Римликларга
7 Биродарлар, одам тирик экан, Таврот унинг устидан ҳокимлик қилаётганини наҳот билмасангиз (буни қонунни билганлар учун гапиряпман)? 2 Масалан, турмуш қурган хотин эри тирик экан, унга қонун бўйича боғланган бўлади. Мабодо эри ҳаётдан кўз юмса, шунда у эрнинг қонунидан озод бўлади+. 3 Борди-ю, эри тириклигида у ўзга эркакка тегса, зино қилган бўлади+. Лекин эри ўлса, унинг қонунидан озод бўлади ва бошқа эркак билан оила қурган тақдирда ҳам зинокор саналмайди+.
4 Хуллас, биродарларим, сизлар ҳам Масиҳ бадани воситасида Таврот учун ўлиб, ўзгага — тирилганга+ тегишли бўлиб қолдингиз+. Шу йўсин, биз Худони шарафлаш учун самара келтирайлик+. 5 Тана истакларига биноан умр кечирганимизда, Таврот орқали ойдин бўлган гуноҳли эҳтирослар танамизда амал қилиб, оқибати ўлим эди+. 6 Ҳозир эса бизни қачонлардир маҳкам ушлаб турган Таврот учун ўлиб, ундан озод бўлдик+. Шундай қилиб биз эски маънода, яъни қонунлар бўйича эмас+, балки янги маънода — руҳ бўйича Аллоҳнинг қуллари бўлиб қолдик+.
7 Унда нима демоқчимиз? Тавротнинг камчилиги* борми? Мутлақо! Лекин Таврот бўлмаганида, гуноҳ нима эканлигини била олмасдим+. Масалан, Тавротда: «Бировнинг нарсасига кўз олайтирманг»+,— деб айтилмаганида, мен кўз олайтириш нима эканини билмай юрардим. 8 Аммо бу амр орқали гуноҳ менда ҳар қандай истакларни туғдирди. Сабаби, қонунсиз гуноҳ ўлик эди+. 9 Тўғрисини айтганда, қонун бўлмаган пайтда мен тирик эдим. Лекин амр пайдо бўлганда, гуноҳ тирилди, мен эса ўлдим+. 10 Ҳаётга олиб борадиган амр+ ўлимга элтишини кўрдим. 11 Амр орқали гуноҳ мени йўлдан оздириб, ўлимга дучор қилди. 12 Боиси, Таврот муқаддас, амр ҳам муқаддас, адолатли ва яхшидир+.
13 Унда яхшилик мен учун ўлимга айланганми? Асло! Фақат гуноҳ ўлимга олиб борди. Шу йўсин, яхши нарса орқали гуноҳ менга ўлим олиб келиши+ ҳамда амр сабабли гуноҳ қанчалик ёмон эканлиги аён бўлди+. 14 Тавротни Аллоҳ берган*, мен бўлса гуноҳнинг қуллигига сотилган бандаман, холос+. 15 Нима қилаётганимни билмайман: истаган нарсамни қилмайман, аммо нимадан нафратлансам, шуни қиламан. 16 Хоҳламаган нарсани қилсам, Таврот яхши эканига қўшиламан. 17 Бироқ ҳозир бу нарсаларни мен эмас, балки ичимдаги гуноҳ қиляпти+. 18 Менда, яъни баданимда яхши нарса йўқ, зеро яхшиликни хоҳлашга хоҳлайман-у, лекин қила олмайман+. 19 Қилгим келган яхши нарсани қилмайман, лекин истамаган ёмон нарсани қайта-қайта қилавераман. 20 Агар хоҳламаган нарсани бажарсам, унда мен эмас, менда яшовчи гуноҳ бажаряпти.
21 Хуллас, бундан мен ўзимда ушбу қонунни пайқайман: тўғри бўлган нарсани қилмоқчи бўлсам, ёнимда ёмонлик туради+. 22 Қалбимда Аллоҳнинг қонунидан завқ оламан+. 23 Танамда эса бошқа қонунни пайқаяпман. Бу қонун ақлимдаги қонунга қарши курашиб+, танамдаги гуноҳнинг қонунига мени асир қиляпти+. 24 Эҳ, қандай бахтсиз одамман-а! Ўлимга дучор бўладиган мана шу танамдан мени ким қутқаради? 25 Аллоҳга шукрлар бўлсин, чунки У Ҳазратимиз Исо Масиҳ орқали мени қутқаради! Хулласи калом, онгим билан Худонинг қонунига қул бўлсам-да, аммо баданим гуноҳ қонунининг қулидир+.