Матто баён этган хушхабар
14 Ўша пайтда вилоят ҳокими Ҳирод* Исо ҳақидаги гап-сўзларни эшитиб+, 2 хизматкорларига шундай деди: «Бу халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё-ку. У тирилиб келибди-да. Шунинг учун у орқали қудратли ишлар содир бўляпти»+. 3 Бундай дейишининг сабаби, Ҳирод бундан аввал акаси Филипнинг хотини Ҳиродияни деб Яҳёни ҳибсга олиб, кишанлаб, қамоққа ташлаган эди+. 4 Чунки Яҳё Ҳиродга: «Уни хотинликка олишингиз ноқонуний»+,— деган эди. 5 Шунда Ҳирод Яҳёни ўлдирмоқчи бўлганди-ю, аммо халқдан қўрққанди. Негаки, халқ Яҳёни пайғамбар деб ҳисобларди+. 6 Ҳироднинг туғилган куни+ нишонланаётганда, Ҳиродиянинг қизи меҳмонларнинг олдида рақсга тушиб берди ва бу Ҳиродга шунчалик ёқиб кетдики+, 7 қиз нимаики сўраса беришга қасам ичди. 8 Шунда қиз онасининг айтгани бўйича: «Менга Яҳёнинг* бошини лаганга солиб келишсин»,— деди+. 9 Шоҳни ғам босди. Бироқ меҳмонлар олдида ичган қасамини деб, қизга сўраганини келтириб беришларини буюрди. 10 Кейин Яҳёнинг бошини олдириш учун қамоққа одам юборди. 11 Яҳёнинг бошини лаганда келтириб, қизга узатишди, у бўлса онасига элтиб берди. 12 Бундан сўнг Яҳёнинг шогирдлари келиб унинг жасадини олиб кўмишди ва бориб бу ҳақда Исога айтишди. 13 Буни эшитгач, Исо ёлғиз қолиш учун қайиққа ўтириб у ердан хилват жойга сузиб кетди. Лекин буни эшитган оломон шаҳарлардан чиқиб, унинг орқасидан яёв йўлга тушди+.
14 Қайиқдан чиққач, Исо тумонат халойиқни кўриб, уларга ачинди+ ва ораларидаги касалларни соғайтирди+. 15 Кеч кирганида шогирдлари унинг олдига келиб: «Бу ер кимсасиз жой экан, бунинг устига кеч ҳам бўлиб қолди. Халойиқни қўйиб юборинг, қишлоқларга бориб, ўзларига егулик сотиб олсин»,— дейишди+. 16 Аммо Исо шогирдларига: «Уларнинг кетишига ҳожат йўқ. Уларга егуликни сизлар беринглар»,— деди. 17 Улар бўлса: «Бизда бешта нон ва иккита балиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ»,— деб айтишди. 18 Исо: «Уларни менга олиб келинглар»,— деди. 19 Сўнг оломонга ўтлоққа ёнбошлашни буюриб, бешта нон билан иккита балиқни олди-да, осмонга қараб шукрона дуосини айтди+. Кейин нонларни синдириб, шогирдларига берди, улар эса халойиққа тарқатишди. 20 Ҳамма еб тўйди. Қолган бурдаларни йиғишганида эса, тўла 12 сават чиқди+. 21 Еганлар, аёллар ва болалардан ташқари қарийб 5 000 та эркак киши эди+. 22 Исо шогирдларига ўша заҳотиёқ қайиққа ўтириб, нариги томонга сузиб ўтишни буюрди. Ўзи бўлса халойиққа рухсат бериш учун қолди+.
23 Халойиққа ижозат бергач, у ибодат қилиш учун тоққа чиқди+. Кеч кирганда, у ерда ёлғиз ўзи эди. 24 Бу пайтда қайиқ соҳилдан анча* олислаб кетган бўлиб, қаршидан кучли шамол эсаётгани учун, тўлқинлар қайиқни қаттиқ чайқаётган эди. 25 Тонг саҳарлаб*, Исо денгиз устида юриб шогирдлари томон борарди. 26 Улар кимдир денгиз устида юриб келаётганини кўриб, саросимага тушишди. Улар: «Бу шарпа!» — деб қўрққанларидан қичқириб юборишди. 27 Бироқ Исо дарҳол: «Дадил бўлинглар, бу менман. Қўрқманглар»,— деди+. 28 Бутрус жавобан унга: «Ҳазратим, агар бу сиз бўлсангиз, менга буюринг, мен ҳам сув устида юриб ёнингизга борай»,— деб айтди. 29 Исо унга: «Келинг!» — деди. Шунда Бутрус қайиқдан чиқиб, сувнинг устида юрганча Исо томон қадам босди. 30 Аммо қаттиқ шамолни кўриб, қўрққанидан чўка бошлади. У Исога: «Ҳазратим, мени қутқаринг!» — дея ҳайқирди. 31 Исо шу ондаёқ қўлини чўзиб, уни ушлаб олди-да: «Эҳ, имони суст, нега шубҳаландингиз?»+ — деди. 32 Улар қайиққа тушганда, шамол тинчиди. 33 Буни кўриб, қайиқдагилар унга тиз чўкиб: «Чиндан ҳам сиз Худонинг Ўғли экансиз»,— дейишди. 34 Улар нариги қирғоққа сузиб ўтиб, Генисарет юртига келишди+.
35 Исонинг келганини билган ўша жой аҳолиси теварак-атрофдагиларга хабар қилишди. Шунда одамлар унинг олдига касалларини олиб келишди. 36 Улар ҳеч бўлмаганда Исонинг устки кийимининг попугига қўл теккизишни ёлвориб сўрашди+. Қўл теккизганларнинг барчаси дардларидан бутунлай халос бўлишди.