Матто баён этган хушхабар
16 У ерда Исонинг ёнига фарзийлар билан саддуқийлар келишди ва уни синамоқчи бўлиб, осмондан бирор аломат кўрсатишини сўрашди+. 2 Исо эса уларга жавобан шундай деди: «Кеч кираётганда, сизлар: “Осмон қизариб турибди, демак ҳаво очиқ бўларкан”,— дейсизлар. 3 Тонг отганда эса: “Осмон қизариб тургани билан, ҳаво бузуқ, демак совуқ ва ёғингарчилик бўлади”,— дейсизлар. Сизлар осмонга қараб, об-ҳаво қанақа бўлишини аниқлай оласизлар-у, аммо шу вақтга тегишли аломатларни аниқлай олмаяпсизлар. 4 Бу ёвуз ва бевафо насл аломат излаяпти, лекин унга Юнус пайғамбарникидан+ бошқа аломат кўрсатилмайди»+. Шундан сўнг, Исо уларнинг ёнидан кетди.
5 Унинг шогирдлари нариги қирғоққа сузиб ўтишди-ю, лекин ўзлари билан нон олишни унутишибди+. 6 Исо уларга: «Қаранглар, фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар»,— деди+. 7 Улар эса: «Ўзимиз билан биронта ҳам нон олмабмиз»,— дея ўзаро фикрлай бошлашди. 8 Исо буни билиб, уларга деди: «Эҳ, имони сустлар. Нега нон олмабмиз, деб ўзаро фикр юритяпсизлар? 9 Ҳалиям тушунмаяпсизларми? Бешта нон билан 5 000 кишининг* қорни тўйгани ва қолган бурдалар неча сават чиққани эсингизда йўқми?+ 10 Ёки еттита нон билан 4 000 кишининг* қорни тўйганини ва қолган бурдалар билан нечта катта сават тўлганини унутиб қўйдингизларми?+ 11 Сизларга нон ҳақида гапирмаётганимни наҳот тушунмаган бўлсангиз? Мен, фарзийлар билан саддуқийларнинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар, дедим»+. 12 Шунда Исо уларни оддий хамиртурушдан эмас, балки фарзийлар билан саддуқийларнинг таълимотидан огоҳлантирганини тушунишди.
13 Исо Филип Кесарияси ҳудудига етиб келганида, шогирдларидан сўради: «Одамлар Инсон Ўғлини ким деб ҳисоблашяпти?»+ 14 Улар шундай жавоб беришди: «Кимдир халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё+, кимдир Илёс+, кимдир Еремиё, яна кимдир бошқа пайғамбарлардан бири дейди». 15 Шунда Исо: «Сизлар-чи, мени ким деб ўйлайсизлар?» — деб сўради. 16 Симун Бутрус жавоб бериб: «Сиз барҳаёт Худонинг Ўғли+ — Масиҳсиз»+,— деди. 17 Исо бўлса унга қуйидагиларни айтди: «Баракалла, Юнус ўғли Симун! Чунки буни сизга одамзод* эмас, балки осмондаги Отам очиб берди+. 18 Яна шуни ҳам айтиб қўяйки, сиз Бутруссиз*+. Мозор* дарвозалари жамоатимни ортиқ асир тута олмайди, чунки мен уни қоя+ устида барпо қиламан. 19 Мен сизга Осмон Шоҳлигининг калитларини бераман. Ер юзида нимани қулфласангиз, осмонда қулфланганидай* бўлади. Ер юзида нимани очсангиз, осмонда очилганидай* бўлади». 20 Кейин Исо шогирдларига, унинг Масиҳ эканини ҳеч кимга айтмасликни қатъий буюрди+.
21 Ўша вақтдан бошлаб Исо шогирдларига Қуддусга бориб оқсоқоллар, бош руҳонийлар ва уламолар қўлидан кўп азоб чекиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши кераклигини тушунтира бошлади+. 22 Шунда Бутрус Исони четга тортди-да, унга таъна қила бошлади: «Ўзингизга раҳм қилинг, Ҳазратим. Бу кўргиликлар зинҳор бошингизга тушмасин»+. 23 Исо эса Бутрусдан юзини ўгириб, шундай деди: «Йўқол кўзимдан, Шайтон! Сен менга тўсқинлик қилиб, Худо каби эмас, инсонлардай фикр юритяпсан»+.
24 Сўнг Исо шогирдларига қуйидагича деди: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини* кўтариб, менга эргашиб юрсин+. 25 Агар кимдир ўз жонини* сақламоқчи бўлса, ундан маҳрум бўлади. Аммо мени деб жонидан маҳрум бўлса, уни сақлаб қолади+. 26 Агар инсон бутун дунёга эгалик қилса-ю, ўз жонини йўқотса, бундан унга не фойда?+ Ёки одам ўз жони эвазига қандай тўлов бера олади?+ 27 Келажакда Инсон Ўғли Отасининг улуғворлигида ўз фаришталари билан келганда, ҳар кимга ишига яраша қайтаради+. 28 Ишонаверинг, бу ерда турганлардан баъзилар, Инсон Ўғли ўз Шоҳлигида келаётганини кўрмагунча, ўлмайди»+.