Ҳизқиё
38 Яҳова менга яна сўзини аён қилди: 2 «Инсон ўғли, Мешех билан Тувалнинг+ бош йўлбошчиси — Магўг юртидаги Гўгга+ юзланиб, унга қарши башорат қил+. 3 Унга айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Эй, Мешех билан Тувалнинг бош йўлбошчиси Гўг, Мен сенга қарши чиқаман. 4 Сени йўлингдан қайтараман. Жағларингга илгаклар солиб+, сени бутун лашкаринг+, отларингу сувориларинг билан бирга жанг қилгани олиб чиқаман. Уларнинг ҳаммаси башанг кийинган, каттаю кичик* қалқонлар ушлаган катта қўшин. Уларнинг барчаси усталик билан қилич ўйнатади. 5 Форс, Ҳабашистон ва Фут+ улар билан бирга. Уларнинг ҳаммасида кичик қалқон ва дубулға бор. 6 Гўмер ва унинг жамики қўшинлари, шимолнинг энг олис ерларидан бўлган Тўхармо+ хонадони ва унинг барча қўшинлари — кўпгина халқлар сен билан бирга+.
7 Ўзинг ҳам, сен билан тўпланган жамики қўшинларинг ҳам тайёр бўлинг, ҳозирлигингизни кўринг! Сен уларнинг қўмондони бўласан.
8 Кўп кунлар ўтганидан кейин сенга эътибор берилади*. Кўп йиллардан сўнг юртга бостириб кирасан. Бу юрт аҳолиси қиличдан хонавайрон бўлгач ўзини тиклаб олган. Улар узоқ вақт кимсасиз бўлиб ётган Исроил тоғларига кўп халқлар ичидан йиғилган. Бу юрт аҳолиси турли эллар орасидан олиб келинган. Уларнинг ҳаммаси осойишта яшаётган бўлади+. 9 Бўрондай уларнинг устига ёпириласан. Сен, жамики қўшинларинг ва сен билан бўлган кўпгина халқлар юртни булутдай қоплайсизлар”.
10 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Ўша куни хаёлингга фикрлар келади ва сен ёвуз режа тузасан. 11 Сен шундай дейсан: “Мен девор билан ўралмаган қишлоқларга бостириб бораман+. Хавфсизликда, бехавотир яшаётган инсонларга ҳужум қиламан. Уларнинг ҳаммаси деворлар, дарвозаю сурма зулфинлар билан ҳимояланмаган қишлоқларда яшаяпти”. 12 Сен кўп ўлжа олишни, талон-торож қилишни, қачонлардир кимсасиз бўлган, энди эса одамлар яшаётган ерларга+ ва миллатлар орасидан қайта йиғиб олинган халққа+ ҳужум қилишни истайсан. Бу халқ бойлик ва мол-мулк тўплаб+, ернинг марказида яшаб келяпти.
13 Шава+ билан Дедон+, Таршиш+ савдогарлари билан унинг барча жангчилари сендан: “Сен ўлжага эга бўлиб, талон-торож қилиш учун бостириб боряпсанми? Кумушу олтин, бойлигу мол-мулкни қўлга киритиб, катта ўлжага эга бўлиш учун қўшинларингни тўпладингми?” — деб сўрашади.
14 Шунинг учун, эй инсон ўғли, башорат қилиб Гўгга қуйидагиларни айт: “Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Ўша куни халқим Исроил осойишта яшаётгани назарингдан четда қолмайди+. 15 Сен ўз ерингдан, шимолнинг олис жойларидан келасан+. Сен билан кўп халқлар ҳам келади. Уларнинг бари отларга минган бўлади. Улар кўп сонли ҳарбий кучлар, ғоят катта қўшин+. 16 Ер юзини булут қоплагани каби, сен халқим Исроилга ҳужум қиласан. Кунларнинг охирида, эй Гўг, сени юртимга қарши чиқараман+. Халқларнинг кўз ўнгида муқаддас Худо эканимни сен орқали кўрсатганимда, халқлар Мени билиб олишади”+.
17 Олий Ҳукмдор Яҳова шундай демоқда: “Қадимги кунларда хизматчиларим — Исроил пайғамбарлари орқали сен ҳақда айтмаганмидим?! Улар исроилликларга қарши кўтарилишинг ҳақида кўп йиллар давомида башорат қилишган”.
18 “Ўша куни, Гўг Исроил юртига бостириб борган куни,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова, — ғазабим аланга олади+. 19 Рашк ичида, оташин қаҳр билан гапираман. Ўша куни Исроил юртида кучли зилзила бўлади. 20 Денгиздаги балиқлар, осмондаги қушлар, даштдаги ёввойи ҳайвонлару ҳамма судралиб юрувчилар ва ер юзидаги жамики одамлар Мендан зир-зир титрайди, тоғлар ағдарилиб кетади+, қоялар қулаб тушади ва барча деворлар ер билан битта бўлади”.
21 “Барча тоғларимда Гўгга қарши қилич юбораман,— демоқда Олий Ҳукмдор Яҳова. — Ҳар бир киши ўз биродарига қарши қилич кўтаради+. 22 Мен уни ҳукм қиламан. Унга ва қўшинига ўлат юбораман+. Кўп қон тўкилади. Унга, қўшинларига ва у билан бўлган кўпгина халқлар устига+ жала ва дўл+, олов+ ва олтингугурт+ ёғдираман. 23 Мен Ўзимни улуғлайман, муқаддас Худо эканлигимни кўрсатаман ва кўп халқлар кўзи олдида Ўзимни танитаман. Шунда улар Мен Яҳова эканимни билиб олишади”.