Рут
3 Бир куни Наима Рутга шундай деди: «Қизим, тинч-хотиржам ҳаёт кечиришингиз учун, сизни уйли-жойли қилиш менинг зиммамда эмасми?!+ 2 Сиз хизматкор қизлари билан бирга ишлаган Боз бизга қариндош бўлади+. У шу кеча хирмонда арпа шопиради. 3 Сиз ювининг-да, хушбўй мойдан суртинг. Кейин чиройли кийиниб, хирмонга боринг. У киши еб-ичиб бўлмагунича, борлигингизни сездирманг. 4 Боз ухлагани кетганда, у қаерга бориб ётишини билиб олинг. Сўнг бориб, оёқ томонини очинг-да, ўша ерга ётинг. Унинг ўзи нима қилишингиз кераклигини айтади».
5 Рут қайнанасига: «Хўп бўлади, сиз айтгандек қиламан»,— деди. 6 У хирмонга бориб, ҳаммасини қайнанаси ўргатгандай қилди. 7 Бу пайтда Боз еб-ичиб ўтирганди ва кўтаринки кайфиятда эди. Кейин у дон уйиб қўйилган жойга бориб ётди. Шунда Рут секингина келиб, унинг оёқ томонини очди-да, ўша ерга ётди. 8 Ярим кечада Боз сесканиб уйғониб кетди. Бошини кўтариб қараса, оёқ томонида бир аёл ётган экан. 9 У: «Сиз кимсиз?» — деб сўради. Рут: «Мен чўрингиз Рутман, мени ўз паноҳингизга олинг*, чунки сиз қариндошлик бурчини ўтай оладиган одам экансиз»+,— дея жавоб берди. 10 Боз унга шундай деди: «Яҳовадан барака топинг, қизим. Ҳозирги кўрсатган меҳр-садоқатингиз, олдингисидан ҳам аълороқ бўлди+. Сабаби, сиз ўзингизга камбағал ёки бойлар орасидан ёшроқ куёв қидирмадингиз. 11 Энди қўрқманг, қизим. Айтганларингизнинг ҳаммасини бажараман+, чунки шаҳардаги ҳамма* сиз яхши аёл эканингизни билади. 12 Тўғри, мен қариндошлик бурчини ўтай оладиган одамман+. Лекин қариндошлик бурчини ўтай оладиган мендан ҳам яқинроқ киши бор+. 13 Бу кеча шу ерда қолинг. Агар эртага у қариндошлик бурчини ўташга рози бўлса, шундай бўла қолсин+. Борди-ю, у ўташни истамаса, барҳаёт Яҳова ҳаққи қасам ичиб айтаманки, ўзим ўтайман. Сиз эса тонг отгунча шу ерда ётиб қолинг».
14 Шундай қилиб, Рут унинг оёқ томонида тонг саҳаргача ётди-да, сўнг биров кўриб қолмасин деб, ғира-шира пайтда ўрнидан турди. Боз унга: «Хирмонга аёл киши келганини ҳеч ким билмасин»,— деди. 15 Кейин эса: «Ёпинчиғингизни ёйиб, ушлаб туринг»,— деб айтди. Рут ёпинчиғини ёйди. Боз ичига олти ўлчов* арпа солиб, унга кўтартириб қўйди, ўзи бўлса шаҳарга кетди.
16 Рут келганида, қайнанаси: «Нима бўлди*, қизим?» — деб сўради. У қайнанасига Боз у учун нима қилганини айтиб берди. 17 Сўнгра Рут: «У киши менга олти ўлчов арпа бериб: “Қайнанангизнинг олдига бўш қўл билан қайтманг”,— деди»,— деб қўшиб қўйди. 18 Шунда қайнанаси: «Энди, масала ҳал бўлгунча кутиб туринг, қизим. Ана кўрасиз, бу одам ишни бугуноқ охирига етказмагунча тинчимайди»,— деди.