Ҳизқиё
16 Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 2 «Эй инсон ўғли, Қуддуснинг барча жирканч ишларини юзига солиб+, 3 шундай деб айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова Қуддусга демоқда: “Сенинг она юртинг — Канъон, сен ўша ерда туғилгансан. Отанг аморий+, онанг эса хетий+ эди. 4 Сен туғилганингда киндигингни қирқишмаган, тоза бўлишинг учун ҳеч ким сени чўмилтирмаган, баданингга туз суртмаган ва йўргакламаган. 5 Ҳеч кимнинг сенга раҳми келиб, буларнинг барини қилмаган. Ҳеч кимнинг сенга жони ачимаган. Аксинча, туғилганингдаёқ сендан нафратланиб, даштга ташлаб юборишган.
6 Мен ўша ердан ўтиб кетаётганимда, ўз қонингда типирчилаб ётган эдинг. Сен ўз қонингга беланиб ётганингда Мен: “Яшай қол!” — дедим. Ҳа, сен ўз қонингга беланиб ётганингда Мен: “Яшай қол!” — дедим. 7 Мен сени даладаги ўтдай ниҳоятда кўпайтирдим. Сен ўсиб-улғайиб, нафис зеб-зийнатлар тақдинг. Кўкракларинг тўлишди, сочларинг узун бўлди. Аммо сен ҳали қип-яланғоч эдинг”.
8 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Мен яна ўша ердан ўтиб кетаётиб сени кўрдим ва севиб-севиладиган ёшга етганингга эътибор бердим. Шунда кийимимни устингга ташлаб+, яланғоч баданингни ёпдим ва қасам ичиб сен билан аҳд-паймон қилдим. Шу йўсин сен Меники бўлдинг. 9 Сени чўмилтириб, қонингдан тозаладим ва баданингга мой суртдим+. 10 Эгнингга нақшли кийим, оёғингга сифатли чармдан сандал кийдирдим. Сени аъло зиғир матога ўраб, қимматбаҳо либос кийдирдим. 11 Сени зеб-зийнатлар билан безадим. Қўлларингга билагузуклар, бўйнингга маржон тақдим. 12 Бурнингга ҳалқа, қулоқларингга зирак тақдим ва бошингга гўзал тож кийдирдим. 13 Ўзингни олтину кумуш билан безадинг. Эгнингга аъло зиғир матодан, қимматбаҳо матодан нақшли либос кийдинг. Олий навли ун, асал ва мой билан озиқланардинг. Улғайиб, малика бўлишга лойиқ даражада чиройли бўлдинг”»+.
14 «“Гўзаллигинг туфайли халқлар орасида донг таратдинг+. Сенга Ўз улуғворлигимни бахш этганим учун гўзаллигинг мукаммал эди”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».
15 «“Сен ўз чиройингга ишондинг+ ва донг таратганингдан фойдаланиб фоҳишалик қила бошладинг+. Ўтган-кетган билан зино қилиб+, гўзаллигингни уларга бердинг. 16 Фоҳишалик қилган+ тепаликларингни ранг-баранг қилиб безатиш учун кийимларингни ишлатдинг. Бунақаси аввал бўлмаган эди, бошқа бўлмаслиги ҳам керак. 17 Мен сенга берган олтину кумуш зеб-зийнатлардан ўзинг учун эркак тасвиридаги ҳайкаллар ясадинг ва улар билан зино қилдинг+. 18 Нақшли кийимларинг билан уларни* кийинтириб, Менинг мойим ва тутатқимни уларга назр қилдинг+. 19 Мен сенга ейиш учун берган олий навли ун, мой ва асалдан қилинган нонни уларга хуш* ҳидли назр сифатида келтирдинг+. Ҳа, барчаси айнан шундай бўлди”,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».
