Шоҳлар биринчи китоб
20 Довуд Рамадаги Нойўтдан қочиб кетиб, Йўнатаннинг олдига келди ва унга: «Мен нима қилдим?+ Айбим нима? Отангизга қарши қандай гуноҳ қилибманки, у киши менинг жонимни* олмоқчилар?» — деди. 2 Йўнатан унга: «Бундай бўлмайди!+ Сен ўлмайсан. Хоҳ катта, хоҳ кичик иш бўлсин, отам менга билдирмай бирон иш қилмайдилар. Нега энди отам буни мендан яширишлари керак экан? Бўлиши мумкин эмас!» — деб айтди. 3 Аммо Довуд: «Сиз мени яхши кўришингизни отангиз биладилар+. Шу боис отангиз: “Йўнатан бу ҳақда билмай қўя қолсин, бўлмаса хафа бўлади”,— деб ўйлагандирлар. Барҳаёт Худо Яҳова ва сиз ҳаққи қасам ичиб айтаманки, ҳаётим қил устида турибди!»+ — деб қасам ичди.
4 Йўнатан Довудга: «Мендан нимани сўрасанг, ҳаммасини қиламан»,— деди. 5 Довуд эса унга шундай деди: «Эртага янги ой чиқади+, мен шоҳ билан бир дастурхондан таом ейишим керак. Лекин рухсат берсангиз, мен шаҳар ташқарисига чиқиб, индин кечгача яшириниб ўтираман. 6 Агар отангиз йўқлигимни пайқаб қолсалар, сиз у кишига: “Оиласи билан бирга ҳар йилги қурбонликни келтириш учун, Довуд Байтлаҳмга+ тезда бориб келай, деб мендан илтимос қилган эди”+,— деб айтинг. 7 Агар у киши: “Ундай бўлса яхши”,— деб жавоб қайтарсалар, билингки, хизматкорингиз хавф остида эмас. Аммо отангизнинг жаҳллари чиқса, у киши менга зарар етказишга қатъий қарор қилганларига амин бўласиз. 8 Хизматкорингизга меҳр-садоқат кўрсатинг+, чунки сиз Яҳованинг олдида хизматкорингиз билан аҳдлашгансиз+. Борди-ю, мен айбдор бўлсам+, ўзингиз мени ўлдиринг. Мени отангизнинг олдига олиб бориб нима қиласиз?!»
9 Йўнатан унга: «Мен сенга ҳеч қачон бундай қилмайман! Агар отам сенга зарар етказмоқчи эканларини билсам, сенга айтмасмидим?»+ — деди. 10 Довуд Йўнатандан: «Отангиз сизга қўпол жавоб қайтарсалар, бу ҳақда ким мени хабардор қилади?» — деб сўради. 11 Йўнатан унга: «Юр, шаҳар ташқарисига чиқайлик»,— деди. Кейин иккови шаҳар ташқарисига чиқди. 12 Йўнатан Довудга шундай деди: «Исроилнинг Тангриси Яҳова гувоҳ, эртага ёки индинга тахминан шу пайтда отам билан гаплашаман. Агар у кишининг сенга* ёмонлик қилиш ниятлари бўлмаса, сенга бу ҳақда хабар бераман. 13 Борди-ю, отам сенга зарар етказмоқчи бўлсалар ва мен буни сенга ошкор этмай, эсон-омон кетишингга йўл қўймасам, Яҳова мени* не кўйга солса солсин, ундан баттарроғини ҳам қилсин. Яҳова илгари отам билан бўлгандай+, сен билан ҳам бўлсин+. 14 Сен ҳам менга тириклигимда ва ҳатто ўлганимдан кейин ҳам Яҳова каби меҳр-садоқат кўрсатасанми?+ 15 Яҳова сенинг* барча душманларингни ер юзидан йўқ қилиб ташласа ҳам, менинг хонадонимга доимо меҳр-садоқат кўрсат»+. 16 Шундай қилиб, Йўнатан: «Яҳова Довуднинг ҳамма душманларини жазога тортади»,— дея Довуднинг хонадони билан аҳдлашди. 17 Йўнатан Довудни яхши кўришини айтиб, унга яна бир бор қасам ичди. Чунки у Довудни ўз жонидай яхши кўрарди+.
18 Сўнг Йўнатан унга деди: «Эртага янги ой чиқади+. Ўрнинг бўш бўлгани учун, йўқ эканингни пайқашади. 19 Учинчи куни эса йўқлигингни кўпроқ пайқашади. Сен ўтган сафар* яширинган жойингга бориб, ўша ердаги тошнинг ёнида тур. 20 Мен худди бирон нарсани нишонга олгандай, тошнинг бир томонига қарата учта ўқ отаман. 21 Кейин: “Бориб, ўқларни топиб кел”,— деб хизматкоримни юбораман. Агар хизматкоримга: “Ана, ўқлар орқа томонингда ётибди, уларни олиб кел”,— десам, ўрнингдан туриб келавер. Барҳаёт Худо Яҳова ҳаққи сенга қасам ичиб айтаманки, бу сен учун тинчликни англатади ва сенга ҳеч нарса хавф солмайди. 22 Борди-ю, мен унга: “Ана, ўқлар сендан нарироқда, олд томонингда ётибди”,— деб айтсам, унда кетавер. Чунки Яҳова сени қўйиб юборган бўлади. 23 Бир-биримизга берган ваъдага келсак+, ўртамизда Яҳова тоабад гувоҳ бўлсин»+.
