. Улар Баалларга+, Аштаретнинг* тасвирларига, оромийлар*, сидонликлар, мўабликлар, оммонликлар ва филистимликларнинг худоларига хизмат қила бошлашди+. Улар Яҳовани тарк этиб, Унга хизмат қилмай қўйишди. 7 Исроил халқига қарши Яҳованинг ғазаби аланга олиб, уларни филистимликлар билан оммонликлар қўлига топширди*+. 8 Улар ўша йили, Иорданнинг шарқ томонида, Гиладдаги аморийларнинг юртида яшовчи исроилликларга жабр-зулм ўтказишди. Улар 18 йил давомида шундай қилишди. 9 Оммонликлар Яҳудо, Бенямин ва Эфрайим қабилаларига қарши жанг қилиш учун Иорданни кечиб ўтишди. Уларнинг дастидан Исроил халқи қаттиқ азоб чекди. 10 Исроилликлар Яҳовадан ёрдам сўраб ёлворишди+: «Эй Худойимиз, биз Сенга қарши гуноҳ қилдик. Сени тарк этиб, Баалларга хизмат қилдик»+.
11 Бироқ Яҳова исроилликларга деди: «Мен сизларни мисрликлар+, аморийлар+, оммонликлар, филистимликлар+, 12 сидонликлар, омолеклар ва мидиёнликларнинг жабр-зулмидан халос этмадимми?! Ахир Менга фарёд қилганингизда, сизларни уларнинг қўлидан қутқарган эдим-ку! 13 Аммо сизлар Мени ташлаб, бошқа худоларга хизмат қилдингиз+. Шу боис, сизларни бошқа қутқармайман+. 14 Ўзингиз танлаган худоларнинг олдига бориб, улардан ёрдам сўранглар+. Бошингизга кулфат тушганда, улар сизларни қутқарсин»+. 15 Лекин исроилликлар Яҳовага: «Биз гуноҳ қилдик. Биз билан истаганингни қил. Фақат бугун бизни қутқар, Сендан ўтиниб сўраймиз»,— дейишди. 16 Исроилликлар ораларидан сохта худоларни йўқ қилиб, Яҳовага хизмат қила бошлашди+. Шунда У исроилликларнинг азоб чекишига ортиқ чидай олмади+.
17 Бир мунча вақт ўтиб, оммонликлар+ биргаликда тўпланиб, Гиладда қароргоҳ қуришди. Шунда исроилликлар ҳам йиғилиб, Миспахда қароргоҳ қуришди. 18 Гилад аҳолиси ва беклари бир-бирига: «Оммонликларга қарши жангда ким бошчилик қилади?+ Ўша киши бутун Гилад аҳолиси устидан йўлбошчи бўлсин»,— деб айтишди.