Ибтидо
26 Иброҳим даврида юз берган очарчиликдан+ кейин, юртда яна очарчилик бўлди. Шунда Исҳоқ филистимликлар шоҳи Абумалекнинг олдига, Гарорга борди. 2 Кейин Яҳова унга зоҳир бўлиб, деди: «Мисрга борма. Мен сенга тайинлаган юртда яша. 3 Мана шу юртда мусофир бўлиб яша+ ва Мен доим сен билан бўлиб, сенга баракамни ёғдираман. Отанг Иброҳимга берган ваъдамни амалга ошириб+, мана бу ерларнинг барини сенга ҳамда зурриётингга* бераман+. Зеро, унга онт ичиб: 4 “Зурриётингни осмондаги юлдузлардай кўпайтираман+ ва ушбу ерларнинг барини уларга бераман+. Сенинг зурриётинг орқали ер юзидаги барча халқлар барака топади”+,— деган эдим. 5 Чунки Иброҳим Менга қулоқ солиб, Менинг талабларимга, амрларимга, фармонлариму қонунларимга риоя қилиб келган эди»+. 6 Шундай қилиб, Исҳоқ Гарорда яшаб юрди+.
7 Ўша ерлик одамлар унинг хотини ҳақида сўрашганида, Исҳоқ: «У менинг синглим»+,— деди. Чунки: «Ўша ерлик одамлар Ривқо сабабли мени ўлдиришлари мумкин»,— деб ўйлаб, уни «хотиним», дейишдан қўрқди. Сабаби, Ривқо чиройли эди+. 8 Орадан бир мунча вақт ўтгач, филистимликлар шоҳи Абумалек деразадан қараб турганида, Исҳоқ хотини Ривқони эркалаётганига* кўзи тушиб қолди+. 9 Абумалек зудлик билан Исҳоқни чақириб, унга: «Аслида у хотининг экан-ку! Нега: “У менинг синглим”,— дединг?» — деб сўради. Исҳоқ унга: «У туфайли мени ўлдириб қўйишмасин деб қўрққан эдим»+,— деб жавоб берди. 10 Абумалек гапини давом эттириб: «Бу нима қилганинг?+ Халқимдан бирортаси хотининг билан ётиши ҳеч гап эмас эди-ку. Ахир сен бизни гуноҳга ботиришингга сал қолди!»+ — деди. 11 Сўнг Абумалек бутун халқига буйруқ бериб: «Кимки бу кишига ва унинг хотинига тегса, ўлимга маҳкум этилади!» — деди.
12 Исҳоқ ўша юртга уруғ сепа бошлади. Ўша йили Яҳова унга барака бергани учун, Исҳоқ эккан уруғидан 100 баробар кўпроқ ҳосил йиғди+. 13 У бойиб кетди ва мол-мулки шу даражада кўпайдики, у ниҳоятда бой инсонга айланди. 14 У пода-пода қўй ва қорамолларга ҳамда кўпгина хизматкорларга эга бўлди+. Шунда филистимликлар унга ҳасад қиладиган бўлишди.
15 Филистимликлар, отаси Иброҳимнинг даврида унинг хизматкорлари қазиган барча қудуқларни тупроқ билан тўлдириб, кўмиб қўйишди+. 16 Кейин Абумалек Исҳоққа: «Бу ердан кет, чунки сен биздан кўра анча кучайиб кетдинг»,— деди. 17 Исҳоқ у ердан кўчиб кетиб, Гарор+ водийсига бориб ўрнашди ва ўша ерда яшай бошлади. 18 Исҳоқ, отаси Иброҳим даврида қазилган, лекин Иброҳимнинг вафотидан кейин филистимликлар кўмиб ташлаган қудуқларни қайтадан қазий бошлади+ ва уларга отаси берган номларни берди+.
19 Исҳоқнинг хизматкорлари водийда қудуқ қазишаётганида, қудуқдан тоза сув чиқди. 20 Гарорлик чўпонлар эса: «Бу сув бизники!» — дея Исҳоқнинг чўпонлари билан жанжаллаша бошлашди. Шунда Исҳоқ қудуққа Эсек* деб ном берди, чунки ўша ерда филистимликлар у билан жанжаллашган эдилар. 21 Улар бошқа бир қудуқ қазидилар ва яна филистимликлар жанжал чиқаришди. Шунинг учун, Исҳоқ унга Ситно* деб ном берди. 22 Кейин Исҳоқ у ердан кетди ва бошқа қудуқ қазиди. Бу гал филистимликлар унинг устидан жанжал чиқаришмади. У қудуқни Рехобўт* деб номлаб: «Мана энди Яҳова бизга кенг жой бериб, бизни ушбу юртда баракали қилди»+,— деди.
23 Сўнг Исҳоқ у ердан жўнаб, Бэршэвага+ кетди. 24 Ўша кеча Яҳова унга зоҳир бўлиб: «Мен отанг Иброҳимнинг Тангрисиман+. Қўрқма+, чунки Мен сен биланман. Хизматкорим Иброҳим ҳаққи Мен сени баракали қилиб, зурриётингни кўпайтираман»+,— деди. 25 Шунда Исҳоқ у ерда қурбонгоҳ қуриб, Яҳованинг исмини айтиб чақирди+ ва ўша ерда чодир тикди+. Хизматкорлари эса у ерда қудуқ қазидилар.
26 Вақт ўтиб, Гарордан Абумалек келди. У билан бирга ишончли маслаҳатчиси Охизат ва лашкарбошиси Пихол бор эди+. 27 Исҳоқ уларга: «Нега менинг олдимга келдингизлар? Мендан нафратланиб, юртингиздан ҳайдаган сизлар эмасмидингиз?» — деди. 28 Жавобан улар мана бундай дейишди: «Яҳова сен билан эканини биз аниқ кўрдик+. Шу боис, сенга шуларни айтмоқчимиз: “Кел, бир-биримизга қасам ичайлик ва сен билан аҳдлашайлик+. 29 Биз сенга фақатгина яхшилик қилиб, сени эсон-омон жўнатиб юборган эдик. Сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмаганимиздек, сен ҳам бизга ёмонлик қилма. Ахир сен Яҳованинг баракасини олган кишисан”». 30 Кейин Исҳоқ улар учун зиёфат уюштирди ва улар еб-ичишди. 31 Улар эрта саҳар туриб, бир-бирларига қасам ичишди+. Сўнг Исҳоқ уларни кузатиб қўйди ва улар эсон-омон жўнаб кетишди.
32 Ўша куни Исҳоқнинг хизматкорлари: «Биз сув топдик!» — деган хабар келтиришди ва ўзлари қазиган қудуқ ҳақида айтиб беришди+. 33 Шунда Исҳоқ унга Шива* деб ном берди. Шунинг учун ҳозиргача бу шаҳар Бэршэва*+ деб аталади.
34 Эсов 40 ёшда бўлганида, хетий Бэрининг қизи Яҳудитни ҳамда хетий Элўннинг қизи Босиматни хотинликка олди+. 35 Уларнинг дастидан Исҳоқ билан Ривқо кўп азоб чекишди+.