Закариё
8 Қўшинлар Сарвари Яҳова Ўз сўзларини яна аён қилди: 2 «Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Мен Сионни ғайрат ила, кучли ғайрат ила ҳимоя қиламан+. Мен ниҳоятда ғазабланиб, уни ғайрат ила ҳимоя қиламан”.
3 Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Мен Сионга қайтаман+ ва Қуддусни макон қиламан+. Қуддус ҳақиқат* шаҳри+, Қўшинлар Сарвари Яҳованинг тоғи — муқаддас тоғ деб аталади”+.
4 Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Чолу кампирлар яна Қуддус майдонларида ўтиришади. Ёши улуғ бўлгани туфайли ҳар бирининг қўлида ҳассаси бўлади+. 5 Шаҳар майдонлари ўйнаб юрган ўғил-қизларга тўла бўлади”+.
6 Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Бу халқнинг омон қолган кишиларига буларнинг бари имконсиздай туюлса ҳам, Мен учун имконсиз эмас”,— деб эълон қилмоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова.
7 Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Мен халқимни ғарб ва шарқдаги юртлардан қутқараман+. 8 Мен уларни олиб келаман ва улар Қуддусда яшайди+. Улар Менинг халқим бўлади, Мен эса уларнинг ҳақ* ва одил Худоси бўламан”+.
9 Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Қўшинлар Сарвари Яҳованинг уйини, маъбадни қуриш учун пойдевор қўйилган кунда айтилган сўзларни бугун пайғамбарларнинг+ тилидан эшитаётган сизлар, жасоратли бўлинг!+ 10 Бундан олдин на инсоннинг, на ҳайвоннинг меҳнати учун ҳақ тўланарди+. Душманлар дастидан ҳеч ким хотиржам келиб кетолмасди, чунки Мен одамларни бир-бирига қарши қилиб қўйгандим”.
11 Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Бироқ энди бу халқнинг омон қолганларига илгаригидай муносабатда бўлмайман+. 12 Чунки тинчлик уруғи экилади, ток ўз мевасини, ер ҳосилини+, осмон эса шудрингини беради. Бу халқнинг омон қолганларига шуларнинг барини мерос қилиб бераман+. 13 Эй Яҳудо ва Исроил хонадони, сизларни қутқараман. Сизлар халқлар орасида қарғишга айланган эдингиз+, аммо энди барака манбаи бўласизлар+. Қўрқманглар!+ Жасоратли бўлинглар!”+
14 Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Ота-боболарингиз Мени ғазаблантиргани учун уларнинг бошига мусибат келтиришга қарор қилдим — демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова — ва бундан афсусланмадим+. 15 Ҳозир эса, Қуддусга ва Яҳудо хонадонига яхшилик қилишга қарор қилдим+. Шунинг учун қўрқманглар!”+
16 “Мана қандай йўл тутишингиз керак: бир-бирингизга ҳақиқатни гапиринглар+, шаҳрингиз дарвозаси олдида чиқарган ҳукмларингиз ҳақиқатга мувофиқ бўлсин ҳамда тинчлик келтирсин+. 17 Қалбингизда бир-бирингизга ёмонлик қилишни режалаштирманглар+, ёлғон қасам ичманглар*+. Мен буларнинг баридан нафратланаман”+,— демоқда Яҳова».
18 Қўшинлар Сарвари Яҳова Ўз сўзларини менга яна аён қилди: 19 «Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Тўртинчи+, бешинчи+, еттинчи+ ва ўнинчи+ ойлардаги рўза кунлари Яҳудо хонадони учун шодиёна, қувончли ҳодиса, байрам бўлади+. Шу боис ҳақиқат ва тинчликни севинглар!”
20 Қўшинлар Сарвари Яҳова демоқда: “Халқлар ва кўпгина шаҳарларнинг аҳолиси келадиган пайт ҳали бўлади. 21 Бир шаҳар аҳолиси бошқа шаҳарга бориб: “Келинглар, Яҳовадан марҳамат кўрсатишини сўрагани ва Қўшинлар Сарвари Яҳовани излагани борайлик. Биз ҳам борамиз!” — дейишади+. 22 Кўплаб халқлар ва қудратли миллатлар Қўшинлар Сарвари Яҳовани излагани ва Яҳовадан марҳамат кўрсатишини сўрагани Қуддусга келишади”+.
23 Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Ўша кунларда барча халқлардан бўлган, турли тилларда гапирадиган ўн киши+ бир яҳудийнинг кийимидан* ушлаб олади. Ҳа, маҳкам ушлаб олиб: “Биз сиз билан борамиз+, чунки Худо сизлар билан эканини эшитдик”+,— дейишади”».