24 Шундай қилиб, Довуд шаҳар ташқарисида яширинди. Янги ой чиққанда, шоҳ таом ейиш учун ўтирди+. 25 Шоҳ ҳар доимгидек ўз жойига, девор олдига ўтирди. Йўнатан Шоулнинг қаршисига, Абнур+ эса унинг ёнига ўтирди. Лекин Довуднинг ўрни бўш эди. 26 Шоул ўша куни ҳеч нима демади, чунки у: «Нимадир содир бўлиб, у нопок бўлиб қолгандир+. Ҳа, у покланмаган бўлса керак»,— деб ўйлади. 27 Янги ой чиққандан кейинги кун ҳам Довуднинг ўрни бўш қолди. Шоул ўғли Йўнатандан: «Эссайнинг+ ўғли нега кеча ҳам, бугун ҳам таом ейишга келмади?» — деб сўради. 28 Йўнатан отасига шундай жавоб берди: «Довуд Байтлаҳмга бориб келай, деб мендан илтимос қилган эди+. 29 У менга: “Илтимос, боришимга рухсат беринг. Оиламиз билан шаҳарда қурбонлик келтириш учун акам мени чақирдилар. Агар назарингизда илтифот топган бўлсам, илтимос, ҳеч кимга билдирмай, акаларимни кўриб келишимга рухсат беринг”,— деган эди. Мана шу боис, у шоҳ билан таом ейишга келмади». 30 Шунда Шоулнинг Йўнатанга жаҳли чиқиб, унга деди: «Эй исёнкор ўғил*, сен Эссай ўғлининг тарафини олиб, ўзингни ҳам, онангни ҳам шарманда қилиб юрганингни билмайди, деб ўйлаяпсанми? 31 Токи Эссайнинг ўғли ер юзида ҳаёт экан, сенинг шоҳлигинг мустаҳкам бўлмайди+. Одам юбориб уни олдимга келтир, у ўлиши керак»+.
32 Аммо Йўнатан отаси Шоулга: «Нега у ўлиши керак?+ У нима қилди?» — деган эди, 33 Шоул Йўнатанни ўлдирмоқчи бўлиб унга найзасини отди+. Шунда отаси Довудни ўлдиришга қатъий қарор қилганини у тушунди+. 34 Йўнатаннинг қаттиқ жаҳли чиқди ва у ўша заҳотиёқ дастурхондан туриб кетди. Довуд ҳақида қайғургани+ ва отаси уни ҳақорат қилгани учун, у янги ой чиққан куннинг эртасига ҳеч нима емади.
35 Эрталаб Йўнатан ёш бир хизматкорини ёнига олди-да, шаҳар ташқарисига, Довуд билан учрашишга келишган жойга борди+. 36 У хизматкорига: «Югур, отган ўқларимни топиб кел»,— деди. Хизматкор югуриб кетди ва Йўнатан ўқни хизматкоридан нарироққа, олд томонига тушадиган қилиб отди. 37 Хизматкор ўқ тушган жойга етганда, Йўнатан унга: «Ўқ нарироқда, олд томонингда эмасми?» — деб бақирди. 38 У хизматкорига: «Тез бўл! Ўқларни бу ёққа олиб кел! Имиллама!» — деб бақирди. Хизматкор ўқларни йиғиб, хўжайинига олиб келди. 39 Хизматкорнинг ҳеч нимадан хабари йўқ эди. Бу нимани англатишини Йўнатан билан Довуд биларди, холос. 40 Кейин Йўнатан қурол-яроғларини хизматкорига берди-да, унга: «Буларни шаҳарга олиб бор»,— деди.
41 Хизматкор кетгач, Довуд шу атрофда яширинган жойидан, жануб томондан чиқиб келди. У юзтубан тиз чўкиб, уч марта таъзим қилди. Кейин улар бир-бирини ўпиб, йиғлай бошлашди. Бироқ Довуд кўпроқ йиғлади. 42 Йўнатан Довудга: «Эсон-омон борақол. Чунки иккимиз Яҳованинг исми билан: “Икковимизнинг ўртамизда ҳамда сенинг авлодинг* билан менинг авлодим ўртасида Яҳова тоабад гувоҳ бўлсин”+,— дея қасам ичганмиз+»,— деди.
Кейин Довуд ўрнидан туриб, у ердан кетди. Йўнатан эса шаҳарга қайтди.