20 «“Фоҳишалик қилганинг етмаганмиди?! Менга туғиб берган ўғил-қизларингни+ ҳам бутларга қурбонликка келтирдинг+. 21 Сен болаларимни ўлдирдинг. Уларни оловга ташлаб қурбон қилдинг+. 22 Разил ишлар билан шуғулланиб, фоҳишалик қилаётганингда ёшлик пайтингни, қип-яланғоч бўлиб, ўз қонингда типирчилаб ётганингни эсламадинг. 23 Бундай ёвуз ишларинг учун вой, ҳолингга вой!+ — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. — 24 Ўзинг учун ҳар бир майдонда сохта худоларга атаб қурбонгоҳ ва тепалик барпо этдинг. 25 Кўчалар кесишган жойларда тепаликларингни барпо этдинг. Ўтган-кетган билан зино қилиб, гўзаллигингни хор этдинг+ ва фоҳишаликка баттар берилдинг+. 26 Шаҳватпараст қўшниларинг, Миср ўғиллари билан зино қилдинг+ ва фаҳшга берилиб Мени таҳқирладинг. 27 Энди сенга қарши қўл кўтариб, ризқингни кесаман+ ва сендан нафратланадиган аёллар, филистимлик қизлар ихтиёрига сени топшираман+. Ҳатто улар ҳам бузуқ ишларингдан даҳшатга тушган эди+.
28 Сен булардан қониқмай, Оссурия ўғиллари билан зино қилдинг+. Аммо бундан кейин ҳам қониқиш ҳис қилмадинг. 29 Шу боис савдогарлар* юртида ва халдейлар билан ҳам зино қилдинг+, ҳатто бундан кейин ҳам қониқмадинг. 30 Қалбинг қанчалар бузилган экан-а!* Буларнинг барини қилиб, ўзингни беҳаё фоҳишадай тутдинг-ку!+ — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. — 31 Аммо кўчалар кесишган жойларда сохта худоларга атаб қурбонгоҳлар, ҳар бир майдонда тепаликларни барпо этганингда сен фоҳишалардай йўл тутмадинг, чунки ҳақ олишни истамадинг. 32 Сен ўз эри ўрнига бегоналарни севадиган бевафо хотинсан+. 33 Одатда фоҳишаларга ҳадя беришади+, лекин сен шаҳват билан ортингдан эргашганларнинг барига ҳадялар бердинг+ ва ҳар ёқдан зино қилиш учун ёнингга келсинлар дея сен уларга пора бердинг+. 34 Сен фоҳишалик қиладиган аёллардан фарқ қиласан. Ҳеч ким сендай фоҳишалик қилмайди! Одамлар сенга тўлашнинг ўрнига сен уларга ҳақ тўлайсан. Сен тескари йўл тутасан”.
35 Шу боис эй фоҳиша+, Яҳованинг сўзларини тингла. 36 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Шаҳватингни тиймай, ўйнашларинг ҳамда разил, жирканч бутларинг*+ билан фоҳишалик қилиб яланғоч баданингни очиқ қолдирганинг ва болаларинг қонини уларга қурбон қилганинг учун+, 37 сендан лаззатланган ўйнашларингни, сен севадиган ва нафратланадиган ҳаммани бирга йиғаман. Мен уларни ҳар ердан сенга қарши уруш қилиш учун йиғиб, яланғоч баданингни кўрсатаман ва улар сени қип-яланғоч аҳволда кўришади+.
38 Хиёнаткор ва қон тўкувчи+ аёл қандай жазога лойиқ бўлса, сени шундай жазолайман+. Ғазаб ва рашк ила қонингни тўкаман+. 39 Сени уларнинг қўлига бераман. Улар сохта худоларга аталган қурбонгоҳларингни ер билан яксон қилиб, тепаликларингни текислаб ташлашади+. Кийимларингни юлиб олиб+, зеб-зийнатларингни тортиб олишади+ ва сени қип-яланғоч қолдиришади. 40 Улар сенга қарши оломонни бошлаб келиб+, сени тошбўрон қилишади+. Қиличлари билан сени ўлдиришади+. 41 Улар уйларингга ўт қўйиб+, кўплаб аёллар олдида ҳукмимни ижро этишади. Сенинг фоҳишалигингга чек қўяман+ ва ўйнашларингга бошқа ҳақ тўламайсан. 42 Шунда қаҳрим босилиб+, ғазабимдан тушаман+. Тинчланиб, бошқа Ўзимни таҳқирлангандай ҳис қилмайман”.
