Римликларга
3 Унда яҳудийнинг бошқалардан қандай устунлиги бор ёки суннатнинг нима фойдаси бор? 2 Яҳудийлар ҳар жиҳатдан устунликка эгадирлар. Аввало, уларга Аллоҳнинг муқаддас сўзлари ишониб топширилган+. 3 Хўш, агар айрим яҳудийлар имонсиз бўлишса, уларнинг имонсизлиги Худонинг садоқатини пучга чиқарадими? 4 Ҳечам! Ҳар бир инсон ёлғончи бўлса-да+, Аллоҳ ҳақдир+. Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: «Сенинг сўзларинг ҳақ, Сени ҳукм қилсалар-да, ғолиб чиқасан»+. 5 Шундай қилиб, агар бизнинг адолатсизлигимиз Тангрининг одиллигини янада очиқроқ кўрсатса, унда нима демоқчимиз? Наҳотки Худо Ўз қаҳрини тўкиш билан адолатсизлик қилаётган бўлса? (Буни инсоний фикр юритиб гапиряпман.) 6 Асло! Борди-ю, Аллоҳ адолатсиз бўлса, унда дунёни қандай қилиб ҳукм қилади?+
7 Мабодо мен ёлғон гапирганим туфайли Тангрининг ҳақиқати янада равшан бўлиб, У улуғланса, унда нега мен гуноҳкор сингари ҳукм қилинишим керак? 8 Айримларнинг туҳмат қилишича биз: «Яхшилик бўлиши учун ёмонлик қилайлик»,— деяётган эмишмиз. Балки шундай деб айтармиз? Бу кишилар адолатли ҳукм этилишади+.
9 Хўш, биз яҳудийларнинг вазияти бошқаларникидан яхшироқми? Сира ҳам! Илгари айтганимиздек, яҳудий ҳам, юнон ҳам — ҳамма гуноҳнинг ҳокимияти остида+. 10 Муқаддас Ёзувларда айтилганидек: «Одил киши йўқ, ҳатто битта ҳам йўқ+. 11 Ақл-идрокли ҳеч ким йўқ, Аллоҳни изловчи ҳеч бир киши йўқ. 12 Барча инсонлар йўлдан озиб, ҳаммаси яроқсиз бўлган. Яхшилик қилувчи йўқ, бирорта ҳам йўқ»+. 13 «Уларнинг бўғзи очиқ қабрдир, тиллари билан ёлғон сўзлашади»+. «Тиллари илонникидай заҳарлидир»+. 14 «Уларнинг оғзи қарғиш ва аччиқ сўзларга тўла»+. 15 «Оёқлари қон тўкишга чаққондир»+. 16 «Йўллари харобагарчилигу азоб-уқубатга тўлиб-тошган. 17 Улар тинчлик йўлини билмайди»+. 18 «Уларнинг кўзларида худотарсликдан нишон ҳам йўқ»+.
19 Бизга маълумки, Тавротда айтилганлар Тавротга тобе бўлганларга қаратилган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Тангрининг жазосига мубтало бўлсин+. 20 Шу боис, қонунга риоя қилиш орқали ҳеч ким Худонинг олдида одил деб эълон қилинмайди+. Чунки қонун орқали гуноҳ нима экани аниқ билинади+.
21 Бироқ энди, Таврот ва пайғамбарлар шоҳидлик берганидек+, инсон қонунга риоя қилмай туриб ҳам Аллоҳнинг назарида одил деб эълон қилиниши ошкор бўлди+. 22 Дарҳақиқат, имони борларнинг бари Исо Масиҳга бўлган ишончи орқали Тангрининг олдида одил деб эълон этилади. Зеро одамлар орасида ҳеч қандай фарқ йўқ+. 23 Сабаби, ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрум бўлган+. 24 Бироқ Аллоҳ уларни Исо Масиҳ берган тўлов асосида+ озодликка чиқариб+, Ўзининг инояти+ билан одил деб эълон қиляпти. Бу, Тангрининг инъомидир. 25 Худо, Масиҳнинг тўккан қонига ишонганларни+ Ўзи билан яраштириш ва Ўзининг одиллигини кўрсатиш учун Масиҳни қурбонлик сифатида берди+. Чунки Аллоҳ сабр қилиб, ўтмишда қилинган гуноҳларни кечириб келган. 26 Тангри буни, Ўзининг одиллигини+ ҳозирги вақтда ҳамда Исога ишонганларни одил деб эълон қиладиган пайтда кўрсатиш учун қилди+.
27 Энди мақтанишга қандайдир сабаб борми? Ҳеч қандай сабаб йўқ. Қайси қонун мақтанишга асос бермайди? Ишларни талаб қиладиган қонунми?+ Йўқ, имонни талаб қиладиган қонун мақтанишга асос бермайди. 28 Инсон қонунга риоя қилиш билан эмас, балки имони туфайли одил деб эълон қилинади+, деган фикрдамиз. 29 Ёки Худо фақат яҳудийларнинг Тангрисими?+ Наҳот У бошқа халқларнинг Худоси бўлмаса?+ Албатта, барча халқларнинг Тангрисидир+. 30 Аллоҳ ягона экан+, У суннат қилинганларни ҳам+, суннатсизларни ҳам уларнинг имони асосида одил деб эълон қилади+. 31 У ҳолда биз имонимиз орқали қонунни бекор қиляпмизми? Зинҳор! Аксинча, уни тасдиқлаяпмиз+.