Аюб
8 Шувахий+ Билдад+ унга жавобан деди:
2 «Қачонгача бундай гапларни гапирасан?+
Оғзингдан чиқаётган сўзлар кучли шамол каби, холос!
3 Аллоҳ адолатни бузадими?
Қодир Тангри ҳаққониятни бузадими?
4 Ўғилларинг Унга қарши гуноҳ қилгани учун,
Қилган исёнларига яраша жазоланишига У йўл қўйди.
5 Борди-ю, сен Худони излаганингда+,
Раҳм-шафқат кўрсатишини сўраб, Қодир Тангрига ёлворганингда,
6 Агар чиндан ҳам пок ва тўғри бўлганингда+,
У сенга назар ташлаб,
Сени ўз ўрнингга қайтарарди ва бари аввалгидай бўларди.
7 Ҳатто арзимас нарсадан бошлаганингда ҳам,
Келажагинг фаровон бўларди+.
8 Аждодлардан сўраб кўр,
Уларнинг оталари ўтказган изланишларга эътибор бер+.
9 Ахир кечагина туғилганимиз боис, ҳеч нимани билмаймиз,
Чунки ер юзидаги умримиз соя кабидир.
10 Улар сенга йўл-йўриқ кўрсатиб,
Барча билганларини айтиб бермайдими?
11 Ботқоқ бўлмаса қамиш* баланд бўлиб ўсадими?
Сув йўқ жойда қамиш бўй чўзадими?
12 Улар куртак отмай ва кесиб олинмай туриб,
Бошқа ўсимликлардан аввал қуриб қолади.
13 Аллоҳни унутганларнинг хотимаси шундай бўлади,
Худосизларнинг* умиди пучга чиқади.
14 Улар ишонган нарсалар омонат,
Улар таянган нарсалар ўргимчак тўри каби мўртдир.
15 Худосиз одам уйига суянади, аммо уйи қулаб тушади,
Уни маҳкам ушлашга уринади, лекин уй бардош бера олмайди.
16 У қуёш нури остидаги серсув ўсимлик кабидир,
Новдалари боғ бўйлаб ёйилгандир+.
17 Илдизлари эса уюлган тошларга чирмашади,
Тошларни ўз уйидай кўради*.
18 Лекин у ўз еридан илдизи билан суғуриб олинганда,
Ўша ер: “Сени танимайман”,— деб ундан тонади+.
19 Ҳа, у ана шу тарзда йўқ бўлиб кетади+,
Кейин ўрнига бошқа ўсимликлар ўсиб чиқади.
20 Худо бенуқсонликни сақлаган кишилардан юз ўгирмайди,
У ёвуз кишиларни қўллаб-қувватламайди.
21 Аллоҳ оғзингни кулгига,
Лабларингни қувонч ҳайқириқларига тўлдиради.
22 Сендан нафратланадиганлар уятга қолади,
Ёвуз кимсаларнинг чодирлари йўқ бўлади».