43 “Болалик пайтингни ёдга олмай+, бу барча ишларинг билан жаҳлимни чиқарганинг учун, тутган йўлларинг оқибатини бошингга соламан, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова — шунда бузуқлигу ҳамма қабиҳ ишларингни ташлайсан.
44 Мақол айтувчиларнинг ҳаммаси: “Қиз онасига тортар!”+ — деган мақолни сенга қўллайди. 45 Сен эрию болаларидан ҳазар қиладиган онангга ўхшайсан. Эрию болаларидан ҳазар қиладиган опа-сингилларингнинг худди ўзисан. Сенинг онанг хетий, отанг эса аморий эди”»+.
46 «“Сенинг опанг Самария+, у қизлари* билан шимол томонингда яшайди+. Садўм+ эса синглинг бўлади, у қизлари билан+ жануб томонингда яшайди. 47 Сен нафақат уларнинг йўлларидан юриб, разил ишларига эргашдинг, балки қисқа вақт ичида улардан баттарроқ бузуқлик қилдинг+. 48 Ҳаётим билан қасам ичиб айтаманки, — демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова, — сен ва қизларинг қилган ишларни синглинг Садўм билан қизлари қилишмаган. 49 Синглинг Садўм мана нима қилган: у ва қизлари+ кеккайган эди+, мўл-кўл озуқага эга бўлиб+, ғам-ташвишсиз яшарди+. Лекин қайғу чеккан ва камбағал кишиларга ёрдам бермади+. 50 Улар такаббурлигича қолиб+, кўз ўнгимда жирканч ишлар қилишди+. Шунинг учун уларни йўқ қилишни лозим топдим+.
51 Самария+ ҳатто гуноҳларингнинг ярмини ҳам қилмаган. Қабиҳ ишларинг опа-сингилларингникидан ҳам ошиб тушди. Разил ишларинг дастидан улар одилроқ бўлиб кўрина бошлади+. 52 Опа-сингилларингнинг хулқ-атворини оқлаганинг учун, энди хўрланганингга чида. Гуноҳинг уларникидан ҳам жирканч бўлгани учун, улар сендан одилроқ. Шарманда бўлиб, хўрланганингга чида. Чунки опа-сингилларинг одилроқ кўринишига сен сабабчисан”.
53 “Мен уларнинг — Садўм ва қизларининг, Самария ва қизларининг сургун қилинганларини бирга тўплайман. Улар билан бирга сенинг сургун қилинган одамларингни ҳам йиғаман+. 54 Шунда сен хўрланасан. Қилмишларинг билан уларга таскин берганинг учун уялиб қоласан. 55 Опа-сингилларинг — Садўм ва қизлари, Самария ва қизлари аввалги ҳолига қайтишади. Сен ва қизларинг ҳам улар каби аввалги ҳолингизга қайтасизлар+. 56 Кеккайиб кетган кунингда синглинг Садўмни ҳатто тилга олишни ҳам лозим кўрмадинг. 57 Ўз ёвузлигинг ошкор бўлмагунча+ шундай қилдинг. Энди эса, Сурия қизлари ва қўшнилари сени ҳақорат қилишяпти. Филистимликлар+ қизлари, атрофингдаги барча сендан ҳазар қиляпти. 58 Бузуқлигинг ва разил ишларинг оқибатига чидайсан”,— демоқда Яҳова».
59 «Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Сен нима қилган бўлсанг, Мен ҳам сенга шуни қайтараман+. Чунки аҳдимни бузиб, қасамни менсимадинг+. 60 Аммо сен билан ёшлигингда қилган аҳдимни ёдга оламан. Сен билан доимий аҳд қиламан+. 61 Опа-сингилларингни қабул қилганингда хулқ-атворингни эслаб, уяласан+. Уларни сенга қизларинг сифатида бераман, бироқ буни сен билан қилинган аҳд туфайли қилмайман”.
62 “Сен билан аҳд қиламан ва Мен Яҳова эканимни билиб оласан. 63 Қилмишларингга қарамай гуноҳларингни ювганимда+, қилмишларингни эслайсан ва хўрланганинг дастидан уялиб оғиз очолмай қоласан”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».