Марк баён этган хушхабар
1 Худонинг Ўғли, Исо Масиҳ тўғрисидаги хушхабарнинг бошланиши. 2 Ишаё пайғамбарнинг китобида ёзилганидек: «(Мана, Мен сендан аввал Ўз хабарчимни юборяпман, у сенга йўл ҳозирлайди!)+ 3 Саҳрода кимдир бундай дея жар солмоқда: “Яҳовага* йўл ҳозирланглар! Унинг йўлларини текисланглар”»+. 4 Саҳрода Яҳё* пайдо бўлиб, одамларга гуноҳлари кечирилиши учун тавба қилиб сувга чўмиш кераклигини ваъз эта бошлади+. 5 Шунда Яҳудия ва Қуддусда яшовчиларнинг барчаси унинг ёнига келиб, Иордан дарёсида сувга чўмишар* ва гуноҳларини очиқчасига тан олишарди+. 6 Яҳё туя жунидан кийим кийиб, белига чармдан камар тақиб юрарди+. Унинг егулиги чигиртка ва ёввойи асал эди+. 7 Яҳё шундай дея ваъз қиларди: «Ортимдан мендан кучлироқ зот келяпти. Мен энгашиб, сандалларининг боғичини ечишга ҳам арзимайман+. 8 Мен сизларни сувга чўмдиряпман, у бўлса сизларни муқаддас руҳга чўмдиради»+.
9 Ўша кунларда Исо Жалиладаги Носира шаҳридан Яҳёнинг олдига келди. Яҳё уни Иордан дарёсида сувга чўмдирди+. 10 Исо сувдан чиқиши биланоқ, осмон очилганини ва устига муқаддас руҳ каптар шаклида тушаётганини кўрди+. 11 Осмондан эса: «Сен Менинг севикли Ўғлимсан, сендан мамнунман»,— деган садо келди+.
12 Шу заҳотиёқ муқаддас руҳ уни саҳрога боришга ундади. 13 Исо саҳрода 40 кун бўлиб, ҳайвонлар орасида яшади ва Шайтон уни васвасага солди+. Бундан сўнг фаришталар унга хизмат қилишди+.
14 Яҳё ҳибсга олингандан кейин, Исо Жалилага борди-да+, ўша ерда Аллоҳнинг хушхабарини ваъз қилиб+, 15 деди: «Белгиланган вақт келди. Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилиб+, хушхабарга ишонинглар».
16 Исо Жалила денгизи* ёнидан ўтиб кетаётиб, денгизга тўр ташлаётган+ Симун* ва унинг укаси* Идрисни+ кўриб қолди. Улар балиқчи эдилар+. 17 Исо уларга: «Менинг ортимдан юринглар, мен сизларни одам овчилари қиламан»,— деди+. 18 Улар дарҳол тўрларини қолдириб, унинг орқасидан эргашдилар+. 19 Исо йўлида давом этиб, Забадий ўғиллари Ёқубни ва укаси Юҳаннони кўриб қолди. Улар қайиқда тўрларини ямаб ўтирган эдилар+. 20 Исо шу онда уларни ҳам чақирди. Улар оталари Забадийни ёлланган ишчилари билан қайиқда қолдириб, Исонинг ортидан эргашишди. 21 Улар биргаликда Кафарнаҳумга йўл олишди.
Шаббат куни келиши биланоқ, Исо ибодатхонага* кириб, таълим бера бошлади+. 22 Халқ унинг таълим бериш тарзига қойил қоларди, чунки у уламолар каби эмас, балки буюк ваколат эгасидай гапирарди+. 23 Ўша пайтда уларнинг ибодатхонасида жинга чалинган бир киши бор эди. У овози борича бақириб: 24 «Эй носиралик Исо, бизда нима ишинг бор?+ Сен бизни йўқ қилгани келдингми? Сен, Аллоҳ юборган муқаддас зот эканингни биламан»+,— деди. 25 Лекин Исо унга дўқ уриб: «Жим бўл ва ундан чиқиб кет!» — деди. 26 Ёвуз руҳ эса ўша одамни тутқаноққа солиб, қаттиқ силкитди-да, баланд овозда қичқириб, ундан чиқиб кетди. 27 Бундан ҳаммани ваҳима босиб, ўзаро шундай фикр юрита бошлашди: «Бу нимаси? Бу қанақа янги таълимот экан? У ҳатто ёвуз руҳларга қудрат билан буюряпти, улар эса унга бўйсунишяпти». 28 Исо ҳақидаги шов-шув бир зумда бутун Жалила юрти ва ён-атрофларига ёйилиб кетди.
29 Улар ибодатхонадан чиққач, Ёқуб ва Юҳанно билан бирга Симун ва Идриснинг уйига боришди+. 30 Симуннинг қайнанаси+ иситмалаб ётган эди. Бу ҳақда дарҳол Исога айтишди. 31 Шунда Исо унинг ёнига келди-да, қўлидан ушлаб турғизди. Аёлнинг иситмаси тушиб, уларга хизмат қила бошлади.
32 Қуёш ботиб, кеч киргач, Исонинг олдига кўп касаллар ва жинга чалинганларни олиб кела бошлашди+. 33 Бутун шаҳар аҳолиси эшик олдига йиғилди. 34 Исо турли хасталикларга дучор бўлганларни соғайтириб+, кўпларнинг ичидан жинларни қувиб чиқарди. Аммо жинларнинг гапиришига йўл қўймади, сабаби улар унинг Масиҳ эканини* билишарди.
35 Исо саҳарда, ҳали қоронғи пайтда туриб хилват жойга кетди ва ўша ерда ибодат қилди+. 36 Симун билан унинг ёнидагилар эса уни қидиришга тушишди. 37 Исони топиб: «Сизни ҳамма қидиряпти»,— деб айтишди. 38 Лекин Исо уларга: «Юринглар, яқин атрофдаги шаҳарчаларга борайлик. Мен ўша ерларда ҳам ваъз қилишим керак, ахир шунинг учун келганман-ку»+,— деди. 39 Шу тариқа Исо бутун Жалилани айланиб, ўша ердаги ибодатхоналарда ваъз қилар ва жинларни қувиб чиқарарди+.
40 Кунларнинг бирида Исонинг ёнига бир мохов яқинлашиб, тиз чўкканча: «Сиз мени пок қила оласиз, фақат истасангиз бас»,— дея ёлворди+. 41 Исонинг раҳми келиб, унга қўлини теккизди-да: «Албатта истайман! Пок бўлинг»,— деди+. 42 Мохов киши шу заҳотиёқ дардидан фориғ бўлиб, покланиб қолди. 43 Исо уни жўнатиб юборишдан аввал жиддий огоҳлантириб, 44 шуларни айтди: «Бу ҳақда ҳеч кимга айтманг. Аммо бориб ўзингизни руҳонийга кўрсатинг ва покланишингиз учун Мусо пайғамбар буюргани бўйича қурбонлик келтиринг+. Бу уларга шоҳидлик бўлсин»+. 45 Лекин бу киши кетиши биланоқ, рўй берган воқеа тўғрисида ҳамма жойда жар сола бошлади. Натижада Исо шаҳарга очиқча кира олмай қолиб, шаҳар ташқарисида, хилват жойларда юрадиган бўлди. Шунга қарамай, ҳар ердан халойиқ унинг олдига келар эди+.