Ҳизқиё
43 Сўнг у мени шарққа қараган дарвозахонага олиб борди+. 2 У ерда мен шарқдан келаётган Исроил Худосининг улуғворлигини кўрдим+. Унинг овози шовуллаётган сувнинг товушига ўхшарди+. Унинг улуғворлигидан ер юзи ёришиб кетди+. 3 Бу ваҳий мен шаҳарни вайрон қилгани келганимда* ва Кавор дарёси+ бўйида кўрган ваҳийларга ўхшарди. Шунда мен ерга юзтубан тиз чўкдим.
4 Сўнг Яҳованинг улуғворлиги шарққа қараган дарвозахона орқали маъбадга кирди+. 5 Кейин руҳ мени кўтариб, ички ҳовлига олиб кирди. Маъбад Яҳованинг улуғворлигига тўлиб кетганини кўрдим+. 6 Сўнг маъбаддан кимдир менга гапираётганини эшитдим. У киши келди-да, ёнимда турди+. 7 Худо менга шундай деди:
«Эй инсон ўғли, бу Менинг тахтим+ ва оёқ қўядиган жойимдир+. Мен бу ерда, Исроил халқи орасида абадий маскан қиламан+. Бундан буён Исроил хонадони — улар ҳам, шоҳлари ҳам, Менга қилган хиёнати* ва ўлик шоҳларининг жасадлари* билан муқаддас исмимни булғашмайди+. 8 Улар Менинг остонам олдига ўзларининг остонасини, Менинг кесаким ёнига ўзларининг кесакисини ўрнатиб (бизни фақатгина девор ажратиб турар эди)+, жирканч ишлари билан Менинг муқаддас исмимни булғашди. Шунинг учун қаҳр ичида уларни йўқ қилиб ташладим+. 9 Энди улар қилган хиёнатини ва ўлик шоҳларининг жасадларини Мендан узоқлаштиришсин. Шунда Мен уларнинг орасида абадий яшайман+.
10 Эй инсон ўғли, Исроил хонадони қилган гуноҳлари дастидан уятни ҳис қилиши учун+, уларга маъбадни тасвирлаб бер+. Улар унинг лойиҳасини ўрганиб чиқишлари керак. 11 Улар қилган барча ишларидан уялса, сен уларга маъбаднинг лойиҳасини, жойлашиши, унинг кириш ва чиқиш жойларини кўрсат+. Уларга маъбаднинг барча лойиҳаларини ва унинг қоидаларини, лойиҳалари ва қонунларини кўрсатиб, уларнинг кўз ўнгида ёзиб қўй. Токи улар маъбаднинг барча лойиҳаларига диққатли бўлиб, унинг қоидаларига риоя қилишсин+. 12 Маъбад билан боғлиқ қонун шудир: тоғ устидаги маъбад жойлашган бутун ҳудуд — ғоят муқаддас+. Бу, маъбад билан боғлиқ қонундир.
13 Қурбонгоҳ асоси бўлган қаватнинг ўлчами қуйидагича+: баландлиги бир тирсак (бир тирсакка тўрт бармоқ эни қўшилган)*. Бу қават тепадаги қаватдан бир тирсак бўртиб чиққан эди. Бўртиб чиққан қисмнинг атрофи бўйлаб бир қарич* баландликдаги чегараси бор эди. Бу қурбонгоҳнинг асоси. 14 Тепадаги қаватнинг баландлиги икки тирсак. Бу қават ҳам унинг тепасидаги катта қаватдан бир тирсак бўртиб чиққан эди. Катта қаватнинг баландлиги тўрт тирсак эди. Бу қават ҳам унинг тепасидаги қаватдан бир тирсак бўртиб чиққан эди. 15 Энг устки қават қурбонгоҳнинг ўчоғи бўлиб, баландлиги тўрт тирсакни ташкил этарди. Қурбонгоҳ ўчоғининг тўртта бурчагида тепага қараган тўртта шохи бор эди+. 16 Қурбонгоҳ ўчоғи тўртбурчак бўлиб, узунлиги 12 тирсак, эни 12 тирсак эди+. 17 Учинчи қаватни тўрт томондан ўлчаганда узунлиги 14 тирсак чиқди. Бу қават энг устки қаватдан ярим тирсакка бўртиб чиққан эди. Қурбонгоҳ асоси бўлган қават ҳар томондан бир тирсак бўртиб чиққан эди.
Унинг зинаси шарқ томонга қараб турарди».
18 Сўнг у менга шундай деди: «Эй инсон ўғли, Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Қурбонгоҳда бутунлай куйдириладиган қурбонликлар келтирилиб, устига қон сачратилиши учун, қурбонгоҳ қурилганда бу йўл-йўриқларга амал қилиниши лозим”+.
19 Олий Ҳукмдор Яҳова демоқда: “Гуноҳ қурбонлиги сифатида келтириш учун подадан ёш буқа олиб+, Зодўх авлодидан бўлган леви руҳонийларига бер+. Улар Менга хизмат қилиш учун яқинлашадиган кишилардир. 20 Сен буқанинг қонидан олиб, қурбонгоҳнинг тўртта шохига, катта қаватнинг тўртта бурчагига ва атрофидаги чегарасига суртиб чиқ. Қурбонгоҳни гуноҳдан фориғ этиш учун уни покла+. 21 Сўнг ёш буқани, яъни гуноҳ қурбонлигини олиб, маъбаддаги махсус жойда, муқаддас масканнинг ташқарисида куйдир+. 22 Иккинчи куни эса, нуқсонсиз такани гуноҳ қурбонлиги сифатида тақдим этасан. Руҳонийлар ёш буқанинг қони билан қурбонгоҳни гуноҳдан поклагани сингари, таканинг қони билан ҳам уни поклашсин”.
23 “Қурбонгоҳни гуноҳдан поклашни якунлагач, подадан нуқсонсиз ёш буқа ҳамда сурувдан нуқсонсиз қўчқор келтирасан. 24 Уларни Яҳовага олиб кел. Руҳонийлар уларнинг устига туз сепиб+, бутунлай куйдириладиган қурбонлик сифатида Яҳовага тақдим этишсин. 25 Етти кун давомида ҳар кунги гуноҳ қурбонлиги сифатида+ подадан ёш буқани ва сурувдан қўчқорни келтирганинг сингари, такани ҳам худди шундай тақдим этгин. Ҳайвонлар нуқсонсиз бўлсин. 26 Руҳонийлар етти кун давомида қурбонгоҳни гуноҳдан фориғ этишлари лозим. Улар уни поклаб, фойдаланиш учун тайёрлашсин. 27 Етти кун тугагач, саккизинчи кундан+ бошлаб руҳонийлар бутунлай куйдириладиган қурбонликларингиз ва тинчлик қурбонликларингизни келтиришади. Шунда Мен сизлардан мамнун бўламан”+,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова».